Қасим-Жўмарт ТЎҚАЕВ: Ассамблея бирлик ва тенглик, барқарорлик ва тинчлик тимсолига айланди
Астана шаҳридаги Тинчлик ва тотувлик саройида Қозоғистон халқи Ассамблеяси Кенгашининг “Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 30 йиллиги: натижалар ва истиқболли вазифалар” мавзуидаги кенгайтирилган йиғилиши ўтди.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Президентининг ички сиёсат ва алоқалар бўйича Ёрдамчиси Арман Қирқбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти депутатлари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси Кенгаши аъзолари, республика этномаданият бирлашмалари, ҚР жамоат тузилмалари раҳбарлари ва аъзолари иштирок этди.
Ассамблеянинг мамлакатимизда бирдамлик ва тотувликни мустаҳкамлашдаги ўрни, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида аҳамияти таъкидланди.
Ассамблеянинг 30 йиллиги доирасида амалга оширилаётган ишлари сарҳисоб қилиниб, ташкилотнинг фаолиятида кенг жамоатчилик иштирок этаётгани қайд этилди.
Кенгаш иштирокчилари Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 30 йил давомида умуммиллий бирлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, жамиятда бирлик, адолатпарварлик ва тенглик тамойилларини илгари суриш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Кенгашда Қозоғистон халқи Ассамблеяси фаолиятининг истиқболли йўналишлари, этномаданият бирлашмалари, шунингдек, Оқсоқоллар ва Оналар Кенгашлари ҳамда ҚХАнинг хайрия фаолиятини кенгайтириш, этномедиация институти ва Ассамблеянинг илмий-таҳлилий фаолиятини ривожлантириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
– Бугунги учрашув алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Бу йил Қозоғистон халқи Ассамблеяси ташкил этилганига 30 йил тўлди. Барчангизни табриклайман! Бу барча қозоғистонликлар учун муҳим воқеа. Ассамблея бу даврда жамиятда барқарорлик ва тотувликни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшди ва юртимиздаги бирлик ва тенглик, барқарорлик ва тинчлик тимсолига айланди. У миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзига хос беқиёс давлат тармоғи сифатида эътироф этилди. Бу билан Қозоғистонда тинчлик ва тотувликнинг ўзига хос шакли дунёга келди. Ассамблея тарихи мамлакатимиз эгаменлиги йилномалари билан чамбарчас боғлиқ. Хабарингиз бор, ташкилот 1995 йилда Қозоғистоннинг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилган. Бу ташаббус Қозоғистон давлатчилиги шаклланаётган мураккаб бир даврда чуқур сиёсий аҳамиятга эга бўлди, – деди Давлат раҳбари.
Президент Ассамблеяга 2007 йилда конституциявий мақом берилгани, мазкур ташкилот миллий бирдамликни мустаҳкамлашнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганини таъкидлади.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Ассамблея фаолияти янгича ижодий тус олди. Сенатнинг беш нафар аъзоси Ассамблея Кенгаши тавсиясига кўра Президент томонидан тайинланади. Бу қадам барча этник гуруҳлар манфаатларини қонунчилик даражасида ҳимоя қилиш имкониятларини сезиларли даражада оширди. Бундан ташқари, Қозоғистон парламентаризми тарихида илк бор “Ягона давлат – ягона манфаат” деб номланган палаталараро депутатлар гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ ижтимоий тотувликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Эндиликда барча давлат идоралари Ассамблея фаолиятида иштирок этмоқда. Вазирликлар, вилоятлар ҳокимликлари ва барча даражадаги маслаҳатлардан тортиб қишлоқлар ҳокимликларигача ҳеч ким четда қолмади, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент ўтган йили Ассамблея томонидан барча минтақаларда 15 мингдан зиёд тадбир ташкил этилганини таъкидлади.
