26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Қасим-Жўмарт Тўқаев: Мақсадим – иқтисодиётни ва эгаменликни мустаҳкамлаш

Давлат раҳбари Қасим-Жўмарт Тўқаев «Ана тілі» газетасига мусоҳаба берди

– Ҳурматли Қасим-Жўмарт Кемелули, ўтган йили «Egemen Qazaqstan» газетасига берган мусоҳаба нгизда йил якунларини сарҳисоб қилиб, келгусида амалга ошириладиган ишларнинг устувор йўналишларини белгилаб берган эдингиз. Бундай мулоқотлар яхши анъанага айланиб бормоқда. Бу фуқароларимизга мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ чора-тадбирларнинг аҳамиятини чуқур англаш имконини беради. Умид қиламанки, биз бугун мазмунли ва очиқ суҳбат юрита оламиз. 

Дастлабки савол: Ўтган йил Қозоғистонга нимаси билан аҳамиятли бўлди?

 – Ўтган йили кўплаб муҳим воқеалар бўлиб ўтди, залворли  ишлар амалга оширилди. Жумладан, барча ҳудудларда эскирган муҳандислик-коммунал инфратузилмалар замонавийлаштирилди. 18 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. 7 минг чақирим йўл қурилди ва таъмирланди. Алмати, Қизилўрда ва Шимкент аэропортларида янги йўловчи терминаллари ишга туширилди. Кончилик, нефть-кимё, металлургия тармоқларида йирик лойиҳалар амалга оширилди. Қайта ишлаш соҳаси жадал ривожлана бошлади. Унинг саноатдаги улуши ишлаб чиқариш соҳаси даражасига яқинлашмоқда.

27 миллион тоннага яқин ғалла етиштирган деҳқонларимиз муваффақияти сўнгги ўн йилдаги рекордни қайд этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўтган йилги мусоҳабамда 2024 йил Қозоғистон учун алоҳида муҳим йил бўлишини айтгандим. Аслида ҳам шундай бўлди.

Мамлакатимиз учун оғир бўлса-да, тизимли иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириб, келгуси беш йиллик тараққиётимиз учун мустаҳкам пойдевор яратдик. Шу мақсадда кўплаб муҳим лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилди. Келгусида янада кенг қамровли ишлар ҳаётга татбиқ этилди.

Қозоғистон – ижтимоий давлат. Шу боис ўтган йилдан эътиборан “Миллий жамғарма – болаларга” дастури доирасида тўловлар амалга оширила бошланди. Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, давлат хизматчиларининг маошлари ошди. Мамлакатимиз бўйлаб юзлаб янги мактаблар, болалар боғчалари, жисмоний тарбия ва аҳоли дам олиш масканлари барпо этилди. Ўндан ортиқ нуфузли хорижий таълим муассасаларининг бўлимлари очилди. Фанни молиялаштириш ҳажми ошди, маданият ходимларига катта ёрдам кўрсатилмоқда. Оммавий спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Буларнинг барчасини фуқароларнинг ижодий салоҳиятини юксалтиришга жалб этилган фойдали сармоя дейиш мумкин.

Ҳозир дунё мисли кўрилмаган даражада мураккаб геосиёсий вазиятни бошдан кечирмоқда. Шунга қарамай, Қозоғистон тинчлик йўлида мулоқот ўрнатишда самарали ўрин эгаллайдиган давлат сифатида халқаро майдонда ўз мавқеини мустаҳкамлади. Бу ҳолат мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, ўтган йил осон бўлмади, сермашаққат йил бўлди. Қозоғистонга ташқи омиллар таъсир кўрсатди, табиий офатлар ҳам режаларимизни амалга оширишга халақит берди. Бироқ биз нафақат вазиятни назоратда ушлаб туриш, балки кенг қамровли ислоҳотларимизни давом эттиришга муваффақ бўлдик. Шундай қилиб, бунёдкорлик дастури кенг қамровли тарзда амалга оширилмоқда.

 – Ўтган йилги табиий офат, яъни вилоятларнинг ярмидан зиёди зарар етказган вайронкор сув тошқинлари ҳақида гапирдингиз. Ўшанда сиз ваколатли идораларга талофатнинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берган эдингиз. Уларнинг ижроси доирасида  одамлар амалга оширилган улкан ишларга гувоҳ бўлиб келмоқда. Аммо тошқин пайтида тўпланиб қолган кўплаб муаммолар юзага чиқди. Ушбу табиий офатдан давлат қандай сабоқ олди?

– Ўтган йилги сув тошқинлари мамлакатимиз учун улкан синов бўлди. Бундай даҳшатли, кенг қамровли  сув тошқини Қозоғистонда ҳеч қачон бўлмаган. Давлат катта хавфнинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўрди. Одамлар зудлик билан хавфсиз жойларга кўчирилди, улар учун вақтинча бошпаналар берилди, моддий захиралардан фойдаланилди. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун нафақат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, балки Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия ва бошқа тузилмалар ходимлари, жами 63 мингга яқин киши сафарбар этилди. Бу билан биз кўплаб фуқароларнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Энг муҳими – шу.

