26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Тотувлик йўлидаги юксак сафар

Қозоғистон халқи Ассамблеяси миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда асосий ўрин тутади. У турли этник гуруҳларга ўз маданияти, тили ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашади.

Бугунги суҳбатимиз ҚХА ҳамда унинг қошидаги Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмасининг фаолияти ва режаларига бағишланди. Суҳбатдошимиз – ҚХА аъзоси, ҚР ЎЭМБлари “Дўстлик” ҳамжамияти раисининг ўринбосари, Астана шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси Ҳомийлик кенгаши раҳбари, тадбиркор – Ҳасан Шарипов.

Ҳасан Холмат ўғли 1963 йил 17 июлда Тараз шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумотли, 1985 йилда Жамбил гидромелиоратив қурилиш институтини муҳандис-қурувчи мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2019 йилда М. Х. Дулати номидаги Тараз Давлат университетида юриспруденция соҳаси бўйича иккинчи олий маълумот олган. 2002 йилдан эътиборан, Астана шаҳрида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бу эса маҳаллий иқтисодиёт тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди. Ҳ. Шарипов нафақат тадбиркор балки ходимларга ғамхўр инсон сифатида  ҳам эътибор қозонган. Турли хайрия тадбирларига бош-қош бўлаётган саховатли қалб соҳиби. 

– “Дўстлик” ҳамжамиятида фаолиятингизни қандай бошлагансиз?

– Ассамблеянинг маданий ва ижтимоий тадбирларида иштирок этиш менинг дастлабки қадамларимдан бири бўлган. Ушбу ташкилот доирасидаги фаолиятим давомида биринчи навбатда турли миллатлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маданий меросимизни асраб-авайлаш ва уни ёш авлодга етказишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратдим. Турли хайрия тадбирларини ташкил этиш ва ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этиш асосий мақсадларимдан бири бўлди.

– “Дўстлик” ҳамжамиятининг асосий вазифалари ва мақсадлари нималардан иборат?

– Ташкилотнинг асосий вазифалари турли миллатлар ўртасида маданий ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Бунинг учун жамият қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:

Миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб қилиш, маданий ва маърифий тадбирлар ташкил этиш, ёш авлодни миллий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, кам таъминланган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш учун хайрия тадбирлари ўтказиш. Бу вазифаларни бажариш учун биз жамиятда фаол мулоқотни таъминлаймиз ва турли маданиятларни бирлаштирувчи дастур сифатида хизмат қиламиз.

– Қўшни мамлакатлар билан алоқаларга тўхталсангиз?

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳар йили қўшма тадбирлар – фестиваллар, маърифий семинарлар ва илмий анжуманлар ташкил этамиз. 

Икки мамлакат ўртасида дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун доимий мулоқот ва ҳамкорлик муҳимдир. Масалан, халқ сайллари, анъанавий таомлар фестиваллари ва миллий санъат кўргазмалари орқали турли маданиятларнинг бойликларини намоён этиш, эллараро дўстликни мустаҳкамлашда самарали усулдир. Шунингдек, ёшлар онггига миллатлараро ҳамжиҳатлик ғояларини таълим орқали сингдиришни давом эттириш зарур.

– Қандай қилиб ёшларни кўпроқ жамоат ишларига жалб қилиш мумкин?

– Бунинг учун уларнинг қизиқишларини инобатга олиш муҳим. Биз ёшлар учун қизиқарли ва фойдали тадбирлар, жумладан, спорт мусобақалари, маданий фестиваллар, маҳорат сабоқлари ташкил қиламиз. Шунингдек, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун махсус грантлар ва мукофотлар жорий этилган. Ёшлар ўртасида етакчилик ва ижтимоий фаолликни рағбатлантириш асосий мақсадларимиздан бири.

– Жорий йилда ҚХАнинг  ташкил топганига 30 йил тўлади. Астанадаги ўзбек этномаданият бирлашмасига-чи?

– Астана шаҳридаги ЎЭМБнинг ташкил топганига 18 йил тўлади. 

Мен ушбу бирлашмага унинг илк ташкил топган кунларидан аъзо бўлганман. Бу давр мобайнида бирлашманинг қатор муҳим лойиҳаларида иштирок этмоқдаман.

– Астана ЎЭМБ Ассамблеянинг 30 йиллигига бағишлаб қандай тадбирлар ўтказишни режаламоқда?

– ҚХАнинг 30 йиллиги муносабати билан ЎЭМБ қатор тадбирлар ва лойиҳаларни амалга оширишга киришди.

