26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Адабиёт осмонидаги Ой ва Қуёш

Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида икки элга баравар қадрли адиб Носир Фозилов таваллудининг 90 йиллиги Туркистонда ажойиб тарзда нишонланди

ҚР ўзбек этномаданият бирлаш­­­­малари «Дўстлик» ҳамжамияти, «Жа­нубий Қозоғистон» вилоят иж­­­­­­­­­ти­моий-сиёсий газетаси, Тур­­­кистон вилоят ва Туркистон, Кен­тов шаҳар, Қарноқ ҳамда Эски Иқон қишлоқ ўзбек этномаданият бир­лашмалари, ҚР ўзбек этно­ма­даният бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги «Ижод­кор» адабий бирлашмаси таш­килотчилигида Туркистон фар­занди, Ўзбекистон давлат му­кофоти ҳамда ҚР Прези­ден­ти­­­нинг Тинчлик ва тотувлик муко­­­­­­­фоти лауреати, машҳур адиб Но­­­­­­­­сир Фозиловнинг 90 йиллиги му­носабати билан «Икки элга баравар қадрли адиб» тадбири шаҳар ҳо­кимлиги ташаббуси билан Носир аканинг киндик қони томган Кариз-Бирлик мавзесидаги клубдан шаҳар марказидаги муҳ­­­­­­­­­­­­­­ташам маданият уйига кўчи­рилди. 

Албатта, Абайнинг наси­ҳат­ларини ўзбекчага ўгирган, ҳам Ўзбе­кистон, ҳам Қозоғистон давлат муко­фот­ларига бирдай сазовор бўлган адиб­нинг 90 йил­лиги му­носиб нишон­ла­ниш керак, деган мақсаддан туғил­­­ган ният бўлса керак бу.

Ўзбекистондан таклиф этилган қадрли меҳмонлар, хусусан, Носир Фозиловнинг умр йўлдоши Муборак Солижон қизи ва фарзандлари ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом ҳамкасблари билан бир кун аввал азим Туркистонга келишди. 

– Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилгач, руҳим енгил тортиб, ўзимни бардам ҳис қилдим, – деди Тўлан Низом мам­нуният билан ҳамкасби Қулбек Ер­гўбекка. Демак, Элбошимиз ташаббуси билан Туркистонга келадиган зиёратчи сайёҳлар сонини 5 миллиондан ошириш режаси заминида ҳикмат кўп экан, де­ган хулоса кўнглимда яна бир бор мус­таҳкамланди. Шаҳар маданият уйида туркий халқлар кутубхонаси ходимлари Носир Фозилов китоблари кўргазмасини ташкил этишди. Атоқли қозоқ адиблари Мархабат Байғут ва Сабит Дўсановлар «Жанубий Қозоғистон» газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев ҳамда ҚР Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зокиржон Мўминжоновлар билан бирга барвақт етиб келишди. 

Шаҳар маданият ва тилларни ривож­­лантириш бўлими раҳбари Жанбўлат Ибрагимов Маданият уйидаги иш ка­би­нетида меҳмонларни самимият би­лан қарши олди. Шаҳар Маданият уйидаги барча ўриндиқлар Туркистон ва Кентовдаги мактаблар устозлари, зиёлилар, мухлислар билан лиқ тўлгач, ёш оқин Турар Тилеулиев дўмбираси билан бағишловини меҳмонларга, хусусан, Носир аканинг дўстликка йўғрилган ижоди, умр йўлдоши Муборак Солижон қизига армуғон этди. Қозоғистонда Ўзбекистон йили ҳамда Ўзбекистонда Қозоғистон йили анжуманлари, Носир Фозилов иштирокида ўтган Қулбек Ергўбек таваллудининг 63 йиллиги муҳрланган видео лавҳа намойиш этилди. 2018 йилнинг февралида адибнинг туғилган заминида ўтган хотира кечасида ёзувчи Мархабат Байғут Н. Фозиловнинг 90 йиллиги кенг нишонланишини таъкид­лаган эди. Тулкибош туманидаги Тау­пистели овулидаги Шерхан Муртаза ва Носир Фозиловлар бунёд этган боғда бир кун аввал қозоғистонлик ва ўзбекистонлик ёзувчилар иштирокида бошланган дўс­тона тадбир Туркистонда тадрижий давомини топди. 

