26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Республика кунида Туркистонда 14та кўп қаватли уй, қарийб 600та хонадон фойдаланишга топширилди

Туркистон шаҳрида Республика куни ва Шаҳар куни арафасида Маъмурий-ишбилармонлик маркази ҳудудидаги етти қаватли 14та турар жой фойдаланишга топширилди. Мазкур хайрли иш давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг топшириғи доирасида амалга оширилди.

Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров янги хонадон соҳибларининг қувончига шерик бўлиш учун махсус ташриф буюриб, уларга хонадон калитларини топширди. Вилоят ҳокими аҳолини янги уйлари билан табриклаб, оилаларига тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилади.

– Барчангизни миллий байрамимиз – Республика куни билан чин қалбимдан табриклайман! Республика куни мамлакатимиз давлатчилиги ва мустақиллик қадриятларини улуғлайдиган муҳим байрамдир. Ана шундай қутлуғ сана арафасида шаҳар аҳолисига уй-жой калитларини топшириш маросимида иштирок этмоқдамиз.

Халқимизда «Ўз уйим – ўлан тўшагим» деган ҳикматли мақол бор. Дарҳақиқат, уй-жой инсонга қулай ҳаёт бағишлайдиган маскангина эмас, балки ҳар бир оиланинг бахти, фаровонлиги ва эртанги кунга бўлган ишончининг таянчидир. Бугун уй-жойга эга бўлиб, янги ҳаёт сари қадам қўяётган оилалар учун бу куннинг аҳамияти беқиёс.

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев аҳоли турмуш сифатини ошириш ва фуқароларни арзон уй-жой билан таъминлашни давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб келмоқда. Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида вилоятимизда уй-жой қурилиши изчил давом эттирилиб, фуқароларнинг уй-жой муаммосини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

2018–2025 йилларда Туркистон вилоятида уй-жой навбатида турган фуқароларга умумий майдони 1 миллион 261 минг квадрат метр бўлган 23 633та хонадон топширилди. Бугун эса Туркистон шаҳрида жами 588та хонадондан иборат 14та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилмоқда. Янги хонадонларингиз қутлуғ бўлсин! – деди Нуралхан Кўшеров.

Шунингдек, вилоят ҳокими аҳолини ҳовлиларни тоза сақлашга, атроф-муҳит ободонлиги ва озодалигини таъминлашга фаол ҳисса қўшишга чақирди.

Тантанали маросимдан сўнг вилоят ҳокими ва янги хонадон соҳиблари турар жойларни кўздан кечириб, хонадонларнинг ҳолати билан танишдилар. Замонавий услубда қурилган турар жой мажмуаларида аҳолининг қулай яшаши учун барча шароитлар яратилган.

Янги турар жой мажмуаси умумий 3,5 гектар майдонда жойлашган. Қурилиш ишларини «Dep Group», «FS Development Group», «Bes stroy» ва «ЕвроРемонт Сервис» масъулияти чекланган жамиятлари амалга оширди. Мажмуада жами 588та хонадон мавжуд. Уларнинг 194таси ижара уйлари бўлса, 394таси имтиёзли ипотека кредити орқали берилади. Хонадонларнинг умумий майдони 36 720,6 квадрат метрни ташкил этади.

Байрам арафасида янги хонадонлар калитини олган оилалар учун бу кун алоҳида қувончга бой бўлди. Туркистонликлар ўз мамнуниятларини билдириб, Қозоғистон Республикаси Президенти ва вилоят раҳбариятига миннатдорчилик изҳор этдилар.

Мазкур ишлар уй-жойга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг уй-жой билан таъминланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда вилоят бўйича 3 мингдан зиёд хонадон қурилиши олиб борилиб, 2 434та хонадон аҳоли ихтиёрига топширилди. Жумладан, Туркистон шаҳрида 2 мингдан ортиқ хонадонни ўз ичига олган 43та кўп қаватли турар жой фойдаланишга топширилди. Аниқроқ айтганда, 706та хонадон ижара асосида берилса, 1 382таси имтиёзли ипотека кредити орқали тақдим этилади. Айни пайтда шаҳар бўйича уй-жой навбатида 23 мингдан зиёд фуқаро рўйхатга олинган.

Вилоят ҳокимининг матбуот хизмати, 2026-10-23, 23:01 54
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.