Очиқ ва самарали мулоқот майдонига айланган Миллий қурултойда мамлакатнинг долзарб масалалари муҳокама қилинмоқда ва халқни ягона мақсад сари бирлаштирмоқда
Жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш, миллат келажагига дахлдор масалалар муҳокама қилинаётган қурултойлар тафаккуримиз ва қадриятларимизни янгилашга хизмат қилмоқда.
Қурултой миллий мафкурани такомиллаштириш учун муҳим майдонга айланди. Уларда муҳокама қилинган фан, маънавият, маданият, кино ишлаб чиқариш, оммавий ахборот воситаларининг келгуси йўналишларига алоҳида ўзгаришлар киритиш юзасидан билдирилган таклифлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Улардан бири – Президент ҳузурида Миллий фанлар академияси ташкил этилди, фан-техника сиёсатини ривожлантириш кенгаши тузилди.
Миллий қурултой 2022 йил 14 июнда Президент фармони билан ташкил этилган. Президент ҳузуридаги маслаҳат органи ҳисобланади. Миллий қурултой фаолиятининг асосий мақсади жамият бирлигини янада мустаҳкамлашдан иборат. Президент – Миллий қурултойнинг раиси. Унинг икки ўринбосари ва бир котиби бор. Қурултой кенгаши таркиби давлат ва жамоат арбоблари, сиёсий партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар, ҳар бир вилоят ва Астанадаги жамоат кенгашлари вакилларидан иборат бўлиб, у вақти билан ўзгариб туради.
Улитауда ўтган Миллий қурултойнинг биринчи йиғилишида Давлат раҳбари 117 кишидан иборат тузилманинг фаолиятини ташкил этиш масаласига тўхталди.
– Миллий қурултой таркибига мамлакатимизнинг барча минтақаларидан вакиллар киради. Қурултойда оқсоқоллар фикри инобатга олиниб, янгича фикрлайдиган ёшларнинг янги ғоялари қўллаб-қувватланади. Қурултой элнинг бирлигини мустаҳкамлайдиган, жамиятни жипслаштирувчи янги ғоялар марказига айланишига ишончим комил, – деди у.
Ушбу тадбирда Давлат раҳбари миллий байрамлар рўйхатига қатор ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидлади.
– Мустақиллик байрамининг асл маъносини ўзгартирмаган ҳолда, сўнгги йилларда унутилган умумхалқ байрами мақомини Республика кунига қайтариш зарур. 1990 йил 25 октябрда Қозоғистоннинг давлат суверенитети тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Бу мамлакатимизнинг Мустақиллик йўлидаги илк қадами эди. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишида Тўнғич Президент Нурсултан Назарбаевнинг хизмати беқиёс. Республика куни мамлакатнинг давлатчилик сари дадил қадами тимсолига айланиши керак. Албатта, Мустақиллик куни асосий миллий байрам бўлиб қолади. Шу куни Мустақилликнинг қўлга киритилишига улкан ҳисса қўшган миллий қаҳрамонларимизга эҳтиром кўрсатишимиз керак, – деди Президент.
Давлат раҳбари шунингдек, Қозоғистон Республикасининг номини ўзгартириш ҳақидаги фикрларга муносабат билдирди
Президент Қ. Тўқаев анчадан буён мамлакатнинг расмий номини ўзгартириш бўйича таклифлар тез-тез айтилаётганини таъкидлади.
– “Стан” сўзи мамлакатимиз учун ҳам, ҳатто бутун Осиё учун ҳам бегона, деб ҳисоблайдиганлар бор. Бу ҳам мантиқан тўғри эмас. Чунки дунёда Покистон, Ҳиндистон, Афғонистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари бор, – деди Президент.
Давлат раҳбари Қозоғистон Республикаси номи билан мамлакат тарихида муҳим шартномалар имзоланганини эслатди.
