26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Барча учун кенг имкониятлар давлати барпо этилмоқда

Бурабай шаҳрида Қасим-Жўмарт Тўқаев раислигида миллий қурултойнинг IV йиғилиши ўтди

2022 йилда жамоатчилик мулоқотини кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва бирлашиш майдони сифатида ташкил этилган Миллий Қурултой тўртинчи бор йиғилди.

Эътиборли жиҳати, янгиланиш ва бунёдкорлик байрами – Наврўз байрами арафасида учрашувлар ўтказиш анъанага айланмоқда. Зеро, унинг руҳи қурултой мақсадига мос келади, қурултой фаолиятига ўзгача кайфият бағишлайди. Президент Қ. Тўқаев йиғилишни очар экан, Миллий Қурултойнинг Ҳамал кунида ва Рамазон ойида ўтказилиши хайрли ишора эканлигини таъкидлади.

Ўтган уч йилда бу борада залворли ишлар амалга оширилди: Конституцияга ўзгартишлар киритилди, парламент ваколатлари кенгайтирилди, ҳукуматнинг масъулияти кучайтирилди, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди, Конституциявий суд тузилди, фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштироки учун шарт-шароит яратилди, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бевосита сайловлар тизими тубдан ўзгартирилди.

– Ҳокимият тизимидаги бундай кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатимиз тарихида бўлмаган, – деди Давлат раҳбари. – Миллий Қурултой аъзолари фуқароларни ягона бунёдкорлик мақсадлари атрофида бирлаштириб, мамлакатимизни замонавийлаштиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Дастлабки кунларданоқ мазкур мулоқот майдони янгиланиш тимсолига айланиб, жамоатчилик муҳокамасининг янги андазаларини белгилаб берди. Ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат бор жойда ҳамиша аҳиллик бўлади. Бу Миллий Қурултойнинг асосий вазифасидир.

Қуйида Миллий қурултойда кўтарилган масалаларга қисқача изоҳ берамиз.

Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди

Йиғилишда сўзга чиққан Президент, биринчи навбатда, Миллий Қурултой аъзолари томонидан кўтарилган қатор мавзуларга тўхталиб, улар юзасидан ўз нуқтаи-назарини маълум қилди. Улардан бири – бўлажак солиқ ислоҳотидир.

Давлат раҳбари таъкидлаганидек, солиқ тизими бутун давлат тизимининг асосидир, чунки бюджетда маблағ бўлмаса, давлат ўз вазифаларини, жумладан, ижтимоий мажбуриятларни ҳам тўлиқ адо эта олмайди. Бироқ, масаланинг мураккаблигини инобатга олган ҳолда, ислоҳотларни ахборий қўллаб-қувватлаш, уларнинг моҳиятини фуқароларга имкон қадар тушунарли тилда ва тарзда етказиш зарур, ана шунда давлат нима учун муайян иқтисодий чоралар кўраётгани ҳақида уларда зарур тушунчалар пайдо бўлади.

Президент қиймат солиғи миқдорини ошириш давр талаби эканлигини таъкидлади.

– Ҳукумат солиқ ислоҳотига оид янги ёндашувларни тақдим этди. Таклиф этилаётган чора-тадбирлар тўғри, уларда асосий иқтисодий ва ижтимоий омиллар инобатга олинган, – деди Қ. Тўқаев. – Мамлакатимизда ижтимоий соҳага бюджетнинг ярмидан кўпи сарфланади. Бизнинг давлатимиз ижтимоий, шунинг учун биз таълим ва соғликни сақлаш соҳаларига сармоя жалб этишни давом эттирамиз, бу бизнинг конституциявий бурчимиздир. Аммо ижтимоий ёрдам ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож фуқароларга кўрсатилиши керак, давлатнинг ғамхўрлиги суиистеъмол қилинмаслиги жоиз ҳамда ҳар қандай фирибгарликнинг олди олиниши зарур. Шу боис устувор бўлмаган харажатлар қисқартирилади. Ҳукумат йил охиригача бундай харажатларни қай йўсинда мақбуллаштириш кераклиги ҳақида аниқ қарор қабул қилиши даркор.

Солиқ тизимига қайтган Президент Қозоғистонда турли тартиблар, кўплаб имтиёзлар мавжуд бўлиб, улар мамлакатда солиқ тизимига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.

– Тадбиркорларнинг иккита асосий гуруҳи вужудга келди: қонунчиликдаги бўшлиқлардан фойдаланиб, солиқ солинадиган базани қисқартиришга муваффақ бўлганлар ва барча солиқларни виждонан тўлаётганлар. Иккинчи гуруҳ тадбиркорлари, табиийки, рақобатбардошликда имкониятларини бой берди. Бу масала Ҳукумат томонидан ҳам, депутатлар томонидан ҳам етарлича ишлаб чиқилмаган. Яна рақамлар ортидан қувиш бошланди. Мамлакатда 2 миллиондан ортиқ солиқ тўловчилар – якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳуқуқий шахслар рўйхатга олинган. Лекин булар қандай корхоналар, қанча солиқ тўламоқда, умуман тўлаяптими ёки йўқми, бу масала таҳлил қилинмаган. Вазиятни зудлик билан созлаш керак. Ҳукумат ва Парламентга мурожаатим шу – қонун ҳужжатларига зудлик билан зарур ўзгартиришлар киритиш зарур, – деди Президент.

