26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Кимга ва қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Вилоятимизда истеъмолчи ҳуқуқлари бузилаётган ҳолатлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Бу борада қизиқарли суҳбат тайёрладик. Суҳбатдошимиз ҚР Савдо ва интеграция вазирлигининг Туркистон вилояти бўйича савдо ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш департаменти бош мутахассиси Марғулан Арсланули Амангелди.

– Нима учун бугун сотувчи ва харидор ўртасида муаммо кўп?

– Бу нафақат бизда, балки бутун дунёда учрайдиган ҳолат. Савдо-сотиқ, олди-берди масалаларида ҳар доим шундай норозиликлар учраб туради. Сабаби, бировнинг ҳақини ейиш билан бойиш, даромад орттириш мумкин-да. Лекин сиз ўзингизни алданган, деб ҳисобласангиз, тарозидан ва ўлчовдан уриб қолишди, сифатсиз мол сотишди, деб ўйласангиз, адолатсизликка қарши курашишни ўрганинг. Бу жамиятимизда ниҳоятда кўп учрайдиган, деярли ижтимоий иллатга айланган ҳодиса. Динимизда ҳам бу ҳол қаттиқ қораланади. Шунинг учун сизни алдаган харидор устидан шикоят қилинг. Айбдорни ҚР Маъмурий ҳуқуқбузарликлар Кодексининг 190-моддаси, 1-банди бўйича маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин. Унда жисмоний шахслар учун 10, кичик бизнес учун 20, ўрта бизнес учун 30 ва йирик бизнес учун 50 ОҲК миқдорида жарима кўзда тутилган. Ушбу Кодекснинг 685-моддаси, 1-бандига биноан бундай ҳолатлар ҚР ички ишлар органлари томонидан кўриб чиқилади. 

– Истеъмолчи савдо-сотиқ жараёнида алданиб қолмаслик учун, биринчи навбатда, нималарга эътибор қаратиши керак? 

– Биринчи навбатда, харид қилинган товарларнинг (ишлар, хизматлар) сифати, тўлиқлиги, вазни, ҳажми, миқдорини текшириш, хусусиятларини текшириш ёки товарлардан тўғри ва хавфсиз фойдаланишни намойиш қилишни талаб қилиш тавсия этилади. Агар шу талаб бажарилмаса, ҚР «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 13-моддасига мувофиқ ҳаракат қилиш мумкин.

– Вилоятда алданиб қолган фуқароларга қандай амалий ёрдам кўрсатилади? 

– Вилоятимизда истеъмолчиларга 13 миллиондан зиёд тенге қайтарилди. Бу иш 2025 йилнинг дастлабки уч ойида бажарилди. Вилоят савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаментига йил бошидан буён 461та шикоят келиб тушди. Улардан 420 нафари бўйича бевосита ёрдам кўрсатилди. Ушбу сўровларнинг 145таси ёзма, 157таси ишонч телефони орқали, 139таси эса шахсан рўйхатга олинган эди. Бундан ташқари, 41та мурожаат бошқа мутасадди идораларга йўлланди. Қонун талабларини бузган тадбиркорларга 314 860 тенге миқдорида маъмурий жарима солинди.

– Аҳоли кўпроқ нимадан шикоят қилган?

– Қабул қилинган арз-шикоятларнинг аксарияти чакана савдога тегишли. Одамларни кўпинча сифатсиз товарларни сотиб олиш, товар алмаштириш ёки қайтариш, шунингдек, маиший хизматларнинг сифатсизлиги (масалан, мебелсозлик ва таъмирлаш) ташвишга солмоқда. Кейин товар сотиб олишда истеъмолчини шартнома тузишга мажбурлаш ҳолати ҳам мавжуд. Масалан, смартфон харид қилишда турли қўшимча иловаларни ёки кафолат кўрсатиш хизматини сотиб олишга «мажбурлаш». Истеъмолчининг ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланиб, харидор турли иловаларни алдаб “ўтказишга” ҳаракат қилади. Кейин “Товар қайтарилмайди ёки алмаштирилмайди” деган эълонлар ҳам айрим савдо ўринларида кўзга ташланади. Лекин улар қонуний кучга эгами, йўқми, буни содда истеъмолчи билмайди. Товар қаерда сотиб олинишидан қатъийназар, (бозорда, арзон ёки қиммат дўконда) истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонун битта. Агар қонунни билмаса, бу сотувчини ёки корхонани жавобгарликдан озод этмайди. 

– Аниқ мисоллар билан айтиб берсангиз.

– Энди вазиятлар турлича. Мисол учун, бир фуқаро Дубайга сотиб олинган, аммо амалга ошмаган сафари учун 1,2 миллион тенгесини қайтариб олишга ҳаракат қилса, яна бир фуқаро 700 тенге қийматидаги паст сифатли ўйинчоқ учун ҳам товон пули талаб қилади. Ушбу ҳолатлар истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги фаоллигини кўрсатади.

– Мутахассис сифатида маслаҳатларингиз...

– Маҳсулотга оид маълумотларни, шу жумладан, кафолат ва амал қилиш муддатини диққат билан ўқиш керак. Агар номаълум интернет-захираларда сотувчининг алоқа маълумотлари ва алмаштириш/қайтариш шартлари кўрсатилмаса, бундай сайтларга буюртма бермаган маъқул. Ҳуқуқбузарликни исботлаш учун фотосурат ёки видеолавҳа тайёрлаб олиш фойдали. Агар фуқаронинг ҳуқуқлари бузилган бўлса, дўкон жавонларида товарларнинг нархи кўрсатилмаган ёки ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларнинг нархи асоссиз юқори бўлса ёки сифатсиз хизмат олган бўлса, бизга – Туркистон вилоятидаги савдо ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаментига мурожаат қилиши мумкин.

Алоқа рақамлари: +7 771 322 8282, +7 700 606 0071, +7 775 224 5616, +7 707 347 3876.

Манзил: Туркистон шаҳри, “Янги шаҳар” кичик тумани, 32-кўча, 16-бино, А корпуси, 427-иш хонаси. Электрон шаклдаги арзлар «Е-otinish» ахборот тизими орқали қабул қилинади.

 – Суҳбат учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА, 2025-04-26, 02:09 41
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.