Ягона юрт, ягона халқ бўлиб жипслаша олсак, бу каби офатларни енгиб ўтишимиз мумкинлигини барчамиз англадик. Кўнгиллилар ҳаракатининг бутун  салоҳиятини сув тошқинлари даврида кўрдик. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан келган кўнгиллилар қутқарувчиларга ёрдам беришди, инсонпарварлик ёрдамларини ташкил қилишди, жабрланганларга кўмак кўрсатишди.

Сув тошқинларининг шиддати ҳақиқатан ҳам кучли эди: уйлар, йўллар, кўприклар, ижтимоий ва савдо иншоотлари зарар кўрди, минглаб чорва моллари нобуд бўлди. Агар ўнлаб йиллар давомида тўғонлар, гидротехник иншоотлар қуришга тегишли эътибор қаратилганида табиий офатнинг оқибатлари бу қадар оғир бўлмас эди. Буни тан олиш керак. Энди хатони тўғрилаб, бўшлиқни тўлдиришга киришдик. Парламентда янги Сув кодекси лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Сув захираларини бошқариш концепцияси ва унинг мажмуавий режаси тасдиқланди. Унда 2030 йилгача 40дан ортиқ сув омбори қуриш, 37та сув омборини янгилаш кўзда тутилган. Шунингдек, умумий узунлиги 14 минг чақиримдан зиёд ирригация каналларини замонавийлаштириш режалаштирилган.

Фавқулодда вазиятларни тахмин қилиш ва уларнинг олдини олиш тизимини замонавийлаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар бошланди. Сув хўжалиги мутахассислари тақчиллигини бартараф этиш ва илмий изланишларни рағбатлантириш мақсадида Қозоқ миллий сув хўжалиги ва ирригация миллий университети ташкил этилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Саудия Арабистонида One Water Summit ўтди. Қозоғистон ва Франция раислигида ўтказилган мазкур анжуманда мен иштирок этдим ва сўзга чиқдим. У ерда мен сув билан боғлиқ офатларга тайёр туриш зарурлигини алоҳида таъкидладим. Аслида, халқаро ҳамжамият сув хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиши керак. Қозоғистон бу масалага устувор аҳамият қаратади.

Ҳар бир қийинчиликнинг яхши томони ҳам бор, деганларидек, оғир дамларда жамиятда тўпланиб қолган иллатлар фош бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Биз долзарб масалалар бўйича тўғри қарор қабул қила олишимиз, муаммоларнинг ечимини  топа билишимиз даркор.

Аксарият ҳолларда  давлат хизматчилари номига  кўплаб ноўрин танқидлар  айтилади. Аслида эса таққослаш орқали баҳо берган маъқул. Айниқса, бошқа давлатлар билан таққосгаш жоиз. Биз коронавирус пандемиясидан ҳозирги кунгача барча инқирозларни муваффақиятли енгиб келмоқдамиз. Бунда давлат хизматчиларининг ҳиссаси залворлидир. Баҳорги сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар давлат томонидан самарали фаолият юрита олишини кўрсатди. Бирорта жабрланган оила ёрдамсиз қолмади. Уй-жойлар қурилди, хонадонлар берилди, инфратузилма иншоотлари тикланди, сув тошқинларидан жабр кўрган барча аҳоли ва тадбиркорлик иншоотларига товон пули тўланди. Буларнинг барчаси жуда қисқа вақт ичида амалга оширилди. Сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишда йирик тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳам ҳиссаси салмоқли бўлди.

Бугунги таҳликали дунёда техноген ва табиий офатлар кўпайиб бормоқда. Кўплаб  давлатлар, жумладан, ривожланган давлатлар ҳам буларнинг барчасини енгишга тайёр эмас. Бунга 2024 йилда аниқ ишонч ҳосил қилдик. Албатта, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бироқ, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича Қозоғистон бошқа мамлакатларга нисбатан кўп ишларни амалга оширди.

Декабрь ойи охирида Озарбайжон авиакомпаниясининг самолёти Ақтау шаҳрида ҳалокатга учради. 38 киши ҳалок бўлди, улардан 6 нафари мамлакатимиз фуқаролари. Жиддий жароҳат олганлар кўп. Бундай пайтда ҳар сония муҳим. Қутқарувчилар, шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари касбий маҳорати ва фуқаролик масъулиятини намоён этиб, тезкор ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилди. Шу заҳотиёқ яқин атрофдаги “Манғистау” ҳудудий электр тармоғи корхонаси ишчилари ёрдамга етиб келди. Яқин атрофдаги аҳоли ҳам жабрланганларни қутқаришда ёрдам берди. Фуқароларимизнинг фидойилиги туфайли имкон қадар кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолдик. Мен қутқарув ишларида иштирок этган барча ҳамюртларимизга самимий миннатдорчилик билдираман. Қозоқ халқининг авиаҳалокат қурбонларига меҳр-шафқати ва ҳамдардлиги фуқароларимизнинг оммавий равишда қон топширишга ошиқаётганида яққол намоён бўлди.

