26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўст билан обод уйинг

Ҳар қандай халқ ёки миллатни дунёга шу халқнинг ноёб истеъдод соҳиблари, даставвал, ёзувчи-шоирлари, санъаткорлари танитади. Шу ўринда, ўзбек ва қозоқ адибларининг дўстлигига тўхталамиз. Ҳар икки миллат сўз санъати чегарага бўйсунмаган, Мустақилликни кутмаган. Улар қадрдонлигининг ўрнини босадиган ёки тўлдирадиган бошқа бир нарса йўқ жаҳонда. 

Адибларимиз азал-азалдан қирда қимиз ичиб, ошиқ ўйнаб ўсган икки миллат аждодлари ворисларининг ўртасидаги олтин кўприкни мустаҳкамлашмоқда. Шу боис Қозоғистон деган бетакрор, бағри кенг ўлканинг танти фарзандлари ва ўз оғам, деб сийлаган ўзбегимнинг қаймоқларини ҳар маҳал ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Ватанимиз – қадимий Туркистон ўзининг шон-шавкатли тарихига эга. Кейинги минг йилликларни қўйинг, ҳатто милоддан аввалги бу ерлар билан боғлиқ манбалар бор. Демак, барча қўшни давлатлар ўқув юртларида “Турон тарихи” фани жорий этилса. Бу соҳада зарур дарсликлар яратилса, бу халқларимизни фақат бирлаштиришга хизмат қилади.

Ҳассос рус ёзувчиси М. Салтиков-Шчедрин таъкидлаганидек, “Адабиёт ўткинчи ва ўткинчилик қонуниятларидан холи. Фақат биргина адабиёт ўлимни тан олмайди”, деб ёзган бўлса, ҳинд адиби Рабиндранат Тагор “Адабиётда инсон учун қимматли нарса абадийликка интилишдир”, деб, адабиётнинг абадийлигини таъкидлаган.

Ўзбек-қозоқ ёзувчилари дўстлиги теран илдизларга эга. Икки халқ алломаларининг дўстона алоқалари, ўзаро ҳурмати, ижодий ҳамкорлиги асрлар оша алоҳида ривожланиб борган. Қозоқ ва ўзбек халқлари ўзаро қўлни қўлга бериб, иноқ яшаганлиги тарихий ҳақиқат. Бу иккала халқнинг аҳиллиги, ўзаро меҳр-муҳаббати йиллар ўтган сари ривожланиб, бугунги мустақиллик даврида ҳам қарор топмоқда. Ўзбеклар билан қозоқлар ҳар иккала республикада бирга яшаб, ўзларининг яқин биродар, дўстгина эмас, балки жуда ҳам яқин туғишган, оға-ини халқ эканликларини алоҳида намоён этмоқдалар. 

Маълумки, халқлар ўртасидаги дўстлик кимнингдир иродаси билан эмас, ҳаёт  тақозоси билан юзага келади. Шота Руставели, Низомий Ганжавий, Алишер Навоий сингари даҳо шоирларнинг бир миллат вакили бўлмиш йигитнинг бошқа миллатнинг соҳибжамол қизига бўлган муҳаббатини олқишлаб, ўлмас асарлар яратгани бежиз эмас. Улар учун турли тилларда сўзлашадиган, турли урф-одатларга эга бўлган миллатларни ўзаро яқинлаштириш,  улар қалбига меҳр-муҳаббат уруғларини сочишнинг бирдан-бир йўли шундай муҳаббатни тасвирлаш эди.

Абай Қунанбаев Шарқнинг буюк мутафаккири, ўзбек шоири Алишер Навоий каби бебаҳо мерос қолдирган. Унинг ўзбек халқига меҳру муҳаббати юксак бўлган. Носир Фозилов ўзбек тилига таржима қилган “Насиҳатлар” китобининг “Иккинчи сўзи”да Абай: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми – ҳаммаси уларда бор”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.

Абай Ҳазрат Алишер Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган. Ўзбек ҳамда қозоқ адабиётларининг буюк намояндалари Алишер Навоий ва Абай турли замонларда яшаган бўлсалар ҳам, авваламбор, ўз халқининг буюк келажагини ўйлаб, адолатга интилиб, эзгу мақсадлар йўлида ижод қилганлар. Алишер Навоийнинг “Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани, Қарилик чоғи харж қилғил ани”, деган ҳикматига Абайнинг:

“Қизиқма ҳар нарсага,

Ҳунарли бўлсанг, тур, отлан.