– ҚХА аъзолари ҳар куни стратегик жиҳатдан самарали, кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида Ассамблея томонидан барча минтақаларда ташкил этилган 15 мингдан зиёд тадбирда 1 миллионга яқин киши иштирок этди. Ўтган йилги баҳорги сув тошқинларида фуқароларимиз жабрланганларга ёрдам қўлини чўзиш орқали ҳамжиҳатликнинг ажойиб намунасини кўрсатди. Ассамблеянинг “Юракдан – юракка” лойиҳаси доирасида 12 мингдан ортиқ кўнгиллилар бирлашди. Улар инсонпарварлик ёрдами тўплашди ва вайрон бўлган уйларни тиклашда иштирок этишди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Давлат раҳбари мамлакат бирлигини мустаҳкамлаш алоҳида стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
– Ассамблея минтақалардаги ишларни жонлантириши керак. Ўтган йили мамлакатимизнинг маънавий, тарихий ва маданий маркази Туркистон шаҳрида янги “Дўстлик уйи” фойдаланишга топширилди. Энди шундай “Дўстлик уйи”ни аҳоли зич жойлашган Алмати вилоятида барпо этиш керак. Бу бино вилоят ижтимоий ҳаёти учун жуда муҳим марказ бўлади. Турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган Қўрдай, Уйғур, Сайрам, Панфилов ва бошқа туманларда “Дўстлик уйи” очилиши керак. Мен бу ташаббусни қўллаб-қувватлайман, – деди Қ. Тўқаев.
Давлат раҳбари ижтимоий тотувлик инфратузилмасини босқичма-босқич кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
– Барча минтақалардаги Дўстлик уйларини фуқароларимиз, керак бўлса, хорижлик меҳмонлар ташриф буюрадиган сайёҳлик йўналишлар харитасига киритиш зарур. Ваколатли идоралар раҳбарлари ва ҳокимлар Ассамблеянинг этномедиация соҳасидаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватласин, – деди Президент.
Президент, шунингдек, этник театрлар фестивалини ўтказишни таклиф қилди.
– “Бирлигимиз – ранг-барангликда” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда маданият ва санъат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш муҳим. Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Федор Достоевский, Михаил Шолохов ва бошқа сиймолар музейлари Қозоғистон маданиятининг бебаҳо хазинасини тўлдиради. Астана ва Алмати шаҳарларида кўргазмалар ташкил этиш, бу музейларни аҳолига янада қулайроқ қилиш учун муҳим аҳамиятга эга. Айрим этномаданият бирлашмаларида ноёб санъат ва этнографик шахсий коллекциялар тўпланган. Бу ҳам мамлакатимизнинг маданий меросига айланиши даркор. Қозоғистонда 9та рус драма театри муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шунингдек, уйғур, корейс, ўзбек, немис каби тўртта ноёб этник театрлар томошабинлар эътиборини жалб этмоқда. Ассамблеянинг 30 йиллиги доирасида Алматида барчани бирлаштириб, Қозоғистон этник гуруҳлари театр санъати фестивалини ўтказишимиз мумкин, – деди Қ. Тўқаев.
Президент Наталья Дубс томонидан кўтарилган театр ва маданият соҳаси учун техник мутахассислар тайёрлаш масаласини ҳам ўринли деб баҳолади.
– Ушбу ташаббусни ўрганиб, уни ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашиш зарур, – деди Давлат раҳбари.
Президент яхши қўшничилик муносабатлари халқларимиз фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.
– Биз қўшни давлатлар билан дўстликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратамиз. Россия Қозоғистоннинг асосий стратегик ҳамкори ва ишончли иттифоқчиси ҳисобланади. Хитой билан ҳамкорлик ҳам чуқур илдизларга эга. Хитой халқи ҳеч қачон қозоқ халқига зарар етказмаган ва бундан кейин ҳам етказмайди. Олатов тоғларида истиқомат қилувчи қирғиз халқи бизнинг қондошимиз. Қадимдан биз ўзбекларни ўз қардошимиздек ҳурмат қиламиз. Туркманлар биз учун қариндош халқ, биз умумий аждодларимизни ҳурмат қиламиз. Қадимий Каспий денгизи соҳилларини баҳам кўрган Озарбайжонга нисбатан ҳам бизда самимий туйғулар бисёр.
Бир сўз билан айтганда, биз барча қўшни давлатлар билан биродарлик алоқаларини давом эттирамиз. Орамизда ҳал қилинмаган муаммолар йўқ. Қозоғистон ва Россия бошиданоқ ўзаро келишувга кўра қитъадаги энг узун қуруқлик чегарасини белгилаб олишди. Яқинда Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон кўп йиллардан бери ҳал этилмаган чегара масаласида муштарак келишувга эришди. Айтишимиз мумкинки, тарихий шартнома имзоланди, биз буни катта ютуқ деб баҳолаймиз. Биз доимо қўллаб-қувватлаб келган қардош давлатлардан хурсандмиз.
