Қозоғистон янги Конституция асосида янги тараққиёт даврига қадам қўйди. Мамлакат Бош Қомуси давлат бошқарувини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворига айланди. Янги Конституция қабул қилинганидан кейин кўп ўзгаришлар рўй берди.
Конституциявий ислоҳотдан сўнг Қозоғистон Республикаси Қурултойи – мамлакатнинг қонун чиқарувчи бир палатали олий ваколатли тузилмаси – Қурултой сайлови ўтди, Ҳукумат таркиби янгиланди. Халқ Кенгаши тузилиб, шакллантирилди. Бу каби ижобий ўзгаришлар фуқароларнинг давлат ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш, демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва Адолатпарвар Қозоғистон ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.
Биз, қадрли муштарийларимиз илтимосларига биноан муқаддам ҚР Президенти ҳузуридаги Миллий кенгаш аъзоси, ҚХА Медиация кенгаши раиси, ҚР «Дўстлик» ҳамжамияти раисининг биринчи ўринбосари, Астана шаҳар этномаданият бирлашмаси раиси, тажрибали медиатор сифатида тўлақонли фаолият юритган, эндиликда Қозоғистон Республикаси биринчи чақириқдаги Қурултойи депутати сифатида фаолият юритаётган Шерзод ПЎЛАТОВ билан мулоқотда бўлдик.
– Шерзод Аббос ўғли, аввало, Қурултой депутати бўлиб сайланганингиз, олий ҳокимият тармоғидаги фаолиятингиз билан халқимиз номидан табриклашга рухсат этинг...
– Раҳмат!
– Сиз фаол жамоатчи, Астана шаҳри ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган жамоат арбоби сифатида республикада маълум ва машҳурсиз. Энди биринчи чақириқ ҚР Қурултойи депутатисиз. Ҳаётингизда нималар ўзгарди?
– Аввало, «Әділет» партиясига билдирилган ишонч учун халқимизга чуқур миннатдорчилигимни изҳор этмоқчиман. Бу ишончни оқлаш – эндиликда зиммамиздаги юксак масъулият. Ҳаётимдаги ўзгаришларга келадиган бўлсам, энг асосийси – масъулият янада ортди. Мен учун Қурултой депутати мандати юксак ишонч ва улкан жавобгарликдир. Уни шахсий мақом ёки имтиёз эмас, балки партия томонидан менга билдирилган юксак ишонч ва энг муҳими, халқ олдидаги масъулият сифатида қабул қиламан.
Йигирма йилдан зиёд вақт мобайнидаги жамоатчилик фаолияти менга бир нарсани ўргатди: одамларни эшитмасдан, хулоса чиқармасдан улар учун тўғри қарор қабул қилиб бўлмайди. Илгари жамоатчилик вакили сифатида муаммоларни кўтариб, ечим излаган бўлсам, энди уларни қонунчилик даражасида ҳал этиш учун имконият ҳам, масъулият ҳам кенгайди. Лекин мен учун асосий мезон ўзгаргани йўқ: ҳар қандай ташаббус халққа ва Ватанга фойдали бўлиши керак.
– Нима учун айнан «Әділет» партияси? Партияга аъзо бўлиш ва Қурултойга рўйхатдан ўтиш борасидаги қарорингизга нима асосий омил бўлди?
– Очиғини айтсам, «Әділет» партияси ташкил этилаётган пайтда унинг асосига қўйилган ғоя ва қадриятларни англаганимда, улар менинг қалбимдаги қарашлар – нуқтаи назарим билан ҳамоҳанг эканлигини ҳис қилдим. Бу, аввало, адолат, меҳнатсеварлик, қонун ва интизом, қонун олдида барчанинг тенглиги, ҳалоллик ва масъулият каби мен учун жуда муҳим бўлган тамойиллар эди.
Менга «Адолатпарвар фуқаро» ва «Тоза Қозоғистон» ғоялари ҳам жуда яқин. «Тоза Қозоғистон»ни мен фақат атроф-муҳит озодалиги деб эмас, балки кенг маънода янги жамият маданиятини шакллантириш деб тушунаман. Яъни, ўз Ватанини, табиатини ва миллий қадриятларини асрайдиган, ҳалол меҳнат қилувчи, қонунни ҳурмат қилувчи ва мамлакат келажаги учун шахсий масъулиятни ҳис этадиган авлодни тарбиялашимиз керак.
Шу қадриятларнинг барчаси менинг ҳаётий қарашларимга яқин бўлгани учун партия сафига кириш – аъзо бўлиш масаласида ҳеч ҳам иккиланмадим. Партиянинг шаклланиши ва ривожланиши жараёнида аввал бошдан фаол иштирок этдим ва шу боис партиянинг Сиёсий кенгаши аъзоси этиб сайландим. Мен учун бу, биринчи навбатда, ўзим ишонадиган қадриятлар билан бир сафда туриш ҳақидаги қарор эди.