Тадбир иштирокчиларига Зокиржон Мўминжонов, Мар­­­­­­­­­­­­хабат Байғут, Қулбек Ер­­­­­­гў­­­­­­­­­­беклар муаллифлигида ма­­­­­­­­­­­­­­­­қо­лалар чоп этилган «Жа­нубий Қозоғистон» ва «Оң­­­түстік Қазақстан» газе­­талари тақдим этилди. Бу мақолаларда «Ўзбек ўз оғам, қозоқ кўз оғам» ту­­­шунчаларини ҳаёт йўли ва мақсади деб билган Носир аканинг ўз сафдошлари, таниқли ижод­корлар – Кў­бей Сейдеханов, На­­­­зир Са­фаров, Сабит Муқанов, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мир­­темир, Одил Ёқубов, Ғабит Мусирепов каби ўнлаб йи­рик ёзувчилар билан ижодий ҳамкорлиги, ўзига ярашган ҳазиллари аксини топган. Носир Фозилов Туркистонга Одил Ёқубов билан Қулбек Ергўбекнинг 50 йиллиги тадбирига таш­риф бу­юр­ганида минг кишилик ХҚТУ­нинг Маданият саройида жамланган қозоғис­тонлик, қирғизистонлик, ўзбе­кистонлик ёзувчи-шоирлар, филолог олим­­­­­­лар, атоқ­ли адиблар олдида сўзлаган нут­қида «Атоқли устоз ёзувчи Сабит Муқанов мени «Сари бала» деб эркалаб, ҳурматлаб чақирарди. Ёшим ўтди – «Сари бала» эмас «Сари чол» бўлдим. Энди кўзим тиригида ва кўпчилик гувоҳлигида менга Сабит Муқанов берган азиз ва фахрий унвонимни Қулбек Ергўбекка эҳтиром ила топширмоқчиман», деган ҳазил эса­да ҳаётда мезони мўл, ўзбек ҳамда қо­зоқ адабиётлари равнақининг кейинги тараққиётини ўйлаб айтилган каломлар ўз ифодасини топган. 

Ёзувчи Қулбек Ергўбек бошқарган тадбир аввалида Ж. Ибрагимов шаҳар ҳокимлиги номидан меҳмонларга табрик­ларини изҳор этиб, Туркистон ҳақидаги қимматли китобларни тақдим этди. Носир акани ҳамкасб шогирдлари қисқа қилиб айтганда «Осмондаги Ой ва Қуёш каби ёғдуси мўл» деб таърифлашди. Мархабат Байғутнинг «Агар ҳаётимиздан адабиёт деган неъмат олиб ташланса, фақат қирғин келтирувчи қурол-яроғ билан шалдираган пул қолади, холос», шунингдек, Қулбек Ергўбекнинг «Қозоқ ва ўзбек халқлари учун дўст сўзидан кўра туғишган, қариндош сўзи ўринлидир» дегани сўзлари барчага манзур бўлди. 

ҚР Ёзувчилар уюшмаси Туркистон вилояти бўлими раҳбари Алибек Шегебай, қўшни ўзбекистонлик шоир-ёзувчилар Тўлан Низом, Сирожиддин Рауф, Муратбай Низомов, Шодмон Отабек, Янгибой Қўчқо­ровларнинг чиқишларида муштарак хулоса - Носир аканинг барча бошловчи ижодкорларга ғамхўр мураббий, ҳомийлик, раҳнамолик, устозлик фазилатлари ай­­­­тилди. Атоқли шоир Абдулла Ори­­пов­нинг илк шеъри ҳам «Гулхан» журна­лида Носир Фозиловнинг иқтидорни зийрак илғаб олиши шарофати билан чоп этилиб, келажакдаги машҳурликнинг кенг йўлини очиб бергани ҳам шонли тарих. Барча ижод­­­­­корлар ўз ижод маҳсуллари – китобларини Носир Фозилов намунасига амал қилиб, Тур­кистондаги туркий халқ­лар кутубхонасига тақдим эт­дилар. 

