Туркистондаги Халқаро сайёҳлик ва меҳмондўстлик университети ректори Алибек Жумабекули Шўқпаров билан Мусоҳаба
– Ҳурматли Алибек Жумабекули, ҚР Тўнғич Президенти Н. Назарбаевнинг 2018 йил 19 июндаги Туркистон вилоятини ташкил этиш, марказини Туркистон шаҳри этиб белгилаш тўғрисидаги 702-сонли тарихий Фармонидан сўнг, сиз раҳбарлик қилаётган университет биноси қурилишига киришилди.
Ҳазрат Яссавий мақбараси жойлашган ҳудудда давлат эҳтиёжи мақсадида янги бинолар барпо этиш учун хусусий уйларни бузиб, аҳолини кўчириш жараёни бошланди. Қаҳратон қиш мавсумида шаҳар ҳокими, марҳум Алипбек Ўсербаев, жамоат ташкилотлари раҳбарлари Жарилқасин Азретбергенов, Жарқинбек Қулбайимбетов, Аскер Абдиханов ва депутатлар биргаликда ҳар бир хонадон эшигини қоқиб, Туркистоннинг истиқболи, давлатимиз сиёсатини сабр-тоқат ила тушунтирганимиз ёдимда. Мана, ўша бузилган хусусий уйлар ўрнида янги иншоотлар, хусусан, сиз раҳбарлик қилаётган халқаро туризм ва меҳмондўстлик университети бунёд этилди. Ўтган йили дорилфунунни илк талабалар тамомлади. 12 февралда Сизнинг олий ўқув юртига раҳбар этиб тайинланганингизга бир йил тўлади. Кўп янгиликларнинг гувоҳи бўляпмиз. Фаол обуначимиз сифатида янгиликлар, режалар ҳақида баён этсангиз.
– Қозоғистонда фаолият юритаётган 119та олий ўқув юртларининг 42таси сайёҳлик соҳаси учун мутахассислар тайёрлайди. Бизнинг университет Давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг кўп қаватли, мустаҳкам қалъа сифатида бунёд этилган кўркам биноси Ҳазрат Яссавий мақбараси ҳудудида жойлашган. Туркистонга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи, сайёҳ университетимиз билан яқиндан танишиш имконига эга. Дуал ўқитиш тизимига кўчганмиз, яъни, талабаларнинг 60 фоиз вақти хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиётда, қирқ фоиз вақти университетимиз аудиторияларида билим олишга сарфланади. Республикамиздаги 90га яқин йирик сайёҳларга хизмат кўрсатиш масканлари билан шартнома тузганмиз. Хусусан, машҳур RIXOS меҳмонхоналар мажмуасида меҳнат қилаётган талабаларнинг 82 фоизи бизнинг дорилфунундан. Хорижга, Туркиянинг Анталия ва қатор бошқа сайёҳлик агентликлари сўровномаси бўйича 22 нафар аълочи талабага йўлланма берилди. ҚР Маориф вазирлиги таклифи асосида 200та қўшимча лицензия олинди. Тўрт йиллик ўқув дастурини уч йилга қадар камайтириш, эвазига амалиётни кўпайтириш тўғрисидаги таклифимизни талабалар тўғри қабул қилишди. Ўқув-машғулотларини қозоқ, рус тиллари билан биргаликда инглизчага ҳам ўтказишни лозим топдик. Бундай иш тажрибани Самарқанд шаҳридаги университетда кузатиб, пировардида ўзимизда ҳам қўллашни бошладик, сабаби, жаҳон андазаларига мувофиқ бўлиш учун, албатта, талабаларимиз инглизчани мукаммал ўзлаштирмоғи шартдир.
Давлатимиз Туркистон шаҳрига бир йилда 5 миллиондан зиёд зиёратчи ва сайёҳларнинг ташрифини режалаштирмоқда. Бунинг учун барча зарур шароитлар муҳайё. Бу биз учун ҳам улкан масъулият. Зеро, меҳмонларга жаҳон андазалари даражасида юксак савияда хизматларини тақдим этишни фақат малакали мутахассислар ёрдамида амалга ошириш мумкин.
– “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририяти доимий обуначи сифатида сайёҳлик ва меҳмондўстлик университети реклама варақаларини Кентов, Туркистон шаҳарлари ва Саврон, Сўзоқ туманидаги барча мактаб, коллеж ва ташкилотларга холис ёрдам сифатида тарқатиб бермоқда.
– Холис кўмакларингиздан беҳад миннатдормиз. Ўтган йили университетимизни илк 460 нафар олий маълумотли, дипломли мутахассис тамомлади. Вилоят ҳокимлиги қошидаги CONGRESS HALL мажмуасида битирувчи талабаларга тантанали равишда дипломлар тақдим этишга бағишланган маросим юксак савияда ўтди. Битирувчиларимизнинг 414 нафари бугунги кунда ўз соҳалари бўйича доимий иш билан таъминланганлиги тинимсиз ва муштарак меҳнатимиз маҳсулидир. Талабаларни ўқишга қабул қилишда илгариги 50 балли кўрсаткични 65 баллга кўтардик. Қувонарлиси, кириш имтиҳонларида билим кўрсаткичи 100 баллдан юқори бўлган талабаларимиз сони 32 фоизга кўпайди. Авваллари талабаларимиз, асосан, Шимкент, Қизилўрда, Жамбил, Туркистон вилоятларидан келишарди. Ўтган ўқув йили университетимиз талабалари контингенти Қозоғистоннинг барча вилоятлари ҳамда йирик мегаполисларини тўлиқ қамраб олди. Бу – яна бир муҳим, улкан ютуғимиз. ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Кемелули Тўқаевнинг туркийлар оламининг маънавий пойтахти ҳамда жаҳон сайёҳлик маркази бўлган Туркистон шаҳрига махсус мақом бериш хусусидаги ташаббуси университетимиз тараққиётида самарали бўлганлигини эҳтиром ила таъкидлайман.
– Халқаро университет талабалари учун тиббий хизмат ва умумий овқатланиш соҳаларида ўзингизнинг саъй-ҳаракатларингиз ила амалга оширилган кўламдор янгиликларга тўхталсангиз.
– Талабаларимиз ва профессор-ўқитувчиларимиз сони 3200 нафар. Уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 25 миллион тенге сармоясини шу соҳага жалб этган хусусий тадбиркор билан шартнома туздик. Худди шу тарзда умумий овқатланиш шохобчасини ҳам ташкил этдик. Қозоғистондаги олий ўқув юртлари талабаларининг май-июнь ойларида XIII ёзги республика мусобақаларини ҳам айнан бизнинг университетимиз шафелигида Туркистон шаҳрида ўтказиш режаланганини фахр билан таъкидлайман.
– Сизга мустаҳкам саломатлик, масъулиятли вазифаларни мақсад тутган режаларингизга омад тилаймиз.