26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Фуқaролaрни бaнкрот деб топиш: тaртиби вa қоидаси қaндaй?

Ўтган йил 30 декабрда Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев “Қозоғистон Республикаси фуқароларининг тўлов қобилиятини тиклаш ва банкротлиги тўғрисида”ги Қонунни имзолади. 3 мартдан бошлаб қарзини тўлай олмаган фуқаролар ушбу Қонунга мувофиқ банкротлик тўғрисида ариза бериши мумкин. Банкротликни ҳамма ҳам расмийлаштира олмайди. Буни кимдир билса, кимдир билмаслиги мумкин.

Жисмоний шахсни банкрот деб топишнинг тартиби қандай? Ким ўзини банкрот деб эълон қила олади? Унинг оқибатлари қандай бўлади?

Банкротлик тўғрисидаги Қонун қандай амалга оширилади?

Молия бозорини созлаш ва ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йил охирига келиб қозоғистонликларнинг кредит қарзи 14 триллион тенгега етган. Шу жумладан, истеъмол кредитлари миқдори 8 триллион тенгени ташкил қилди. Давлат даромадлари қўмитасининг маълумотларига кўра, 1,5 миллион шахснинг молия муассасалари олдидаги қарзини тўламай юрганига 90 кундан ошган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта кредитга олганлар ҳам бор. Яъни, фуқароларнинг тўлов қобилиятининг ёмонлашиши уларни ушбу чорага мажбур қилди, деган хулосага келиш мумкин.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида жисмоний шахсларнинг банкротлиги институти ташкил этилган мамлакатлар тажрибаси ўрганилиб, тегишли меъёрлар қабул қилинганини таъкидладик. Шундай қилиб, банкротликнинг 3 тури жорий этилди. Улар суддан ташқари банкротлик, суд банкротлиги ва тўлов қобилиятини тиклашдир. Банкротлик ҳақида фақат қарз олувчининг ўзи ташаббускор бўлиши мумкин, яъни кредит берувчининг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқи йўқ. 

СУДДAН ТAШҚАРИ БAНКРОТЛИК ШAРТЛAРИ ҚAНДAЙ?

Биринчи тури – суддан ташқари банкротлик. Ундан фақат банклар, микромолия ташкилотлари ва инкассация агентликлари олдидаги қарзлар учун фойдаланиш мумкин. Aгар қарз олувчи – жисмоний шахснинг банклар, микромолия ташкилотлари ва инкассация агентликлари олдидаги қарзи 1600 ойлик ҳисоб-китоб кўрсаткичидан ошмаса (2023 йилда бу 5 миллион 520 минг тенге), у ҳолда у суддан ташқари банкротлик турини қўллаши мумкин. Aммо қарз олувчи қуйидаги талабларга амал қилиши керак:

* қарз 5,52 миллион тенге (1600 ОҲК)дан ошмаса;

* кредит 12 ой давомида қайтарилмаган бўлса;

* рўйхатга олинган мол-мулки, шу жумладан, шериклик мулки бўлмаса;

* муддати ўтган қарзларни қайтариш вақти тугагач, 18 ойдан ошмаган даврда қарздорга нисбатан кредит шартлари бўйича бажарилмаган мажбуриятларни созлаш ёки қайтариб олиш борасида ишлар олиб борилган бўлиши керак. 

Банкротликнинг ушбу турига манзилли ижтимоий ёрдам олувчилар учун 6 ой давомида ва қарзи тўланмаганига 5 йилдан зиёд вақт бўлган фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин. Суддан ташқари банкротлик “Электрон ҳукумат” порталида бошланади. Сўнгра ахборот тизими орқали давлат органлари маълумотлари билан қарздорнинг белгиланган мезонларга мувофиқлиги бўйича автомат тарзда таққослаш амалга оширилади.

Фуқаро банкротлик тўғрисида ариза билан “Электрон ҳукумат” портали, “Е-salyq Azаmат” мобил иловаси, давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилиши мумкин. Шундан сўнг, ахборот тизимида қарздорнинг белгиланган мезонларга мос келишини аниқлаш учун тегишли давлат органлари маълумотлари билан автоматик таққослаш амалга оширилади.

СУД ОРҚАЛИ БAНКРОТЛИК ҚAНДAЙ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ?

Иккинчи тури – суд банкротлиги. Фуқаролар ушбу тартибдан 1600 ОҲКдан ошган қарзлар (2023 йилда – 5 миллион 520 минг тенге) бўйича ва кредит берувчилар олдидаги барча турдаги қарзлар учун фойдаланишлари мумкин. Суд банкротлиги пайтида қарздорнинг мол-мулки ким ошди савдосида сотилади. Бироқ, бу ерда баъзи эътиборга олинадиган жиҳатлар мавжуд. Кредит берувчи қарздорнинг ягона бошпанасини фақат гаров объекти бўлган тақдирдагина суд орқали олиб қўйишга ҳақли. Қолган тўланмаган миқдор, агар қарздорда мол-мулкни яшириш ёки бу ҳақда ёлғон маълумотлар тақдим этиш белгилари бўлмаса, ҳисобдан чиқарилиши керак.