Бугунги нотинч замонда ҳамжиҳатлик ва бирдамлик, шубҳасиз, алоҳида қадрият касб этади. Тинчлик ва барқарорлик тақдир бизга инъом этган туҳфа эмас. Улар ҳамжиҳатлигимиз, тинимсиз саъй-ҳаракатларимиз самарасидир. Халқимизнинг энг яхши фазилатлари, айниқса, оғир мусибат тушган дамларда яққол намоён бўлади. Бунга ўтган йили Ақтау яқинида самолёт ҳалокатга учраганида яна бир бор амин бўлган эдик. Фуқароларимиз жабрланганларга ёрдам беришга шошилишди, улар қон топшириш учун навбатда туришди, Озарбайжон элчихонасига гул қўйдилар.
Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, фидойилигига бутун дунё қойил қолди. Ўшанда юртдошларимизнинг қалб саховати, очиқкўнгиллиги, меҳрибонлиги яна бир карра яққол намоён бўлди.
Меҳрибонлик, раҳм-шафқат, хайрихоҳлик миллий ўзлигимизга хос хусусиятлардандир. Биз бу қадриятларни асраб-авайлашимиз ва уларни ёш авлодга етказишимиз керак, – деди у.
Президент Қозоғистон тақдир тақозоси билан хорижда туғилиб ўсган қозоқларнинг ҳам тарихий ватани эканлигини таъкидлади.
– Мамлакатимиздан ташқарида истиқомат қилувчи қозоқларнинг аксарияти она тилини билади, аждодларининг урф-одатларига риоя қилади. Мамлакат бирлиги, энг аввало, бутун қозоқларнинг бирлигидир. Иккинчидан, мамлакат бирлиги бу муқаддас қозоқ заминида истиқомат қилувчи барча этник гуруҳларнинг бирлигидир. Биз буни доимо ёдда тутишимиз керак. Бир пайтлар Қозоғистонга миллионлаб одамлар кўчириб олиб келинган. Қозоқлар уларнинг ҳеч бирини бегона санамай, биродардек қабул қилганлар. Уларнинг миллионлаб авлодлари ҳозир Қозоғистоннинг тўлақонли, масъулиятли фуқаролари. Улар давлатимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшиб, юрт равнақи йўлида хизмат қилмоқда.
Қозоқ халқи Мустақилликка эришгач, юртдошларимиз ўз заминига қайтиш имконига эга бўлди. Қозоғистондан ҳам кўплаб одамлар ўз тарихий ватанларига қайтишди. 4 миллионга яқин юртдошимиз Германия, Польша, Исроилга кўчиб кетди. Уларнинг аксарияти қозоқ халқининг меҳр ва ғамхўрлигини унутмайди. Улар ўз уйлари устига Қозоғистон байроғини осиб, бу билан мамлакатимизга меҳрини намоён этиб турибди.
Улар қозоқ тилида гаплашишади, қозоқ қўшиқларини ижро этади, қозоқ урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилади, ҳар йили Наврўз байрамини нишонлайди. Айтишимиз мумкинки, Қозоғистоннинг барча фуқаролари, хорижда яшаётган барча ватандошларимиз ягона катта оиладир, – деди Давлат раҳбари.
Президент бугунги Қозоғистонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан тегишли хулосалар чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
Албатта, мамлакатимизда фуқаролар бир-бирини ёки минбарда сўзлаётган одамни “бу тилда гапир” деб мажбурламаслиги керак.
Тил масаласини байроқ қилиб олиб, жамиятда низо келтириб чиқаришга, мамлакат ичидаги вазиятни кескинлаштиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга тўсиқ қўйилади ва қонун доирасида жазоланади. Шу билан бирга, гап нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам муайян ташкилотларнинг буюртмаси ва пулини олиб, бузғунчилик ҳаракатларини амалга ошираётган фитначилар ҳақида бормоқда.