Шу билан бирга, адолатли ва самарали солиқ тизимини яратиш мамлакатимиз келажаги, келажак авлодлар фаровонлиги масаласи эканини алоҳида таъкидлади. Шунинг учун бу соҳани ҳозирдан қатъий ислоҳ қилиш зарур.

Қ. Тўқаев давлат бизнесни қўллаб-қувватлаши, бироқ тегишли чора-тадбирлар адолатли, масъулиятли ва қонунга бўйсунувчи тадбиркорларга қаратилиши кераклигини таъкидлади.

Ягона вақт минтақасига ўтиш – Президент йиғилишда сўз юритган яна бир долзарб масала.

– Ҳукумат ва депутатларнинг кўпчилиги, шунингдек, экспертлар фикрига қўшиламан: аҳолиси нисбатан кичик бўлган катта мамлакатимизда ягона вақт минтақаси бўлиши керак, бу давлат бошқарувини соддалаштиради, логистика ва кўплаб бизнес жараёнларини мақбуллаштиришга ёрдам беради. Ўйлайманки, бу муҳокама шу ерда тугаши ва бундан кейин ушбу масалани сиёсийлаштирмаслик керак, – деди Юртбоши.

Қ. Тўқаев йиғилишда кўтарилган жамоат одоб-ахлоқи мавзусининг долзарблигини ҳам таъкидлади. Ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш каби номақбул хатти-ҳаракатларни тўхтатиш юзасидан барча чора-тадбирларни кўриб чиқишни топширди.

Қурултойда мамлакатимиздаги диний вазият ҳам муҳокама қилиниб, сўзга чиққанлар ёшлар ўртасида ноанъанавий диний оқимларнинг таъсири кучайиб бораётганини таъкидладилар.

– Қозоғистонда диний эътиқод эркинлиги кафолатланган, аммо тартибсизлик ва ўзбошимчаликка йўл қўйиб бўлмайди. Маданиятимизга ёт бузғунчи оқим ва мафкураларга чек қўйиш керак. Диннинг энг муҳим вазифаси миллатни бирлаштиришдир. Диний бирлашмалар фаолиятини созловчи ҳужжатлар ушбу муаммони ҳал қилишга ёрдам бериши керак. Бу масалани ҳар томонлама ўрганиш, қонунчиликни янги шароитларга мослаштириш зарур, – деди Президент.

Давлат раҳбари ваколатли идораларга фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётганига, “инфо лўлилик”нинг тарқалиши каби муаммоларга эътибор қаратишни топширди.

– Кинотеатрларимизда намойиш этилаётган фильмлар бўйича жамиятда танқидлар бўлмоқда, – деди Қ. Тўқаев. – Ўтган йили қозоғистонлик киноижодкорлар томонидан суратга олинган 94та филм намойиш этилди. Яъни, кинотеатрларимизда асосан маҳаллий фильмлар намойиш этилади. Бу яхши анъана. Лекин биз миқдорни эмас, сифатни юқори ўринга қўйишимиз керак. Томошабинларга яхши кайфият ва завқ бағишлаш бир нарса, лекин номақбул хатти-ҳаракатларни тарғиб қилиш мутлақо бошқа жиҳат. Бизда зўравонлик, шафқатсизлик, жиноят ва беҳаё ишқий муносабатларни тарғиб қилувчи фильмлар ҳам мавжуд. Кино мафкуранинг муҳим қуроли эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Шу боис, кинофильмларни, жумладан, хусусий маблағлар ҳисобидан суратга олинган фильмларни намойиш этишдан аввал пухта экспертизадан ўтказиш чораларини кўриш керак. 

Шу нуқтаи назардан, Давлат раҳбари анимацияни ривожлантириш юзасидан ҳам кўрсатмалар берди. 

Миллий Қурултой аъзолари томонидан кўтарилган яна бир масала – аёллар қамоқхоналарида, хусусан, ҳомиладор ва ёш болали аёлларни сақлаш шароитлари бўлди. Президент ушбу мавзуга тўхталар экан, жазони ижро этиш тизими жазолаш эмас, балки маҳкумларни тузатишга, тарбиялашга қаратилган бўлиши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, барчанинг қонун олдида тенглигини таъминлаш зарур.

