26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Амир Темур ва бизнинг ўлка

Тарихий манбалар Соҳибқирон тарихининг юртимиз тарихи билан бевосита алоқадор бўлганлигидан далолат беради. Амир Темур Кўрагонийга, унинг жанговар ҳаётида бизнинг ўлка ҳам моддий-сиёсий, ҳам маънавий таянч бўлиб, шимолий қўшни Олтин Ўрда давлати билан бўлган барча муносабатларида асосий стратегик роль ўйнаган. Ўрта Осиёдаги энг кўҳна маданият марказларидан бири ҳисобланган Сайрам тарихидан, бу ердаги машҳур авлиёлар тарихидан, таърифидан Амир Темур хабардор бўлган. Ўзлари ёзганидай, тушларида муборак зотларни зиёрат айлаб, руҳини шод этиш билан беҳисоб маънавий озуқа олган.

Собиқ Шўро давлати парчалангач, кўп тарихий манбаларни ўрганиш нуқтаи назари ўзгарди. Бундан Амир Темур ҳаёти ва унинг жанговар сиёсати ҳам истисно эмас. Академик Бўрибой Аҳмедов ва ҳамюртимиз Маҳкам Ориповларнинг ташаббуси билан ташкил этилган, Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов раҳбарлигида Амир Темур Халқаро хайрия жамғармасининг ўлкамиздаги бўлими фаолият кўрсатаётганлиги ҳам бежиз эмас. 

2018 йилнинг Қозоғистонда Ўзбекистон йили, бу йилнинг эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши Амир Темур ҳаётининг ўлкамизга боғлиқ томонларини янада кўпроқ ўрганишга эҳтиёж туғдиради.

Соҳибқирон Амир Темур сиёсат майдонига чиқа бошлаган давриданоқ бу ўлкага катта эътибор берди. В. Череванский “Амир Темур болалиги, жанговар йўли, вафоти” номли тарихий романида Соҳибқироннинг Ясси (Туркистон) атрофларида кечган кунлари тўғрисида диққатга сазовор далиллар қолдиради. Кўп ҳурматларга сазовор сайрамлик тарихчимиз Мираҳмад Мирхолдоровнинг тарихий манбаларга асосланиб ёзган асарларида ҳам бу мавзу кўп учрайди. В. Череванскийнинг ёзишича, Соҳибқирон Мовароуннаҳрни бирлаштиришни бошлаган пайтидаёқ Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилади ва маҳаллий халқ улуғ ҳазратнинг руҳини қанчалик ҳурмат қилажагини ва лекин, улуғ сиймо хароба бостирма остида уйқуда ётганини кўради. Иззат ва икромга лойиқ зотнинг мақбараси кўримсизлигидан Амир Темур ранжийди, қўриқчиларига қўлидан келганича ёрдам беради ва агар ишлари юришиб кетса, уларга вақф (даромад келтирувчи мулк) белгилашга сўз беради. Бундай саховатли зиёратчидан Яссавий руҳини эъзозловчилар мамнун бўлиб, унга тумор тақадилар ва меҳмонга бағишлаб қайта-қайта дуолар ўқийдилар. 

Ва, ниҳоят, зафарлар қучиб, ишлари юришиб кетган Соҳибқирон, Яссида даштнинг тўрт томонидан гумбази узоқ-узоқлардан кўринадиган мақбара қурдиради. 

Бу иншоот ҳанузгача халқни ҳайратлантиради ва Ўрта Осиёда ислом тантанасининг рамзи сифатида қабул қилинади. Кейинчалик ҳам Соҳибқирон Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини бир неча марта зиёрат қилган. 

Е. Турисовнинг “Темирлан” “(Алматы, 1997 йил) ва автобиографик тарзда бобомиз ёзган “Зафар йўли” китоблари (қаранг,”Ватан туйғуси”, Тошкент, 1996 йил) да, Темур аждодларидан Қорачор Нўённинг мана шу ҳудудлардан ўтгани қайд этилади. У, отасининг айтишича “...Оллоҳга тоат-ибодат қилган, дунё ва охират тўғрисида фикр юритгандан кейин ислом ҳақлигига ишонди ва қариндошлари билан уни таниди. У Оллоҳни, расулиллоҳни ва чорёр халифаларни тан олди.” Кейинчалик барлос уруғидан бўлган Қорачор Нўён ўзи ислом динини қабул қилиб, Ўрта Осиёда уни тарғибот қилган.

Бу фикр Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ҳам учрайди. 

Отаси яна: “Темур, сенга васиятим шуки, ота-боболарингдек шариат бўйича иш тут, расулиллоҳнинг авлодларини ҳурмат-эҳтиром қил, сенга тобе халққа раҳмдил ва меҳрибон бўл...,” деганлигини ёзади.

