26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Минтақа ободлиги – эл бирдамлигида

Шаҳар ободлиги, даставвал, унинг кўчалари тозалиги, йўлларининг таъмирланганлиги, тунги ёритиш тизимларининг ишга туширилиши, умуман, аҳоли учун қулай шароитларда, фаровонликда ўз аксини топади. Бу каби ишлар нафақат тегишли идоралардан, балки даҳа фаоллари, фидойи жамоат вакилларидан ташаббускорлик, жонбозликни талаб қилади. Халқимиз жонкуярларининг саъй-ҳаракати, элим, юртим, деб фидойилик кўрсатишлари натижасида ижобий ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўляпмиз. Шимкент шаҳрининг Қизилжар даҳасида ҳам кўзни қувнатиб, дилни яйратадиган анчагина ишлар амалга оширилибди. Даҳа тадбирлар режасини белгилашга  бағишланган фаоллар давра суҳбатида иштирок этиб, бунга амин бўлдик.

Ушбу даҳа аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу тадбирлар даҳа бийи Ботирали Иброҳимов раҳбарлигида самарали амалга оширилмоқда. Шимкент шаҳар ЎЭМБ қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Ўктам Иброҳимов, Абай тумани ЎЭМБ раиси Илҳом Алимқулов, Абай тумани ЎЭМБ қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси Султон Давронбеков, хизмат кўрсатган авиация ходими, оқсоқоллар кенгаши аъзоси Рўзиаҳмад Ҳайитматов, Абай тумани ЎЭМБ ҳузуридаги оналар кенгаши раисаси Муҳаббат Эгамбердиева, кенгаш аъзоси Моҳира Бойназарова билан даҳада олиб борилаётган ишлар хусусида мулоҳаза юритдик.

– Маҳалла бийи раҳбарлигида фаол иш олиб бораётганимизга ҳам мана, 2 йил бўляпти, – дейди Султон Давронбеков. – Катта авлод вакиллари ҳамжиҳатликда ёш авлод вакилларини жамоат ишларига жалб этган ҳолда иш олиб бораяпмиз. Маҳалламиздаги ижтимоий муаммолар ҳокимлик идоралари ҳамда тадбиркорлар иштирокида ижобий ҳал бўлмоқда. Қарийб 30 йил мобайнида қаровсиз қолган эски боғчамиз ўрнида жиҳозланган ўйин майдончасини ташкил этдик. Абай туман ҳокимлиги талаб-таклифларимизни қўллаб-қувватлаб, маблағ ажратди. Бершинтўбе, Ҳожимат ота, Аҳмад Султон кўчаларига асфальт тўшалди. Кўчаларга ёритиш ускуналари ўрнатилди. Даҳада, асфальт тўшалмаган кўчалар қолмади. Бундан ташқари ҳудудимиздаги иккита қабристонни ободонлаштирдик. Тадбиркорлардан Асхат Тўхтиев, Ўринбой Йўлдошев сингари фидойи йигитларимиз 500 туп мевали ҳамда манзарли кўчатлар билан таъминлашди, ҳокимлик ишчилар ажратди, қабристон ҳудуди оқин сув билан таъминланди. Қабристон йўлакларига ишбилармон Азиз Файзаҳмедов асфальт тўшаб берди. Дурбек Мавлонов қабристон атрофини ободонлаштириб, панжара билан ўраб беришда бош-қош бўлди. “Тоза Қозоғистон” ғояси доирасида “Әділет” партияси билан ҳамкорликда атроф-муҳитни тозалаш, ободонлаштириш ишларида иштирок этяпмиз. Ёшлар ҳам катталардан ибрат олиб, тенгдошларига бу каби ишларда ўрнак бўлаётгани қувонарли.

– Миллатимизни бирлаштирадиган, ҳамжиҳатликка ундайдиган тадбирларимиз борки, саховатпеша инсонларнинг хайрли тадбири билан уйғунликда ўтказилади, – давом эттиради суҳбатни Илҳом Алимқулов. – Қурбон ҳайитида кам таъминланган хонадонлардан қарийб 30 нафарига ҳадялар, озиқ-овқат саватлари тақдим этилди. “Мактабга йўл” акцияси доирасида Асолат Идрисова раҳбарлигидаги ишбилармонлар кўмаги билан кам таъминланган 30 нафар хонадоннинг фарзандлари ўқув қуроллари ҳамда мактаб либослари билан таъминланишди. Ҳудудимизда умумтаълим мактаби барпо этилди, автотураргоҳ ташкил этилди. Давлат муассасаларининг барпо этилиши Шимкент шаҳар ҳокими Ғабит Сиздиқбековнинг қарорларига мувофиқ бюджет маблағлари эвазига амалга оширилмоқда. Бироқ эзгу ишлар фақат маблағ ва қарор билан амалга ошмайди. Аҳолининг эҳтиёж ва муаммоларини ҳокимликка етказиб, халқ билан ҳокимлик ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётган оқсоқолларимизнинг жонбозлиги, саъй-ҳаракатлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Нафақадорлар бу ишлардан манфаат кўзлашмайди. 