Қайд этишни истардимки, авиаҳалокат сабабларини аниқлаш учун Ҳукумат комиссияси тузилди. Шу билан бирга, 17 нафар халқаро эксперт таклиф этилди. Уларнинг орасида  Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти ва Давлатлараро авиация қўмитаси мутахассислари ҳам бор. Ҳукумат комиссияси барча маълумотлар ёзиб олинадиган махсус қурилмани самолётни ишлаб чиқарган мамлакат – Бразилияга йўллашга қарор қилди. Ишончим комилки, бу тўғри ва холис терговни таъминлаш учун зарур бўлган ягона тўғри қарордир.

 – Саудия Арабистонида ўтган халқаро анжуманда иштирок этганингизни айтиб ўтдингиз. Умуман олганда, ўтган йили бундай жаҳон миқёсидаги кўплаб тадбирларда иштирок этгансиз. Бу “Президент – касбий дипломат, шу боис халқаро муаммоларга кўпроқ эътибор қаратади”, деган гапларга сабаб бўлиб, ташқи сиёсатга устувор эътибор қаратишингизга ишора қилди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Қозоғистон ўзининг географик жойлашуви, иқтисодий салоҳияти ва ҳозирги геосиёсий ҳолатини инобатга олган ҳолда дунёнинг кўплаб давлатлари учун стратегик аҳамиятга молик давлат ҳисобланади. Биз билан дўстона муносабатлар ўрнатишдан нафақат анъанавий ҳамкорларимиз, балки Африка қитъасидаги давлатлар ҳам манфаатдор. Бутун дунёда Қозоғистон ўрта даражадаги давлат  ҳисобланди . Албатта, бу мақомнинг салмоғи ҳам оғир. Биз, аввало, халқаро майдонда ўз ҳаракатларимизга масъулият билан ёндашишимиз, замонамизнинг энг мураккаб масалаларида холис нуқтаи-назарга эга бўлишимиз керак. Шу боис Қозоғистон ҳамиша “бутун инсониятнинг умумий уйи”, ноёб ва умуминсоний тузилма ҳисобланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотини қўллаб-қувватлаб келади.

Шу билан бирга, мен Давлат раҳбари сифатида ҳар куни ички сиёсат масалалари билан шуғулланаман. Бу – жуда муҳим иш. Шунинг учун менинг хизматимда ташқи сиёсат устувор йўналишга айланди, деган фикр нотўғридир.

Асосий мақсадим – давлатимизнинг иқтисодий салоҳияти, эгаменлиги, халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш. Давлат раҳбари бўлганимдан буён қабул қилган қарорлар ва уларнинг турли оқибатлари учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Мен бошқача ишлай олмайман ва ишлашни истамайман ҳам.

 – Ниҳоят, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳақида сўз юритиб, кутилмаган савол учун имконият бердингиз . Ижтимоий тармоқларда 2026 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотига раҳбарлик қилишингиз эҳтимоли ва шу муносабат билан мамлакатимизда муддатидан аввал президентлик сайлови ўтиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу миш-мишлар асослими?

– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари ва Қуролсизланиш бўйича анжуман Бош котиби сифатида қарийб уч йил мобайнида ушбу ташкилотнинг Женевадаги ваколатхонасига раҳбарлик қилдим. Халқаро жараёнларнинг нозик жиҳатлари бўйича катта тажрибага эга бўлдим. Менимча, шунинг ўзи  етарли, деб ўйлайман. Мамлакатимизнинг тараққиёти юзасидан узоқ йилларга мўлжалланган улкан режаларим бор ва уларнинг барчасини амалга ошириш ниятидаман.

 – Ўтган йили ”Тоза Қозоғистон” экологик тадбири бошланди. Яхши ташаббус барча минтақаларга тарқалди. “Тоза Қозоғистон” кўчаларни тозалашдан ҳам кенгроқ тушунча эканлигини таъкидладингиз. Ушбу йўналишдаги  ишлар қандай давом этади?

– “Тоза Қозоғистон” акцияси жамиятда экологик маданиятнинг янги талабларини жорий этиш ғоясидан келиб чиққан. Бу ташаббуснинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани менда улкан таассурот қолдирди. Айниқса, ёшларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Қозоғистон фуқаролари бу шунчаки навбатдаги мавсум эмас, тараққийпарвар жамият барпо этишнинг мафкуравий майдони  эканлигини тушунди.

Табиат бойликларига, кундалик ҳаётимизга бефарқ муносабатда бўлишдек иллатдан ниҳоят, қутулишимиз керак. Тозаликка риоя қилиш ва табиатни муҳофазалаш миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Барча тамаддуний давлатлар бунга амал қилади.