– Бироқ, инсонпарварлик нуқтаи назаридан, “қонун ва тартиб” тамойилини бузмаган ҳолда, вояга етмаган боласи бор аёлларга нисбатан ҳуқуқий ёндашувларни қайта кўриб чиқишимиз мумкин эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари, депутатлар бу масалани пухта ўрганиб, ҳал этиш юзасидан таклифлар киритиши зарур, – деди у.

Яна бир муаммо – касб-ҳунар коллежларини меҳнат бозоридаги вазиятга мослаштириш – бу ерда гап талаб қилинадиган янги мутахассисликлар ҳақида ҳам, ишчилар сонининг минтақавий номутаносиблиги ҳақида ҳам кетмоқда. Президент Ҳукуматга бу масалани ҳар томонлама ўрганиб, ҳал қилиш юзасидан топшириқ берди ва Қўстанай коллежи тажрибасини шимолий вилоятларга ҳам етказиш зарурлигини таъкидлади.

Тизимлилик, тартиб ва ​​самарадорлик зарур

Президент мамлакатимизда барча соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлар ва мақсадли ўзгаришлар халқимизнинг орзу-интилишлари ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Мамлакат келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган соҳалардаги ишлар изчил давом эттирилиши керак, – деди Давлатимиз раҳбари. – Менинг топшириғим билан 2023 йилда ишлаб чиқилган “Гиёҳвандлик ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланимига қарши кураш” мажмуавий режаси жорий йилда ўз ниҳоясига етади. Бу ижтимоий иллатга қарши курашиш энг муҳим вазифалардан биридир. Шунинг учун ушбу йўналишдаги тадбирлар янги ҳужжат асосида давом эттирилиши лозим.

Жорий йилда ҳам болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва ўсмирлар ўз жонига қасд қилишининг олдини олиш юзасидан мажмуавий лойиҳа якунланди. У ҳам янгиланиши керак.

– “Оилавий зўравонликка қарши кураш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан кейин бу борадаги аҳвол анча яхшиланди. Бироқ айрим чекка ҳудудларда ҳамон бундай иллатлар қайд этилмоқда. Ноанъанавий диний оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқаролар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Маҳаллий ҳокимият вакиллари ва жамоат арбоблари оиладаги зўравонликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни давом эттирмоқда. Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги ишлар ҳозирда турли ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда, лекин етарли даражада мувофиқлаштирилмаган. Шу боис барча чора-тадбирларни “Қозоғистон болалари” ягона дастури доирасида жамлаш зарур деб биламан, – деди Қ. Тўқаев.

Шунингдек, Юртбоши бу икки соҳани бир-биридан ажратмасдан, болаларга таълим ва тарбия бериш борасида мажмуавий тизимли ишларни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда ўтган йили мактабларда “Ягона тарбия” дастури йўлга қўйилган бўлиб, Президент таъкидлаганидек, эндиликда бу дастур мамлакатимизнинг барча давлат таълим муассасаларида ҳам жорий этилиши зарур.

– Келажакда хусусий мактаблар ҳам ушбу ҳужжатга амал қилишлари керак. Тарбиявий ишлар билан барча болалар қамралиши жоиз. Шундагина бу ташаббус миллий хусусият касб этади. Лойиҳанинг пировард мақсади “Адолатпарвар фуқаро” концепцияси ғояларига мос келадиган ватанпарвар, билимли, заковатли авлодни тарбиялашдан иборат. Қурултой аъзоларининг ушбу дастурни “Адолатпарвар фуқаро” деб номлаш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайман, – деди Юртбоши.

Президент ислоҳотларни амалга ошириш ва жамият тараққиётида фуқаролик шўъбасининг муҳим ўрни ҳақида фикр билдирар экан, нодавлат-нотижорат ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш борасидаги қурултой аъзоларининг таклифларини қўллаб-қувватлади. Давлат ижтимоий буюртмаси самарадорлигини ошириш учун замонавий воқеликка мос келадиган алоҳида қонун зарурлигини таъкидлаб, ваколатли идораларга мутахассислар ва жамоат ташкилотлари иштирокида ушбу муаммони ҳал этишни топширди.

– Сўнгги бир неча йил ичида биз давлат мукофотлари билан боғлиқ ёндашувларни кўриб чиқдик ва тизимлаштирдик. Эндиликда идоравий мукофотларни тартибга солиш зарур, – дея давом этди Президент. – Аниқ қоидалар ва ягона маълумотлар базаси йўқлиги сабабли баъзи мукофотлар тасодифий тарзда топширилмоқда. Ҳатто бир шахс бир давлат идорасининг кўкрак нишонини бир неча марта олган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Идоравий мукофотлар фақат юқори малакали мутахассисларнинг жамиятдаги касбий мавқеини оширишга кўмаклашиш мақсадида берилиши керак, – деди Давлат раҳбари. – Мутасадди ташкилотларга ягона андаза ва идоравий мукофотлар рўйхатини ишлаб чиқишни топшираман.

