(Қозоғистон халқи Ассамблеяси аъзоси, Астана ЎЭМБ раиси Шерзод Пўлатовнинг Elordainfo.kz сайти мухбирига берган мусоҳабаси)
Бугунги кунда Қозоғистон Республикасида 130дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик – хорижий давлатлар учун ҳам ўрнак. Оғир даврларни бошидан кечирган қозоқ халқи қатағонга учраган бошқа миллат вакилларини ўз бағрига олди, ғамхўрлик кўрсатди. Элнинг тотувлиги, бирлиги қадрини орттирган ЭМБлардан бири – ўзбек этномаданият бирлашмаси. Унинг раиси, ҚХА этномедиация кенгаши раиси, ҚР Президенти қошидаги Миллий қурултой аъзоси ҳамда ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги Жамоат кенгаши аъзоси Шерзод Пўлатов маданият маркази фаолияти ҳақида фикрини баён қилди.
Дастлаб ўзбек миллий маданият маркази 1990 йил Туркистон (собиқ Жанубий Қозоғистон) вилоятида очилди. Сўнг Қизилўрда, Жамбил, Алмати вилоятларида ташкил этила бошлади. Астана ЭМБни ташкил этиш жараёни 2006 йилда амалга оширилган. Июль ойида ўзбек этносининг 11 нафар фаоллари билан асосий гуруҳ ташкил этилди. 10 августда 75 киши иштирокида биринчи қурултой мажлиси ўтказилиб, унда бирлашмани ташкил этиш ҳамда унинг раҳбарларини тайинлаш ҳақидаги масала кўтарилди. Сўнг 2007 йил 17 апрелда Астана шаҳар Адлия бошқармасида рўйхатдан ўтди.
– Астана шаҳрига пойтахтни кўчириш вақтида янги шаҳарга кўплаб ўзбеклар кўчиб келишди, ёшлар эса олий ўқув юртларига ўқишга келди. Йил сайин ўзбеклар сони ортди. Ички миграция натижасида ўзбеклар сони ортиб, пойтахтга кўчиб келган болаларга ўзбек маданияти ва она тилини ўқитиш масаласи кўтарилди. Бу вазият Астанада миллий маданият бирлашмасини ташкил этишнинг асосий сабабларидан бири бўлди, – деди бирлашма раиси Шерзод Аббос ўғли.
ҚХА этномедиация кенгаши раиси бирлашманинг жамоат ишларига 2007 йилдан бошлаб киришди.
– 2010 йили астаналиклар мени пойтахтдаги ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси этиб сайлади. Бугунги кунда шаҳардаги марказлар фаоллари сони 200дан зиёд. Улар сафида жамоат арбоблари, тадбиркорлар, педагоглар, талабалар, ўқувчилар ва бошқа соҳа вакиллари ҳам бор. Умуман, бирлашма кўплаб кўнгилли ва ҳамжамият аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди. Марказ маданиятни ривожлантириш, ёшлар тарбияси, она тилини ўқитиш, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш, урф-анъаналарни тарғиб этиш ҳамда Қозоғистондаги этнослараро муносабатларни ривожлантириш билан шуғулланади, – дейди бирлашма раиси.
Шерзод Пўлатовнинг айтишича, бирлашма аъзолари нафақат шаҳар, балки давлат миқёсида ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
– Бирлашмада васийлик, оқсоқоллар, оналар, илмий кенгашлар фаолият юритмоқда. Ўқувчи ва талабалардан иборат “Пойтахт ёшлари” номли ёшлар қаноти, “Пойтахт” футбол жамоаси, “Астана ғунчалари” рақс дастаси мавжуд. Улар шаҳар, республика даражасида ўз истеъдодларини намойиш этиб, махсус дипломлар билан тақдирланиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, 2015 йилдан эътиборан, марказ қошида “Зиё” ўзбек этнолингвистикавий якшанбалик мактаби фаолият бошлаган. Унда турли ёшдаги болалар таҳсил олмоқда, – деди у.
ЭМБнинг асосий мақсади – Қозоғистондаги ўзбек этносининг маданияти ва анъаналарини асраб-авайлаш, ёшлар ўртасида миллий қадриятларни тарғиб этиш, этнослараро тотувлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ҚХА фаолиятини қўллаб-қувватлаш.
– Давлат этносиёсати, республика ҳамда маҳаллий дастурларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ЎЭМБ бошқа этномаданият бирлашмалари ҳамда турли ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари билан яқин алоқада. Этномаданият бирлашмаларининг фаолияти асосан, маданий меросни янгилаш ва асраб-авайлашга йўналтирилган. Шунингдек, бирлашма аъзолари хайрия тадбирларида фаол иштирок этмоқда, Қозоғистон этнослари ўртасида тинчлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб, халқаро муносабатларни ривожлантиришга шароит яратиб келмоқда, – деди Шерзод Пўлатов.
ЭМБ вакиллари ўз анъаналари ва маданиятини тарғиб қилиш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этмоқда. “Менинг Қозоғистоним – менинг элим!” фестивали, “Үлкенге құрмет, Ата заңдағы міндет” хайрия тадбири, йил сайин “Мактабга йўл” хайрия акцияси, “Дўстлик кубоги” республика ёшлар кичик футбол турнири ва бошқалар шулар жумласидан.
Жорий йил ҚХАнинг ташкил топганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан бирлашма вакиллари кўплаб тадбирлар ўтказишни режалаштирган.
– ҚХАнинг 30 йиллигига бағишланган анжуманлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, “Дўстлик карвони” мавзуида минтақалараро маданий сафарлар ҳамда ёшлар ўртасида бирлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида махсус лойиҳалар амалга оширилади. Астанада яшайдиган ўзбеклар ҳақидаги китоб тақдимоти ўтади. Шунингдек, ҚХАнинг 30 йиллигига “Палау Party” палов фестивалини ўтказиш режада бор, – дейди раис.
Шерзод Аббос ўғли икки қардош давлатлар ўртасида унинг урф-одатлари, анъаналари ва байрамларида ўхшаш жиҳатлар жуда кўп эканлигини таъкидлади.
– Қозоқ-ўзбек қардош халқларининг урф-одатлари, анъаналари, тўй маросимлари деярли бир хил. Тилимиздагина озгина фарқ бор. Байрамларига келсак, қозоқ халқи Наврўз байрамида миллий таом – кўжа, бизда сумалак тайёрланади. Янги келин туширганда улар “беташар” маросимини ўтказса, биз “келин салом” ўтказамиз. Меҳмондўстлик, катталарга ҳурмат, оилавий қадриятларни юксак англаш – умум анъаналаримиз, – дейди ҚХА аъзоси Шерзод Пўлатов.