26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бувам ҳақида билганлар борми?

Журналист сифатида бир замондошимнинг бошидан ўтган воқеа билан танишгандим. Атрофимизда тарихга қизиқадиган, ота-боболари руҳини ҳурмат қиладиган ёшлар борлиги таҳсинга сазовор, бошқаларга рағбат бериши мумкин. 

Интернетдаги бир хат матни диққатимни тортди. Ўқиб кўрдим ва эгасини топдим. У шимкентлик Давронбек Икром ўғли. Мотор мойлари ва автофильтр савдоси билан шуғулланади. Диққатимни тортган жойи шундаки, муаллиф савдо соҳаси ходими бўлса-да, тарихга, адабиёт ва ижодга қизиқар экан.

Россиянинг машҳур “Жди меня” теледастурига йўллаган сўров аризаси билан танишиб, қаҳрамоним билан суҳбатга ошиқдим. 

– Мен тарихга ниҳоятда қизиқаман, айниқса, ота-боболаримизнинг ҳаёт йўллари ва фаолиятларига. Гоҳида қалам тебратаман. Ижодкор эмасману, лекин шундай мўъжизали дақиқалар келганда, фикрларимни қоғозга кўчиришга ҳаракат қиламан. Шу саъй-ҳаракатларим натижаси ўлароқ, 2026 йил май ойида Россия телекомпаниясининг “Жди меня” дастурига мурожаат қилдим. Бувам Рустам Йўлдошев Улуғ Ватан уруши қатнашчиси бўлган. Лекин у кишининг ҳарбий ва жанговар йўли деярли номаълум. Анчадан буён унга тегишли маълумотларни қидираман. Айниқса, урушга кетган йили, фашистларга асир тушгани ва озод этилгани, Италияни озод қилишдаги ҳарбий ҳаракатлар, Сибирь ўлкасига бадарға, меҳнат лагерларида чеккан азоблари ҳақида, яна, олган мукофотлари тарихини билгим келади. 

Умуман, шўро аскарларининг асирликдаги ҳаёти, лагерлар тузилмаси, хусусан, Ғарбий Европа мамлакатларида тутқинликда бўлганларнинг урушдан кейинги ҳаёти, “СМЕРШ-НКВД” текшируви, махсус очилган “ФПД” (Фильтрационно-проверочное дело) мени қизиқтиради. 

Бувамнинг таржимаи ҳолига 10 ёшимдаёқ қизиқа бошладим. Болаларча қизиқувчанлик билан костюмидаги медаллари тарихи ҳақида ўзидан сўрасам, доим гапни бошқа мавзуга бурарди ёки жим қоларди. Бошидан кечирганларини эслагиси келмасди. 

Қайси ерларда жанг қилган, қандай қилиб асирга тушган, қайси мамлакатларда бўлган? 

Жумбоқ устига жумбоқ эди.

Дастлаб, Шимкент шаҳридаги Миллий хавфсизлик қўмитасига хат йўлладим. 2014 йилда материаллар, яъни мен сўраётган асирликда бўлган шўро ҳарбий аскарларига оид архив маълумотлари шаҳар Ички ишлар департаментига ўтказилган, деган маънода расмий жавоб келди. ИИДга хат йўлладим. Бувам ҳақида маълумот йўқлиги айтилди ва менга ҚР Тўнғич Президенти Архивига мурожаат қилиш тавсия этилди. У ерда ҳам қидирувлар натижа бермади, маълумот топилмади. 

Москванинг “ФСБ” идорасига ёздим, “ахборот йўқ”, дейишди. Лекин, уларнинг тавсиясига амал қилдим. Рустам Йўлдошев қайси ҳарбий комиссариатдан армияга жўнатилган бўлса, кейин ўша ердан фронтга отланган. Демак, қидирувни ҳудудий ваколатли идора – вилоят ҳарбий комиссариатида ҳам давом эттириш керак. 

Ушбу идорадан қисқа жавоб хати келди: “Рустам Йўлдошев, 1921 йилда туғилган. Эски шаҳардаги Паркент кўчаси, 45-уйдан армияга чақирилган. 1942 йил 4 январда фронтга жўнатилган. 462-жамоа таркибида Ленгерда 3-ойлик ҳарбий тайёрлов курсларидан ўтган”.

Бу маълумотдан сўнг РФ Мудофаа вазирлигига хат йўлладим. “Ахборот топилмади”, деган жавоб келди. 

Ахир, Рустам Йўлдошев Италия озод этилгандан сўнг денгиз йўли билан Одессага, сўнгра махсус текширувлардан кейин Сибирга, Красноярск ўлкаси, Бородино қишлоғига жўнатилган ва у ерда 1952 йилгача меҳнат лагерида қолган. 1952 ёки 1953 йилда акаси Сулаймон Йўлдошев томонидан ватанига олиб келинган. Наҳотки, бу ҳақда бирорта манба топилмаса? 