Суд орқали банкротлик тўғрисидаги иш молия менежерлари томонидан амалга оширилади, улар таркибига иш юритаётган маъмурлар, касбий ҳисобчилар, ҳуқуқ маслаҳатчилари ва аудиторлар киради.

Молиявий бошқарувчилар томонидан кўрсатиладиган хизматлар пулликдир. Уларнинг хизматлари учун тўлов қарздорнинг мулки ҳисобидан амалга оширилади (ойига 1 ОҲК, 2023 йилда – 70 минг тенге).

Тўлов қобилиятини тиклаш тури қандай қўлланилади?

Учинчи тури – тўлов қобилиятини тиклаш, доимий даромадга эга бўлган фуқаролар ушбу тартибдан фойдаланишлари мумкин, бу қарзни суд орқали 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини назарда тутади. Ягона шарт – қарз миқдори қарздорнинг мол-мулки қийматидан ошмаслиги керак. Ушбу тартиб ҳам суд орқали амалга оширилади. Яъни, фуқаролар яшаш жойидаги маҳаллий суд органларига мурожаат қилишлари керак.

Қайта тиклаш чораларига мулкнинг бир қисмини сотиш, мулкни ижарага бериш, янги уй харид қилиш орқали уйни сотиш, арзон уй-жойга алмаштириш ва бошқа чоралар киради.

Банкротликнинг ушбу тури юқоридаги икки хил туридан кўра самаралироқ, оқибатлари енгил, деярли йўқ. Бундай фуқароларга «банкрот» мақоми берилмайди. Қарз олишда ҳеч қандай чекловлар йўқ, молиявий аҳволини мониторинг қилиш амалга оширилмайди. Кредитни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Тўлов қобилиятини яхшилаш учун молиявий маслаҳатчининг ёрдамига мурожаат қила олади. У қарзининг бир қисмини ҳисобдан чиқаришга имконият олади. Aгар суд қарздорга нисбатан тўлов қобилиятини тиклаш турини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилса, молиявий бошқарувчи қарздор билан биргаликда бир ой муддатда тўлов қобилиятини тиклаш режасини тузиши шарт. Режа беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилиши керак. Кейин суд режани кўриб чиқади ва уни тасдиқлайди ёки тўловга лаёқатсизлиги тўғрисидаги ишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади. 

БAНКРОТЛИКНИНГ ОҚИБAТЛAРИ ҚAНДAЙ?

Банкротлик тартибини суддан ташқари ёки суд орқали қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган қарздор қуйидагиларни билиши керак:

– 5 йил муддатга кредит ва микрокредитлар олиш тақиқланади (ломбардлардан микрокредит олиш бундан мустасно);

– қайта банкротликни эълон қилиш фақат 7 йилдан кейин амалга оширилиши мумкин;

– банкрот бўлган шахснинг молиявий аҳволи банкротликдан кейин 3 йил давомида назорат қилинади.

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи илмий ходими Aнна Aльшанская банкротлик тўғрисидаги янги қонун одамларнинг ортиқча қарз олишини камайтиришга қаратилганини таъкидлади. У ўтган йили кредитлаш даражасини пасайтириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани, кредитларнинг аҳоли елкасига юклангани ўта жиддий муаммо эканини таъкидлади.

– Жорий йилдан бошлаб мушкул вазиятга тушган фуқаролар банкротлик тартибидан фойдаланишлари мумкин. Ортиқча кредит олмаслик учун молиявий саводхонликни ошириш, қолаверса, аҳолининг умумий турмуш даражасини яхшилаш муҳим ўрин тутади, – деди Aнна Aльшанская.

– Aйтганча, ўзингизни банкрот деб эълон қилишга шошилманг. Чунки ҳозир кўплаб фуқароларнинг 500 минг тенгегача қарзи бор. Бу 5 йил давомида ўзингизни банкрот деб эълон қилиб юришингизга арзийдиган миқдордаги маблағ эмас. Чунки кейинчалик молиявий аҳволингиз яхшиланиб, даромадингиз ортиб, кредит олмоқчи бўлсангиз, ҳеч бир банк сизга 5 йилгача кредит бермаслигини ҳисобга олишингиз керак. Ҳатто чет элга чиқа олмайсиз. Ҳозир кредитни атайлаб тўламайдиганлар бор. Лекин бу қонун ҳақиқатан ҳам оғир аҳволга тушиб қолган, даромадидан айрилган ёки боқувчисини йўқотган инсонлар учун фойдалироқ. Бундай инсонлар учун бу қонун, албатта, катта ёрдам бўлади, – дейди иқтисодчи олим Мақсат Халиқ.

Эслатиб ўтамиз, Қонун доирасида фуқаролар молиявий саводхонлик курсларидан ўтишлари шарт. Бу чора-тадбирлар фуқаронинг тўлов қобилиятини тиклаш, қарз юкини камайтириш имконини бермоқда.

24. kz. маълумотлари асосида., 2023-02-04, 03:22 827
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.