20 июль – Халқаро шахмат куни. Бу сана нафақат ушбу қадимий ақлий ўйинни ардоқлаш, балки унинг жамият ҳаётидаги маънавий, таълимий, ижтимоий аҳамиятини яна бир бор чуқур англаш куни ҳамдир. 1924 йили Парижда ташкил этилган Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таъсис топган куни муносабати билан нишонланадиган бу байрам йил сайин дунё бўйлаб янада кенгроқ қамровда ўтказилмоқда. Турли мамлакатларда ушбу сана муносабати билан йирик шахмат мусобақалари, маърифий тадбирлар, очиқ дарслар уюштирилади. Қозоғистонда-чи? Шахмат ривожи қай даражада? Минтақамизда унинг аҳамияти қандай баҳоланяпти? Бу ҳақда Туркистон вилояти Тўлебий тумани ҳокими, Қозоғистон шахмат федерациясининг вилоят филиали раҳбари Еркеғали Алимқулов билан суҳбатлашдик.
– 20 июль – Халқаро шахмат куни. Бутун дунёда ушбу сана муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Қозоғистонда бу байрам қандай нишонланмоқда?
– Халқаро шахмат куни – нафақат спорт, балки маънавият байрами ҳамдир. Бугунги кунда Қозоғистонда шахматга бўлган муносабат сезиларли даражада ўзгармоқда. Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг ташаббуси билан 2023–2027 йилларга мўлжалланган махсус дастур қабул қилинди. Бу дастур мактаб ўқувчиларидан тортиб, бутун жамиятда шахмат маданиятини шакллантиришни кўзда тутади. Яъни, шахмат энди фақат спорт эмас, балки таълим ва тарбия воситаси сифатида қаралмоқда.
– Бу дастурнинг асосий мақсади нимада?
– Биринчи навбатда – мактабларимизда, айниқса, 1-4-синфларда шахмат дарсларини жорий этиш орқали ёшларда зеҳнни, стратегияни, фикрлашни ривожлантириш. Бу тажриба дунёнинг ривожланган давлатларида ўзини оқлаган. Шахмат билан машғул бўлган бола нафақат ақлли, балки интизомли ҳам бўлади. Шунингдек, бу спорт тури ёшларни зарарли одатлардан, бўш вақтни беҳуда ўтказишдан сақлайди.
– Ўзингиз шахматга қачон ва қандай қизиқиб қолгансиз?
– Шахмат – болалик давримнинг бир қисми. Тўлебий туманидаги Ақбастау қишлоғида ўсганман. Отам – Амантай Алимқулов мактаб директори эди. У киши орқали китоб ва шахмат муҳитида тарбия топдим. Эсимда, овулдаги кекса отахон билан 100 мартадан зиёд шахмат ўйнаганман, уларнинг фақат иккитасида юта олганман. Лекин ана шу мағлубиятлар менда ирода ва сабрни кучайтирди. Шу кунгача шахмат тахтаси менга йўлдош бўлиб келмоқда.
– Федерация раҳбари сифатида сўнгги вақтларда қандай муҳим ишлар амалга оширилди?
– Қозоғистон шахмат федерациясидаги фаолиятимиз 2023 йил 18 январдан, Тимур Турлов президент этиб сайланганидан кейин янги босқичга чиқди. У киши ижтимоий соҳаларга ҳам жиддий эътибор қаратадиган ишбилармон. Унинг ташаббуси билан “SENAT OPEN” ва “Шахмат карвони” каби йирик лойиҳалар бошланди. Бугунги кунда ушбу лойиҳалар Туркистон вилоятида ҳам муваффақиятли амалга ошириляпти. Тимур Турлов мени шахмат федерациясининг вилоят филиалига раис этиб сайлади, ижровий директор сифатида вилоятнинг бош мураббийси Асхат Майкотов сайланди. Ҳозир иш режасига мувофиқ, вилоятимизда Президентимиз сиёсатини қўллаб-қувватлаб, шахмат федерациясининг мақсад-вазифаларини, топшириқларини амалга ошириб келмоқдамиз.
– Бу лойиҳалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтсангиз.
– “SENAT OPEN” («Очиқ сенат») мусобақаси Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати Кубоги учун ўтказиладиган шахмат турнирининг номи. Ташаббус Сенат Раиси Маулен Ашимбаевдан чиқди, уни эса Тимур Турлов қўллаб-қувватлади. Мақсад ягона – турли тоифадаги депутатлар, давлат хизматчилари орасида ҳам шахматни кенг тарғиб қилиш. Лойиҳа 2023 йилда бошланди ва қозоғистонликлар томонидан қизғин қарши олинди. Масалан, бу йилги мусобақада бир Шимкент шаҳри бўйича 100 спортчи ариза берди. Улар орасида фахрийлар, давлат хизматчилари, депутатлар, журналистлар, жамоатчилар, ҳуқуқ-тартиботчилар бор. Айни пайтда танлаш жараёни мамлакатнинг 20 вилоятида ўтмоқда. Энг кучлилар 29 август куни Астанада ўтадиган республика мусобақаларига йўлланма олади. Мусобақа шартларига кўра, Жанубий, Шимолий, Ғарбий, Шарқий ва Марказий Қозоғистондан 25 нафар спортчи иштирок этади. Ушбу 25 спортчи 12 июль куни Туркистон вилоятида саралаб олинди. Саралаш босқичида яхши натижа кўрсатган иштирокчилар ташаккурнома ва медаллар билан тақдирландилар.