Тарихчиларнинг ёзишича, Мўғулистон амири Қамариддинга қарши уруш жараёнида Амир Темур Сирдарёни беш марта кечиб ўтади ва шунча марта унга зарба берадики, мўғул амири узил-кесил мағлубиятга учрайди ва Соҳибқирон унинг парисурат қизи Дилшод оғани хотинликка олиб кетади.

Қоратов ёнбағирларидан, Сирдарё атрофидаги шаҳарлардан Амир лашкар йиққан. Бу ҳудудлардан унинг салтанатига кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашё келиб турган. Амирнинг набираси Муҳаммад Султоннинг Султонияга юришида олти туманнинг асосини шу ердан йиғилган лашкарлар ташкил этган. Алдан Баҳодир ва Ергеней бошқарган туманлар юқори мукофотга лойиқ қаҳрамонлик кўрсатганлар. Арғин Олтой-Қўржас, қипчоқлардан Олтинбой, Қулон, Бойсари, керей Шеруши, Қорақош, қўнғирот Қирғизали, Қурбон, Қорача, уйсин Айтбўзим, Есқара, Жайдоқ Ботир, Бойжигит, Қўйдибек, Бойтулиларнинг қаҳрамонлиги тилдан тилга кўчиб юрган.

Туркистондан ўтиб Амир Темур Олтин Ўрда хонлигига, жетеларга, Мўғулустон хонларига қарши юришлар қилган.

С. Кляшторний ва И. Султоновларнинг (“Казахстан”, Летопись 3-х тысячилетий. Санкт-Петербург, 1992 г.) ёзишларича, 1376 йилнинг баҳорида Амир саройида Тўхтамиш ўғлон пайдо бўлади. Унинг бу ерга қочиб келишига сабаб, отасини бўйсунмасликда айблаб, Олтин Ўрда хони Ўрисхон қатл эттиради. Ёш Тўхтамишга Ўрдада қолиш хавфли бўлиб қолади. Амир Темур уни ўғлидек кўради ва унга кўп бойликлар, лашкарлар беради. Бундан илҳомланган Тўхтамиш Туркистон ёнидаги Саврон қалъасига келади. Хабар топган Ўрис хон Тўхтамишга қарши ўзининг ўғли Қутлуғ Бўка ўғлонни лашкари билан юборади. Тўқнашувларнинг бирида Қутлуғ Бўка ўлади, лекин Тўхтамиш ҳам мағлубиятга учрайди ва Темурнинг олдига қочиб боради. Амир яна унга ёрдам ва лашкар бериб, Саврон томонга йўллайди. Бу гал уни Ўрисхоннинг бошқа ўғли Тўхтақия мағлуб этади. Қочиб бораётган Тўхтамишни Қаранчи баҳодир ёй ўқи билан яралайди, лекин Идигу барлоснинг ёрдамида омон қолади. Яраланган ҳолда яна Амир Темур ҳузурига келади. Кўп ўтмай Кепак манғит бошчилигида 100 чавандоздан иборат Ўрис хоннинг элчилари Амирга келиб, хоннинг қуйидаги мазмундаги хатини топширадилар: “Тўхтамиш менинг ўғлимни ўлтирди ва сизнинг қарамоғингизга келди; душманимни менга беринг, акс ҳолда, жойини белгилаб, урушга чиқинг”. Темур Тўхтамишни бериш у ёқда турсин, ўзи Ўрисхонга қарши чиқишини хабарлайди. Хақиқатан ҳам Амир юришга чиқади ва унинг лашкарлари Ўтрор ёнига келиб жойлашади. Ўрисхон лашкари эса Сиғноқ ёнида жойлашади (айрим маълумотларда Саврон ёнида). Қиш бошланади. Кейин ёмғир ва яна қаттиқ қор ёғади, совуқ кунлар бўлади. Об-ҳаво қийинчиликлари ҳарбий тўқнашувни уч ойга суриб юборади. Амир Темур Кешга қайтади ва баҳор бошланиши билан Тўхтамиш йўлбошловчилигида яна урушга отланганда Ўрисхоннинг ўлганлиги ҳақида хабар келади. Сиғноқ тахтига Тўхтамишни ўтқазиш хаёлидан кетмаган Соҳибқирон, Кўк Ўрдада Темур Малик ҳукмрон даврида, уни яна Сирдарё соҳилларига юборади. Бу сафар Тўхтамишга Хиник-ўғлон арғумоғини бериб: “Бахтинг кулиб боқса, душманни қувиб етасан, мабодо қочадиган бўлсанг, сенга ҳеч ким етолмайди,” дейди. Хақиқатан ҳам, Тўхтамиш яна енгилиб, бу арғумоқнинг устида душманга етказмай яна Темур ҳузурига келади. Керагида чидамлилигини ошкора қиладиган Соҳибқирон яна Тўхтамишни лашкар ва қурол-яроғ билан Сиғноқ пайтахтини эгаллашга юборади ва ниҳоят, у ниятига етади. Тўхтамиш билан бирга борган амирлар уни тахтга ўтқазиб қайтадилар. Кўп ўтмай Амир Темур ёрдамида у Олтин Ўрда хони бўлади.

