Қозоғистон заминида 130дан зиёд этнос вакиллари аҳил-иноқ ва ҳамжиҳатликда яшамоқдалар. Бинобарин, бу ўринда қозоқ халқининг “Бирлик бор жойда – тириклик бор”, деган қанотли иборасини эслатиш жоиз. Ватанимизда турли этник гуруҳларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда ҳам бу масалага етарлича кафолатлар берилган. Эндиликда турли миллат вакилларини бир чанғароқ остида бирлаштирган Қозоғистон халқи Ассамблеяси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда яшовчи ўзбеклар ўзларини ҳақли равишда қозоғистонликлармиз, деб ҳис қилишади. Сон жиҳатидан учинчи ўринда турган Қозоғистон ўзбеклари бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётида сезиларли мавқега эга. Миллатдошларимиз давлатимиз асосини ташкил этувчи қозоқ халқи, шунингдек, барча этнослар билан елкама-елка, бир сафда туриб, дўстлик, тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш орқали мустақиллик берган ноз-неъматлардан баҳраманд бўлишмоқда.
Юртимизда ҳар йили “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” байрами кенг нишонланади. Бу байрам илк бор 1995 йили Шимкент шаҳридаги Марказий маданият ва истироҳат боғида уюштирилганди. Унинг ташаббускори ва ижодкори эса таниқли жамоат арбоби, Жанубий Қозоғистон вилояти, Туркистон, Сайрам ва Сариоғоч туманларининг фахрий фуқароси, Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси, марҳум Маҳаммадрасул Исоқов эди.
У 1927 йил 15 февралда Жанубий Қозоғистон вилояти, Шимкент шаҳрида туғилган. Ўрта маълумотни Эски шаҳардаги “КИМ” мактабида олган. Меҳнат фаолиятини 1942 йили Хотинкўприк қишлоқ Кенгашига қарашли Куйбишев номли жамоа хўжалигида оддий ишчиликдан бошлаб, 1944-1956 йиллари, дастлаб, Шимкент қишлоқ хўжалиги техникумида, сўнг Тошкент Давлат қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олди.
Олий ўқув юртини муваффақиятли тугатгач, олим-зироатшунос ихтисослигини эгаллаган М. Исоқов Жанубий Қозоғистон вилояти пахтачилик бошқармасида мутахассис, сўнг Сайрам тумани пахта хўжалиги бошқармасининг бошлиғи, Сайрам, Туркистон туманлари машина-трактор станциясининг бош зироатшуноси, директори, Туркистон туман қишлоқ хўжалиги нозирлиги раҳбари, Қозоғистон компартияси Туркистон туман қўмитасининг котиби, сўнгра иккинчи котиби, Туркистон, Сайрам туманлари халқ депутатлари ижроия қўмитасининг раиси, Сариоғоч туман ҳудудий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи, Сариоғоч тумани ҳамда Туркистон тумани партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимларида хизмат қилган. 1985 йилдан республика миқёсидаги нафақага чиққунига қадар, Жанубий Қозоғистон вилояти ижтимоий таъминот бўлимининг бошлиғи лавозимида ишлади. М. Исоқов қаерда меҳнат қилмасин, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшди, халқнинг ҳурматига сазовор бўлди. У доимо оддий одамларнинг манфаатини кўзлар, ҳеч кимдан ёрдамини аямасди. Шу сабабдан ҳамюртлари ҳануз уни зиёли, меҳр-мурувватли, сўзининг устидан чиқадиган, лафзи ҳалол, тиниб-тинчимас раҳбар сифатида эслайдилар.
Ёдимда, 1992 йили вилоят филармонияси биносида ўтган ўзбек маданият марказининг қурултойида Маҳаммадрасул ота марказ раислигига сайланганди. Орадан йиллар ўтиб, ушбу “ғалати” сайловнинг туб моҳиятини теран тушундим... Дарҳақиқат, М. Исоқов давлат хизматида турли даражадаги масъул вазифаларда ишлаб, ҳалол меҳнати билан эл орасида обрў-эътибор қозонган таниқли шахс эди. Унинг фирқа ва шўро ташкилотларидаги кўп йиллик самарали хизмати, жамоат ишларидаги фаолияти, миллатлараро дўстлик ҳамда тотувликни сақлашга қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Маҳаммадрасул ота олижаноб, меҳр-мурувватли, камтарин, меҳнатсевар, сахий ва хокисор, масъулиятни чуқур ҳис этар, ҳар бир ишга жонкуярлик билан киришарди. Айниқса, у вилоят ўзбек маданият марказида ўзини моҳир раҳбар ҳамда ташкилотчи сифатида намоён этди. Қисқа вақтда у марказнинг кўпчилик томонидан тан олинган сардорига айланди. Мустақиллигимизнинг дастлабки оғир йилларида амалга оширилган қатор салмоқли ишлар бунга гувоҳлик беради. Жумладан, 1992-1996 йилларда у Ўзбекистон ва Қозоғистон олий ва ўрта махсус ўқув юртларида талабаларни ўзаро алмаштириб ўқитишда жонбозлик кўрсатди.
