Қозоғистон мустақил бўлгунга қадар ҳам, турли миллатларни бағрига олган мамлакат сифатида танилган эди. Мустақилликка эришилгач, бирдамлиги ва тотувлиги мустаҳкам давлат сифатида танилди. Ана шу мақсад ва манфаатлар юкини зиммасига олиб, элнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш мақсадида Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилган эди. Жорий йил ушбу воқеага 30 йил тўлмоқда. Элдаги тинчлик ва тотувликни, ушбу йўналишдаги қабул қилинаётган қонунлар ва ташаббуслар, Парламент фаолияти, шунингдек, Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ўрни каби мавзуларни ҳар томонлама муҳокама қилиш мақсадида Сенат депутати Алишер Сотволдиев билан суҳбатлашдик.
– Иттифоқ даврида 1 Май – бошқа байрам сифатида нишонланган. Ушбу санага янгича маъно-моҳият берилиб, собиқ нуқтаи назаримизни бартараф қила олдикми?
– 1 Май Қозоғистонда 1996 йилдан эътиборан, Қозоғистон халқининг Бирлиги куни сифатида, расмий равишда нишонланиб келинмоқда. Дарҳақиқат, бунгача ушбу байрам собиқ Совет Иттифоқи даврида меҳнаткашлар байрами сифатида нишонланарди. Вақт ўзгарди, мазмун-моҳият янгиланди. Элимиз мустақилликка эришган кундан бошлаб, ушбу байрамга ҳам янги шакл берилиб, кўпмиллатли Қозоғистон халқининг бирдамлик кунига айланди. Бугунги кунда 1 Май – элимиздаги тинчлик ва тотувликнинг ёрқин тимсоли. Миллат ва элатларни бирлаштириб, Қозоғистон халқининг ягона мақсад, ягона келажак сари юз бурганини намоён этувчи алоҳида сана.
Халқимизда “Тотувлик йўқ жойда, иш олға босмайди”, деган ибратли нақл бор. Ушбу бирликка асосланган яхлитлик – элимиздаги ҳар бир муваффақият, барқарорлик, тараққиёт ва юксалишнинг асоси. Ҳақиқатан, Мустақил Қозоғистон эришган барча муваффақиятлар – эл ичидаги ҳамжиҳатлик ва барқарорлик, тотувлик ва бирдамликнинг неъмати.
– Ҳар бир тизимли ишда, ўзингиз таъкидлаган барқарорлик туфайли мустаҳкам ҳуқуқий асос шаклланади. Этнослараро тотувликни асраш, уни янада ривожлантиришга имкон берадиган қандай қонуний ташаббуслар йўлга қўйилмоқда? Парламентда кўрилаётган ҳужжатларга тўхталсангиз.
– 2018 йил 5 майда Президент Фармони билан ўзаро тенглик ва бирликни мустаҳкамлаш концепцияси тасдиқланди. Ушбу ҳужжат жамиятдаги тотувлик ва уйғунликни таъминлашнинг муҳим қуроли сифатида қабул қилинди. Парламент ҳамиша бу борада изчил иш олиб боради. Этнослараро тотувлик, умуммиллий бирлик, замонавий хавф-хатарлар ва имкониятлар, дунёвий жараёнлар шароитида жамиятни бирлаштириш масаласи ҳеч қачон кун тартибидан тушмаган. Бу борада Қозоғистон халқи Ассамблеясининг ўрни жуда муҳим. Конституцияга киритилган кўплаб ўзгартиришлар, қонун ҳужжатларига киритилган қўшимчалар, Президентимиз ташаббуслари – барчасининг замирида ана шу ғоя, юрт тинчлиги мужассам. Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 2026 йилгача тараққиёт концепцияси бунинг далилидир. Бу ҳужжат ҳар беш йилда янгиланиб, унинг ҳар бир даври Парламентда муҳокама қилиниб, тасдиқланади. Бирлик – сиёсий қарорларнинг ҳам, мафкуранинг ҳам асосига айланиши керак. Бугунги кунда жамиятимизда турли масалалар кўтарилиши мумкин. Масалан, қўшилган қиймат солиғи бўйича мунозаралар давом этмоқда. Бироқ, бу масалага нафақат солиқ сиёсати ёки иқтисодиёт, балки элимиздаги бирлик қирралари орқали ҳам қарашимиз керак. Қисқа муддатда фойда келтирадиган қарорлар узоқ муддатда ижобий натижа бермаслиги мумкин. Шу боис, ҳар бир қонун лойиҳасини қабул қилишда унинг мамлакат ичидаги барқарорликка ва халқнинг тотувлигига қандай таъсир кўрсатиши инобатга олиниши зарур.
