Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош Қўмондони – Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан йиғилиш ўтказди. Давлат раҳбари йиғилишда Қозоғистон Республикасининг янги Мудофаа вазирини жамоага таништирди.
Йиғилиш Манғистов вилоятида ўтказилган ўқув-машғулотлар вақтида ҳалок бўлган 14 нафар ҳарбий хизматчини бир дақиқа сукут сақлаб хотирлаш билан бошланди.
– Ҳалок бўлган ҳар бир ҳарбий хизматчининг ота-онасига таъзия билдириб, махсус телеграммалар йўлладим. Вафот этган фуқароларнинг оилаларига зарур ёрдамнинг барчаси кўрсатилади. Уларнинг ҳеч бири қўллаб-қувватловсиз ва ёрдамсиз қолмайди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Давлат раҳбари юз берган воқеага кескин баҳо берди. Президентнинг таъкидлашича, тинч замонда аскарлар ҳаётига зомин бўлган ушбу фожиали ҳолатга, биринчи навбатда, зобитлар, жумладан, генералларнинг масъулиятсизлиги ва касбий малакасизлиги сабаб бўлган.
Қасим-Жўмарт Тўқаев фожиали воқеанинг тафсилотларинигина эмас, балки бундай ўқув-машғулотни режалаштиришга нима сабаб бўлганини ва қўйилган вазифа ҳозирги хавф-хатарларга қай даражада мос келишини ҳам аниқлашни талаб қилди.
– Қуролли Кучлар раҳбарияти йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал эта олмаяпти. Бу мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятига путур етказади. Илгариги фожиали воқеалардан тегишли хулоса чиқармадинглар. Мазкур ўқув-машғулотининг моҳияти ҳам, мақсади ҳам тушунарсиз. Уни ким ишлаб чиқди ва тасдиқлади? Бош штабнинг роли қандай? Нега мувофиқлаштириш ишларига етарлича эътибор берилмаган? Нима учун ўқув-машғулотда Ҳарбий-денгиз кучлари Бош қўмондони иштирок этмаган? Масъулиятсизлик, бепарволик ва кўзбўямачилик авж олган. Тизимли иш йўқ. Инқирозли вазиятда ҳаракат қилиш режаси талабга жавоб бермайди. Буларнинг барчаси – ҳарбий идора раҳбариятининг бепарволиги оқибатидир, – деди Давлат раҳбари.
Президент ўқув-машғулотда иштирок этган ҳарбий хизматчилар тегишли жиҳозлар, жумладан махсус қутқарув нимчалари билан таъминланмаганини таъкидлади.
Давлат раҳбари шахсий таркиб хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратди. Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, Ҳукумат комиссияси ўқув-машғулотни тайёрлаш ва ўтказиш, қўшинларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш ҳамда хавфсизлик талабларига риоя этилиши учун масъул бўлган барча мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига баҳо бериши лозим.
Бундан ташқари, Президент фармойишига мувофиқ, Мудофаа вазирлигидаги ишлар ҳолатини мажмуавий текшириш бошланди. Текширув давомида ҳарбий хизматни ташкил этиш, қўшинларни жиҳозлаш, шунингдек, уларни моддий ва молиявий таъминлаш масалалари ҳар томонлама ўрганилади. Хавфсизлик Кенгаши Раисининг ўринбосари Аида Балаева бошчилигидаги комиссия тизимли тус олган қонунбузарликларни аниқлаши ва кимлар жавобгарликка тортилиши лозимлигини белгилаши керак.
Давлат раҳбари ҳарбий хизматчилар лавозими ва унвонидан қатъи назар жавобгарликка тортилиши, қонунга мувофиқ қатъий жазоланишини таъкидлади. Мазкур масала Президентнинг шахсий назоратида.
– Бу воқеа армияда камчиликлар жуда кўплиги ва касбийлик етишмаслигини яққол кўрсатди. Қўшинларни тубдан ислоҳ қилишни амалга ошириш вақти келди. Бу – кечиктириб бўлмайдиган масала. Шу муносабат билан кадрлар бўйича қарорлар қабул қилдим. Сизларга Қозоғистон Республикасининг янги Мудофаа вазири Айдўс Мирзахметовни таништирмоқчиман. Айдўс Сакенули мураккаб даврда лавозимга киришмоқда. Масъулият жуда юқори, олдинда турган вазифалар эса ниҳоятда мураккаб. Қатъий қарорлар қабул қилиниши керак, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жўмарт Тўқаев мудофаа идораси фаолиятини тубдан янгилаш масаласига ҳам тўхталди.
