26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Замон билан ҳамнафаслик

ҚХА таркибида фаолият юритаётган Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамиятининг фаолияти элимиздаги барқарорликни, этнослараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллатдошларимизнинг маънавий эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган. Турли йилларда уни Бахтиёр Қодирбеков, Озод Тошпўлатов, Рўзақул Холмуродов, Раҳматжон Абдусатторов, Ғофир Қосимов каби элимизга таниқли шахслар бошқардилар, 2016 йилдан ташкилотга Икром Ҳошимжонов раислик қилмоқда.

Қуйида ҳамжамиятга 2002-2008 йилларда етакчилик қилган таниқли давлат ва жамоат арбоби Рўзақул Холмуродов билан мусоҳабани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

– Рўзақул Сотиболди ўғли, ҚХАнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти залворли. Айтинг-чи, ўтган даврда режалар қай даражада уддаланди?

– Тинчлик, тотувлик, дўстлик – бу бебаҳо бойлигимиз. Давлатимиз раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев жорий йилнинг аввалида “Aнa тiлi” газетасига берган мусоҳабасида: “Дунёдаги мисли кўрилмаган геосиёсий вазиятга қарамай, Қозоғистон тинчлик йўлида мулоқот ўрнатишда самарали ўрин эгаллайдиган давлат сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлади”, деб таъкидлади. Дарҳақиқат, 1995 йили ташкил этилган ҚХА бир чанғароқ остида турли этносларни бириктириб, бу ишга салмоқли ҳисса қўшди.

Бугунги кунда Қозоғистон ўзбеклари ҳам юртимизда истиқомат қилувчи турли этнослар каби мамлакатимизнинг тўлақонли фуқароларидир. Республикада сон жиҳатидан учинчи ўринда турган миллатдошларимиз мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида сезиларли мавқега эгадирлар ва бу ўз навбатида уларнинг зиммасига юксак масъулият юклайди. Бу – давлат асосини ташкил этувчи қозоқ халқи, шунингдек, барча этнослар билан елкама-елка, бир сафда туриб, дўстлик, тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш орқали мустақиллик берган ноз-неъматлардан баҳраманд бўлиш ва ёрқин келажакка қараб одимлаш масъулиятидир.

Қозоғистонда барча этносларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Бугунги кунда ўзбек тилида таълим масканлари, шунингдек, давлат ҳамда хусусий даврий нашрлар фаолият юритмоқда, бадиий ва илмий китоблар чоп этилмоқда, телевидениеда махсус кўрсатувлар берилмоқда. Шимкент шаҳрида ўзбек драма театри фаолият юритмоқда. Мустақиллик йилларида эришилган сўз ва виждон эркинлиги, жамият ҳаётидаги сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар натижасида долзарб муаммоларни ҳал этишга имкон яратилди.

– Ўша вақтда қандай масалалар долзарб эди?

– Мустақилликнинг дастлабки йилларида қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистон билан ижтимоий, иқтисодий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини тиклаш долзарб вазифа эди ва бу жараён осон кечмади. Сабаби – Қозоғистон ўзбекларининг тарихи, жамиятдаги мавқеи ва ўрни етарли даражада ўрганилмаган, чунончи, уларга қўшни давлат вакиллари сифатида қараш шаклланган эди.

Бу борада республика миқёсидаги мутасадди ташкилотлар билан тушунтириш ишларини юритишга тўғри келди. Жумладан, ҳудудий ташкилот сифатида тузилган “Дўстлик” ҳамжамиятининг зиммасига улкан масъулият юкланди. Ташкилотнинг фаолияти пухта режа асосида олиб борилди. Мақсад – Қозоғистон ўзбекларининг тарихини ўрганиш ва тарғибот қилиш, бошқа этнослар қаторида жамиятдаги барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш эди. 

Маълумки, 2003 йили кўҳна ва навқирон Сайрам заминида ўзбек касбий театрининг ташкил топиши Қозоғистон ўзбекларининг маданий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Ушбу театрнинг очилишида ҚР Президенти Н. Назарбаевнинг иштироки тарихий воқеага айланди. Илгари ҳаваскорлик саҳналарида кўринган ўнлаб талантли санъаткорлар эндиликда касбий театрда ижод қилиш имкониятига эга бўлдилар. Қозоқ элининг ўзбек театри ўтган даврда том маънода ҳамюртларимизни эзгуликка чорловчи қутлуғ масканга айланди. Театр саҳна томошалари орқали дўстлик, миллатлараро тотувлик, меҳр-оқибат, миллий қадрият, ватанпарварлик каби муқаддас тушунчаларнинг тарғиботчиси вазифасини шараф билан уддаламоқда. Бугунги кунда театр қозоқ ва ўзбек санъаткорларининг ҳамкорлик қиладиган дўстлик кошонаси, икки қардош халқнинг бир-бирига боғловчи олтин кўприк вазифасини бажармоқда.