– Асосийси, биз 30 йил давомида мустақил мамлакатимиз Қозоғистон Республикаси номидан кўплаб халқаро шартномаларни имзоладик. Давлат чегарамизни белгилаб олдик. Бундай ҳолда мамлакатимиз номини ўзгартириш масъулиятсиз қарор бўларди. Бу, аввало, миллий хавфсизлигимиз ва халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган ўта муҳим масаладир, – деди Президент.
Давлат раҳбари маърузаси якунида қозоқ Даштида халқ тақдири ҳал қилинган тарихий масканлар кўплигини эслатди. Улитаудан ташқари, Ўрдабаси, Мартўбе, Култўбе каби муқаддас масканларимиз бор. Шу сабабли Президент қурултойнинг навбатдаги мажлисини Туркистон шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Тадбир якунида Давлат раҳбари атоқли шоир Мухтар Шахановни олий мукофот – “Қозоғистоннинг меҳнат қаҳрамони” унвони билан тақдирлади ва алоҳида орден – “Олтин юлдуз” ва “Отан” орденларини топширди.
– Хабарингиз бор, куни кеча буюк бастакор Шамши Қалдаяқовга ”Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони” унвони берилди. У Мадҳиямиз муаллифи, миллат маънавиятида алоҳида ўрин тутган атоқли шахсдир. Буюк бастакорни эъзозлаш – фарзандлик бурчимиздир. Унинг шоир Мухтор Шаханов билан ҳамкорликда ёзган қўшиқлари мамлакатимизда кенг танилган. Машҳур бастакор ва атоқли шоирнинг дўстлиги барчага ибрат, Шамшининг дўсти Мухтар Шаханов яқинда саксон ёшга тўлади. Унинг ижоди ҳар қандай ҳурматга лойиқ. У жуда адолатпарвар, элига, юртига содиқ ва ватанпарвар инсон. Шунинг учун бугун Мухтар Шахановга “Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони” унвонини бериш тўғрисидаги Фармонни имзоладим, – деди Президент.
Тарихда қолган кўплаб қурултойлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Улардан бири – 1710 йилда жунғорларга қарши кураш учун чақирилган Қорақум Қурултойи. 1726 йилги Ўрдабаси Қурултойи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ўринбордаги Қурултойда эса “Алаш” партияси ташкил топган, яна бир Қурултойда Алаш мухторияти эълон қилинган. Тарихий аҳамиятга эга бўлган Қурултой анъанаси Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг ташаббуси билан ҳозир ҳам давом этмоқда. Бутунжаҳон қозоқлар Қурултойининг биринчи йиғилиши 1992 йилда Алматида ўтган. Унда Туркия, Германия, Франция, Норвегия, Мўғулистон, Хитой, Австрия ва бошқа 33 хорижий давлатлардан 800дан зиёд вакил иштирок этган.
Президент Миллий қурултой фаолиятининг саккизта асосий йўналишини белгилаб берди. Улар давлат рамзларини такомиллаштириш, халқнинг тарихий онгини тиклаш, маданий меросни улуғлаш, авлод тарбияси, ахборот сиёсати самарадорлигини ошириш ва ижодкорлик саноатини ривожлантириш, давлат сиёсатини таҳлил қилиш ва экспертиза қилиш хизмати, чегарадош ҳудудларни ривожлантириш, давлат девонининг ишини такомиллаштириш. Ушбу йўналишларнинг ҳар биридан келиб чиққан ҳолда, долзарб муаммолар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Ижтимоий тадқиқот муассасаларига катта маблағ ажратилмоқда. Аммо иш тизимли эмас, шу боис натижалар сезилмаяпти ва бир-бирини такрорламоқда. Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистонга тадқиқот ва таҳлил фаолиятини самарали олиб борувчи кучли марказлар тармоғи керак.