“Шахмат карвони” лойиҳаси, энг аввало, Қозоғистонда шахматни туман ва қишлоқларда «ақл мактаби» сифатида ривожлантиришни кўзлайди. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг турли бурчакларидаги ҳаваскорлар орасидан “гений”ларини топиб бермоқда. 8 ёшдан бошлаб унда иштирок этиш мумкин. Хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар учун алоҳида мукофот сертификатлари ишлаб чиқилган. Мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтиб, финали Туркистонда ташкил этилади. Ушбу лойиҳани, умуман шахмат ҳаракатини қўллаб-қувватлаётган Сўзоқ тумани ҳокими Мухит Турисбеков ва Саврон тумани ҳокими Мақсат Танғатаров каби ҳамкасбларимга алоҳида миннатдорчилик билдираман.
– Ёш шахматчиларимиз қандай ютуқларга эришмоқда?
– Бугунги кунда вилоятдаги 20та спорт мактабида 97 нафар мураббий 2475 спортчи билан мунтазам шуғулланади. Шахматга жиддий эътибор берилиши бу ўйиннинг ҳақиқий усталарини етиштирмоқда. Масалан, ҳамюртимиз, халқаро даражадаги шахмат мураббийи, математика фанлари номзоди Қуанишбек Жумадуллаевнинг ташаббуси билан, Асхат Майкотов ва “Заковатли шахматчилар жамияти” бирлашмаси раисаси Алима Пашанова “Шахмат карвони” лойиҳасини Тўлебий, Саврон, Сўзоқ туманларида муваффақиятли давом эттирмоқдалар. Сўнгги икки йилда 15 ёшли Асия Асилхан ва 9 ёшли Султанхан Нурислам халқаро миқёсдаги мусобақаларда олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритди. Улар ҳозирда мамлакатимизда 16 ёшгача бўлган тоифада етакчи шахматчилар саналади. Шунингдек, Аселай Сейдулла, Севинч Набихонова, Нурмуҳаммад Рўзиев, Диас ва Димаш Аманбеклар каби ёшларимиз халқаро мусобақаларда юксак натижалар кўрсатмоқда.
– Бу жараёнда мураббийларнинг ўрни қандай?
– Катта. Қуанишбек Жумадуллаев, Асхат Майкотов, Алима Пашаева, Асхат Шўтаев, Бўлат Даутов каби устозлар болаларга нафақат шахмат, балки ҳаёт сабоқларини ҳам бермоқда. Улар ёшларимизнинг ақлий қобилиятини шакллантиришда, фикрлаш маданиятини юксалтиришда жонбозлик кўрсатишмоқда. Шунинг учун ҳам уларни жамиятимизнинг заковат сардорлари деб биламан.
– Шахмат инсон характерини тарбиялайди, деб бежиз айтишмаган...
– Тўғри. Уни ўйнаган инсонларда зарарли одатларга берилиш ҳолатлари бўлмайди. Шу боис федерация Тўлебий туманида фахрийларга мўлжаллаб “Шахматчилар уйи”ни очди. Шимкент шаҳридаги Марказий истироҳат боғида “Шахматчилар хиёбони” ҳам кексаларнинг хотирасини мустаҳкамлашга, вақтини самарали ўтказишга таъсир кўрсатмоқда.
– Мураббийлар етишмаслиги каби муаммолар борми?
– Айнан шундай. Дастур асосида мактабларда шахматни ўргатиш талаб этилгани учун бугун энг катта муаммо – малакали шахмат мураббийларининг етишмаслиги. Биз бу борада олийгоҳ ўқув юртлари, спорт академиялари билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Мутахассислар тайёрлаш масаласи кун тартибида.
– Ёш авлодни шахматга қандай жалб этмоқдасиз? Улар телефон, интернет оламига шунчалик “шўнғиб” кетганки…
– Бу жуда долзарб савол. Ҳақиқатан ҳам бугунги “Z-авлод” – онлайн ҳаётнинг ичида. Уларга шахматни қизиқарли қилиш осон эмас. Шу сабаб шахсий ҳаётимда ҳам турли услублар қўллайман. Масалан, ўғлимга ҳар бир китоб учун мукофот ваъда қиламан. “Ход королевы” фильми, машҳур аёл шахматчилар ҳақида ҳикоялар тинглашга ундайман. Бугунги болаларни ақлий ўйинларга жалб этиш учун нафақат сабр, балки инновацион ёндашув керак. Шу сабаб барча ота-оналарни болалари билан шахмат тахтаси ортида мулоқот қилишга чақираман. Яна такрор айтаман, бугун ёшларимизга одатий тарбия кор қилмаяпти. Шунинг учун катталар иложи борича, болалари билан жонли алоқада бўлиб, турли ўйин, спорт секция-тўгаракларига олиб боришга эринмасинлар. Бадиий адабиётни ҳам ўқиб-ўрганишлари учун қўлдан келган барча усул-имкониятларни ишга солишлари даркор. Масалан, ижтимоий тармоқлардан кўриб қоламан, Японияда ўсмирлар, асосан мактаб ўқувчилари метрода китоб ўқиб, манзилларига кетишади. Бизда-чи? Смартфон жамиятнинг тузалмас иллатига айланиб бормоқда. Унинг дастидан лудомания, фирибгарлик ва бошқа ижтимоий дардлар авжига чиқди. Шунинг учун ҳам шахмат каби иродани мустаҳкамлаш мактабига мурожаат этилмоқда.
– Ўқувчиларимизга сўнгги сўзингиз...
– Шахмат – бу ҳаёт. Ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қарор масъулият талаб қилади. Уни ўйнаган инсон ҳаётда ҳам ўйлаб қадам босади, ютади ҳам, ютқазади ҳам, лекин таслим бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир хонадонда шахмат тахтаси бўлсин. У фарзандларимизга зеҳн, ақл, сабр ва ирода мактаби бўлиб хизмат қилади.
– Мазмунли суҳбат учун раҳмат!