Ономастика соҳасида тартиб ўрнатилмоқда: бу иш учун ягона ва аниқ низом ишлаб чиқилган ва уни амалга оширишда тарихий адолат тамойилларига қатъий риоя қилиниши муҳимдир.

– Буюк тарихий шахсларимиз номлари абадийлаштиришга лойиқ. Уларнинг хотираси миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисми бўлиб, уни асраб-авайлаш фуқаролик бурчимиздир. Аммо ономастикани “тарихий хизматлари” ҳеч қандай архив ҳужжатлари билан тасдиқланмаган шахсларни улуғлаш воситасига айлантириб бўлмайди, – деди Президент.

Унинг фикрича, шаҳар ва кўчаларнинг номлари халқимиз тарихини акс эттириши керак.

– Жамиятда кенг тарқалган жарангдор географик номлар ва анъанавий топонимлар имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаяпмиз. Шу билан бирга, атамалари тарихан эскирган қишлоқлар номини ўзгартиришга ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Бу борада кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, аҳолининг фикрини инобатга олиш муҳим, – деди давлатимиз раҳбари.

Кўчаларга келсак, биринчи навбатда номсиз кўчаларга ва такрорланувчи топонимларга янги ном бериш керак.

Шунингдек, хусусий иншоотларни номлашда ҳам ўзбошимчаликка йўл қўйилмаслиги жоиз. 

Ички сиёсат, мафкура, ўзига хослик

Қ. Тўқаев таъкидлаганидек, ономастика соҳасини, давлат ва идоравий мукофотлар тизимини такомиллаштириш, ижодий қадриятларни тарғиб қилиш, ижтимоий иллатларга барҳам бериш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш – буларнинг барчаси юксак мафкуравий саъй-ҳаракатларнинг таркибий қисмларидир.

– Шунинг учун мен ички сиёсат соҳасида олиб борилаётган барча тадбирларни ташкил этиш учун ягона ҳужжат зарур, деган фикрга қўшиламан, – деди у. – Концепцияда ўзлигимиз ва турмуш тарзимизни акс эттирувчи асосий миллий қадриятлар ва рамзлар белгиланиши даркор. Бу, энг аввало, уларнинг жамиятда чуқур илдиз отиши, ҳимояси ва кенг тарғиботи учун зарур, – деди Президент.

Шунингдек, Давлат раҳбари Наврўз байрамининг аҳамиятига тўхталди.

Ўтган йили Наврўз байрамини нишонлашнинг янги дастури ишлаб чиқилиб, у 14 мартдан бошлаб ўн кун давомида нишонланади ва ҳар бир кун ўз номи ва мазмунига эга.

Маданиятнинг алоҳида аҳамияти

Қ. Тўқаев маданият соҳасидаги ютуқлар ҳақида гапирар экан, театрни ривожлантириш масаласига алоҳида тўхталиб, уларни ҳар қандай давлат маданияти даражасининг муҳим кўрсаткичларидан бири, деб атади.

– Бугунги кунда Қозоғистонда 46та вилоят театрлари мавжуд, бироқ уларнинг кўпчилиги оғир аҳволда. Минтақаларда театрларни ривожлантиришга эътибор қаратишимиз зарур. Халқимизнинг маданий хилма-хиллигини сақлашга ҳисса қўшаётган рус ва бошқа миллий театрларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис тадбиркорларни минтақалардаги театрларни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этишга чақираман, – деди Давлат раҳбари.

2025 йилда буюк Абай таваллудининг 180 йиллиги нишонланади. Бундан беш йил аввал Семейда абайшунослар билан учрашувда Президент Абай институтини ташкил этишни таклиф қилган эди. Эндиликда ушбу ташаббус диаспораларимиз ва хорижликларга қозоқ тилини ўрганишга ёрдам бериш мақсадида рақамли платформа шаклида амалга оширилмоқда.

– Ушбу лойиҳани Конфуций, Гёте ва Сервантес институтлари намунасида фаолият юритувчи тўлақонли маданий-маърифий муассасалар каби тармоққа айлантириш муҳим, – деди 

Қ. Тўқаев. – Абай институти барча асосий ҳамкор мамлакатларда маданиятимиз тарғиботчиси бўлиши керак. Ташқи ишлар вазирлиги, “Отандастар” жамғармасига Маданият ва ахборот вазирлиги билан биргаликда хорижда ҳам шундай марказлар очиш бўйича ишларни давом эттиришни топшираман.

Президент “Қозоқ тили” халқаро жамияти фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаб, уни янада қўллаб-қувватлашга чақирди.