– Ушбу тузилмалар юқори сифатли заковат маҳсулотларини яратиши керак. Баъзан “Еримиз хорижга сотилаяпти”, деган гап тарқатилади. Бу ёлғон маълумот. Мамлакатимизда ерга оид фундаментал қарор қабул қилинган. Ушбу қарор қонун билан доимий равишда тасдиқланади. Одамларни турли миш-мишларга ишонтирадиган ёлғон маълумотларни тарқатишни бас қилиш керак. Биз аждодларимиз омонатига ҳамиша содиқ қоламиз. Бир парча еримизни, бир ҳовуч тупроғимизни чет элликларга бермаймиз. Биз уни кўз қорачиғидек асраймиз. Чегара яқинидаги аҳоли манзилларидаги аҳвол заминимиз яхлитлигига, юртимиз фаровонлигига бевосита таъсир кўрсатади. Аслида, бу стратегик аҳамиятга эга масала. Афсуски, чегарага яқин айрим аҳоли манзилларида аҳоли сони кескин камайди. Бунга, шубҳасиз, ўз вақтида туманларни бирлаштириш тўғрисидаги қарорлар сабаб бўлди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Миллий қурултойда кўплаб тарихий қарорлар қабул қилинди. Масалан, Қатўн-Қарағай, Марқакўл ва Мақанши туманлари қайта тикланади. Президент йиғилишда вазирлар ва ҳокимлардан касбий маҳорат ва ватанпарварликни талаб қилишини маълум қилди.
– Уларнинг Президентга содиқлиги мен учун муҳим эмас. Давлат раҳбарини мақташдан кўра, ишни ҳалол бажариш, халқ олдида обрўли инсон бўлиши муҳимроқдир, – деди Давлат раҳбари.
Миллий қурултойнинг учинчи йиғилишида Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳақиқий ривожланган давлатга айланиш учун фақат иқтисодий масалаларни ҳал этишнинг ўзи етарли эмаслигини айтди.
– Ўтган йил кузда мен ўз Мактубимда янги иқтисодий сиёсатга ўтиш ҳақида эълон қилган эдим. Февраль ойи бошида Ҳукумат алмаштирилиб, унинг зиммасига янги вазифалар юклатилди. Бироқ, чинакам ривожланган давлатга айланиш учун фақат иқтисодий масалаларни ҳал этишнинг ўзи етарли эмас. Биз нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки мафкуравий соҳада ҳам йўналишларни белгилаб, ҳар томонлама ҳаракат қилишимиз керак. Шу боис, бу йил Миллий Қурултойнинг навбатдаги йиғилиши ёзда эмас, балки анча олдинроқ ўтказилмоқда. Шу муносабат билан қуйидаги долзарб масалаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу, энг аввало, халқимиз бирлигини мустаҳкамлашда ниҳоятда муҳим. Биласизлар, мен бу ҳақда бот-бот айтаман. Муштарак интилишлар билан бирлашган халқ ҳеч қачон мағлубиятга учрамайди ва доимо олдинда бўлади. Халқ бирлигини мустаҳкамлашда зиёлилар, айниқса, кекса авлод вакиллари алоҳида ўрин тутади. Халқнинг бирлиги зиёлиларининг бирлигидан бошланади. Мухтасар қилиб айтганда, жамиятимиздаги таниқли ва обрўли инсонлар ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик муҳим аҳамиятга эга. Улар халқимизга ибрат бўлиши, миллат бирлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни тўғри тарбиялашга ҳисса қўшишлари керак, – деди Президент. – Сўнгги пайтларда қадимий ўтмишнинг турли воқеалари, машҳур тарихий шахслар атрофида кўп муҳокамалар юритилмоқда. Иш шу даражага етдики, ёзувчи ва шоирларимиз Чингизхоннинг келиб чиқиши тўғрисида қизғин баҳс юритадилар. Уларда «Алаш” ҳаракати етакчилари билан шўролар давридаги етакчиларимизни қиёслаб, бир-бирига қарама-қарши қўяди. Бундай баҳс-мунозараларда ҳақиқатга эришиш қийин. Буни уддасидан чиқсак ҳам, жамиятга салбий таъсир кўрсатадиган бундай қуруқ сафсаталарнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ўтмишдаги барча сиймоларимиз ўз қарашлари, дунёқараши асосида халқига хизмат қилганлар. Улар бир-бирларининг қарашларини танқид қилди, кейинги авлодлар эса уларнинг қайси бири тўғри, ким нотўғри эканлиги ҳақида баҳслашдилар. Умуман олганда, турли тарихий шахсларни, тарихнинг ўтмиш ва янги даврларини қарама-қарши қўйиш ва шу асосда хулоса чиқариш мумкин эмас. Зеро, моҳиятан буларнинг барчаси бизнинг тарихимиз, халқимиз босиб ўтган шонли йўлдир. Қандай бўлмасин, биз ўз тарихимизга холис муносабатда бўлишимиз ва уни борича қабул қилишимиз керак. Тарихимиз миллатни бирлаштириш омилига айланиши керак.