Ўтган йили Миллий қурултойда ҳамжиҳатлик, ватанпарварлик, мустақиллик, тотувлик давлатимизнинг асосий қадрияти эканини алоҳида таъкидлагандим. Ҳаммаси шу қадриятлардан бошланади. Шу боис, шу ўринда яна бир бор такрор айтмоқчиман: халқимиз тинчлигини бузиш, юрт ичига раҳна солишни мақсад қилганлар қонун доирасида қатъий жавобгарликка тортилиб, тегишли жазосини оладилар. Бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшган фуқаролар эса доимо эъзозда бўлади.
Гуруч ва курмакни, холис танқид ва асоссиз айбловларни, оғир ботмайдиган таъналар ва жирканч ҳақоратларни ажрата билиш муҳимдир. Қонун олдида барча тенгдир. Шунинг учун ҳам биз мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва тинчликка путур етказувчи ҳар қандай иғвогарликларнинг олдини олдик ва бундан кейин ҳам қатъий чора кўрамиз. Ўзини сўз эркинлиги тарафдори сифатида кўрсатмоқчи бўлган айрим инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, блогерлар, журналистлар мамлакатимизда содир бўлаётган ҳар бир воқеага сиёсий ва салбий сабаблар излаб, ҳақиқатда фитна уюштирмоқда.
Бу Қозоғистондан хорижга кетиб, фуқароларимизнинг халқимизга ҳужум қилиб, у ерда пул олиб, халқимизга ҳужумлар уюштираётган, ҳатто давлат идораларимизни босим ўтказишга уринаётган собиқ Қозоғистон фуқароларига ҳам тегишли. Улар хориждаги фитна уюштирувчилар маблағлари эвазига фаолият юритаётгани сир эмас. Чет элликлар буни демократия дейишади. Ваҳоланки бировнинг пули билан демократияни ўрнатиб бўлмайди. Мамлакатимиз фаровонлиги, жумладан, демократия, сўз эркинлиги учун хорижда ҳеч жон куйдирмайди. Буни аниқ тушуниш муҳимдир.
Яқинда хорижий нодавлат ташкилотларнинг кирдикорлари фош этилди. Шунда уларнинг ғаразли ниятлари, Қозоғистонга раҳм-шафқатсизлиги аён бўлди. Баъзи таниқли грант соҳибларининг ҳам ножўя ҳаракатлари маълум бўлди. Қозоғистонда муаммо йўқ, дейишдан йироқмиз. Албатта, бошқа давлатлар каби бизда ҳам ўз муаммоларимиз мавжуд. Лекин биз уларни бошқаларнинг таълимоти ёки услуби билан эмас, балки миллий манфаатларимиз, қонунчилигимиз доирасида ҳал қиламиз. Ишончим комилки, халқимизнинг мутлақ кўпчилиги ва нияти пок халқаро ҳамкорларимиз ҳаракатларимиздаги мантиқий асосларини тўғри тушунишади. Мафкуравий низолар бизнинг дунёқарашимизга мутлақо ёт. Анъана ва қадриятларимиз, ўзлигимиз ва турмуш тарзимиз халқимизни ягона тарихий, маданий ва сиёсий ҳамжамият сифатида бирлаштириб, унинг яхлитлигини мустаҳкамлайди.
Мовий паспортимиз миллий ўзлигимизнинг яққол тимсолига айланди. Ҳар йили паспортимизнинг нуфузи ортиб бормоқда. Бу халқаро ҳамжамиятнинг бизга қизиқиши ортиб бораётганидан, мамлакатимиз таъсири кучайиб бораётганидан далолат. Ҳар бир қитъанинг турли мамлакатлар фуқаролари доимий яшаш ёки дам олиш учун мамлакатимизни тобора кўпроқ танламоқда. Бу тасодиф эмас. Қозоғистон нуфузли халқаро рейтингларда хавфсизлик кўрсаткичи бўйича атрофимиздаги деярли барча мамлакатлардан олдинда. Қонун устуворлигидаги “Интизом ва хавфсизлик” кўрсаткичига кўра эса 142 давлат орасида 43-ўринни эгаллади, – деди Юртбоши.
Тадбир ниҳоясида Президент ҚХАнинг 30 йиллиги доирасида давлат мукофотларини топширди.
Президент Фармони билан халқлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун бир гуруҳ фуқаролар давлат мукофотлари билан тақдирланди.