Минбарга Носир аканинг умр йўлдоши Муборак Солижон қизи фарзанди Хондамир, келини Маҳбуба билан кўтарилиб, қо­зо­ғистонлик мухлисларга ма­на шундай ажойиб тадбирни ташкил этганлари учун са­мимий миннатдорчилигини изҳор этганида 500 кишилик залда ажиб сукунат ноил бўлди. 

Умуман, Носир ака ҳаё­ти­да ҳазилкаш бўлган, шу дам­ларни эслаб шогирдлари ёд этганларида гулдурос кулгу, адибни соғиниб йўқлаб айтилган самимий дил изтироблари янг­раганида кўзларга ёш қалқигани ҳам бор ҳақиқат. Носир ака ҳаётдан ўтган бўлса ҳам унга аталган самимий хотиралар ярим минг кишилик зални бир неча марта кулдириб, бир неча марта йиғлатди. 

Адибнинг қадрдон қишлоғидаги сўнгги учрашуви ўтган Эргаш Иззатуллаев номли мактабдан директор Муҳаммадрасул Из­затуллаев, ўқитувчи Умсиной Аҳме­довалар Муборак янгага иззат-икром кўрсатиб самимий ниятларини изҳор этишди. «Жанубий Қозоғистон» газетаси таҳририяти ташкил этган танлов ғолиблари – Суннатулло Акромов, Ай­ниддин Абубакиров, Умриой Каримова, Соатой Камол қизига бош муҳаррир Алишер Сотволдиев билан Зокиржон Мў­­­минжоновлар фахрий ёрлиқ ҳамда махсус совғалар тақдим этишди. 

Белгиланган вақт тугаса ҳам, ҳеч ким зерикмади, ҳеч кимнинг ушбу файзли тадбирни тарк этгиси йўқ эди. Лекин тартиб вожиб. Баҳодир Ирисметовнинг  «Карвон сарой»идаги туш­ликдан сўнг ёзувчилар Носир Фози­ловнинг устоз дўс­­­­­­­ти Одил Ёқубов туғилган замин – Қар­­­­­­ноққа йўл олишди.

Артур Асаев раҳбарлигидаги Маҳ­муд Қошғарий номли мактабда даст­лаб газетамизнинг жонкуяри, марҳум Собиржон Юсупов хотирасига бағиш­ланган очиқ волейбол турнири ғолиб­ларини тақдирлаш маросими ўтди. 

Қишлоқ ҳокими Талъат Матмусаев, Кентов шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Ҳошим Абдувалиев, Қарноқ қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Бекзод Ҳабибов, Со­биржон аканинг фарзандлари Шуҳрат ва Шавкат Юсуповлар ғолибларни тақ­дирлаб, мукофотлар тақдим этишди. Тадбирга Собиржон аканинг фарзандлари ҳомийлик қилишди. Волейбол мусобақаси ғолибларига олий мукофотни ёзувчилар Мар­хабат Байғут билан Тўлан Низом топширишди. Шу жойга белгиланган тадбир – Носир Фозиловнинг таржи­монлик маҳоратини бугунги кунда давом эттираётган издошларидан бири, М. Қошғарий номли мактаб-лицейининг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Долимжон Сайфуллаев таржимасидаги Мархабат Байғутнинг «Мосуво журноқ» китоби тақдимоти ўтди. 