Президент интернетдан номақбул фойдаланиш болаларнинг билим олишига салбий таъсир кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.
– Ахборот технологияларининг фақат фойдали томонини олиб, зарарли томонига эҳтиёт бўлиш керак. Очиғини айтганда, бу бола тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Афсуски, бу ҳақиқат. Нафақат болалар, балки ота-оналар ҳам ижтимоий тармоқлардаги бемаъни контентларга ҳаддан ташқари берилиб кетган. Биз биринчи навбатда ёшларни китоб ўқишга ундашимиз керак. Шундагина биз оммавий китобхон давлатга айланамиз. Мустақиллик даврида мамлакатимизда кутубхона иши эътиборсиз қолди. Тўқсонинчи йилларда, ёдингизда бўлса, минглаб кутубхоналар ёпилди. Биз миллионлаб китобларни йўқотдик. Сўнгги йилларда йўл қўйилган хатоларни тўғирлаш чоралари кўрилди. Биринчи навбатда кутубхона масаласи бўйича тегишли ишлар олиб борилди. Зеро, кутубхона – давлат ва миллатнинг асосий хотирасидир. Уларда мамлакатимизга оид кўплаб қимматли тарихий маълумотлар ва материаллар сақланиб келмоқда. Шу боис кутубхона ишини ривожлантиришни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Китоб ўқувчига очиқ бўлиши керак. Маълумки, ўтган йили Туркистонда ўтган анжуманда мамлакатда 24 соатлик замонавий кутубхона ташкил этиш ҳақида фикрларимни илгари сурган эдим. Бундай кутубхоналар кўплаб мамлакатларда мавжуд. Менинг номимдан шундай ажойиб бинолар тез орада Алмати ва Астана шаҳарларида қад ростлайди. Умуман, бу соҳани такомиллаштириш учун бошқа кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Ўз навбатида Президент депутатларнинг Миллий китоб кунини белгилаш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
– Алматидаги айрим кутубхоналар замонавий талаблар асосида замонавийлаштирилди. Бу ерда ёшларнинг ижод билан шуғулланиши, билимини ошириши учун барча имконият яратилган. Вилоят ҳокимлари бу амалиётни давом эттириши керак. Китобсеварлик – эзгу сифатдир. Кўплаб мамлакатлар Миллий китоб кунини нишонлайди. Бўрихан Нурмухамедов, Айдўс Сарим, Данияр Ашимбаев бошчилигидаги қурултой аъзолари ана шундай ташаббус билан чиқди. Мен уларнинг Миллий китоб куни ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлайман. Лекин байрамнинг мазмунига алоҳида аҳамият қаратишлари керак. Масалан, турли тадбирлар ташкил этиш, махсус ярмаркалар ўтказиш керак. Дарҳақиқат, илғор давлат бўлишнинг тўғри йўли китобхонликни юксалтиришдир. Шундай экан, имкон қадар жамиятда китоб мутолаа маданиятини қарор топтиришимиз керак, – деди Президент.
