Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кўшеров Сариоғоч тумани аҳолиси билан учрашди. Мулоқот давомида ҳудудни ривожлантириш имкониятлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда аҳоли ўзини қизиқтирган саволларни бериб, таклифларини билдирди.
Дастлаб Нуралхан Кўшеров Сариоғоч туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
– Ўзингизга маълумки, Давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, вилоят ҳокимларига барча туманлар аҳолиси билан учрашиб, мавжуд муаммоларни очиқ мулоқот майдонида ҳал этиш вазифаси юклатилган. Шу боис бугун иссиқхона хўжалиги ривожлангани ва шифобахш санаторийлари билан ажралиб турадиган сўлим Сариоғоч тумани аҳолиси билан учрашаётганимдан мамнунман.
Туманнинг асосий ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларида ижобий ўсиш кузатилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 379,5 миллиард тенгени ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 27,5 миллиард тенгега етди, физик ҳажм индекси эса 111,1 фоизни ташкил этди. Жумладан, қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ҳажми 16,2 миллиард тенгени ташкил этиб, физик ҳажм индекси 111,3 фоизга етди.
Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 49,5 миллиард тенгени ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан физик ҳажм индекси 86,9 фоиз бўлди. Фойдаланишга топширилган турар жойлар майдони 49,4 минг квадрат метрни ташкил этиб, физик ҳажм индекси 103,1 фоизга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми эса 122,2 миллиард тенгени ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,7 фоизга ошди.
Ўтган йили сизлар билан учрашувда кўтарилган ва долзарб масала бўлиб келган «Самал-3» мавзесини ичимлик суви билан таъминлаш ишларини жорий йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган. Шунингдек, Дарбоза қишлоқ округидаги Қурисой, Тасқудуқ ва Сарисув аҳоли пунктларига табиий газ етказиб берилади. Натижада йил якунига қадар туманда ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 100 фоизга, табиий газ билан таъминланиш эса 92 фоизга етказилади.
Сариоғоч шаҳридаги А-15 автомобиль йўли бўйида ёритиш ва ободонлаштириш ишлари йил охиригача якунланади. Туман ҳудудидаги 18та аҳоли пунктида 31та болалар ўйин ва спорт майдончаси ҳам йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, вилоятда «Дарбаза – Мақтаарал» темирйўл тармоғи қурилиши олиб борилмоқда. Шунингдек, Сариоғоч шаҳри атрофидаги транспорт ҳаракати зичлигини камайтириш мақсадида узунлиги 102 километр бўлган айланма йўл қурилиши жадал давом этмоқда. Ушбу объектни 2029 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Эришилаётган натижалар, аввало, туман аҳолисининг бирлиги ва ҳамжиҳатлиги, шунингдек, давлат дастурларининг изчил амалга оширилаётгани самарасидир. Бугунги кунда аҳоли томонидан кўтарилган қатор долзарб масалалар ўз ечимини топмоқда.
Асосий мақсадимиз – вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестициялар жалб этиш ва янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли турмуш даражасини оширишдир. Барчангизни ушбу йўлда биргаликда, астойдил меҳнат қилишга чақираман, – деди вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров.
Вилоят ҳокими Сариоғоч тумани қишлоқ хўжалиги, савдо, туризм ва тадбиркорлик соҳаларида юқори салоҳиятга эга эканини таъкидлаб, туман ҳокимига аҳоли фаровонлигини ошириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, иш ўринлари сонини кўпайтириш ва ривожланиш кўрсаткичларини яхшилаш бўйича ишларни кучайтиришни топширди.
Аҳолининг ижтимоий шароитини яхшилаш ва қулай яшаш муҳитини шакллантириш мақсадида туманда қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилиб, халқ фойдаланишига топширилмоқда. Жумладан, ўтган йили «Ауыл – Ел бесігі» лойиҳаси доирасида Дербисек ва Дарбаза аҳоли пунктларида 1,1 миллиард тенге маблағ эвазига 32та кўчада ўртача таъмирлаш ишлари бажарилди.
«Келешек мектептері» лойиҳаси доирасида Сариоғоч шаҳри, Жаскешув ва Дербисек аҳоли пунктларида 900 ўринли мактаблар фойдаланишга топширилди. Сариоғоч шаҳрида 600 ўринли Ўқувчилар саройи қурилиши учун вилоят бюджетидан маблағ ажратилган бўлиб, объектни келгуси йилнинг биринчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида 9 та аҳоли пункти ичимлик суви, 8таси табиий газ, яна 8таси сифатли электр энергияси билан таъминланди. Бу борадаги ишлар жорий йилда ҳам давом этмоқда.
Жумладан, жорий йил бошида «Келешек мектептері» лойиҳаси доирасида Сариоғоч шаҳрида 300 ўринли мактаб фойдаланишга топширилди. Маданият ва Шенгелди аҳоли пунктларида кутубхонаси бўлган 75 ўринли маданият уйлари иш бошлади. Бугун эса Жонариқ аҳоли пунктида 200 ўринли маданият уйи очилди.
Учрашув давомида Нуралхан Ўралбайўғли аҳолини ҳудудларни тозалаш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этишга чақирди.
– Давлат раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда «Тоза Қозоғистон» экологик дастури самарали амалга оширилмоқда. Бироқ жамоат жойларида аҳоли томонидан чиқиндилар ташлаш ҳолатлари ҳануз учраб турибди. «Тозалик – фақат тозаланган жойда эмас, балки асралган жойда» деган тамойилга амал қилиб, ҳар бирингизни ўз ҳовлингиз ва кўчаларингизни озода сақлашга, кўкаламзорлаштириш ишларида фаол қатнашишга чақираман, – деди у.
Вилоятда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ўз ҳудудлари ҳамда уларга туташ майдонларни ободонлаштиришга рағбатлантириш мақсадида 2024 йилдан буён «Үлгілі ауыл» вилоят танлови ўтказиб келинмоқда. Сўнгги икки йилда ушбу танловда Сариоғоч туманидаги Маданият ва Қизилжар қишлоқлари совриндорлар қаторидан жой олди.
Натижада қўшимча бюджет маблағлари ҳисобидан 2024 йилда иккинчи ўринни эгаллаган Маданият қишлоғида спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. 2025 йилда биринчи ўринни қўлга киритган Қизилжар қишлоғида эса спорт мажмуаси қурилиши йил охирига қадар якунланиб, аҳоли ихтиёрига топширилади. Вилоятнинг бошқа илғор қишлоқларида ҳам шундай ижтимоий объектлар барпо этилмоқда. Мазкур ташаббус жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Ўтган йили вилоят ҳокимининг аҳоли билан учрашувида кўтарилган долзарб масалалар назоратга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган эди. Ўтган йилги учрашувда аҳоли томонидан 42та масала кўтарилган бўлиб, уларнинг 38таси ҳал этилди, 2таси бўйича ишлар давом этмоқда. Мазкур масалалар юзасидан туман ҳокими Арман Абдуллаев ахборот бериб, амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Маърузалардан сўнг учрашув савол-жавоб шаклида давом этди. Аҳоли вакиллари вилоят ҳокимига ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича саволлар бериб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. Вилоят ҳокими ҳамда масъул соҳа раҳбарлари кўтарилган масалалар юзасидан тушунтиришлар бериб, уларни ҳал этиш йўлларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида Нуралхан Кўшеров туман аҳолисини шахсий масалалари бўйича қабул қилди. Қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳар бир масала юзасидан тегишли жавоблар берилди.