– Маданият нафақат бино ва муассасалар, балки дунёвий оламда миллий ўзлигимизни мустаҳкамлашнинг асосий пойдеворидир, – деди Юртбошимиз. – ЮНЕСКО билан ҳамкорлигимиз доирасида Қозоғистоннинг моддий ва номоддий мероси иншоотларини халқаро рўйхатларга киритишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ҳукумат халқларнинг инсоният билимлари хазинасига қўшган заковат ҳиссасини яққол намоён этадиган ҳужжатли меросимизни Жаҳон хотираси рўйхатига киритиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириши керак.

Тарихий босқичлар

Қозоғистонда тарих фанининг ривожланишига бугунги кунда миллий ўзликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент жорий қурултой пойтахтни Қизилўрдага кўчириш ҳақидаги тарихий қарор қабул қилинганининг 100 йиллиги арафасида ўтказилаётганини таъкидлади. Шу муносабат билан у навбатдаги йиғилишни шу шаҳарда ўтказишни таклиф қилди – ҳар йили Миллий Қурултой йиғилишларини мамлакат тарихи учун аҳамиятли шаҳарларда ўтказиш анъанаси давом этмоқда.

– Халқимизнинг “Қозоқ” деган асл номи қайтганига 100 йил тўлди, – деди Қ. Тўқаев. – Албатта, давлатчилигимизнинг келиб чиқиши асрларга бориб тақалади. Бироқ, очиқ айтишимиз керак, асл номимизни қайтариш тарихий адолатни тиклаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бунда Сакен Сейфуллин асосий ўрин эгаллади. Ҳукумат раҳбари сифатида “Қозоқларни қозоқ дейлик, хатони тузатайлик” мақоласини ёзиб, мафкуравий тадбирни бошлаб берди. Бундай муҳим саналар халқимизнинг тарихий хотирасида сақланиб қолиши керак.

Давлат раҳбари Тўлен Абдикнинг “Егемен Қазақстан” газетасида чоп этилган мусоҳабасига яна бир карра тўхталди, унда таниқли адиб кўпдан буён давом этиб келаётган (“Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл”) талабга эътибор қаратган.

Президентимиз бу сўзларни шарҳлар экан, ўз миллатини бошқалардан устун қўйиш, пировардида ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайдиган йўл эканлигини таъкидлади. 

– Бугун миллий тарих фанимиз, зиёлиларимиз олдида тарихимизни кенг тамаддун доирасида ўрганиш вазифаси турибди. Сир эмаски, Қозоғистоннинг ўтмишига кўплаб олимлар ва жамоат арбоблари ҳанузгача тарихий алам нуқтаи-назари билан қарашади. Бу тарихимиз ҳақидаги тасаввур доирасини торайтиради. Биз кенгроқ, дунёвий нуқтаи-назардан фикр юритишимиз керак, – деди Қ. Тўқаев. – Илмий тадқиқотлар олиб бориш, тарихий обидаларни тиклаш, археологик қазилмалар олиб бориш, шунингдек, музейшуносликни ривожлантириш, хорижий архивларни ўрганиш, миллий анъаналарни тиклаш борасида ишларни тизимли йўлга қўйиш зарур.

Инфратузилмага – сармоялар

Миллий Қурултой давлат тараққиётининг барча соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун майдондир. Ҳозирги босқичда ҳудудларда иқтисодий тараққиётнинг янги нуқталарини барпо этиш, минтақаларни ривожлантиришдаги номутаносибликларни бартараф этиш – устувор вазифалардан бири. Президент нутқининг асосий қисмини ана шу масалаларга бағишлади.

– Жорий йилда иқтисодиётни молиялаштиришни қарийб икки бараварга, яъни 8 триллион тенгега ошириш режалаштирилган. Келгуси йилларда Ҳукумат соҳани молиялаштириш ҳажмини 10 триллион тенгега кўпайтириши керак. Гап моҳиятан мамлакатимизда тадбиркорликни мисли кўрилмаган даражада қўллаб-қувватлаш ҳақида бормоқда, – деди Давлат раҳбари.

Мамлакат бўйлаб йирик инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қизилўрда ва Туркистон вилоятида мажмуавий электр станциялари негизида электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

Қарағанди ва Экибастузда ферроқотишма заводлари, Жамбил вилоятида минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи кимё мажмуаси ишга туширилади. Алмати ва Қўстанай вилоятида автомобиль заводлари фаолиятини бошлайди.

Каспий денгизи туби бўйлаб оптик толали алоқа линияси ётқизилади, бу Европа ва Осиё ўртасида рақамли йўлак ҳосил қилади.

Минтақаларга эътибор 

Қ. Тўқаев 2022 йилда Қозоғистонда янги минтақалар ташкил этилгани ва бу қарор уларнинг тараққиётига кучли туртки бўлганини таъкидлади: 

– Ушбу ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди, у ерга сармоялар кела бошлади. Буларнинг барчаси маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатди, – деди у.

Шунингдек, Президент ҳозирда “Минтақаларни ривожлантириш концепцияси” ишлаб чиқилаётганини таъкидлади. 