Ушбу тадбирда 3,8 миллионга яқин киши иштирок этди. 1,5 миллион тоннадан ортиқ чиқинди йиғилиб, 3,2 миллион тупдан ортиқ кўчат ўтқазилди. Бунинг ўзи фуқароларимиз юксак онг соҳиби ёва Қозоғистонни ўзгартиришга ҳисса қўшишга тайёр эканлигини кўрсатмайдими?

“Тоза Қозоғистон” лойиҳасини амалга ошириш учун биринчи навбатда ҳокимлар масъулдир. Тоза аҳоли манзиллари ҳаёт сифатининг юксаклигини намоён этадиган кўрсаткич. Ҳудудларга борганимда шаҳарларнинг ободончилигига эътибор қаратаман. Шу билан бирга, “Тоза Қозоғистон”  ғояси миллий мафкурамизнинг ўта муҳим қисмига айланиши кераклигини яна бир бор таъкидлайман.

 – Жамиятда ягона вақт минтақаси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Бу борада Парламент ва Ҳукумат ўртасида муҳокамалар олиб борилаётганидан ҳам хабаримиз бор. Бу ҳақда нима дейсиз?

 – Албатта, вазиятдан хабардорман. Ҳукумат ўз қарорининг тўғрилигига ишончи комил ва Қозоғистон ҳам худди шу вақт зонасида бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Вақтдан тўғри фойдаланиш бўйича Барселона декларациясида турли вақт зоналарини жорий қилиш ҳамда қиш ва ёз вақтлари ўртасида ўтишдан  қочиш ва зарурлиги қайд этилган. Бироқ, фуқароларимиз мурожаатлар билан чиқишмоқда. Ҳукумат қарори юзасидан очиқ муҳокамалар авж олди. Жамиятда қарама-қарши нуқтаи назарларга сабаб бўлаётган бундай масалаларни диққат билан муҳокама қилиш керак, деб ўйлайман. Шу боис Парламентда олимлар, экспертлар, ҳудудлар вакиллари иштирокида жамоатчилик муҳокамаси ўтди. Томонлар соат минтақасини ўзгартиришнинг мамлакат иқтисодиёти ва фуқаролар ҳаётига таъсири бўйича барча фикрларни инобатга олган ҳолда 1 мартга қадар кенг қамровли тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар. Кейин махсус тавсиялар ишлаб чиқилади. Ишончим комилки, Парламент ва Ҳукумат бу масалани жиддий ўрганиб, умумий ва тўғри қарорга келади.

– Ўтган йилги мусоҳабангизда “Мустақиллик ва қўшимча ваколатлар олмоқчи бўлган Ҳукуматнинг талаби қондирилди”, деган эдингиз. Лекин “олмоқнинг ҳам салмоғи бор, уларга қўйиладиган талаблар ҳам кучайишини тушунишлари керак”, дедеингиз. Янги Ҳукумат тузилганига 11 ой бўлди. Менимча, бу баъзи хулосалар чиқариш учун етарли вақтдир. Вазирлар маҳкамаси фаолиятидан мамнунмисиз?

 – Ҳукуматнинг вазифаси иқтисодий тараққиётни таъминлаш ва фуқаролар фаровонлигини оширишдан иборат. Умуман олганда, Вазирлар маҳкамаси бу вазифани сидқидилдан бажармоқда. Ўтган йили иқтисодиётни ранг-баранглаштириш, қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, инфратузилмани замонавийлаштириш каби йўналишларда амалга оширилган ишлар самара бермоқда. Албатта, иш бор жойда  муаммолар ҳам бўлади.

Мен доимо вазирлардан самарали фаолият юритиш ва қарор қабул қилишда дадил бўлишни талаб қиламан. Жамият Ҳукумат фаолиятига ҳам юксак талаблар қўяди. Бу мутлақо мантиқий ва меъёрий ҳолатдир. Шу боис Ҳукумат фаолияти амалий натижаларга қараб адолатли баҳоланади. Асосий кўрсаткич бу – фуқароларнинг ҳаёт сифати. Агар иқтисодий тараққиёт одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмаса, уни шунчаки сўздаги муваффақият деб ҳисоблаш мумкин.

Яқин кунларда  Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилиши ўтади. Ўшанда йилни сарҳисоб, долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, янги режалар тузамиз. 4 фоизли иқтисодий юксалиш Қозоғистон учун етарли эмаслиги аниқ. Ҳукумат иқтисодий тараққиётни  энг юксак даражада таъминлашнинг янги усулларини топиши керак.

– 2024 йилнинг ноябрида тенгенинг қиймати бир долларга нисбатан 500 тенгедан ошди. Буни маълум бир руҳий чегара, деб аташ мумкин. Миллий валюта курсининг беқарорлигига турли бозор омиллари таъсир этиши аниқ. Бироқ, бундай ва пул-кредит сиёсати қанчалик тўғри? Бу ҳолат иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилмайдими?