Қурултойда кўтарилиши зарур бўлган масалалар ҳам етарли. Уларнинг айримларига тўхталамиз.
Таълим соҳаси ёшларга фақат билим берибгина қолмай, ижтимоий ҳаётга мослашиш жараёнида улардан фойдалана билиш кўникмасини ҳам бериши керак. Таълим жараёнининг тарбиявий жиҳатини кучайтириш муҳимдир. Ватанпарварлик, ахлоқ-одоб қоидалари, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик, жисмоний ва маънавий тараққиёт, қонунга риоя қилиш. Ушбу қадриятлар, мулк шаклидан қатъиназар, барча ўқув юртларида ёшларнинг онгига сингдирилиши керак. Қўпмиллатлилик ва кўп тиллилик ана шу қадриятларнинг бири ва мамлакатимизнинг асосий устунлиги ҳисобланади. Конституциямизга мувофиқ давлат тили қозоқ тили ҳисобланади. Давлат идораларида у билан бир қаторда расмий тил сифатида рус тилидан фойдаланилади. Бу Конституциямизнинг асосий қоидаларидир ва уларни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қозоқ тилини режали турда ривожлантиришга рус тили ҳеч қандай путур етказмайди.
Бизга давлатнинг келажаги, истиқболи учун нима керак? Бунинг учун давлатнинг энг асосий ташқи сиёсати – қўшнилар билан тинч-тотув яшаш. Бусиз давлатнинг келажаги порлоқ бўлмайди.
Соғликни сақлаш тизими сифат жиҳатидан ривожланиб бормоқда. Халқ саломатлиги кўрсаткичларининг яхши жўшқинлигига эришилди. Туғилиш кўпайди ва умр ёши узайди.
Мамлакатда илғор даволаш-ташҳис мажмуалари, тиббиётнинг асосий йўналишлари, шу жумладан, энг янгилари бўйича ўнлаб марказлар барпо этилди, транспортда тиббий хизмат кўрсатиш ривожланмоқда.
Мамлакатимизда инновациявий грантлар ажратиш орқали истиқболли илмий тадқиқотларни молиялаштиришга бюджет харажатлари кўпайтирилмоқда. Мамлакат олимларини қўллаб-қувватламоқда.
Тиббий хизматларнинг ҳаммабоплиги ва сифатини ошириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш инсон имкониятлари даражасини юксалтиришнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Бу борада ҳам қатор давлат дастури амалга оширилмоқда, лекин ижтимоий тармоқларда бу масалалар етарли даражада ёритилмаяпти.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тараққий этган мамлакатларда ИЯМнинг қарийб 10 фоизи сайёҳлик кластер улушига тўғри келади. Бизда эса – 1 фоиздан ҳам кам. Демак, бу масала ҳам Қурултойнинг эътиборидан четда қолмаслиги керак.
Ижтимоий янгиланиш – бу Парламент ва Ҳукуматнинг, Қозоғистондаги барча масъулиятли кучлар – партиялар жамоат бирлашмалари, ижодий ва касаба уюшмалари, оммавий ахборот воситалари, мамлакатимиз барча ватанпарварлари фаолиятининг бош масаласи. Биз Ватан фаровонлиги йўлида барча кучларни бирлаштиришимиз керак.
Ҳозир мамлакатимиз ислоҳотлар билан тараққиётнинг янги даврига қадам босди. Яъни, барча саъй-ҳаракатларимиз рақобатбардош, турмуши фаровон, иқтисодиёти бақувват мамлакат барпо этишга қаратилган бўлиши керак. Бу йўлда биз учун энг муҳими – мустақил Қозоғистоннинг яхлитлиги ва барқарорлиги.