Рақамли кун тартиби ва инновацион иқтисодиёт

Ўз маърузасида Президент яна бир бор рақамлаштириш ва сунъий заковатни жорий этиш вазифаларига тўхталди.

– Сунъий заковатдан фойдаланиш бюджет маблағлари самарадорлигини кескин оширади, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, давлат харидларини мақбуллаштириш, фуқаролар ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг барча жараёнларини соддалаштириш имконини беради. Тегишли идоралар экспертлар ва АТ-мутахассислари билан яқин ҳамкорликда доимий равишда барча соҳаларда харажатларни камайтириш, шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган янги ечимларни излашлари ва жорий этишлари керак. Бу масала менинг алоҳида назоратимда, – деди Давлат раҳбари.

Сайёҳликни ривожлантириш, биологик хилма-хилликни асраш 

Сайёҳлик минтақалар учун жиддий ўсиш нуқтасига айланиши керак. Сайёҳлик салоҳиятини мустаҳкамлашга маҳаллий миқёсда миллий ва халқаро миқёсда ўтказиладиган тадбирлар ёрдам бериши мумкин.

Бу йил ҳам шундай лойиҳалардан бири Тараз шаҳрида ўтказиладиган “Ҳамдўстлик ярмаркаси” бўлиб, унга кўплаб мамлакатлардан ҳунарманд ва деҳқонлар таклиф этилган. Президентнинг сўзларига кўра, ушбу тадбир нафақат ҳамкорлар билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, балки Таразнинг энг қадимий савдо ва маданият марказларидан бири сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш, минтақага янги сармоя ва сайёҳлар оқимини жалб этиш имконини беради.

Қ. Тўқаев таъкидлаганидек, деярли ҳар бир минтақада шу каби “лангар”ли маданий ва сайёҳлик тадбирлари ўтказилади, уларнинг аксарияти анъанага айланган. Улар, биринчи навбатда, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ва йил давомида бир текис тақсимланиши зарурлигини таъкидлади.

Президент Қозоғистон биологик хилма-хиллигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида тўхталди.

– Биохилма-хилликни асраш жамғармасини яратиш зарур, деб ҳисоблайман. Давлат раҳбари сифатида мен ушбу муҳим ишнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаш учун ушбу жамоат ташкилотига шахсан раҳбарлик қилишга тайёрман, – деди Қ. Тўқаев.

Давлат раҳбари жамиятда экологик тафаккурни тарбиялаш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади. Ўтган йилдан эътиборан мамлакатда “Тоза Қозоғистон” акцияси ўтказилмоқда, унинг тамойиллари ҳар бир фуқаро ва бутун мамлакатнинг кундалик ҳаётига айланиши керак.

Таълим, тиббиёт, уй-жой

Икки йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан таълим даргоҳлари етишмаслиги, хароба мактаблар ва уч навбатли таълимни бартараф этишга қаратилган “Бадастир мактаб” миллий лойиҳаси ишга туширилди.

Мамлакат бўйлаб тиббиёт инфратузилмасини кенг кўламда ривожлантириш тадбирлари давом эттирилади. “Қишлоқ соғликни сақлаш тизимини замонавийлаштириш” лойиҳаси доирасида жорий йил охирига қадар 188та тиббиёт муассасаси қурилиши режалаштирилган.

Фуқаролар учун уй-жой мавжудлиги ҳаёт сифатини яхшилашнинг ҳал қилувчи омили бўлиб қолмоқда. Ўтган йили давлат томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун қарийб 21 минг хонадон харид қилинди.

 Ишчи касблари йили 

Президент ташаббуси билан 2025 йил “Ишчи касблари йили” деб эълон қилинди. Бу, аввало, ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш, касбга йўналтириш тадбирларини кучайтириш, талабга мос касб-ҳунар эгаллаш учун шарт-шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади. Бу борадаги топшириқ билан барча вилоятлар раҳбарларига мурожаат қилди. 

 Спорт – миллатга сармоя сифатида

Юртбоши спорт мавзусини давом эттирар экан, бутун мамлакат бўйлаб футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Унга кўра, ҳомийлик маблағларини жалб қилган ҳолда аксарият вилоят футбол ўйингоҳларини реконструкция қилиш ёки янгиларини бунёд этишни бошлаш керак. Шунингдек, ҳар бир вилоят ва туман марказида, қишлоқ ва шаҳарчаларда болалар футбол майдончалари юзага келиши керак. 