Сен ҳам – бир ғишт, дунёга

Кемтигин топ ва бор, қалан!” деган сатрлари ҳамоҳангдир.

Тарихда Ойбек, Ғафур Ғулом, Иззат Султонлар билан қозоқ адиблари Мухтар Ауезов, Сабит Муқанов, Ғабит Мусреповлар ўртасида дўстлик мавжуд эди. Булар – барчаси тарих. Тарих эса афсона эмас. Ғафур Ғулом вафот этганида Сабит оқсоқол “Вой бовурим!” деб йиғлаб, ўша пайтнинг ўзидаёқ Тошкентга учиб кетганини Қозоғистонда ҳалигача эслаб юришади. Ушбу адабиёт дарғалари билан бир даврда яшаган бизнинг авлодимиз улар ўртасидаги буюк дўстликни ўз кўзи билан кўриб, улар сиймосида ўзбек ва қозоқ адабиётлари ўртасидаги ва умуман, икки халқ ўртасидаги дўстлик боғининг меваларидан баҳраманд бўлиб улғайди. Шунинг учун ҳам бу дўстлик биз учун катта ва завол билмас қадриятлардан бири бўлиб қолган.

Улуғ рус шоири А. С. Пушкин таваллудининг 218 йиллиги муносабати билан Алматида шоир ҳайкали қошида тантанали маросим ўтди. Унда Россиянинг Қозоғистондаги элчихонаси вакиллари, таниқли шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар, адабиётшунослар, жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига тайёргарлик муносабати билан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси, Қозоғистон-Қирғизистон дўстлик жамияти ҳамда Қозоғистон Давлат Миллий университети қошидаги Чингиз Айтматов маркази ҳамкорлигида йиғилиш ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, таржимонлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этдилар. Халқлар ўртасидаги адабий алоқаларнинг ривожланиши шахслар ўртасидаги дўстона муносабатларга, уларнинг ўзаро борди-келдиларига бориб тақалади. Шу маънода Чингиз  Айтматовнинг ўзбек адабиёти намояндалари Миртемир, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов ҳамда қорақалпоқ адиби Тўлапберган Қайипберганов, қозоқ шоири Мухтар Шаханов, туркшунос олим, ёзувчи Ўлжас Сулейменов билан дўстлиги алоҳида аҳамиятга эга.

“Ўзбек ва қозоқлар, – деб ёзган эди Ғафур Ғулом, – минг йиллардан буён бир-бирига туташган улуғ ер қитъасида бирга яшаб келадилар, бирининг тарихи иккинчисининг ҳам тарихидир. Қоплонбекда чироқ ёқилса, Тошкентда кўринади, Чимкентда тўй бўлса, ярим Тошкент кўчиб боради. Уйимга бирор ардоқли қўноқ келиб қолса, қимиз учун ё Сариоғочга, ё Турбатга бориб келаман…

Қозоқ халқининг сахийлиги, бағри очиқлиги ўз ерига ўхшаб кетади. Ахир Шарқдан Ғарбга қараб, Хитой чегараларидан тортиб Каспийгача, қалмоқ чўлигача, Шимолдан Жанубга қараб, Оренбург саҳроларидан, Ўрол этакларидан тортиб Тошкентгача бўлган бепоён ҳудудда нималар йўқ!..”

Истеъдодли қозоқ шоири Туманбой Мўлдағалиевнинг “Ўзбегим – ўз оғам” деб номланган шеърида бундай сатрлар бор:

…Ўртада баҳам орзу, қувонч, азоб,

Сен борсан, ҳеч ким мени этмас мазоқ.

Ўзбекнинг осмонида тонг балқиса,

Ҳаммадан бурун уни кўрар қозоқ.

 

Гинам йўқ, сен оғамсан – туғишгансан,

Тилагим – эзгуликка юрак қонсин.

Ҳазиллар файз берсин умримизга,

Саодат юлдузимиз мангу ёнсин!

 

Ҳассос ўзбек адиби Миртемир:

Абайнинг ўзидек заҳматкаш устоз,

Жамбилнинг созидек бургут парвозсоз.

Қаҳри тўлганида қаҳратон аёз,

Меҳри тўлганида ёруғ, сахий ёз.

Олмаотам, Сувноғим, Чимкент, Сўзоғим,

Доим омон бўл, қардош қозоғим, деб фикр билдирса, 

Таниқли қозоқ адиби Дихан Абилов:

Олис боқсам, икки қардош, бағрикенгсиз,

Абайимнинг Алишерга меҳри денгиз.