Қозоғистон бугунги кунга қадар қандай ютуқларга эришган бўлса, у иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳада бўлсин, уларнинг замирида мустаҳкам пойдевор, йўлчи юлдузимиз – барқарорлик устувор. Халқнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги ва тотувлиги устувор. Жаҳондаги кескин вазиятни барчамиз кузатяпмиз. Шундай бир пайтда бизни фақат бирдамлик ва барқарорлик ўз мақсадимиз сари етаклайди. Бироқ, ички сиёсатимиз, мафкурамизнинг концепцияси аниқ бўлиши керак. Буни Президент ҳам қайд этди. Биз ўзимизни ким деб биламиз? Тарихга назар ташласак, Қозоқ хонликлари, Алаш Ўрдаси, Сақлар ва Туркий хонлиги, бийлар ва хонлар даври – буларнинг барчаси бизнинг ягона тарихий қадриятларимиз. Биз ушбу ворисдошликни аниқ англаб, унинг асосида миллий ўзлигимизни шакллантиришимиз керак. Келажакда – юз, икки юз, беш юз йилдан кейин – бизнинг авлодимиз ким бўлади? Қайси йўналишни танлайди? Барчаси бугунги қарорларга боғлиқ. Шу боис, бизга беш йиллик эмас, узоқ муддатли, мажмуавий концепция даркор. Бизга миллий мафкура доктринаси керак. Бугунги таҳлил ва тадқиқот ишлари ушбу йўналишда олиб борилмоқда. Энг муҳими, бу ҳужжат қоғозда қолиб кетмай, аниқ ҳаракатга йўналтирилиши лозим. Кучли мафкуравий йўналиши бўлмаса, мамлакат бирлиги барқарор бўлмайди. Буни унутмаслигимиз керак.
– Суҳбатимизни Сенатдаги фаолиятингизга қаратсак. Сиз Ўзбекистон билан дўстлик бўйича депутатлик гуруҳининг аъзосисиз. Яқинда икки давлат Президентлари учрашди ва таҳлилчилар улар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлашмоқда. Сизнингча, бу ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қандай аниқ йўналиш ва соҳалар мавжуд?
– Икки давлат учун тарихий аҳамиятга молик ҳужжатлардан бири – 1998 йилда имзоланган “Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартномадир. Бундан ташқари, стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Бугун биз муносабатларимизни янги босқичга кўтармоқдамиз. Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Давлат чегарасини демаркация қилиш ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Кенг қамровли қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу – амалий ишларнинг инъикосидир . Шунингдек, фақат маълум бир йўналишда, маълум бир соҳалардагина муносабатларни ривожлантиришимиз керак, деб айта олмаймиз. Қозоқ ва ўзбек – қадимдан қондош халқлар. Тарихи – бир илдизли, тақдири – туташ. Шу боис, бизнинг мақсадларимиз ҳам умумий. Биз яхши қўшничилик ва ишончли ҳамкорликка асосланган муносабатни янада мустаҳкамлаймиз.
Январь ойида Шимкент шаҳрида парламентлараро дўстлик комиссиясининг мажлиси ўтди. Унда бир қанча муҳим масалалар кўтарилди. Шахсан мен Сенатдаги Парламентлараро ҳамжиҳатлик комиссиясида Ўзбекистон билан чегарада кооперация маркази ташкил этиш ташаббуси билан чиқдим. Ана шу қонун лойиҳасини ратификациялаш тадбирини ҳам ўзим олиб бордим. Бу – оддий қонун эмас. Бу – аниқ қўшма иқтисодий минтақанинг қурилишига йўл очадиган имконият. У ерда икки мамлакатнинг сармоядорлари заводлар барпо этиб, фабрикалар очиб, янги корхоналарни ишга қўшиш имкониятига эга бўладилар. Биз уларга қонун ва инфратузилма томонидан шароитлар яратамиз, қолганини тадбиркорлар ўзлари амалга оширади. Бу ерда халққа ҳам, бизнесга ҳам йўл очилади.
Шунингдек, биз икки томонлама сайёҳликни ҳам ривожлантиришимиз керак. Самарқанд, Бухоро, Тошкент ёки Қирғизистон Республикасидаги тарихий масканларга келган сайёҳлар ва меҳмонлар мамлакатимиз орқали ўтиши керак. Бизга келган одамлар у томонда сафарини давом эттириши керак. Мана, ушбу соҳада ҳам ишимизни жонлантиришимиз лозим. Мен муҳим деб ҳисоблаган яна бир масала – икки мамлакат зиёлилари ўртасида деярли муносабатлар йўқ. Қирғиз эли билан бизда қозоқ-қирғиз зиёлиларининг анжумани йил сайин ўтади. Жорий йил 14-марта ўтди. Ўзбекистон билан ўртада бундай майдон йўқ. Ушбу йўналишда аниқ таклифлар ишланмоқда. Чунки, қардош мамлакатлар билан муносабатлар нафақат сиёсий, балки маънавий алоқа, маданий ҳамкорликка ҳам тиғиз боғлиқ. Бундан ютамиз, ютилмаймиз.
– Суҳбат учун раҳмат.