Кейинчалик Амир Темур ва Тўхтамиш орасида муносабат бузилиб, Темур ўзаро урушда уни Русиянинг ўрмонларига қувиб юборади.

Буюк бобомиз ҳаётининг сўнгги кунлари ҳам Ўтрор атрофида ўтган.

Милодий ҳисоб бўйича 1404 йилнинг охирларида, у Хитойга юришни режалайди. Хитойга юриш сабабларини Низомиддин Шомий ўз асарларида келтиради. Унинг ёзишича, 1399 йили Қорабоғда юрган чоғида Хитой ҳоқонининг арзимаган баҳона билан юз мингдан зиёд аҳли мусулмонни қатл этганлиги, ўз ҳукмронлиги остидаги эл-улусларда мавжуд бўлган исломни йўқ қилганлиги тўғрисида мудҳиш хабарни эшитади. В. Бартольднинг ёзишича, Соҳибқирон аҳли мўминларни улар бошига тушган зулму жафодан холис қилишга, Мин давлати кучайиб кетишининг олдини олишга қандай йўл билан эришиш мумкинлиги тўғрисида кўп бош қотиради ва, ниҳоят, бунинг учун урушдан бошқа илож йўқлигига иқрор бўлади. 

Амир Темур Сирдарёдан ўтади ва 1405 йил 14 январда Ўтрорга етиб келади. Шу ердан бир гуруҳ кишиларни Сайрам, Кулон томонларга юбориб, аскарлар босиб ўтиши мўлжалланган йўллар аҳволини билиб келишни буюради. Борганлар у ерга “икки найза бўйи” қор тушганлигини, юриб бўлмаслигини хабарлашади.

Қирғиз (асли қозоқ) чўли яқинлашганда Амир лашкарлари одамларни учириб кетгудек бўронга дуч келадилар. Довул тинмай, совуқ қаттиқлашади ва озуқа етказиш қийинлашади. 

В. Череванскийнинг ёзишича, бўрон сабабли отлар ва одамлар изсиз йўқолган ҳолатлар ҳам бўлган. “Шундай кунларнинг бирида, деб ёзади муаллиф, вазир ҳалок бўлади. У йўл четида турган ёлғиз дарахт панасида бўрондан яширинмоқчи бўлганди. Бироқ, устига муз ва қор жуда кўп йиғилган дарахтнинг бир шохи узилиб, вазир устига тушади ва у ҳалок бўлади”. Воқеадан хабардор бўлган Соҳибқирон “Қисмат”, деб қўяди. Бу иборани Амир кейинги вақтларда нохуш хабар эшитганда кўп ишлатар эди.

Айтишларича, Амирнинг ўзи Сирдарёни кечиб ўтаётганда қаттиқ бетоб бўлиб қолди, деган хабар тарқалади. Ҳақиқатан у Ўтроргача қийин аҳволда етиб келади. Ўша даврда Амир бир туш кўради. Қораосмон(ҳозирги Қараспан овули)га келганда, бойвуччаси Бибихонимга ўзи кўрган тушини айтади:

– Бу тушим нимага ишора эканини сен айтарсан... Мен оқ тулпор устида кетаётган эдим. Унинг оқ ёли елда ҳилпираб, қуёшда товланарди. От гўё от эмас, қуш каби мени елдирарди, балки у қанотли отдир. Мен аниқ билмайман, лекин водийдаги булоқ ёнида жойлашган эски оқ ўтовга боришим керак эди, шекилли. Бирданига кўз ўнгимда қуюқ туман орасида баланд қоялар пайдо бўлди ва мен ундан ошиш ва ичига кириш йўлини изладим, лекин топмадим. Тоғлар қалин тош девордай турар эди. Ўша пайт менга туя жунидан чопон, тулки тумоқ ва эскирган этик кийган бир кўчманчи учраб қолди. У ҳам оқ отда, оти, уст кийими менга таниш эди. У отимнинг узангисидан ушлаб: “Болам, адашиб қолма! Йўл жуда хавфли, лекин мен ўзим довондан ўтказиб қўяман!” – деди. Кейин бу кўчманчининг ўзимнинг отам, Муҳаммад Тарағайлигини таниб қолдим... Бу нима туш, хоним, отам мени олдига, жаннат боғига чорламаяптими?

Бибихоним тушни яхшиликка йўйиб, гапни бошқа томонга буради...