– «Әділет» партиясининг ўзингиз учун энг муҳим жиҳатлари қайсилар? Уларни Қурултойда қандай ҳимоя қилмоқдасиз? Бугун сайловчилар депутатлардан нимани кутмоқда?
– Мен учун энг муҳим жиҳатлар – адолат, қонун устуворлиги, ҳалол меҳнат, тенг имконият ва масъулият. Энг муҳими, бу қадриятлар мамлакатимиз Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг стратегик йўналишида ҳам ўз ифодасини топган. «Әділет» партияси ҳам айнан шу стратегик йўналишни қўллаб-қувватлайдиган сиёсий куч сифатида шаклланди. Бу мен учун партияга аъзо бўлишда муҳим омиллардан бири эди.
Лекин ушбу қадриятлар фақат дастурда ёки минбарда қолиб кетмаслиги керак. Адолат – қонуннинг барчага бир хил ишлаши, тенг имконият эса инсоннинг таниш-билиши орқали эмас, билими, меҳнати ва қобилияти билан юзага чиқиши демакдир. Менимча, бизнинг Қурултойдаги асосий вазифамиз ҳам шу тамойилларни аниқ қонунлар ва амалий қарорларга айлантиришдан иборат.
Бугун сайловчи депутатдан, аввало, амалий натижа кутмоқда. Одамлар ўз муаммоларини биздан яхшироқ билади. Бизнинг вазифамиз – уларни эшитиш, муаммони қонунчилик даражасига олиб чиқиш, ечим таклиф қилиш ва натижасигача кузатиб бориш. Мен депутатлик масъулиятини айнан шундай тушунаман.
– Қурултойдаги фаолиятингизни қайси 2–3та қонунчилик йўналишидан бошлашни режалаштирдингиз? Нима учун айнан ўшалар?
– Бугун мен Қурултойнинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси сифатида, аввало, қўмита ваколатига кирадиган қонун лойиҳалари ва халқаро шартномаларни ратификация қилиш масалалари устида фаол иш олиб боряпман. Жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги битимни ратификация қилиш бўйича ишчи гуруҳга раҳбарлик қилмоқдаман. Шунингдек, икки давлат божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисидаги битим, Қозоғистон ва Покистон ўртасидаги божхона фаолиятида ўзаро маъмурий ёрдамга оид битимлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликка асосланган шартномани ратификация қилиш масалаларини кўриб чиқишда иштирок этяпман.
Шу билан бирга, «Арбитраж тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи гуруҳда ҳам фаолият юритмоқдаман. Келгусида эса ўзим кўп йиллар шуғулланган медиация соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлашни режалаштирганман.
Умуман, депутатлик фаолиятимда қўмитамиз ваколатига кирувчи халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари билан бир қаторда, «Әділет» партияси дастурида белгиланган инсон капитали, адолат, қонун устуворлиги, тадбиркорлик ва ижтимоий мулоқот каби йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратишни мақсад қилганман.
– «Әділет» партияси адолат ва қонун устуворлигига урғу беради. Бугун энг кўп муаммо қайси соҳада?
– Адолатни фақат бир соҳа билан чеклаш қийин. У иқтисодиётда ҳам, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам, таълимда ҳам, давлат хизматида ҳам мавжуд бўлмоғи жоиз. Менимча, энг муҳим масала – қоиданинг барча учун бир хил ишлаши.
Оддий фуқаро давлатга мурожаат қилганда уни эшитишларига, тадбиркор ҳалол ишласа унинг ҳуқуқи ҳимоя қилинишига, ёшлар эса билими ва меҳнати билан ўз ўрнини топишига ишониши керак. Адолат мавжуд жойда ишонч пайдо бўлади. Давлат учун энг катта капиталлардан бири ҳам айнан халқнинг ишончидир.
– Қурултойнинг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни қандай? У аввалги Парламентдан нимаси билан фарқ қилиши керак?
– Менимча, бу ерда масала фақат ном ёки тузилманинг ўзгаришида эмас. Энг аввало, шуни тушунишимиз керакки, ҳар қандай тартиб-интизом асосида қонун, аниқ қоидалар ва уларга риоя қилиш масалалари туради. Қонун барча учун баравар ва адолатли ишлаши керак. Қурултой ва унинг депутатларининг асосий вазифаси ҳам айнан шунда – жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи сифатли қонунларни қабул қилиш. Бу масъулиятни, биринчи навбатда, биз – Қурултой депутатлари ўзимиз чуқур англамоғимиз керак.
