Сайрам тумани ҳокими А. Сабитов туман аҳолиси билан учрашди. Унда туман бўлимлари раҳбарлари, қишлоқ ҳокимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жамоат ва диний ташкилотлар, шунингдек, ОАВ вакиллари, жамоат фаоллари иштирок этди.
А. Сабитов жорий йилнинг саккиз ойида амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза қилди.
– Тумандаги барча қишлоқларни оралаб, жойлардаги муаммолар билан танишиб чиқдим. Шунга кўра, туманни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришнинг режаси тайёрланди, – деди у.
Сайрам тумани вилоятдаги иқтисодий салоҳияти юксак, ўзига хос тараққиёт йўлига эга йирик туманлардан. Бугунги кунда аҳоли сони 234 мингдан зиёд, вилоят аҳолисининг 11 фоизини ташкил этади. 42та аҳоли манзили мавжуд.
2023 йилги туман бюджети ҳажми 20,3 миллиард тенге. Жорий йилга даромадлар режаси 10 миллиард тенге. Кичик бизнес иншоотларини ўрганиш ва мулкни қайта баҳолаш натижасида бюджетнинг даромад қисми кўпайди. Даромаднинг ортиши туманнинг янада равнақ топиши, долзарб муаммоларни ҳал этилишига хизмат қилмоқда.
Туманда 96та умумтаълим мактаби фаолият юритади. Уларнинг 22таси хусусий мактаблар. Жорий йилда Манкент ва Нуржонқўрғон қишлоқларидаги 2та мактабнинг (Ойнабулоқ қишлоғида 600 ўринли янги бошланғич мактаб, 62-сонли Анортоев номли мактабда 300 ўринли қўшимча ўқув биноси) қурилиши давом этмоқда. “Бадастир мактаб” миллий лойиҳаси доирасида туманда Оқсувкент, Оқбулоқ, Қорасув қишлоқларида 600 ўринли 3та мактаб қурилиши амалга оширилади. Янги шаклда барпо этилган мактабларни яқин икки йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Туманда 41та тиббий ёрдам муассасаси фаолият юритмоқда. Аҳоли сонининг кўпайиши ҳисобига янги тиббий иншоотларга эҳтиёж ошмоқда.
Тумандаги кам таъминланган ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимли равишда амалга оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 2661 оилага манзилли ижтимоий ёрдам тайинланди. 4704 нафар алоҳида ижтимоий ёрдамга муҳтож оила фарзандларига кафолатланган ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Тумандаги 2 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчисига, 431 нафар уруш қатнашчиларига тенглаштирилган ва 409 нафар фронторти меҳнаткашларига ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, оммавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳоли фаровонлигини юксалтиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Жорий йилда “2021-2025 йилларда тадбиркорликни ривожлантириш миллий лойиҳаси”ни амалга ошириш доирасида 7272 нафар фуқарони иш билан таъминлаш режалаштирилиб, у 109,6 фоизга бажарилди.
Тумандаги 42та аҳоли манзилидаги долзарб масалалар ўрганилиб, уларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Келгуси тўрт йилда 116та муаммони ҳал қилиш учун жами 61,6 миллиард тенге маблағ зарур. Барча аҳоли манзиллари марказлаштирилган ичимли сув билан таъминланган. Бундай лойиҳалар ижроси доимий назоратда. Жорий йилда “Қишлоқ–юрт бешиги” дастури доирасида яроқсиз ичимли сув қувурларини алмаштириш учун 100 млн. тенге маблағ ажаратилди.
Шунингдек, Хонқўрғон, Манкент, Оқбой, Қорамурт, Ширкин, Кўлкент, Қўшбулоқ, Қурлиқ қишлоқларининг ичимли сув тармоқларини жорий таъмирлаш, сув таъминоти ва дренаж тармоқларини ишга тушириш учун туман бюджетидан 691,0 млн. тенге ажратилди. Оқсувкент, Жибек жўли қишлоқларида сув қудуқларини қазиш, ўрнатиш, сув насосларини алмаштириш каби ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Қорабулоқ қишлоғига ичимли сув қувурларини тортиш режаси ишлаб чиқилиб, молиялаштириш учун республика бюджетига тақдим этилди. Лойиҳа қиймати 9,3 млрд. тенге.