Жумладан, тарихий фотосуратлар ва ҳужжатлар асосида махсус китоб тайёрлашни режалаштирган. 

Шунингдек, юбилей доирасида маданий тадбирлар, концерт дастурлари ҳамда турли кўргазмалар ўтказишни кўзламоқда. Ёшлар учун семинар ва анжуманлар ташкил этилиб, турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бирга Астана шаҳар ЎЭМБ раиси Шерзод Пўлатовнинг “Өзбек өз ағам” номли монографиясининг тақдимоти ҳам ўтказилади. Унда пойтахт ўзбекларининг ҳаёти ва фаолияти теран ёритилган.

– Бирлашмада ўзбек тили, маданиятини ривожлантириш юзасидан қандай тадбирлар амалга оширилмоқда? Ўзбек тилли мактаблар ёки миллий рақс тўгараклари борми? 

– Бу борада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ўзбек тили курслари ва тўгараклари ташкил қилинган. Ёшларнинг ўзбек тилига қизиқишини ошириш мақсадида турли танлов ва адабий кечалар уюштирилади. 2015 йилда Ихтиёра Хўжаева ташаббуси билан “Зиё” этнолингвистик якшанба мактаби ташкил этилган. У 2017 йилдан давлат кўмагига эга бўлиб, болаларга она тили, миллий анъаналар, тарих ва маданиятимизни ўргатиб келмоқда. Лекин бугунги кунда малакали ўқитувчилар тақчиллиги сезилмоқда. Сўнгги йилларда пойтахтдаги мактабга малакали мутахассисларни жалб этишда қийинчиликлар пайдо бўлди. Агар ушбу масала кенг ёритилса, эҳтимол, ўзбек тилини яхши биладиган ва таълим беришга қизиққан ўқитувчилар топилиши мумкин.

Маданиятимизни ривожлантириш учун бирлашмамиз доимий равишда миллий анъаналар ва урф-одатларни тарғиб қилувчи тадбирлар ўтказиб келмоқда. Миллий рақс тўгараклари ва қўшиқчилик гуруҳлари фаолият юритиб, ёшларни санъатга жалб қилишда муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, миллий либослар кўргазмалари ва анъанавий таомлар фестиваллари ҳам ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар маданиятимизни кенг оммага танитиш учун хизмат қилмоқда. Ҳар йили халқаро миқёсда мутафаккир шоир Алишер Навоийга бағишланган “Шығыс жұлдызы Науаи” номли адабий-бадиий кеча ўтказиб келмоқдамиз. Ушбу тадбирга Ўзбекистондан ҳам меҳмонлар ташриф буюради. 

– Тиббиёт, таълим соҳаларида кўзга кўринган ёшлар ҳақида айтиб ўтсангиз...

– Тиббиёт ва таълим соҳаларида ҳам бир қанча истеъдодли ёшларимиз бор. Масалан, Сардор Йўлдошев – “Миллий илмий кардиожарроҳлик маркази” шифокори. У жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Пандемия даврида  кўнгиллилар ишларини амалга оширган. 

Сангира Шарипова – иқтидорли қизларимиздан бири. Сангира вокал санъатида юксак ютуқларга эришиб, кўплаб халқаро ва республика танловларида ғолиб бўлган. Унинг ижодий фаолияти нафақат миллий санъатимизни кенг тарғиб қилишга, балки ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда. Мақсадбек Абдужабборов ва Улуғбек Тожибоев каби фаол ёшларимиз жамоат ишларида, таълим ва спорт соҳаларида яхши натижаларга эришмоқда. Улар халқимизнинг фахри.

– Келажакдаги режалар қандай?

– Астана шаҳридаги ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Шерзод Аббос ўғли билан биргаликда Қозоғистондаги этномаданият бирлашмаларининг имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг таъсир доирасини кучайтириш. Ёшларни ижтимоий фаолликка жалб этиш, янги маданий ва маърифий дастурларни йўлга қўйиш, кам таъминланган аҳолига ёрдам кўрсатиш ва миллатлараро дўстлик алоқаларини кучайтириш. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва Қозоғистоннинг маданий меросини бутун дунёга тарғиб этишни мақсад қилганмиз.

– Бўш вақтингизни нималарга сарфлашни хуш кўрасиз?

– Бўш вақтимда китоб ўқийман. Шунингдек, спорт билан шуғулланиш ва турли маданий тадбирларда иштирок этишни хуш кўраман. Оилам билан вақт ўтказиш ва табиат қўйнида дам олиш менга руҳий ором бағишлайди. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

М. ЭЛТОЕВА, 2025-02-06, 02:44 21
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.