Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров пахтакор етиштирувчи деҳқонлар билан учрашиб, жорий йилги ҳосил йиғим-терими, маҳсулот нархи ва сифатига қўйилаётган талаблар, шунингдек, давлат кўмаги чораларини муҳокама қилди. Мулоқот чоғида деҳқонларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб, пахтанинг харид нархи қандай шаклланиши ҳақида ахборот берди.
Жорий йилда вилоятда пахта майдонлари 173,6 минг гектарга етди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 29,1 минг гектар кўп. Мавсум якунига қадар 556 минг тонна чигитли пахта йиғиб олиш режалаштирилган. Ҳозиргача 94,6 минг гектар майдондан 283 минг тонна ҳосил йиғиб олинди.
Пахтачиликни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий йилда «Кенг дала» дастури орқали баҳорги дала ишларини молиялаштириш учун қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига 16,8 миллиард тенге имтиёзли маблағ ажратилди. Шунингдек, минерал ўғитлар, уруғлик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар берилди. Хусусан, 68,9 минг тонна минерал ўғит учун 5,8 миллиард тенге, 786 тонна уруғлик чигит учун 289 миллион тенге, пестицидлар бўйича эса 102,4 миллион тенге субсидия тўланди.
Вилоят ҳокими давлат кўмаги билан бир қаторда, бозор талаблари ҳам ўзгараётганига эътибор қаратди. Пахтани қайта ишлаш корхоналари маҳсулотни қабул қилиш ва харид қилишда унинг сифатига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда. Бу нафақат Туркистон вилоятига, балки жаҳон пахта бозорига хос жараён. Маҳсулотнинг тозалиги, намлиги ва бошқа сифат кўрсаткичлари унинг бозор нархига бевосита таъсир қилади.
– Биз бир неча йилдан буён деҳқонларга бир ҳақиқатни тушунтириб келяпмиз: замон ҳам, бозор талаби ҳам ўзгарди. Энди пахтани аввалгидек етиштириш ва эски усулда йиғиб олишнинг ўзи кифоя қилмайди. Сифат, ҳосилдорлик, сув тежамкорлиги ва замонавий технологияларга устувор аҳамият қаратишимиз керак, – деди Нуралхан Кўшеров.
Бу борада «Туркистон агросаноат мажмуаси» компаниясининг тажрибаси диққатга сазовор. Компания янги ўзлаштирилган ерларда пахта етиштириб, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этмоқда, маҳаллий деҳқонларни замонавий агротехнологияларга ўргатяпти. Натижада гектаридан 65 центнергача ҳосил олишга эришилган. Анъанавий усулда ишлаётган маҳаллий хўжаликларда эса ўртача ҳосилдорлик 20-25 центнерни ташкил этмоқда.
Ҳокимнинг таъкидлашича, бу тажрибанинг аҳамияти фақат юқори ҳосил олишда эмас. Асосий мақсад – сув ва бошқа захиралардан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда пахтачиликни технологик жиҳатдан янгилаш.
– Сув тежовчи технологияларга босқичма-босқич ўтишга тайёр бўлишимиз зарур. Бу – давр талаби. Деҳқонларни бир кунда янги технологияларга ўтказиб бўлмайди, албатта. Аммо бу йўналишда изчил иш олиб боришимиз керак. Бугун бозор сифатли маҳсулот, юқори ҳосилдорлик ва замонавий технологияларни талаб қилмоқда, – деди вилоят ҳокими.
Жорий йилги пахта нархи масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Харид нархи жаҳон бозоридаги вазият, халқаро биржадаги кўрсаткичлар ва валюта курсларига боғлиқ. Шу боис ички бозордаги нархни фақат маҳаллий даражадаги қарор билан белгилаб бўлмайди.
Деҳқонларнинг талаблари инобатга олиниб, чигитли пахтанинг дастлабки харид баҳоси келишув асосида бир килограмм учун 230 тенге этиб белгиланди. Бозор талабига қараб, нарх кейинчалик ўзгариши мумкин. Ўтган йили бир тонна пахта нархи 480–482 АҚШ долларига тенг бўлган бўлса, жорий йилда 230 минг тенге, яъни 510-511 доллар атрофида баҳоланмоқда. Вилоят ҳокими доллар ҳисобида бу йилги нарх ўтган йилгига нисбатан юқори эканини таъкидлади.
Пахтани қабул қилиш жараёнида юзага келадиган муаммолар ҳам эътибордан четда қолмайди. Тарози кўрсаткичлари, лаборатория хулосалари, маҳсулот сифатини баҳолаш ёки ҳисоб-китоблар бўйича келишмовчиликлар юзага келса, пахтакорлар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли давлат идораларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай масалаларни тезкор кўриб чиқиш учун вилоятда махсус тезкор гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
Айни пайтда асосий вазифа – қулай об-ҳаво шароитида ҳосилни ўз вақтида ва нобудсиз йиғиб олиш, пахтани қабул қилишни самарали ташкил этиш ҳамда пахтакор деҳқонлар етиштирган маҳсулоти учун муносиб ҳақ олишини таъминлаш. Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги пахта қабул қилиш пунктлари ва қайта ишлаш заводлари фаолиятини мониторинг қилиб, ҳосилни қабул қилиш, сифатини аниқлаш ва деҳқонлар билан ҳисоб-китобларни назорат қилмоқда.
Вилоят ҳокими давлат томонидан қўллаб-қувватлаш давом этишини таъкидлар экан, пахтачиликнинг рақобатбардошлигини ошириш учун ишлаб чиқариш маданияти ва технологияларини ҳам янгилаш зарурлигини қайд этди.
Асосий мақсад – деҳқонлар меҳнатини ҳимоя қилиш билан бирга, пахтачиликни узоқ муддатли истиқболда самарали, замонавий ва рақобатбардош соҳага айлантириш.