– Қозоғистон жаҳон иқтисодиётининг ажралмас қисми бўлгани боис тенгега ташқи омилларнинг таъсири муқаррар. Доллар қийматининг кучайиши айниқса ривожланаётган мамлакатлар валюталарига салбий таъсир кўрсатмоқда . Эътибор қаратган бўлсангиз, кўплаб мамлакатлар валюталари ноябрь ойидан анча олдин заифлаша бошлаган. Тенгенинг қиймати эса узоқ вақт давомида барқарорлигича қолмоқда.

Биз бозор омилларидан келиб чиққан ҳолда эркин курсни шакллантириш йўлини танлаганимизга анча вақт бўлди. Тенгени мустаҳкамлаш учун мамлакатимизнинг олтин-валюта захираларини сарфлаш ноўрин, деб ҳисоблайман. Айрим бозор билан боғлиқ тузилмалар тенге қийматини бошқариб бориш юзасидан  таклифлар киритмоқда. Миллий банк ва Ҳукумат ушбу таклифларнинг барчасини ўрганмоқда. Асосий мақсад – иқтисодиёт барқарорлиги ва самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш шўъбасини фаол ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, кўпроқ доимий иш ўринларини яратиш.

Очиғини айтсам, иқтисодчи раҳбарларнинг ҳозирги фаолиятини ўртача деб баҳолайман. Улар халқаро молия институтлари тилида чиройли гапиришади, лекин ҳақиқий самарали ишлардан кўнгил тўлмайди. Ҳозир минтақалардаги вазиятни, иқтисодиётнинг амалиёти ва  маҳаллий шароитни яхши биладиган мутахассислар керак. Ўтган йил 17 декабрда  Бош вазир Ўлжас Бектенов билан учрашганимизда бу масалани муҳокама қилган эдик.

 – Бу йил январ воқеасига 3 йил тўлди. Ўшандан буён бу мавзу кўп муҳокама қилинди. Ўзингиз ҳам бу масалага батафсил изоҳлар бердингиз. Ўтган йилги суҳбатда ҳам айтиб ўтгансиз. Бу масалага оид айрим саволларга қайта-қайта жавоб бериш осон эмас. Бироқ, мавзудан қочиб қутула олмаймиз. Мамлакат ичида январь воқеаси сири тўлиқ очилмади, деган фикр ҳам мавжуд. Бунга нима дейсиз? Бундай фожиа яна такрорланмаслиги учун нима қилиш керак?

 – Январь воқеаларидан уч йил ўтиб, кўпчилик фуқароларимиз мамлакатимизда содир бўлган бундай мисли кўрилмаган ғалаёнлар кенг тарқалган ижтимоий адолатсизлик, сиёсий турғунлик, шунингдек, безориларнинг ҳаддан ташқари такаббурлиги, уларнинг халқ ва давлат тақдирига бефарқлиги сабаб бўлганига тўлиқ амин бўлди. Афсуски, бу жаҳон тарихида одатий ҳолдир. Бундай ҳолатлар Қозоғистондаги воқеалардан олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади, деб ўйлайман.

Январь воқеалари ҳақида турли фаразларга тўла миш-мишлар мавжуд. Қолаверса, маълум бир сиёсий манфаатни кўзловчи айрим шахслар маълумотларни бузиб, фуқароларнинг фикрини ўзгартиришга уринишди. Мен мутасадди идораларга тартиб ўрнатиш ва вазиятни барқарорлаштириш юзасидан қатъий чоралар кўришни топширдим. Сўнг ваколатли ташкилотларга январь ойида юз берган воқеа ҳолатларини тўлиқ ва холис ўрганиш юзасидан вазифалар юкладим. Тергов очиқ тарзда олиб борилди. Жиноятчилар жазоланди.

Парламентда узоқ-яқин тарихимизда муқаддам бўлмаган махсус мажлис ўтди.

Дастлабки  Парламент соати  январь воқеаларидан уч ойдан, иккинчиси эса бир йилдан сўнг ўтди. Уларда нафақат давлат идоралари вакиллари, балки ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам сўзга чиқди. Фикрлар очиқ айтилди. Буларнинг барчаси бевосита  эфирга узатилиб, мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари ушбу жараённи тўлиқ ёритди. Давлат одамлар онгида ҳеч қандай шубҳа қолдирмасликдан манфаатдор бўлгани учун ушбу йўлни тутди.

Январь воқеалари ҳақида гап кетганда, ўша кунларда машиналарнинг ёндирилгани, дўконлар талон-тарож қилингани, безорилар давлат биноларини эгаллаб олгани, аскарлар калтаклангани, қурол-яроғ ўғирлангани, хотин-қизларга тажовуз қилинганини  кўз олдимизга келтириш жоиз. Масъулиятсиз сиёсатчилар томонидан ёлғон ахборотлар тарқатиб, давлатчилигимиз таҳдид остида қолган паллани халқнинг хотирасидан ўчириб ташлашга уринишлар бўляпти, бунга йўл қўймаслигимиз керак. Шукурки, кўпчилик ростни ёлғондан ажрата олади. Ана шундай очиқкўнгил, қалби кенг инсонлар давлатимиз таянчи.