Шунинг учун биз интилишимиз лозим бўлган энг муҳим мақсад – қонун ижодкорлиги сифатини ошириш ва ҳар бир депутатнинг бу жараёндаги шахсий масъулиятини кучайтириш. Қурултой депутати фақат овоз бериш билан чекланмаслиги керак. У ҳар бир қонун лойиҳасини чуқур ўрганиши, таҳлилчилар ва фуқаролар фикрини тинглаши, Ҳукумат билан очиқ мулоқот қилиши, зарур бўлса, депутатлик сўровлари орқали долзарб муаммоларни илгари суриши лозим.
Янги конституциявий шароит биздан қонунларнинг сонига эмас, уларнинг сифати ва адолатли ишлашига эътибор қаратишни талаб қилмоқда. Чунки ҳар бир қабул қилинган қонун ортида инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва манфаатлари туради. Шунинг учун Қурултойнинг нуфузи, менимча, қабул қилинган қонунлар сони билан эмас, балки уларнинг сифати, адолатлилиги ва жамият ҳаётига амалий таъсири билан белгиланиши керак.
– Пулнинг қадрсизланиши, нархлар, коммунал хизматлар, тиббиёт. Бугун одамлар қайси ижтимоий муаммога кўпроқ рўбарў бўлмоқда? «Әділет» партияси нима таклиф қиляпти?
– Бугун одамларни энг кўп ўйлантираётган масалалар – нарх-наво, оила даромади, коммунал тўловлар, тиббиёт ва кундалик ҳаёт харажатлари. Оддий инсон пулнинг қадрсизланишини статистик рақамлар орқали эмас, бозорга ёки дўконга кирганда ўз ҳамёни орқали ҳис қилади. Шунинг учун бу муаммоларга фақат оқибатларини юмшатиш орқали эмас, уларнинг иқтисодий сабабларини ҳал қилиш орқали ёндашиш керак.
«Әділет» партияси дастурида бу борада аниқ йўналишлар белгиланган: ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни тараққий эттириш, кичик ва ўрта бизнес учун барқарор шароит яратиш, муносиб иш ўринлари ва аҳоли даромадларини ошириш. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулот етиштирувчилари фаолиятини кучайтириш муҳим. Чунки ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар билан кўпроқ таъминласак, импортга қарамликни камайтириш ва нархларга ташқи омилларнинг таъсирини юмшатиш имконияти ортади.
Энг муҳими, бу масалалар бўйича иш бошланган. Қурултойдаги партиядош ҳамкасбларим ўз депутатлик сўровларида партия дастурида белгиланган қатор ижтимоий-иқтисодий масалаларни илгари сурмоқда. Бу иш давом этади. Менимча, бизнинг вазифамиз фақат муаммони кўтариш эмас, балки қонунчилик ва Ҳукумат билан ишлаш орқали унинг аниқ ечимига эришишдир. Алал-оқибат, иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг асосий мезони – ҳисоботдаги рақамлар эмас, одам ўз ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгариш бўлиши керак.
– Ҳозирги шароитда кичик ва ўрта бизнесни қандай қўллаб-қувватлаш керак? Партиянинг аниқ таклифлари қандай?
– Мен ўзим ҳам кўп йиллар тадбиркорлик билан шуғулланган шахс сифатида бу масалани яхши тушунаман. Тадбиркорга биринчи навбатда имтиёз эмас, барқарор ва тушунарли қоидалар керак. У бугун бир қоида билан ишлаб, эртага кутилмаганда бошқа талабга дуч келмаслиги лозим.
Шунинг учун адолатли ва барқарор солиқ сиёсати, ортиқча бюрократияни камайтириш, молияга кириш имконияти, давлат харидларида ҳалол рақобат, хусусий мулк ва тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳим. Тадбиркор эртанги кунга ишонса, сармоя қилади, иш ўрнини яратади ва иқтисодиётни ҳаракатга келтиради.
– «Әділет» сўзи «Адолат» дегани. Сиз учун шахсан адолат нима? Ҳаётингизда адолатни ҳимоя қилишга тўғри келган ҳолат бўлганми?
– Мен учун адолат – ҳамма учун одилона қоидалар ва тенг имкониятлар яратиш. Қонун инсоннинг лавозими, миллати ёки ижтимоий мавқеига қараб эмас, барчага баравар бўлиши керак.
Медиация соҳасида ишлаган йилларимда адолатни излашга тўғри келган ҳолатлар жуда кўп бўлган. Баъзан ҳар икки томон ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблайди. Шундай вазиятда адолат кимнидир ғолиб қилиш эмас, икки томонни ҳам эшитиш, далилни ҳиссиётдан ажратиш ва қонуний, муносиб ечим топишдир. Шу боис, мен учун адолат ва муроса бир-бирига зид тушунчалар эмас.