Ўктам Иброҳимов:

– Ҳудудимиздан қатнайдиган 68- рақамли автобус ҳаракати йўналиши узайтирилди. Аҳолига барча қулай шароитлар яратилмоқда. Шикоятлар, аризалар, ташаббусларнинг барчаси идорамизда медиация усулида ижобий ҳал этиляпти. Тўйларимиздаги ортиқча исрофгарчилик ҳақида турли маъракалар, аҳоли билан учрашувларда бот-бот айтилмоқда, камхарж маросимлар намуна қилиб кўрсатилмоқда. Уларнинг самарасини амалда кўришни бошладик. Тўйларимизда дабдаба анча камайгандек. Майит чиққан хонадонлардаги маросимлар тартибга келтирилди. Серхаражат удумларни тўхтатишга ҳаракат қиляпмиз. Даставвал, бу масалада қаршилик қилган ҳамюртларимиз ҳаракатлар ўринли эканлигини англаб етмоқда. Маҳаллада турли этнос вакиллари истиқомат қилади, ҳамжиҳатликда фаолият юритяпмиз. Улар билан ҳамжиҳатликда ободонлаштириш масалаларида жонбозлик кўрсатиш ниятидамиз. Ҳудудимиздан оқиб ўтувчи Қорасув анҳорига пиёдалар учун учта кўприк барпо этилди. Аҳоли турли масалаларда шикоятлар билан мурожаат қилишади. Уларнинг битимга келишига, ёшлар ўртасидаги оилавий жанжаллар бўлса, яраштириб юборишга ҳаракат қиляпмиз. Яқинда бир келин умр йўлдошидан ажрашишга қарор қилганини ва бунга куёвнинг унинг номига турли банклардан насия расмийлаштиргани, айни кунда қарзга ботганлигидан шикоят қилиб келган. Куёв томонни идорага чорлаб, оилавий қарз икки ёшнинг тўйини дабдабали ўтказиш мақсадида олинганини, қарзга ботган оила эса келин номига насия расмийлаштирганини тан олди ва имкон доирасида қарзларни тўлашга ваъда беришди.

Ачинарлиси, ёш оила бахтига дарз кетди. Уларга панд-насиҳат қилишга, бунинг учун ажрашиш нотўғри қарор эканлигини уқтиришга ҳаракат қилдик. Афсуски, бу каби шикоятлар билан келаётган ҳамюртларимиз сафи кенгаймоқда. Бундай ҳолатлар юзага келмаслиги учун моддий имкониятларни эътиборга олган ҳолда тўйларни исрофсиз ташкил этиш борасида маслаҳат беряпмиз. Икки томон меҳмонларига совғалар улашиш, тўй дастурхонини ноз-неъматларга тўлдириш – исроф. Неъмат – омонат. Унинг исрофи гуноҳ. 

Муҳаббат Эгамбердиева:

– Ўтказилаётган турли тадбирларда фидойи ҳамюртларимизни эътибордан четда қолдирмаймиз. Халқаро Хотин-қизлар куни, Ғалаба куни каби байрамлар арафасида меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиб, саховатпеша тадбиркорларимиз томонидан тайёрланган ҳадяларни улашамиз. “Намунали маҳалла” анъанавий танлови эса даҳамиз аҳолиси қувонч билан иштирок этадиган тадбирлардан бирига айланиб улгурган. Хусусан, Гулистон кўчаси бошқа маҳалла қўмиталарига аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва саховат борасида ўрнак бўлиб, йил сайин буни ўз ишлари билан исботлаб келишмоқда. Бу каби ташаббуслардан, албатта, мамнунмиз. Зеро, эзгу ишларга қўл урган ҳамюртларимизни элга намуна қилиб кўрсатишимиз керак. Яхшилик яхшиликка улансин, эзгу ният билан яшаб, жамиятга наф келтиришга интилаётганлар сафи кенгаяверсин.

Оиладаги муаммолар ҳақида сўз юритганда эса ёшлар ўртасида оилавий қадриятларга муносабат кун сайин сусайиб бораётгани ташвишли ҳолат эканини таъкидлаш жоиз. Катталар ёшларга муомала, одоб-ахлоқ ва оилавий муносабатларда ўрнак бўлса, бундай хонадонда аҳиллик ва тотувлик ҳукмронлик қилади. Зеро, оиладаги муҳит нафақат эр-хотин муносабатларига, балки фарзандларнинг тарбияси ва келажагига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Афсуски, икки, ҳатто тўрт фарзандли аёллар ҳам оиладаги арзимас тушунмовчиликлар сабаб ажрашиш нияти билан мурожаат қилаётган ҳолатлар мавжуд. Айни кунга қадар бундай оилалардаги вазиятни ўрганиб, хонадон катталари билан суҳбатлашиб, томонларни яраштириш ва оилавий тотувликни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ҳар бир оиланинг мукаммаллиги, аввало, фарзандларнинг тақдири ва жамиятнинг барқарорлиги учун муҳим. 

Суҳбат давомида фикр билдирган оқсоқоллар ва оналар кенгашлари вакиллари мулоҳазаларидан бир ҳақиқатни англаш муҳим – фидойилик катта-кичик эзгу ишлардан бошланади. Ана шундай ташаббусларни ягона мақсад атрофида бирлаштириб, уларни изчил давом эттираётган Қизилжар даҳаси фидойилари келажак авлод учун ҳам муносиб муҳит яратишга ҳисса қўшмоқдалар. Зеро, ватанпарварлик, инсонпарварлик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик юрт равнақи йўлидаги амалий саъй-ҳаракатлардан бошланади. 

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2026-09-28, 21:55 97
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.