– Шундагина биз бутун дунёда оммабоп бўлган ижтимоий ва оммавий спорт турини янги босқичга кўтаришимиз мумкин. Болалар ва ўсмирларни футболга жалб қилиш орқали биз қимор ўйинлари ва гиёҳвандлик муаммосини сезиларли даражада ҳал қила оламиз, – деди Қ. Тўқаев. – Тегишли вазирлик, Футбол Федерацияси, маҳаллий ижро ҳокимияти идоралари, тадбиркорлар амалий жиҳатдан клуб футболини тижоратлаштиришни бошлашлари керак. Клублар фақат минтақавий бюджетларга таянмасликлари жоиз, улар бутун дунёда бўлгани каби, ўзлари ҳам пул ишлашни ўрганишлари даркор.

Президент спортни, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида оммавийлаштириш саломатлик гарови эканлигини, бу борадаги ишлар давлат томонидан ҳам, бизнес томонидан ҳам давом этиши зарурлигини таъкидлади.

Ноаниқлик даврининг даъватлари

Президент Миллий Қурултой йиғилиши иштирокчиларга мурожаат қилар экан, жаҳон кун тартибидаги масалаларни эътибордан четда қолдирмади.

– Бугунги кунда барчамиз дунё бўйлаб кенг кўламли ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Мисли кўрилмаган можаролар, ўзаро ишончнинг кескин инқирози, халқаро ҳуқуқнинг тобора емирилиши, иқтисодий урушлар жаҳондаги ҳозирги вазиятнинг ажралмас қисмига айланди. Буларнинг барчаси янги технологик тартибнинг юзага келиши, муҳим захиралар учун курашнинг кучайиши, ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирларини қайта шакллантириш, техноген ва табиий офатлар жараёнида содир бўлмоқда. Дунёвийлашув ўз аҳамиятини йўқотмоқда, давлат миллатчилиги, таъсир доираларини тақсимлашга интилиш, жаҳон сиёсатини минтақавийлаштириш биринчи ўринга чиқмоқда, – деди Президент. – Ўнлаб йиллар давомида кўплаб мамлакатларга демократик маънавий-ахлоқий қадриятлар, жумладан, ЛГБТ ҳам татбиқ этилди ва шу ниқоб остида халқаро нодавлат жамғарма ва ташкилотлар уларнинг ички ишларига қўпол равишда аралашди. Шу йўл билан бюджетдаги миллиардлаб долларлар ўғирланди. “Тараққиёт ва демократия”, “инсон ҳуқуқлари”, “матбуот эркинлиги” ва “уюшган жиноятчиликка қарши кураш” тарафдорларининг даромади уларнинг маошларига ҳеч қандай мос келмайди. Шу боис Президент Трамп бошчилигидаги Американинг амалдаги маъмурияти томонидан кенг кўламли суиистеъмолликларни аниқлаш ва сиёсий иккиюзламачилигини фош этиш, анъанавий ахлоқий қадриятларни тиклаш бўйича бошланган тадбирлар қўллаб-қувватлашга лойиқ, – деди у.

Келажак тасвири

Юртбошимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда чуқур ва кенг қамровли ислоҳотлар эндигина бошланди, олдинда машаққатли йўл бор. Биз илғор халқ сифатида фақат олға интилмоғимиз керак, бизга узоқни кўзлаган мақсадлар зарур, келажакни аниқ кўра олишимиз керак. Чунки мақсадни тўғри белгилаш ҳар қандай муваффақиятнинг асосидир.

– Қозоғистон нафақат ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаши, балки жаҳон энергетика бозорининг йирик экспортчисига айланиши керак, – деди Президент. – Референдумда қозоғистонликлар атом электр станциясини қуриш тўғрисидаги қарорни маъқуллади ва бу борадаги ишлар бошланиб кетди. Биз учун стратегик аҳамиятга эга бўлган янги энергетика саноати келгуси ўн йилликларда иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратади. Айнан шунинг учун мен битта эмас, учта АЭС қуриш ва пировардида тўлақонли ядро кластерини шакллантириш зарур, деб ҳисоблайман. Бу вазифанинг беқиёс аҳамиятини инобатга олиб, Президент ҳузурида Ядро энергетикаси агентлигини тузишга қарор қилдим.

Қозоғистон қайта тикланадиган энергия манбаларини ҳам тўлиқ ишга тушириши керак.

Қишлоқ хўжалиги

Қишлоқ хўжалиги улкан салоҳиятга эга. Агросаноат мажмуасини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан залворли ишлар амалга оширилмоқда. Келгуси беш йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ялпи ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар, меҳнат унумдорлигини уч баравар ошириш мақсад қилинган. 10 йил ичида Қозоғистон чуқур қайта ишланган дон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи жаҳоннинг етакчи ўнталигига кириши даркор.

Бундан ташқари, мамлакатимиз ҳудуди бўйича дунёда тўққизинчи ўринда туради, бу эса транзит-логистика соҳасини ривожлантириш учун истиқболли имкониятларни очади. Бу алоҳида эътибор талаб қиладиган стратегик йўналишдир.