Сарой табиби Фазлуллоҳ ўзининг бор тиббий билимларини ишлатади, лекин нафи бўлмайди. Бемор аҳволини қайт қилдирадиган тош ҳам, Тибетнинг “ҳаёт илдизи” ҳам тузатолмайди. Амир Темур милодий ҳисоб бўйича 1405 йил 18 февралда Ўтрорда вафот этади, уни Самарқандга олиб бориб, дафн этадилар. Хитойга бошланган юриш ниҳоясига етмай қолади.

Бизнинг ўлкада Амир Темур номи билан боғлиқ жойлар ва атамалар кўп. Биз, ҳурматли ҳамюртимиз, тарихчи-профессор раҳматли Мираҳмад Мирхолдоров вилоят ўзбек маданият маркази раисининг муовини Ғайрат Қирғизбоев ва камина ўлкамиздаги тарихий ёдгорликларни излаш мақсадида, 2000 йиллар бошларида шаҳримизнинг ғарб томонига чиқавериш йўлнинг ёнидаги “Темирчи авлиё” қабрини зиёрат қилгандик. Ўшанда ҳозирги зиёратгоҳ чироқчиси қуйидаги ҳақиқатга яқин ривоятни сўзлаб берди:

 – Темирчи ота Аҳмад Яссавий ҳазратларининг замондоши бўлиб, унинг қабрини ҳанузгача авлодлари қўриқлайдилар. Амир Темур юришларининг бирида лашкарлари билан Қора осмон (Қараспан) қишлоғининг ғарбига келиб жойлашади. Тунги сокинликда темир ишлов зарбининг жарангини эшитади ва қаердан, кимдан овоз келаётганини аниқлашни буюради. Чопарлар бориб, Темирчи ота авлодларининг устачилигидан Амирни бохабар қиладилар. Ҳунармандлар меҳнатини қадрлайдиган Соҳибқирон, устага сипоҳилар қурол-яроғини таъмирлашни, отларига тақа ясаш каби темирчилик юмушларини буюради ва қилган меҳнатини одилона баҳолайди.

Соҳибқироннинг буйруқлари билан унинг оёғи етган барча ҳудудларда кўп бунёдкорлик ишлари бажарилганлиги, боғ-роғли муҳташам иншоотлар, суғориш тизимлари барпо этилганлиги, шаҳар ва қишлоқлар тикланганлиги тарихдан маълум. Буюк Ипак йўлининг тикланиши, Сайрам, Туркистон, Авлиё ота ва уларнинг атрофида майда-майда, бир-бирига душман, гуруҳбоз ҳокимликларни ўз давлатига бирлаштириб, феодал тарқоқликка барҳам бериши тарихий аҳамиятга эга тадбирлар эди. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқироннинг буйруғи билан Сайрамда Бибиғиёс она, Балогардон(Абдулазизхон) бобо, Исмоил ота мақбаралари тикланган экан. М. Мирхолдоровнинг изланиши билан Сайрамнинг “Оққалъа” мавзеида Амир Темурнинг авлод-аждодлари бирма-бир ҳурматлаб тилга олинган 5-6 газ узунликдаги “Шажара-насабнома” топилганлиги юртимизда унинг авлодлари ва севимли ҳокимлари бўлганлигидан далолат беради.

Қадимда донишманд Тўле бийдан Амир Темур ҳақида сўрашганида у: “Биз барча авлодимиз билан Амир Темурга ташаккур айтамиз ва унинг руҳи олдида қарздормиз. У бизнинг юртимизга, далаларга янгилик олиб келди, яъни Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қурдирди. Бундай ажойиб бино аввал ҳам, кейин ҳам бўлган эмас. Бунгача даламиз жонсиздай эди. Амир Темур шу далаларни уйқудан уйғотди”, – деб жавоб берган экан.

Бобомиз номини улуғловчи Темирлан қишлоғининг ҳам бизнинг ўлкада жойлашганлиги бежиз бўлмаса керак. Ғарбдан, ўша қишлоқ тарафдан шаҳримизга кириб келинадиган узун шоҳкўча “Темирлан йўли” деб аталади. Бундан ташқари шаҳримизнинг ҳозирги марказида (собиқ Қўрғошин заводи шаҳарчасида) Темурлан кўчаси мавжуд. “Сайрам” музейи залларида Соҳибқироннинг жанговар ҳаётини ифодаловчи ҳужжатлар, экспонатлар қўйилган. Бобомизнинг улуғ номини эъзозлаб, руҳини шод этар эканмиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, қардошлик янада мустаҳкамланаверади, деган умиддамиз. 

Файзулла ИКРОМОВ, Халқаро Амир Темур жамғармаси Туркистон вилоят филиали ҳайъати аъзоси, “Чимкент” ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари, 2019-04-08, 10:55 1032
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.