26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Юртимиз равнақига ҳисса қўшаётган аёл

Илк устози

1962 йил 25 декабрь куни вилоят матлубот жамияти раҳбари Комил Соипов хонадонида дунёга келган чақалоққа Гулчеҳра деб исм қўйдилар. Отасининг эрка қизалоғи мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Шимкент педагогика институтида  «Тарих ва педагогика» ихтисослиги бўйича таҳсил олди. Гулчеҳра умр бўйи ўқиб-ўрганиш, изланишдек шарафли вазифани ўзига касб қилди. У устозлик йўлини ёки илк меҳнат фаолиятини 1985 йилда Жисмоний тарбия билим юртида бошлади. Кўп ўтмай, қаҳрамонимизни М. Сапарбаев номидаги институтга ишга таклиф қилишди. У 1996 йилдан 2000 йилга қадар ўқув бўлимининг мудираси сифатида фаолият юритди. Сўнгра, Қозоғистон Халқлар Дўстлиги университетида фаолиятини давом эттирди.

Иш бошланди... 

Ниҳоят, 2004 йил апрель ойида унинг зиммасига хусусий коллежни бошқаришдек масъулият юкланди. 

Сайрам тумани маркази Оқсувкентдаги собиқ Гуманитар-педагогика коллежи, айни пайтда Анвар Исмоилов  номидаги касб коллежи директори Гулчеҳра Исмоиловани бугун нафақат вилоят зиёлилари, балки республика таълим соҳаси мутасаддилари ва фаоллари ҳам яхши билишади. 

Латофатли ва серғайрат аёл ўзи бошқараётган муассаса ҳақида шундай дейди:

 – Коллежимиз илғор ғоялар ва замонавий таълим талабларига жавоб берадиган инновацион таълим муассасаси.  Бугунги технология жадал ривожланаётган замонавий жамиятда таълим ва тарбиянинг янги усул ва технологияларини белгилаб, шахсни шакллантиришдаги тинимсиз меҳнатимиз ўз самарасини  бермоқда.  

Чунончи, 2016 йилда Миллий бизнес рейтинглари Иттифоқига аъзо мамлакатлар иқтисодиёти раҳбарларини тақдирлаш маросимида  «Соҳа етакчиси» унвонига сазовор бўлдик. Бу мукофот янги босқичга йўл очди. Камина ва дизайн ўқитувчиси Минаввар Соипова Грузияда малака оширдик. Махсус сертификатга эга бўлдик. 2019 йилда  мустақил агентлик томонидан институционал ва ихтисослаштирилган аккредитациядан ўтдик.

  Маълумки, 2022 йил июль ойида муҳтарам Президентимиз Қасим-Жўмарт Тўқаев Янги Қозоғистон ёшлари учун учта муҳим устуворликни белгилади: билимга интилиш, меҳнатсеварлик ва ватанпарварлик. Биз учун ушбу йўналишлар шиорга айланди.   «Қозоғистон Республикасининг энг яхши 100 талабаси» танловида юзимиз ёруғ бўлди. Мутасадди вазирлик раҳбарлигида ўтказилган лойиҳа-танловнинг мақсади – иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш ва муваффақиятга эришган техник ва касб-ҳунар, ўрта мактабдан кейинги таълим ташкилотларининг энг яхши талабаларини элга таништиришдир. «Пазандачилик» йўналиши бўйича 2- босқич талабаси Муҳаммадали Абдусаломов республика танловининг ғолиби бўлди. Астана шаҳрида ўтган «Worldskills- Kazakhstan 2022» («Жаҳон андазалари-Қозоғистон 2022») касбий маҳорат бўйича VII республика чемпионатида иштирокчимиз Бекзод Рўзақулов улкан муваффақиятга эришди. У «плитка ёпиштириш» бўйича ўз касбининг моҳир устаси эканлигини исботлади. Бу муваффақиятларимиз яқин кунлардагиси, холос, иқтидорли ёшларимиз ва муассаса забт этаётган марралар эса  алоҳида мавзу бўлади. 

Мукофотлари

Тиниб-тинчимас коллеж директорининг фаолияти ҳам муносиб баҳоланган. «Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмасига 25 йил» юбилей медали, ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг «Дўстлик», вилоят ўзбек этномаданият  бирлашмасининг «Жамоат жонкуяри», «Қозоғистон фахрийлари» уюшмасининг хайрия ишлари учун «Савоб» ва «Қозоғистон халқи Ассамблеясига 25 йил» юбилей медаллари, Жаҳон андазалари бўйича касбий маҳоратни шакллантириш бўйича: Финляндия, Швеция, Швейцария давлатларининг ўқув марказларидан хорижда тажриба алмашиш учун халқаро даражадаги Сертификат, вилоят таълим бошқармасининг Ташаккурномалари, Сайрам тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан Ташаккурнома, ҚР Таълим ва фан вазирлигининг «Энг яхши таълим ходими» кўкрак нишони,  «Мустақил юрт устози – 2021» республика танловида  тақдим этилган «Таълим аълочиси» кўкрак нишони,  «Сайрам туманининг фахрий фуқароси» унвони ва бошқалар.

Зиёлини зиёли тушунади-да!

Ҳа, ўзбек аёлининг таниқли ва омадли раҳбарга айланишида бевосита оиласи катта аҳамият касб этади. 

Суҳбат чоғида Гулчеҳра опа раҳматли қайнотаси Анвар Исмоиловни бениҳоя эҳтиром билан тилга олганди.

У инсон ҳақида газетамизнинг аввалги сонларида мақола чоп этилди. Шукрки, таниқли олимнинг фарзандлари ҳам олим бўлиб етишишди, отасининг шарафли ишини давом эттиришмоқда. 

Қаҳрамонимизнинг турмуш ўртоғи Алишер Исмоилов М. Ауэзов номидаги ЖҚДУда профессор, техника фанлари доктори сифатида илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшди. У Астанадаги «Қурилиш ва қурилиш материаллари” Миллий тадқиқот маркази» бош директори, М. Ауэзов номидаги ЖҚДУда «Меъморчилик ва қурилиш» илмий-тадқиқот институтининг директори сифатида ҳам мамлакат қурилиш соҳасининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган. 

Гулчеҳра Комил қизига  ҳаёти ва фаолияти давомидаги қийинчиликларни енгишда меҳрибон оиласи – умр йўлдоши, севимли қизлари, куёвлари ва неваралари доимо таянч.

Жамоа нима дейди?

Қисқа вақт ичида салмоқли ишларни амалга оширишга улгурган коллеж жамоасининг келажакдан умиди катта. Айни дамда улар Давлат раҳбари белгилаган вазифаларни имкон қадар бажаришга киришган. Натижаси эса... Илми, иқтидори, салоҳияти билан ўқув масканини битириб чиқаётган шогирдлари-талабалари мисолида кўриш мумкин, шунинг ўзи даргоҳнинг улкан муваффақияти. 

Ҳа, бугунги кунда ёш авлодга сифатли хизмат кўрсатиб, касб-ҳунар ўргатишда давом этаётган жамоага чинакам зиёли, илғор, хайрли ишлари билан танилган раҳбар етакчилик қилмоқда. Унинг Янги Қозоғистоннинг таълим сифатини оширишга ҳисса қўшаётган қизғин фаолияти муваффақиятларга тўла бўлсин! 

Н. МАВЛОНОВА, 2023-01-17, 20:50 1048
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.