42та аҳоли манзилининг 34таси (81 фоиз) табиий газ билан таъминланган. Кейинги 5 йилда 15та аҳоли манзили табиий газга уланиб, қамров кўрсаткичи 2019 йилга нисбатан 36 фоизга ошди. Табиий газ билан таъминланмаган 6та аҳоли манзилининг (Қутарис, Қизилжар, Оқсувобод, Аймаут, Ақарис, Кўлкент) газ тизимини қуриш учун 1,5 млрд. тенге ажратилди. Йил охиригача Оқсувобод, Шапирашти ва Береке қишлоқларини табиий газга улаш режалаштирилган.
Барча аҳоли манзиллари марказлаштирилган электр тармоғи билан таъминланган. Жумладан, 1671 чақирим электр тармоқларининг 309 чақирими коммунал хўжалик мулки ҳисобланади.
Туман марказини ободонлаштириш давом эттирилмоқда. Оқсувкент қишлоғининг Абилайхан кўчасидаги марказий майдонни янгилаш режаланган. Шунингдек, туманда қизил чизиқда жойлашган, қурилиш меъёрларига жавоб бермайдиган иншоотлар тартибга келтирилмоқда.
Туман ҳокими А. Сабитовнинг ҳисоботидан сўнг тадбир иштирокчилари маъруза юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Ижтимоий тотувлик муассасасининг Сайрам туман бўлими раҳбари Б. Айтбаев этнослараро муносабатларни мустаҳкамлаш, медиаторлар фаолиятини жонлантириш, аҳоли турмуш маданиятини шакллантириш масалаларига тўхталди. Эндиликда филиал таркибида жами 22та касбий медиатор хизмат кўрсатмоқда.
Қорамурт қишлоғи тўбебийи Абдуғаффор Маннонов қишлоқда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида сўзлаб, медиаторлар фаолиятига тўхталди.
– Еттита этнос вакиллари истиқомат қилаётган қишлоқда барча жамоат ташкилотлари, жумладан, 31та кўча қўмиталари раислари ҳам ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият юритишмоқда. Ҳашар уюштирилиб, учта қабристондаги жами 460 метр ер иҳоталанди,– деди у. Шунингдек, А. Маннонов Қорамурт қишлоғидаги масжид яқинида автотураргоҳ учун махсус майдон ажратиш таклифини илгари сурди.
Сайрам туманида вилоят бўйича энг кўп – 110та масжид рўйхатга олинган. Бироқ уларнинг айримлари эндиликда намозхона сифатида фаолият юритмоқда. Туманнинг бош имом-хатиби А. Ўспанов ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалаларга тўхталиб, олий диний маълумотга эга мутахассислар тақчиллигини маълум қилди.
Сайрам туман маслаҳати раиси Шамхат Холмуродов “Парасат” клубининг фаолиятини давом эттиришни таклиф қилди.
А. Сабитов муҳокамага чиққан нотиқлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар чуқур ўрганилиши, мутасадди ташкилотларнинг доимий эътиборида бўлишини, жумладан, Қорамурт қишлоғи фаолларининг иш тажрибасини тумандаги 11та қишлоқ округида оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.
Учрашув якунида туман ҳокими иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
Иштирокчилар томонидан шахсий уй-жой қурилишини юритиш учун ер участкаси олиш, хусусийлаштирилган ер майдонларини давлатга қайтариш, ёшлар орасида ажрашиш ҳолатларининг олдини олиш каби кўплаб долзарб масалалар кўтарилди.
А. Сабитов тадбирни якунлар экан, келгусида бундай учрашувлар йилига икки марта ўтказишни таклиф қилди.