Айтганча, бобомнинг акалари уруш қатнашчилари, тинч ҳаётда ҳам танилган меҳнаткаш инсонлар бўлган. Сулаймон ота феъл-атвори қатъий, иродали бўлгани учун иниси яшаган олис манзилни топиб, уйга олиб келган экан. (Бу ҳақда оиламиздаги катталардан билдим).

Мен энди бувамнинг совуқ юртдаги ҳаёти ҳақида маълумотга эга бўлиш учун Красноярск ўлкасидаги “ФСБ” бўлимига сўров юбордим. 

Нима учун фашистлар асирлигидан озод бўлган совет асирларини Сибирга жўнатишган, деган саволга ҳам жавоб излардим. 

Афсуски, яна маълумот йўқ. Ўйланиб қолдим. Ахир, бувам Россия ҳудудида бўлди-ку, наҳотки, бирорта архив маълумотномаси сақланмаган бўлса?! 

Ўйлаб-ўйлаб, Россия Президентига расмий хат ёзишга қарор қилдим. Ажабо, Президент Канцеляриясидан жадал жавоб келди. Менинг аризам рўйхатга олиниб, РФ Мудофаа вазирлигининг Подольск шаҳридаги идорасига йўлланибди. Бу давлат идорасига аввалроқ мурожаат қилганман, “Маълумот йўқ”, деган мазмундаги жавоб келган эди. Афсус, яна шу такрорланди.

Лекин мен қидирувни давом эттириб, Улуғ Ватан уруши билан боғлиқ марказий архивлар, турли қидирув сайтларига сўров юбориб турдим. Жавоблар бир хил бўлса-да, умидимни узмадим. 

Ва, ниҳоят “Жди меня”га мурожаат қилдим. Шу теледастур қулфи дилимни очади, кўрсам, руҳим кўтарилади. Не-не изсиз кетган одамлар топилаётгани, чорасиз қолганларга ёрдам берилаётганига гувоҳ бўламан. Насиб этса, энг инсонпарвар теледастур ёрдамида мушкулим осон бўлади, деб ишонаман. 80 йил аввалги даврга оид тарихий маълумотларни топиш учун узоқ вақт керак, албатта. 

Танишларим саъй-ҳаракатларимни тушунишмайди. “Нима кераги бор, ахир, 80 йил ўтиб кетди-ку”, деб елка қисишади. 

Мен эса инсоннинг ёшига ёш қўшилиб, тафаккури ортган сайин, ҳаётдаги тугунларни ечгиси келади, деб ўйлайман. Оиламиз учун жумбоқли ва ёпиқ бўлган тарихий жараёнларни ўргансам, авлодларим ҳақида кўпроқ билсам, дейман. Бувам душманга асир тушган. Ва бу учун умрбод азобланган. Ваҳоланки, у жанггоҳда оғир жароҳат олган, ёнбошига ўқ, бошига эса снаряд парчаси теккан. Чалажон ҳолида асир тушган экан. Ўшанда сайрамлик бир аскар жонига оро кирибди. Тиббий маълумоти бўлгани учун қон сизиб турган жароҳатини даволаб, оёққа турғизган экан. Ўқни олиб ташлабди, лекин бошидаги “осколка” умрбод қолган. 

Қолаверса, бувам яхши оила фарзанди бўлган. Эскишаҳарлик отаси Йўлдош, онаси Тожигулни катта авлод вакиллари илиқ сўзлар билан эслашади. Фарзандлари: Эргаш, Қўчқор, Сулаймон, Ҳусниддин, Нуриддин ва Пари орасида бувам меҳрибон ва юмшоқ феълли бўлган экан. Мактабни тамомлагач, педагогика билим юртига ўқишга кирган. Сўнгра ҳарбий даври бошланган. Юртига қайтгач, Чимкент педагогика институтининг “Физика-математика” факультетини тамомлаган. Алишер Навоий номидаги 16-сонли, А. Чехов номидаги 21-сонли, Мирзо Улуғбек номидаги 3-сонли мактабларда ёш авлодга сабоқ берган. Лойиҳаларни ниҳоятда чиройли чизгани учун “чизмачилик” фанини ҳам ўргатган. 

Турмуш ўртоғи Анна Максимовна билан Раиса (Рая), Икром, Отабек, Шавкат ва Зулфияни тарбиялаган. Аммаларим ҳам отаси каби устозлик касбини танлашди ва асосан, 54-сонли мактабда фаолият юритишди. 

“Ихлос – халос” деган нақл бор. Давронбек Йўлдошев ихлос билан бувасининг уруш йилларидаги ҳаёти ҳақида ахборот излаётган экан, қўл урган ишига омад тилаймиз. Қолаверса, тарихни ўрганиш инсонни мулоҳаза қилишга ўргатади, хатолардан қайтаради ва бу савобли иш ҳамдир. 

Н. МАВЛОНОВА, 2026-10-21, 23:55 11
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.