Бир нарса аниқ – мабодо тартибсизликларни бошлаган ва давлат тўнтаришини уюштирган одамларни тўхтатиш учун зудлик билан ва қатъий чоралар кўрмаганимизда, Қозоғистон бугун бутунлай бошқача, мустақиллиги ва эгаменлиги  анча чекланган давлатга айланган бўларди.

Халқнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги  туфайли бу оғир синовдан муваффақиятли ўтдик. Шубҳасиз, барчамиз январь воқеаларидан катта сабоқ олдик. Биринчидан, мамлакатдаги ҳокимлик жипслаша олиши ва бундай воқеаларнинг такрорланишига  ҳеч қачон йўл қўймаслиги керак. Иккинчидан, Президент “Яратганнинг ердаги сояси” эмас, балки давлатни бошқариш учун маълум муддатга сайланган халқнинг вакилидир. Учинчидан, юқори давлат лавозимларига номзодлар, жумладан, хавфсизлик кучлари бошлиқлари ҳам қунт билан танланиши керак. Улар Ватанимиз – Қозоғистон Республикасига содиқ бўлишлари керак. Энг муҳими, “Қонун ва интизом” тамойилига риоя қилиш, юрт бирлигини асраш, имкон қадар адолат тамойилини қарор топтириш зарур. Бу тамойилга қарши чиқаётганлар “демократик қадриятлар” ниқоби остида жамиятда низо келтириб чиқаришга, пировардида қозоқ давлатчилигини барбод қилишга уринаётганлиги аниқ. Бунга йўл қўйиш мумкин эмас. Қонун устуворлиги – демократиянинг энг юксак чўққиси. Бу мақсадга эришиш осон эмас.

– Сиз “Адолатли Қозоғистон”ни барпо этаётганингизни  айтдингиз. Умуман, адолат қандай тушунча? Ислоҳотларнинг пировард мақсади нимада? Адолатли Қозоғистон барча  учун ижтимоий тенгликни англатадими ёки адолатли рақобатга йўл очадими?

 – Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, адолат барча мамлакатларда, ҳар қандай даврда ҳам халқнинг хоҳиш-иродаси бўлиб келган. Бу Қозоғистонга ҳам тегишлидир. Юқорида айтганимдек, фожиали воқеага қадар бизда адолатнинг даражаси  жуда паст бўлганлиги ҳақиқат.

Адолат – ҳаммани бир-бирига тенглаштириш дегани эмас. Мамлакат бойлигини адолатли тақсимлаш ҳақидаги менинг нуқта-назарим мулк эгаларини мулкдан маҳрум қилиш орқали активларни қайта тақсимлашни англатмайди. Биз ички низолар ва тартибсизликлар юзага келишига сабаб бўлган йўлдан бормаймиз. Бинобарин, ўтмишда айрим кишиларга ноҳақ берилган устуворлик ва имтиёзларни бекор қилиш, ноқонуний йўллар билан олинган мулкларни давлатга қайтариш – популистик қадам эмас, балки Қозоғистонни адолат тамойилига асосланган замонавийлаштириш  стратегиясидир.

Адолатли давлат – ҳуқуқий давлатдир. Унда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, қонунлар, қоидалар ва меъёрларга қатъий амал қилган ҳолда умуминсоний имкониятлардан тўлиқ фойдалана олади. Дарвоқе, ноқонуний йўллар билан олинган маблағлар ва бошқа активларни қайтариш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилдан буён давлат ғазнасига 2 триллион тенгедан (4,1 миллиард доллар) ортиқ маблағ тушди. Бу маблағ мактаблар ва муҳим инфратузилма иншоотларини қуришга, бошқа ижтимоий мажбуриятларни бажаришга сарфланмоқда. Адолат дегани шу эмасми?

 – Тўнғич Президентимиз фаолиятига, юрт олдидаги тарихий хизматларига адолатли баҳо бериш зарурлигини бир неча бор таъкидлагансиз. Жамоатчилик аста-секин бундай муносабатнинг мақсадга мувофиқлигини тушуна бошлади. Умуман, Нурсултан Абишули билан тез-тез мулоқотда бўлиб турасизми?

– Ҳар бир даврнинг ёруғ ва қоронғу томонлари мавжуд. Янги тарихимизда яна кўп ёрқин даврлар бўлди. Бу – ҳақиқат. Нисбатан қисқа муддатда давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдевори шакллантирилди, ҳокимлик институтлари барпо этилди, янги пойтахтимиз барпо этилди, чегараларимиз белгиланиб, ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Кўплаб давлатлар билан самарали алоқалар ўрнатилиб, иқтисодиётга хорижий сармоя жалб этилди. Бу муваффақиятларнинг барчасини инкор этиш нотўғри бўларди. Агар биз адолатли давлат қурмоқчи бўлсак, тарихга, унинг яратилишига ҳисса қўшган фуқароларга адолатли муносабатда бўлишимиз керак. Буларнинг барчаси, пировардида, миллат келажаги учун зарурдир. Агар биз ўтмишни адолатли ва одилона баҳолай олмасак, ишонч билан олға интила олмаймиз. Сиёсий вазият туфайли ўз тарихингизни бузиб кўрсата олмайсиз. Ҳатто мамлакат тарихини бузиб, қайта ёзиш ҳам хавфлидир.