Тадбирга олиб келинган китоблар Ўзбекистон ҳамда Қорақалпоғистондан келган ёзувчиларга тақдим этилди. Мархабат Байғут ўзининг янги кито­бини мактаб кутубхонасига ҳадя қил­­­­­ди. Қишлоқ ўзбек этномаданият бир­лашмаси раиси Бекзод Ҳабибов ёзув­чи Мархабат Байғут ва таржимон До­лимжон Сайфуллаевларнинг кифтига тўн ёпди. Долимжон ўзи таржима қил­­ган китобга муҳаррирлик қилган ҳам­касб устоз Ғайбулла Сайдуллаевга мин­натдорчилик билдирди. 27 ап­­­­­релга белгиланган тадбирнинг та­шаббускори ва ташкилотчиси, «Ижод­кор» адабий бирлашмаси раҳбари Аб­дураҳим Пратов ўзбек ва қозоқ ада­биётлари равнақи йўлида таржима со­ҳасининг аҳамияти ҳақида гапириб, олдиндаги вазифаларга тўхталди. Барча меҳмонларга «Улес» ижтимоий хайрия жамғармаси раиси Райимжон Қўчқоров ҳомийлигида тайёр­ланган Н. Фозилов хотира кечаси туши­рилган дисклар ҳадя қилинди. 

Қарноқдаги тадбирдан сўнг меҳ­­монлар яна бир машҳур шоир Мир­темир юрти – Эски Иқонга йўл олдилар. Меҳмонларни қишлоқ ўзбек этномаданият бирлаш­маси раиси, коллеж директори Эр­кин Имомалиев, тадбиркор Дониш Ман­нотовлар тавозе билан кутиб олиш­ди. Ша­ҳардаги Маданият уйида ўтган Н. Фозиловнинг 90 йиллиги тад­бири­да адибни ёш қаламкашлар му­раб­бийи, устози ва ҳомийси деб ҳақли равишда таърифлашди. Чунки Носир ака университетнинг филология фа­культетида таҳсил олиб, талаба бў­либ юрганида энг биринчи бўлиб ҳам ёр­дамини, ҳам маслаҳатини, ҳам кўма­­­­­­­­­­гини берган улуғ инсон – иқонлик Мир­темир Турсунов эди. 

Тадбир бошида Р. Сейт­­­метов номи­даги Туркистон мусиқали драма театри актёрлари томонидан ёш Носир Фози­ловнинг шоир Миртемир Турсунов билан мулоқоти бежиз акс эттирилмади. Бу тарихий ҳақиқат. Келаси йили эса Миртемир Турсуновнинг 110 йиллиги нишонланиши керак. Миртемирнинг 100 йиллигига 2010 йили Туркистонга раҳматли Носир аканинг ўзи келиб, нутқ сўзлаб, устозини ёд этган эди. Ўша пайтдаги шаҳар ҳокими Қайрат Мўлдасеитов ҳам адибга муносиб иззат-икром кўрсатганди. Шаҳар ҳокими ўрин­босари Сейит Ертай, Дониш Ман­нотов ҳамда Қулбек Ергўбеклар Носир аканинг хонадонидаги тўйда иштирок этишганди. Қишлоқ марказидаги Мир­темир номидаги адабиёт музейини, ажойиб экспонатларни томоша қилиб, ҳовлидаги Миртемирга ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйиб, таъзим бажо айлаган ёзувчиларнинг Тур­­кис­тондан ўтган асрда чиққан атоқли адиб­лар ҳақидаги эсдаликлари тўкин дас­турхон устида давом этди. 

«Ижодкор» адабий бирлашмаси ра­иси, ёзувчи Абдураҳим Пратов меҳ­­­­монларни кутиб олиш ва тад­бирни ўтказиш ҳамда кузатиш жара­ёнида беминнат холис кў­мак кўр­сат­ган барча ҳамюртларимизга ўз мин­нат­дорчилигини изҳор этди. 