– Яқинда Хавфсизлик Кенгаши Девони билан ўтказилган йиғилишда ҳарбий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бердим. Бизнинг армиямиз ўтган асрда қолиб кетган. Шу билан бирга, қўмондонлик тизимини халқаро илғор тажрибага мувофиқ қайта қуриш керак. Мажумавий ёндашув зарур. Бунинг учун эса йўналиш ва мақсадларимиз аниқ бўлиши лозим. Буни дунёқараши кенг, билимли зобитларгина амалга ошира олади. Ислоҳотнинг мақсади – янги намунадаги армияни шакллантириш, – деди Давлат раҳбари.
Президент армияда рақамли трансформацияни амалга ошириш, имкон қадар инсон меҳнатини технологиялар билан алмаштириш вазифасини қўйди.
– Армияни ривожлантиришга янгича ёндашувлар зарур. Эски қолипдаги қарорлар, сохта усуллар, қоғозда ҳамма нарсани аъло даражада кўрсатадиган ёлғон ҳисоботлар ҳеч кимга керак эмас, – деди Президент.
Мудофаа вазири зиммасига бир қатор кечиктириб бўлмайдиган вазифалар юклатилди.
Биринчи вазифа – бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш.
– Ажратилган маблағлар давлатнинг мудофаа қобилиятини ошириб, юксак натижа бериши керак. Мақсадсиз харажатлар ва маблағларни талон-тарож қилишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳатти-ҳаракатлари фош этилганларнинг бирортаси ҳам жавобгарликдан қутулиб қолмайди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Иккинчи вазифа – замонавий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш.
Хавфсизлик Кенгаши Девони Мудофаа вазирлиги билан биргаликда ўн кун ичида армияни ислоҳ қилиш бўйича махсус режа ишлаб чиқиши керак.
Шунингдек, Давлат раҳбари мутахассисларни танлаш ва баҳолашнинг очиқ мезонларини жорий этиш зарур, деб ҳисоблайди.
– Ҳарбий лавозимларга раҳбарнинг «ўз одамлари» эмас, балки тажрибали ва малакали кадрлар тавсия этилиши керак, – деди Президент.
Учинчи вазифа – армия сафида мафкуравий ва тарбиявий тадбирларни кучайтириш.
Бу ишлар Конституциянинг асосий тамойиллари ва қадриятларига мувофиқ олиб борилиши лозим. Шунингдек, дунё ҳарбий тарихи, халқимиз ҳамда жаҳон халқларининг илғор маънавий ва маданий ютуқлари кенг тарғиб қилиниши керак. Армия касбий тайёргарлик ва билимни юксалтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мактаби бўлиши лозим. Унда ҳар бир ҳарбий хизматчининг ҳаёти ва хавфсизлиги барча нарсадан устун туриши шарт.
– Ватанни ҳимоя қилиш – ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи, муқаддас вазифасидир. Ўз ҳаётини ҳарбий хизматга бағишлаган ҳар бир инсон давлатнинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватловини яққол ҳис этмоғи даркор. Армия қўрқув ва ваҳима ҳукмрон бўлган жой бўлмаслиги лозим. Армия ёш аскарларни, мамлакатимизнинг ҳақиқий ватанпарвар фуқароларини тарбиялашнинг ўтмиш ва бугунги илғор тажрибаларини уйғунлаштирган, касбий даражаси юқори тизим бўлиши керак, – деди Давлат раҳбари.
Президентнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари ҳарбий хизмат, айниқса, раҳбариятнинг юқори баҳоси ва қўллаб-қувватловига сазовор бўлган ҳарбий хизматчилар ҳақида холис ахборот тарқатиши лозим.
Олий Бош Қўмондон аниқ ва самарали, босқичма-босқич амалга ошириладиган ислоҳот режасини ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратди. Уни ҳажмдор концепция ёки йўл харитасига айлантириб юбормаслик керак. Ислоҳот режаси октябрь ойининг иккинчи ярмида ўтказиладиган Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида кўриб чиқилади.
Президент Хавфсизлик Кенгаши Девонига армияни ислоҳ қилиш жараёнини мувофиқлаштиришни топширди.