– Шу йилларда уюштирилган Халқаро аския ва кулгу фестивали юртдошларимиз орасида шов-шув уйғотган эди...

– Камина ҳамжамиятга раҳбарлик қилган даврда асосий эътиборни маънавият, маданият ва таълим соҳаларини ривожлантиришга қаратдик. Ҳамжамият ваколатхонаси ўзбек театрида жойлашди. Театрда бир қанча халқаро даражадаги маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, 2003 йили 9 декабрда “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда илк бор “Сайрам қаҳқаҳаси” Халқаро аския ва кулги фестивали уюштирилди. Ушбу тадбирда нафақат қозоғистонлик, шунингдек, Эргаш Каримов, Саид Анвар, Абдухолиқ Мамарасулов, Мамасидиқ Шираев, Болтавой Тошматов каби ўзбекистонлик ва қирғизистонлик кулгу дарғалари ҳам иштирок этдилар. Шунингдек, “Назм юлдузлари” мавзуида уюштирилган мушоира ҳам катта қизиқиш уйғотди. Бу тадбир кўплаб ёш истеъдодларнинг кашф этилишига туртки бўлди. 

Мустақилликнинг дастлабки йилларида давлат хизматида ўзбек этноси вакилларининг улуши кам эди. Бунинг сабаби – давлат тилини пухта ўзлаштирган ёшлар кам эди. Шу боис, таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар битирувчи синф ўқувчилари орасида “Давлат тилини билиш – бурчинг!” мавзуида танлов ўтказишга қарор қилинди. Бу тадбир республикада яшовчи турли этнослар орасида биринчилардан бўлиб “Дўстлик” ҳамжамияти томонидан қўлга олингани билан аҳамият қозонди.

Танлов ғолиблари ва совриндорларига республикамизнинг нуфузли олий ўқув юртларида бепул таҳсил олиш учун сертификатлар топширилди. Уларнинг аксарияти ўтган йиллар мобайнида М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети, А. Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети, А. Қуатбеков номидаги Халқлар дўстлиги университетида, шунингдек, Қозоғистондаги бошқа олий ва ўрта махсус билим юртларида таҳсил олишиб, бугунги кунда турли соҳаларда фаолият юритмоқдалар.

– 2005 йили ҚР Президенти Н. Назарбаев қабулида қандай масалаларни кўтаргансиз?

– Албатта, биринчи навбатда таълим ўзбек тилида юритиладиган мактаблар фаолиятига оид муаммони, аниқроғи, ўқув дастурлари ва дарсликлар етишмаслиги масаласини кўтарганман. Ушбу учрашувдан сўнг Давлат раҳбари ҚР Таълим ва фан вазирлигига ўзбек тилида таълим берувчи мактаблар учун ўқув дастури тайёрлаш ва дарсликлар чиқаришни топширди. Шунингдек, Жанубий Қозоғистон вилоят ўзбек драма театрига республика театри мақомини бериш масаласи ҳам ўрганиладиган бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай, ҚР Таълим ва фан вазирлиги томонидан тасдиқланган янги ўқув дастурлари асосида нашрдан чиқарилган ўзбек тилидаги дарсликлар вилоят, туман ва шаҳарлардаги таълим муассасаларига етказиб берилди.

Яна бир муҳим ютуғимиз, ўша йилларда ҚХАга аъзо бўлган ўзбек миллати вакиллари сони икки бараварга кўпайгани бўлди. 

– Рўзақул Сотиболди ўғли, сизнинг давлат хизмати ва жамоат соҳасидаги фаолиятингиз, ҳаёт йўлингиз барчага ибратдир. Бугунги кунда қандай иш билан бандсиз?

– Шу кунларда кўпдан буён режаланган бир лойиҳа устидаги иш ниҳоясига етмоқда. Сўнгги йилларда Қозоғистон ўзбекларининг халқ оғзаки ижодини ўрганиш, уни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш борасида сезиларлиҳаракатлар бўлди. Халқ оғзаки ижоди намуналарини тўплаб, китоб чиқаришга бел боғлаган Абдираҳим Пратов, Зокиржон Мўминжонов ва Баҳодир Муталовларнинг фаолиятидан ҳам хабардорман. Яқин кунларда қозоғистонлик ва ўзбекистонлик фольклоршунослар ҳамкорликда тайёрлаган “Халқ лапарлари” тўплами ҳомийлар ёрдамида нашр қилинади.

– Самимий суҳбат учун ташаккур! 

З. АҲМАДЖОНОВ суҳбатлашди., 2025-02-24, 20:48 493
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.