26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Муомала маданиятини шакллантиришда тилнинг ўрни

Миллатнинг белгиси, рамзларидан бири ҳисобланган тил ижтимоий ҳодиса сифатида кишилар ўртасида мулоқот, муомала қуроли вазифасини бажаради. Тил бирликлари – сўз, сўз бирикмаси, гаплардан ўринли ва унумли фойдаланиш намунали нутқни вужудга келтиради. Нутқнинг мазмунли, тўғри, аниқ, мантиқли, таъсирчан бўлиши, аввало, тил маданиятига боғлиқ. Тил маданияти бирор тилдаги сўз, сўз бирикмаси ва гап қўллаш қонун-қоидаларининг қанчалик ишланганлиги, тартибга солинганлиги билан чамбарчас боғлиқ. Маълумки, тил – қурол, восита бўлса, нутқ унинг усули, амалиёти ҳисобланади. Нутқнинг тўғри, аниқ, мазмунли, мантиқли, тоза, таъсирчан бўлиши эса адабий тил меъёрларига қанчалик амал қилинишига боғлиқ. 

Нутқ маданиятининг ўзига хос талаблари мавжуд, чунончи, бир тилда тўғри сўзлаш ва ёзиш, фикрни содда, аниқ ва тушунарли ифодалаш, тилнинг тасвирий ва образли воситаларидан унумли, ўз ўрнида фойдаланиш, нутқнинг қисқалиги, ихчамлиги, аниқлиги, миллийлигидир, нутқнинг содда, барча учун тушунарли бўлишидир. Мулоқотнинг жамият ҳаётидаги муҳим тури инсонларнинг ўзаро алоқаси – суҳбати ҳисобланади. Суҳбат жараёни ва уни ташкил этиш жамиятдаги ижтимоий ҳаёт, жамоа, оила муҳити, иқтисодий вазият, касб, ёш, жинс, лавозим, қариндош-уруғчилик, руҳий ҳолат ва бошқа омилларга боғлиқ. Суҳбатнинг мароми суҳбатдошнинг билими, тарбияси, маънавияти, маданиятига боғлиқ. Ушбу омиллар ҳисобга олиниб, сўзланган нутқ муомала маданиятига риоя этилиб, ифодаланган нутқ ҳисобланади. 

Ўзбек мулоқот маданияти ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, қадимдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган миллий, маънавий қадриятлар, урф-одатлар, умуминсоний қадриятларга уйғунлик, ёши, касби, лавозими, яқин ёки узоқлиги, меҳмон ёки мезбонлиги, руҳий ҳолат ёки вазият ҳисобга олинган ҳолда, мулоқотни ташкил этиш ўзбек мулоқот маданиятининг туб негизини ташкил қилади. Қадимдан каттага ҳурмат, кичикка иззат, ёш болаларга эътибор, аёлларга ўзгача меҳр, ота-оналарнинг фарзандларига ғамхўрлиги, шафқат кўрсатиш, меҳмоннавозлик кабилар мулоқотнинг асосий шарти бўлиб келган.

«Тилга эътибор – элга эътибор», «Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз» каби мақоллар, ҳикматли сўзлар муомала маданиятининг асосини ташкил этади. Тил инсонлар ўртасида муҳим алоқа воситаси сифатида ижтимоий муносабатларни шакллантириш, уларнинг ислоҳотлар моҳиятини чуқур англашлари, ўзаро бир-бирини тушуниб, бунёдкорлик ишларини олиб бориш, дўстона алоқаларни ривожлантириш, кундалик муомала жараёнида беминнат хизмат қилар экан, бу муносабатларни маданиятсиз тасаввур этиб бўлмайди. 

Инсон мулоқот жараёнида саломлашиш, танишиш, хайрлашиш, илтимос қилиш, табриклаш, миннатдорчилик билдириш сингари кўплаб нутқий вазиятларга дуч келади. Улар умуминсоний ва миллий урф-одат ҳамда қадриятлар доирасида юз беради. Масалан, ассалому алайкум, хайр, омон бўлинг, яхшиликда кўришайлик, илтимос, мумкин бўлса, сизга малол келмаса, бемалол каби. Афсуски, бу жараёнларда айрим ёшларимиз нутқида қатор камчиликларнинг гувоҳи бўламиз. Масалан: салом бобой, гудбай, чао, бай-бай, пока каби. Ҳар бир инсон суҳбатлашиш одобига ҳам риоя қилиши керак деб ўйлаймиз. Айтайлик, суҳбатлашганда суҳбатдошингизни қизиқтирадиган мавзуга эътиборини қаратишга интилинг, ўзингиз ҳақида камроқ гапиринг, баланд овозда гапирмасликка ҳаракат қилинг, унинг кўзига қараб сўзлашинг, одобига қараб халқ мақолларидан кенг фойдаланинг, суҳбатдошингизни ҳам тинглай олинг, сўзларини бўлманг, охиригача эшитишга урининг, овознинг ширали ва ёқимли бўлиши, айниқса, сўзлашув нутқида муҳим аҳамият касб этади. 

Ўзбек тили ниҳоятда бой, гўзал тил сифатида тан олинган. Бунга ҳеч ким, ҳатто хорижликлар ҳам эътироз билдира олмайди. Лекин тилдан муомала маданияти доирасидан чиқиб фойдаланиш, унинг гўзал имкониятларидан кишиларнинг баҳра олишига халақит беради, уларнинг тилдан фойдаланишда эътиборсизлигига сабаб бўлади. Муомала маданиятига риоя қилмаслик, маданиятсизлик, қўполлик ўзбек тилининг обрўсини туширади, унинг ҳурмат-эътиборини пасайтиради. Муомала маданиятини шакллантиришнинг асосий мезонларидан бўлмиш нутқ жараёнини ўзаро ҳурмат, иззат асосида ташкил этиш, баркамол авлод тарбияси, миллатимиз учун жуда зарурдир. Баркамол авлод, маданиятли халқимиз, маърифатли, жисмонан соғлом, руҳан бақувват, юқори нутқ маданиятли ёшларимиз, миллатдошларимиз юртимизнинг ишончли келажагидир. Бу – сиз ва биз учун улуғ неъматдир!

И. ТОЖИБОЕВ адабиётлар асосида тайёрлади, 2018-09-24, 15:34 1042
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.