Вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров 20га яқин Европа давлатларининг Қозоғистондаги элчиларини қабул қилди. “Дўстлик уйи”да ўтган учрашувда минтақанинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдим этилиб, давлатлараро ҳамкорлик алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари олийқадр меҳмонларга Туркистоннинг тарихий ва иқтисодий аҳамияти ҳақида гапириб берди.
– Сизларни Туркий оламнинг маънавий маркази ва Қозоқ хонлигининг пойтахти бўлган муқаддас Туркистон шаҳрида қарши олганимдан мамнунман. Вилоятимиз саёҳатчилар учун беҳад бой қадамжоларга эга. Буюк ипак йўли бўйида жойлашган Туркистон мамлакатнинг тарихий ва маданий маркази ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Қўсим-Жўмарт Кемелули кўмагида вилоятни тараққий эттириш борасидаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ғарб ва Шарқ ўртасидаги савдо алоқалари ва кўплаб тарихий обидалар Марказий Осиёга сармоя жалб қилиш ва жаҳоннинг кўзга кўринган сайёҳлик марказига айланиш салоҳиятини оширади.
Туркий халқларнинг маънавий раҳнамоси Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси шаҳарнинг ташриф қоғозига айланган. Унинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олгани ушбу соҳанинг изчил ривожланишида муҳим омил бўлмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари мамлакатимизга келаётган саёҳатчилар сонининг барқарор равишда ўсиб бораётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Улар нафақат ўлкамизнинг табиий гўзаллиги, бой тарихи, ранг-баранг маданияти ва маҳобатли тарихий ёдгорликларидан, балки халқимизнинг кўп асрлик анъаналаридан, унинг очиқкўнгиллигидан, меҳмондўстлигидан ва албатта, бетакрор миллий ошхонаси таомларидан ҳам завқланишмоқда.
2018 йилда ташкил этилган Туркистон вилояти савдо-иқтисодий алоқаларни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан имкониятларга эга. Аҳоли зичлиги туфайли вилоятда етарлича ишчи кучи ва кадрлар мавжуд. Тадбиркорлик минтақамизнинг устувор йўналишларидан бири. Вилоятда 210 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъекти, жумладан, 160 корхона хорижий сармоядорлар иштирокида фаолият юритмоқда. 2018 йилдан буён вилоятга 9 млрд. АҚШ доллари миқдорида сармоялар жалб этилди. Унинг 63 фоизи хусусий сармоядир. Сармоялар саноат, кўчмас мулк, қишлоқ хўжалиги, туризм ва қайта тикланадиган энергия манбаларига йўналтирилмоқда. Айни пайтда 110га яқин сармоявий лойиҳа мавжуд. 2025-2028 йилларда 19 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Вилоятда “ТУРАН” махсус иқтисодий минтақаси, индустриявий минтақалар, саноат парки фаолият юритмоқда. Европа тадбиркорлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз, – деди Н. Кўшеров.
Учрашувда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко иштирок этди. Европа Иттифоқининг Қозоғистон Республикасидаги элчиси Алешка Симкич элчилар гуруҳининг минтақага ташрифидан кўзланган мақсадга тўхталиб, Қозоғистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлиги ва Туркистон ўлкаси юксак салоҳиятга эга эканлигини таъкидлади.
Тадбирда Буюк Британиянинг Қозоғистондаги элчиси Кети Лич ва бошқа элчилар меҳмондўст Туркистон жамоатчилиги ва минтақа раҳбарига ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга ният билдиргани ва мазмунли учрашув учун миннатдорчилик билдиришди.
Олийқадр меҳмонлар бир қанча сайёҳлик масканларида бўлиб, вилоятнинг сайёҳлик салоҳияти, бой тарихи ва мероси билан танишиб, ушбу соҳани ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, сармоявий дастурлар ва сармоядорлар учун имкониятлар ҳақида саволлар бериб, тегишли маълумотларга эга бўлдилар.
Вилоят туризм бошқармаси раҳбари Нурдаулет Медеуов ва “Turkistan Invest” МЧБ бошқаруви раиси Умирзоқ Юсуповлар вилоятнинг сайёҳлик ва сармоявий имкониятлари ҳақида сўз юритдилар.
Буюк Британия, Польша, Хорватия, Австрия, Болгария, Кипр, Эстония, Германия, Греция, Венгрия, Швейцария, Латвия, Словакия ва бошқа Европа давлатларининг элчилари ва дипломатия вакилларига Туркистон минтақаси ҳақида маълумотлар берилди ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш йўллари муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг Европа элчилари Туркистон яқинидаги кичик саноат парки ва саноат майдончаларини айланиб, уларнинг имкониятлари билан яқиндан танишди.
Элчиларнинг Туркистон вилоятидаги тарихий ва сайёҳлик масканларига саёҳати давомида меҳмонлар Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ва янгиланган Туркистон шаҳри билан ҳам танишдилар.