 Мақсад аниқ

Давлат раҳбари Қозоғистонда ҳар бир фуқаро ўз салоҳиятини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

– Миллий мақсадимиз Адолатли, Хавфсиз, Тоза, Қудратли Қозоғистонни барпо этиш ғоясидан келиб чиқади. Биз ҳамма учун кенг имкониятлар муҳайё давлатни яратмоқдамиз. Фуқаролари ўз имкониятларини тўла рўёбга чиқара оладиган, ҳалол меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлай оладиган давлат. Бизнинг мустаҳкам пойдеворимиз қонун ва интизомдир. Бу – биринчи навбатда, ҳар бир кишининг шахсий ва умумий интизомини англатади. Бизнинг мафкурамиз содда ва тушунарли. У мисли кўрилмаган геосиёсий бўрон шароитида мамлакат тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига мустаҳкам пойдевор қўйишдан иборат. Давлатимиз тақдири, миллатимиз фаровонлиги ҳам шунга боғлиқ, – деди Президент.

Давлат раҳбари Миллий Қурултой аъзоларига мурожаат қилар экан, улар ташаббусларни илгари суриш орқали кўплаб бунёдкорлик ишларининг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади ҳамда Қозоғистоннинг илғор тараққиёт йўлидан бораётгани туфайли барча ватанпарвар фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

Қурултойнинг бирлаштирувчи кучи

Йиғилишда Парламент Мажлиси депутати Айдўс Сарим, Қўстанай автомобиль транспорти коллежи директори Дмитрий Павленко, Қарағанди вилоят Жамоатчилик кенгаши аъзоси Бекзат Алтинбеков, Team Qazaqstan лойиҳаси раҳбари Ўлжас Сулеймен, ҳуқуқ ҳимоячиси Айгул Ўринбек ҳам сўзга чиқди.

Парламент Мажлиси депутати Айдўс Сарим мафкуравий сиёсатнинг янги концепцияси юзасидан қатор таклифлар билдирди.

Қўстанай автомобиль транспорти коллежи директори Дмитрий Павленконинг сўзларига кўра, бугунги кунда мамлакатда касбий таълимни меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш бўйича кескин муаммо турибди: битирувчилар кўпинча иш топа олмайди, чунки бир неча йил олдин зарур бўлган касбларга бугунги кунда талаб деярли йўқ. 

– Сўнгги йилларда меҳнат бозори сезиларли даражада ўзгарди. Янги мутахассисликлар пайдо бўлди, масалан, мобилограф ва дрон оператори. Янги авлод мутахассисларини тайёрлаш зарур. Шу боис, “Янги касблар атласи”ни янгилаш зарур, бу ишга коллежлар ҳам, иш берувчилар ҳам жалб этилиши керак, – деди у.

Маърузачи, шунингдек, техник ва касб-ҳунар таълими ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида доимий ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади. 

Қарағанди вилояти Жамоатчилик кенгаши аъзоси Бекзат Алтинбеков динга оид масалаларнинг долзарблигини ҳам қайд этди.

– Ота сифатида ташвишланмасдан иложим йўқ. Айрим ёшларимизнинг радикал оқимларга кириб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мадрасаларда таълим-тарбия ишларини такомиллаштириш ва тизимли йўлга қўйиш зарур. Диний таълим муассасаларини назорат қилиш керак, – деди у.

Ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ ҳимоячиси Айгул Ўринбек “Фуқаро жамияти” бўлимида билдирилган қатор таклифлар билан ўртоқлашди. Маърузачининг сўзларига кўра, айни пайтда юртимизда пул йиғувчи турли хайрия жамғармалари кўпайган. Бироқ, уларнинг барчаси ҳақиқатан ҳам «хайрия» учун пул йиғаётганлар эмас. Маблағларнинг бир қисми ноаниқ мақсадларда сарфланган. Бундай тузилмалар сони ортиб бормоқда, лекин назорат йўқ, деди маърузачи.

У суд-тиббий экспертиза билан боғлиқ муаммоли масалани ҳам кўтарди. Тегишли бошқарма Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлигига бўйсунади ва шунинг учун экспертларга босим ўтказиш эҳтимоли мавжуд. Ваҳоланки, ҳар бир экспертиза хулосасига инсоннинг тақдири боғлиқ.

Айгул Ўринбек суд экспертизасини Адлия вазирлиги тасарруфидан чиқариб, фақат Давлат раҳбарига бўйсунадиган Миллий ҳуқуқий экспертиза марказини ташкил этишни таклиф қилди. 

У кўтарган яна бир муаммо онлайн кредитларнинг мавжудлиги ва телефон фирибгарлиги билан боғлиқ. Унинг фикрича, Қозоғистон Республикасининг “Алоқа тўғрисида”ги Қонунида тегишли меъёрларни мустаҳкамлаб, алоқа операторларининг масъулиятини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

quryltai.kz маълумотлари асосида, 2025-03-18, 19:52 726
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.