Албатта, Нурсултан Назарбаев мамлакатни  узоқ йиллар давомида бошқарган пайтда камчиликлар бўлган. Лекин ҳеч нарса қилмаган одамгина хато қилмайди. Айтиш жоизки, у истеъфога чиққан бўлса-да, Хавфсизлик Кенгашига раислик қилган даврда сиёсий одоб-ахлоқни сақламасди. Буни ҳам айтиб ўтиш жоиз. У мунтазам равишда Бош вазир, Миллий банк раиси, вазирлар, ҳокимларни йиғилишларга таклиф қиларди. Бундан нафақат ўз фуқароларимиз, балки чет эл раҳбарлари, дипломатлар ҳам ҳайратда қолди. Ҳатто “Назарбаев лавозимини тарк этганидан кейин мавқеи янада юксалди, ҳатто Президент унга бўйсунади”, деган ҳазил гаплар пайдо бўлди. Аслида, бу ҳазилга хос  ҳолат эмасди.

Бу вазият қўш ҳокимият ҳақидаги миш-мишлар кучайишига сабаб бўлди. Мулозимлар ҳам идорама-идорага югуриб, кимнинг топшириғини бажараётганини билмай ҳайрон эди. Энг ёмони, айрим мансабдор шахслар бу бемаъни ҳолатни “Элбоши  институти Президент ҳокимиятидан юқори бўлиши керак”, дея,  қонуний асослашга уриндилар. Нурсултан Назарбаевнинг 2021 йил ноябрида Астана клуби йиғилишида 92 ёшли Махатхир Моҳамадни мисол қилиб, Ақўрдага қайтиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти ва собиқ Президентнинг ўша йилнинг декабрь ойида Санкт-Петербургда ўтган МДҲ саммитидаги иштирокини ҳокимият инқирозига олиб келган асосий воқеалар деб ҳисоблаш мумкин. Бунинг олдидан маҳаллий сиёсатшунос унга гиж-гижловчи мактуб йўллаб, “Элбошининг олтин даври”ни тиклаш учун дадил чоралар кўришга чақирди.

Бироқ, ҳозир Нурсултан Назарбаевнинг Қозоғистонга қўшган тарихий хизматларини оқилона ва муносиб баҳолаш вақти келди. Мен Президент сифатида давлат манфаатларини йўлга қўйишга, юрт бирлигини барчасидан устун қўйишга мажбурман.

Сизнинг саволингизга келсак, биз ҳозирда ҳар ойда бир марта телефонда гаплашиб турамиз.

– Жамоатчилик Тўнғич Президентнинг яқинда Москвага ташрифи ва Владимир Путин билан учрашувини турлича қабул қилди. Истеъфога кетганидан беш йил ўтиб, бундай учрашув ақл бовар қилмайдиган жиҳат эканлиги айтилди. Қозоғистонда президентлик сайлови ўтиши ҳақида ҳам тахминлар бор эди. Бундай учрашув кимга керак ва нима учун, ким ташаббускори бўлган? Сизнинг фикрингиз қандай?

– Менимча, Нурсултан Назарбаев ва Владимир Путиннинг декабрь ойидаги учрашуви ўтган йилги иккинчи учрашув бўлди. Куз фасли аввалидаги биринчи учрашув оммавий ахборот воситаларида тилга олинмаган. Эҳтимол, улар эски дўстлар ва ҳамкасблар сифатида учрашишган ва уларнинг умумий гаплашадиган гаплари бордир. Бу каби учрашувлар одатда Нурсултан Абишулининг ташаббуси билан ўтказилади, унинг учун аҳамияти залворли. Нурсултан Абишули собиқ Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгаши раиси, партия етакчиси ва эгамен Қозоғистон Президенти сифатида Кремль билан яқин маънавий-сиёсий алоқалари мавжудлигини унутмаслик керак. Унинг кўп вақти Москвада ўтди, кўплаб съезд ва пленумларда қатнашди, хизмат сафарларида ҳам, расмий сафарларда ҳам бўлди.

– “Қонун ва интизом” тамойили ҳақида кўп айтасиз. Баъзилар буни жамият учун тазйиқ деб билишади. Бунга нима дейсиз?