– Қурултойда турли партия ва қарашдаги депутатлар бор. Мулоқотни қандай йўлга қўйиб, муросага келиш мумкин?
– Бу менга жуда яқин мавзу. Кўп йиллик медиация ва музокаралар тажрибам менга муроса ўз нуқтаи назарингдан воз кечиш эмаслигини ўргатди. Муроса – турли қарашлар орасида умумий манфаатни топа билиш.
Мулоқотда оддий хақиқат мавжуд: аввал эшитиш, кейин тушуниш, шундан кейингина масалани ҳал қилишга ҳисса қўшиш. Қурултойда фикрлар ва нуқтаи назарлар – кўз қарашлар турлича бўлиши, табиий. Лекин агар барчамиз учун энг юқори мезон мамлакат ва халқ манфаати бўлса, умумий ечим топиш машаққат эмас.
– Эртага битта қонунни бекор қилиш ва битта қонунни қабул қилиш имконияти берилса, қайсиларини танлардингиз?
– Мен депутат сифатида муайян қонунни кутилмаганда «эртага бекор қиламан», дейишни масъулиятли ёндашув деб ҳисобламайман. Қонун – шиор эмас. Унинг ҳар бир меъёри одамлар ва иқтисодиётга қандай таъсир қилишини ўрганиш керак. Лекин фуқаро ва ҳалол тадбиркор учун ортиқча маъмурий тўсиқ яратадиган, бир-бирини такрорлайдиган ёки самарасиз меъёрларни қисқартириш тарафдориман.
Қабул қилиниши зарур бўлган ташаббуслар орасида эса инсон капиталига – таълим, илм-фан, инновация ва ёшларнинг имкониятларига сармояни кучайтиришни муҳим деб биламан. Чунки мамлакатнинг узоқ муддатли келажаги, биринчи навбатда, билимли ва масъулиятли инсонларга боғлиқ.
– Партия ва халққа хизмат қилиш борасидаги қарашларингизга энг кўп таъсир қилган китоб, нашр ёки инсон ким?
– Ҳаётимга, камолотимга таъсир қилган инсонлар ҳам, китоблар ҳам кўп. Лекин буюк мутаффакирлар Навоий ва Абайнинг мерослари мен учун алоҳида ўрин тутади. Уларнинг илм, меҳнат, виждон, адолат ва инсон камолоти ҳақидаги фикрлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бугун ҳам долзарб.
Менга бир фикр жуда яқин: Ватанни севиш фақат баландпарвоз сўзлар билан эмас, ҳалол меҳнат, билим ва жамиятга фойда келтириш билан намоён бўлиши керак. Мен масъулиятли ва бунёдкор ватанпарварликни ҳам шундай тушунаман: «Ватан менга нима берди?» деган савол билан бирга «Мен Ватаним учун нима қилдим?» деган саволни ҳам ўзимизга беришимиз керак.
– Яқин кунларда Президент таклифига биноан тузилган Халқ Кенгаши фаолиятини бошлади. Унинг жамиятдаги ўрнини қандай кўрасиз?
– Мен кўп йиллар миллатлараро масалаларда ва жамоатчилик институтларида фаолият юритган инсон сифатида Халқ Кенгашини давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотнинг янги босқичи деб биламан. Муҳими, у жамиятдаги турли қатламлар, этномаданият бирлашмалари, жамоат ташкилотлари ва маслаҳатлар билан бирга экспертларнинг овозини умуммиллий кун тартиби билан боғлай олиши керак.
Янги моделда Халқ Кенгашининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиши ҳам муҳим. Қурултой Регламентида унинг вакилларининг қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва тингловларда иштирок этиши учун дастаклар белгиланган. Менимча, бу жамоатчилик фикрини қонунчилик жараёнига яқинлаштириш учун яхши имконият.
– «Жанубий Қозоғистон» муштарийларига тилакларингиз?
– Газета таҳририяти ва барча муштарийларга самимий миннатдорчилигимни билдираман. Жануб – тарихи, маданияти, меҳнаткаш инсонлари ва кўп миллатлилиги, тотувлиги билан мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади. Бу заминда турли этнос вакиллари асрлар давомида ёнма-ён яшаб, меҳнат қилиб, умумий Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда.
Барча ўқувчиларга мустаҳкам соғлик, хонадонларига тинчлик ва барака, фарзандларига билим ва порлоқ келажак тилайман. Биз турли этнос ва турли нуқтаи назарга эга бўлсакда, Ватанимиз ягона, тақдиримиз ва келажагимиз ягона. Юртимиз тинч, халқимиз аҳилликда умргузаронлик қилиб, Қозоғистонимиз тараққий этааверсин!
– Мазмунли мулоқот учун раҳмат!