Жумладан, марказнинг фаолиятини ташкил қилиш ва жонлантиришда унинг бой тажрибаси, обрў-эътибори жуда қўл келди. Қисқа вақтда раиснинг атрофига фаоллар жамланиб, марказнинг нуфузи кўтарилди. М. Исоқов доно ва узоқни кўра олувчи раҳбар сифатида атрофига ёшларни кўпроқ жалб этишга эътибор берарди. Келажакда марказда олиб борилаётган хайрли ишларнинг давомчилари ёшлар эканини алоҳида таъкидларди. 1999 йилда ўзининг ўрнини ёшларга бўшатиб беришга қарор қилди. Бу – ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган чинакам жўмардлик эди.
2001 йили декабрда С. Сейфуллин номидаги Халқлар дўстлиги уйида вилоят ўзбек ЭМБ санъаткорлари томонидан ҚР Мустақиллигининг 10 йиллигига бағишлаб концерт уюштирилди. Унда вилоят ҳокими Бердибек Сапарбаев ҳам иштирок этди. Танаффусда Маҳаммадрасул ота вилоят ҳокимининг: “Шунча истеъдодлар бор экан, нега театр очмайсизлар?”, деб сўраганини айтди. Отахон театр очиш жуда зарурлигини, бу гап ўзбек зиёлилари орасида анчадан буён муҳокама этилаётганини айтганида Б. Сапарбаев бу масалани атрофлича ўрганишга ваъда қилади. Ниҳоят, 2002 йилда вилоят ўзбек маданият марказининг 10 йиллигига тайёргарлик ишлари бошланиб, бир гуруҳ ташаббускорлар театрни ташкил қилиш ишлари билан шуғулландик...
2003 йили 22 октябрда Сайрам диёрига ҚР Президенти Н. Назарбаев ташриф буюриб, вилоят ўзбек драма театрининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу тарихий кунда Маҳаммадрасул ота вилоят ўзбек драма театрининг очилишида жонбозлик кўрсатган шахслардан бири сифатида саҳнага чиқиб, нутқ сўзлаганди.
М. Исоқов меҳнатига яраша ҳурмат топди. У Қозоғистон Коммунистик партияси XI, XII, XIII, XIV, XV съездларининг делегати, шунингдек, Қозоғистон Компартияси МҚнинг аъзолигига номзод, IX-X чақириқ Қозоғистон ССР Олий Кенгашининг депутатлигига сайланган. Шунингдек, Ватан олдидаги буюк хизматлари учун “Октябрь Инқилоби”, икки марта “Меҳнат Қизил Байроқ”, “Халқлар Дўстлиги” орденлари, юбилей медаллари, Бутуниттифоқ Халқ Хўжалиги Ютуқлари Кўргазмасининг олтин, кумуш ва бронза медаллари, Жанубий Қозоғистон вилоят партия қўмитаси, ижроқўми, вилоят, туман маслаҳатларининг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари, Бутуниттифоқ меҳнат ва уруш фахрийлари Кенгашининг кўкрак нишонлари билан тақдирланган эди.
М. Исоқов жамоат ишларида фаол иштирок этиб, халқлар дўстлиги, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга ва давлат тилини ривожлантиришга баракали ҳисса қўшди. Айниқса, Қозоғистон давлатининг раҳбари, Қозоғистон Коммунистик партияси МҚ саркотиби Динмухамед Қўнаев унинг фаолиятини юксак баҳолагани ва яқин дўстона муносабатда бўлгани эътиборлидир. Шунингдек, З. Турисбеков, И. Тилеубергенов, А. Сасбуқаев, Б. Ахметов, Б. Ажибеков, Т. Жақиббаев, Б. Шукурбеков, Қ. Қалменов, Н. Кабиров, В. Сулейменов, И. Усмонов, А. Жандарбеков, М. Хандиллаев, Д. Бопова, Л. Баянқулова, К. Алипова каби элга таниқли давлат ва жамоат арбоблари унинг қадрдон дўстлари эди.
Маҳаммадрасул ота турмуш ўртоғи Моҳира ая билан икки ўғил, тўрт қиз тарбиялаб, вояга етказишди. Ҳозирги кунда фарзандлар, невара-эваралар отахоннинг изидан бориб, турли соҳаларда, масъулиятли лавозимларда ишлаб, унинг эзгу ишларини давом эттиришмоқда.
М. Исоқовнинг номи мустақил Қозоғистон тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган. У 2008 йил 18 ноябрда вафот этди.
Маҳаммадрасул отадек миллатпарвар, олижаноб ва жонкуяр инсон билан бирга ишлаш, ҳамнафас, ҳамфикр бўлишликни тақдир насиб этган экан, бундан ҳамиша фахрланиб юраман.