Вилоятимизда Жаҳон пахта куни муносабати билан “AQ-DALA – 2026” тантанали тадбири ўтди. Ўтрор тумани Қарақўнир қишлоқ округидаги “Туркистон пахта агросаноат мажмуаси” МЧБ пахта майдонида ўтказилган тадбирда қилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров, туман фаоллари иштирок этишди.
Давлат раҳбари Қ.Тўқаев жамиятда меҳнат кишиларининг мақомини юксалтириш муҳимлигини доимо таъкидлаб келади. Бугунги тадбир ҳам “Ҳалол фуқаро – ҳалол меҳнат– ҳалол даромад” тамойилига асосланиб, ушба қадриятларнинг узвийлигини намоён этди.
Тантанали маросимда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров йиғилганларни байрам билан табриклаб, қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган ютуқларга тўхтилди.
–Бугун биз Ўтрорнинг оппоқ даласида жам бўлиб, “оқ олтин” етиштираётган инсонларнинг меҳнатига ҳурмат кўрсатмоқдамиз. Байрамнинг асосий қаҳрамонлари – дон етиштирадиган деҳқонлар, ҳосилни йиғиб оладиган механизарторлар, сув етказиб берадиган мутахассислар ва пахтани қайта ишлайдиган меҳнаткашлардир. Вилоятимиз учун пахта қишлоқ хўжалигининг асосий экинларидан бири ҳисобланади. Уни етиштириш, йиғиб олиш ва қайта ишлаш минглаб аҳолининг меҳнати билан боғлиқ. Шунинг учун “оқ олтин”нинг қадри, даставвал, уни етиштирган инсон меҳнати билан ўлчанади. Жорий йилда вилоятда 173,6 минг гектар майдонга пахта экилди. Айни пайтда далаларда ҳосил йиғим-терими давом этмоқда. Мавсум якунига қадар 556 минг тонна пахта йиғиб олиш режалаштирилган. Ҳар гектардан ўртача 32 центнер ҳосил олиш кўзда тутилмоқда.
Давлат раҳбари Қ. Тўқаев қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий этиш ва сув тежашга қатъий ўтиш бўйича аниқ топшириқлар берган. Сув танқислиги сезилаётган бизнинг ҳудудимиз учун бу кундалик ишимизнинг асосий йўналишидир. Бугунги кунда пахта майдонларининг 91 минг гектарида сув тежовчи технологиялар қўлланилмоқда. Айрим майдонларда гектаридан 60 центнергача ҳосил олинаётгани сувдан оқилона фойдаланиш ва янги усулларнинг самарасини кўрсатади.
Бизнинг мақсадимиз – пахта етиштириш билан чекланиб қолмасдан, ундан олинадиган даромаднинг кўпроқ қисмини ўз ҳудудимизда қолдириш. Шу йўналишда пахта етиштиришдан тортиб. Уни қайта ишлаш, ип-калава тайёрлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқришгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олувчи, мамлакатимизда ўхшаши бўлмаган кластер шаклланмоқда.
Бугун сизлдар ушбу кластер лойиҳаларининг дастлабкиси – “Туркистон пахта агросаноат мажмуаси” МЧБ лойиҳаси билан танишмоқдасиз. Биз вилоятимиз пахтасини фақат хомашё сифатида сотмасдан, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришга қаратилган замонавий ишлаб чиқариш тизимини яратишни мақсад қилганмиз.
Умуман, аграр соҳага хорижий сармоядорларни жалб этиб, уларнинг илғор технологиялари ва ишлаб чиқариш тажрибасини ҳудудимизга олиб келмоқдамиз. Навбатдаги вазифа – бу тажрибани тўлиқ ўзлаштириш. Сармоялар самарасини нафақат доимий иш ўринлари, балки ўзимизда етишиб чиққан малакали кадрлар ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар орқали ҳам кўрсатишимиз керак. Сизларнинг ютуқларингиз бир кунлик эмас, балки йиллар давомидаги ҳалол меҳнат натижасидир. “Оқ олтин” етиштириб, она юртимиз фаровонлигини ошираётган барчангизга самимий миннатдорчилик билдираман. Ҳосилингиз мўл бўлиб, ҳар бир мавсум шодлик ва барака олиб келсин! – деди Нуралхан Кўшеров.
Тадбир давомида вилоят ҳокими бир гуруҳ илғор меҳнаткашларга ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Меҳнат фахрийси” медали ва “Қишлоқ хўжалиги аълочиси” кўкрак нишонини топширди. Шунингдек, соҳада алоҳида натижаларга эришганлар фахрий ёрлиқ ҳамда вилоят ҳокимининг махсус дипломлари билан тақдирланишди.
Вилоятимиз Қозоғистонда пахта етиштириладиган ягона ҳудуд ҳисобланади. Унда пахтани етиштиришдан тортиб, қайта ишлаш, ип-калава тайёрлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжири шаклланмоқда.
2030 йилга қадар вилоятда умумий қиймати 212,6 миллиард тенгега тенг бешта кластерни ишга тушириш режалаштирилган. Натижада, йилига 229,5 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва 7 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Ҳозирнинг ўзида “Туркистон пахта агросаноат мажмуаси” МЧБ илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда 52 минг гектар майдонда пахта етиштирмоқда. Корхонада умумий қуввати 180 минг тонна бўлган иккита пахтани қайта ишлаш заводи, томчилатиб суғориш ленталари ва қувурлар ишлаб чиқарувчи заводлар, шунингдек, ип-калава фабрикаси ишга туширилган. Натижада, 1200та иш ўрни яратилган.
Бундан ташқари, яна иккита пахтани қайта ишлаш заводи ва йилига 5 минг тоннна пахта уруғи (чигит) ишлаб чиқариш қувватига эга заводни ишга тушириш режалаштирилмоқда.
“TURAN” махсус иқтисодий ҳудудида йилига 45 миллион квадрат метр нотўқима материал ишлаб чиқарадиган завод ва шунча ҳажмдаги газламани бўяш қувватига эга корхона ишга туширилади. Шунингдек, бу ерда йилига7 миллион комплектгача тўқимачилик буюмлари ва кийим-кечак ишлаб чиқарадиган тикув фабрикаси ҳамда жинси газлама ишлаб чиқарувчи корхона фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Вилоятда мўл ҳосилни қабул қилиш ва қайта ишлаш учун етарли инфратузилма мавжуд. Ҳудуддаги 29та пахтани қайта ишлаш заводи ва 169та қабул қилиш пункти йилига бир миллион тоннадан ортиқ чигитли пахтани қабул қилиш ва қайта ишлаш имкониятига эга.
Пахтачилик соҳасида қарийб 25 мингта агротузилма фаолият юритиб, уларда 70 мингга яқин киши меҳнат қилади.
2025 йил деҳқонлар учун рекорд натижалар йили бўлди. Вилоятда қарийб 466 минг тонна чигитли пахта йиғиб олиниб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 32 центнерни ташкил этди. Бу сўнгги 20 йилдаги энг юқори кўрсаткичдир.
Тадбир давомида қишлоқ хўжалигида қўлланилаётган замонавий технологиялар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига концерт дастури ҳам тақдим этилди.
“AQ-DALA – 2026” тадбири пахтачилик соҳасидаги ютуқларни намойиш этиш, меҳнаткашларнинг хизматларини эътироф этиш, замонавий технологяиларни ўзлаштираётган мутахасссислар ва қишлоқ жойлардаги янги имкониятларни тарғиб этишга қаратилди.