Тоғда икки чўққи бўлса Ғафур, Собит,

Мухтор, Ойбек иккаласи икки денгиз, деб ёза­ди.

Ўтган йили публицист, шоир, жамоат арбоби, дипломат, адабиётшунос, Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони Ўлжас Сулейменовнинг “Аз и Я” китоби ўзбек тилида нашрдан чиқди.

Ушбу китоб ўтган асрнинг 70-йилларида рус тилида битилган. У шарқий славян халқларининг машҳур асари “Игорь полки ҳақида достон”нинг лингвистик таҳлилига бағишланган. Асар туғилибоқ, бўғилган – собиқ Иттифоқ айни кучга тўлган пайтида “рус оғалар” тарихига тузатиш киритиш сари бўлган бундай уриниш қаттиқ қаршиликка дуч келгани табиий ҳамдир. Китоб бир қарашда тор илмий доира – туркшунослик-тилшунослик этимологияси аҳли учун ёзилгандек туюлса-да, тарихга ёндашув эҳтироси, уйғоқ руҳ ва қалб ҳаяжони ҳар қандай миллатсевар ва ҳақиқатпарварни бефарқ қолдирмайди.

Китоб муқаддимасида Ўлжас Сулейменовнинг “Ўзбек ўқувчиларига хат”и чоп этилган.

“Профессор Бахтиёр Исабеков томонидан “Аз и Я” китобининг ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилишини қўллаб-қувватлаганларнинг барчасига самимий саломимни йўллайман.

Асаримиз озарбайжон, қирғиз тилларига таржима қилиниб, чоп этилган, мана, энди ўзбек тилида ҳам нашр этилаётганидан хурсандман.

Ўлжас СУЛЕЙМЕНОВ.

Таржимонга: “Биродарим, раҳмат, қўлингизни сиқиб қоламан”, дейилади мактубда.

Китобда асарни нашрга тайёрлаган филология фанлари номзоди Улуғбек Султоннинг “Эллик йилга кечиккан китоб” номли муқаддимаси ўрин олган.

“Қўлингиздаги ушбу дурдона китоб уйғоқ тафаккур лаззатидан баҳраманд этади. Дуру жавоҳирлар қора тупроқ қаърида ётса ҳам, қадр-қиймати йўқолмайди. Эллик йиллик қора тарих қаъридан қазиб олинган гавҳар “гўзаллиги”дан баҳраманд бўлинг!”, дейди олим.

Эллик йиллик “қора тарих” қаъридан қазиб олинган гавҳар – “Аз и Я” китоби пок ниятли китобхонга бағишланган. Унинг тақдимоти Халқаро китоб кўргазмаси доирасида Тошкент шаҳрида ўтди.

Икки қардош халқ адиблари муносабатлари ҳозир ҳам ривожланмоқда. Чунончи, Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумида Ўзбекистон ва қозоғистонлик ёш муаллифларнинг асарларини таржима қилиш, нашр этиш ва биргаликда тақдим этиш кўзда тутилган. Шу муносабат билан уюшманинг халқаро алоқа ва бадиий таржима бўлими мудири Рустам Мусурмонов, шунингдек, “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чориевлар 25 нафар қозоқ шоирларининг 100га яқин шеърларини таржима қилиб, нашр эттирдилар. 

 “Адабиёт” нашриёти томонидан чоп этилган “Юз шеър” тўплами тақдимоти(тасвирда тадбир иштирокчилар)да Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Қозоғистондаги “Адабиёт олами” маркази “Ёш қаламкаш” ташкилоти раҳбари Муратхан Шўқан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таржимонлар кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов ва бошқалар сўзга чиқди. Мушоира уюштирилди.

Тарих шундан шаҳодат берадики, минг йиллар мобайнида синовдан ўтган, халқлар ўртасидаги тинчлик ва осойишталикка хизмат қилувчи абадий қадриятлар асло йўқолмайди. Халқлар ва адабиётлар ўртасидаги дўстлик шундай абадий қадриятлардан биридир. 

 Адабий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга икки қардош мамлакат Президентлари Қасим-Жўмарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёевларнинг учрашувлари ҳам жўшқинлик беради, албатта. 

Абдилда Тажибаев айтганидек: “бир қуёшдан нур эмган, бир дарё сувидан сероб бўлган икки қардош адабиётнинг ва икки қардош халқнинг дўстлик дарахти асло завол топмасин!”

Авазхон АБДУФАТОҲ ўғли. “Жанубий Қозоғистон” газетаси, 2023-11-03, 20:05 2133
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.