P.S. Адибнинг умр йўлдоши Муборак Со­лижон қизи таҳ­­­­ририятга тақдим этган «Меҳ­­­­­рингизни туйиб яшадим» китобида Носир Фо­­­­­­­­­­­­­­­­зилов ҳа­қида замондошлари ёзган турли жанрдаги асарлар, асосан, мақола, ҳикоя­лар жамланган экан. Диққат билан ўқиб, эътиборимни шоир, таржимон Музаффар Аҳмад қаламига мансуб «Икки дўст достони» тортди. Маълумки, атоқ­­ли ўзбек шоири Ғафур Ғулом билан қо­зоқ адиби Сабит Муқанов ҳаётлигида ўта яқин бўлиб, тақдир раво кўриб чин дунё­га рихлат қилса, дўст уни ўз қўли билан қабр­га қўяди, деб ўзаро аҳду паймон қилишган экан. Ғафур Ғулом дунёдан ўтганида Сабит Муқанов Алматидан Тошкентга келиб Чиғатой қабристонида ижодкор дўстини қабрга ўзи тушиб қўйган экан. 

С. Муқанов дунёдан ўтгани ҳақида Алма­тидан Тошкентга шум хабар кел­­ганида эса Носир Фозиловнинг та­­­­­­­­шаббуси билан Ғафур Ғуломнинг Тош­­­­­­­­кентдаги қабридан бир сиқим тупроқ олиниб, Алматидаги Сабит Муқанов дафн этиладиган Кенсай қабристонига олиб борилиб, дафн маросимида кўп­­чилик олдида маййит боши остига қўйилганида йиғламаган одам қолмаган экан. Тошкентдан Алматига Миртемир Турсунов, Носир Фозилов ва Назир Сафаровлар вакил бўлиб боришган эди ўшанда. Носир Фозилов мана шундай эзгу ишларнинг бош-қошида эди. Шу тафсилотни достон қилиб ёзиб, назмда ифодалаган Музаффар Аҳмаднинг шеъри гарчи 1994 йили ёзилган бўлса ҳам ҳамон муҳим ва қадрлидир: 

Қозоқлар, Тошкентга бир келиб кетинг, 

Ўзбекнинг пойтахтини кўриб кетинг!

Чиғатой қабристонин зиёратлаб,

Ғафур оға Руҳини шод қилиб кетинг!

Қозоқлар, сизга бу қабр бегонамас,

Унинг манов бир ҳикматин билиб кетинг:

Ўзбекнинг бир шарафли фарзандини, 

Қабрга жойлаб чиққан – қозоқ эди,

Шул дўстликни ёдлаб, бирпас туриб кетинг!

Дунёда бундан ҳам зўр, муқаддасроқ

Бошқа дўстлик борми – хаёл суриб кетинг!

Олмаота ва Тошкентнинг тупроғи бир

Бул тупроқнинг ўзбек билан қозоғи бир –

Шу дўстликка мангу қасам қилиб кетинг!

Ўзбеклар, Олмаотага бориб келинг, 

У ҳам ўз шаҳрингиздир, кўриб келинг.

Собит Муқанов қабрини ҳам зиёратлаб,

Адибга таъзим бажо қилиб келинг!

Унинг боши остидаги бир кафт тупроқ

Тошкентдан борган эди, билиб келинг!

Айланайин, улуғ дўстлик, қондошлик! – деб,

Эҳтирос, ҳаяжонга тўлиб келинг!

Дунёда мўл ўзбекман, зўр ўзбекман,

Сабаби – қозоқлари бор ўзбекман, 

Деган ҳис-туғёнларга қониб келинг!

Қозоқ билан ўзбекнинг бирлигини,

Жондош қондош эгизларнинг зўрлигини 

Мустаҳкамлаш учун қасам қилиб келинг!

Боболар руҳи доим ёр бўлсин деб, 

Қозоғистон, Ўзбекистон бор бўлсин деб

Ният қилинг, ҳар бир ишда ғолиб келинг!

... Адиб Носир Фозиловнинг ажойиб иш­­­­­­лари унинг шогирдлари, мухлислари, кейинги ав­лод саъй-ҳаракатлари ила давом этишига ишон­чимиз комил.

Ш. МАДАЛИЕВ. Суратларда: тадбирдан лавҳалар. Муаллиф ва С. ИСАМЕТОВ тасвирлари., 2019-04-30, 10:58 929
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.