– “Қонун ва интизом” тамойили фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи соҳа учун мўлжалланган, деб ўйлаш нотўғри. Мен бу тамойилни чуқурроқ тушунаман. “Қонун ва интизом” давлат қурилишининг асосий тамойилидир. Шу билан бирга, жазо чораларини қўллаш орқали жамият устидан оммавий назорат ўрнатиш ҳақида гапирмаяпмиз. “Қонун ва интизом” тамойили, аслида, баркамол демократик давлатнинг таянчи, ҳуқуқий давлатнинг пойдеворидир. Агар биз “Қонун ва интизом”га итоат қилмасак, қонун меъёрларини ҳурмат қилмасак, Адолатли Қозоғистонни яратиб, уни тараққий этган давлатга айлантира олмаймиз.

Шундай экан, бизнинг вазифамиз ушбу тамойилни мамлакатимиз қадриятлари тизимига тўлиқ сингдириб, уни халқнинг ўзига хослиги ва жамият ҳаётининг ажралмас қисмига айлантиришдан иборат. “Қонун ва интизом”ни мустаҳкамлаш учун кўп вақт ва куч кераклигини тушунаман. Бунинг сабаби, ҳамма ҳам бу тамойилга қатъий риоя қилиш ва уни ҳаёт тарзига айлантиришга ҳали тайёр эмас. Аммо интилганга толе ёр.

– Талғардаги жиноий ҳодиса мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлди. Жамоатчилик бу ҳолат юзасидан фикрингизни билишни хоҳлайди.

– Такрор айтаман, мамлакатимизда “Қонун ва интизом” тамойили мустаҳкам ўрнатилиши керак. Мен Талғар воқеасидан аввалроқ эълон қилинган Мактубимда ҳуқуқ-тартибот идораларидан жиноятчилик ва қароқчилик илдизларини бартараф этишни талаб қилгандим.

Январь воқеалари пайтидаги оммавий тартибсизликлар жиноий гуруҳлар томонидан содир этилганини унутмаслигимиз керак. Давлат сўнгги икки йил ичида уюшган жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб боришга қодирлигини яққол намоён этди. Ўта хавфли жиноий гуруҳлар фош этилиб, ҳибсга олинмоқда. Уларнинг шериклари ва молия манбалари ҳам аниқланмоқда. Ўтган йили 246 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Жумладан, уюшган жиноий гуруҳларнинг 30 нафар етакчиси ҳам бор. Бу иш менинг махсус назоратимдадир.

Талғар воқеасидан кейин ҳуқуқ-тартибот идоралари барча зарур чора-тадбирларни кўрди. Гумон қилинган шахслар қўлга олинди. Тергов ишлари якунланиш арафасида. Тез орада бу иш юзасидан суд ҳукм чиқаради. Мазкур ҳодиса юзасидан ваколатли органлар томонидан амалга оширилган барча чоралар қонун талабларига тўлиқ мос келади. Қолганлари эса шунчаки қуруқ гаплар ва салбий ниятли айрим гуруҳларнинг бу ҳолатга сиёсий тус бериш истагидир. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

Ушбу ҳодисага алоқадор фуқароларга нисбатан қуйидаги масалани эслатиб ўтмоқчиман. Қозоқ халқи хориждан келган ватандошларини қучоқ очиб, “қондошим” деб кутиб олди. Тарихий ватанига қайтганлар Қозоғистон қонунларига қатъий риоя қилишлари, жамоат тартибини сақлашлари, ноқонуний хатти-ҳаракатлардан сақланишлари керак. Улар аввал ўзлари яшаган давлатдаги ҳокимиятнинг талабларини бажариб, бундай ишлар қилишмади-ку?!

– Ўтган йили қонунчиликка кўплаб янгиликлар киритилди. Қабул қилинган қонунлардан қайси бири муҳимроқ деб ҳисоблайсиз?

 – Аҳамиятсиз қонун йўқ, барча қонунлар муҳимдир. Саволингизга жавобан ўзимнинг Мактубларимда ва Миллий қурултой йиғилишларида ташаббускор бўлган ва илгари сурган бир қатор қонунларни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу қонунлар жамоатчилик вакиллари ва экспертларнинг фаол иштирокида ишлаб чиқилгани боис муҳим аҳамиятга эга. Бунинг ўзиёқ қонунчиликни такомиллаштиришда давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкинлигини кўрсатади. Масалан, хотин-қизлар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат, тўғрисини айтганда, оиладаги зўравонлик каби шармандали хатти-ҳаракатларнинг илдизини йўқ қилишга қаратилган. Аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик содир этганларга нисбатан жазо кучайтирилди. Бундан ташқари, ёш болани ўлдирган ёки зўрлаганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Вояга етмаганларни таҳқирлаган ва мазах қилганлар энди маъмурий жавобгарликка тортилади. Ушбу талаб биринчи марта қонуний равишда тасдиқланди.

“Келешек” ягона ихтиёрий жамғарма тизимининг қонунчилик базасини яратиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. У ерда йиғилган пулни Қозоғистон ва хориждаги коллеж ва университетларда ўқиш, уй-жой сотиб олиш учун ишлатиш мумкин.

Фуқароларнинг кредит олиб, қарздор бўлиб қолишининг олдини олишга қаратилган қонун қабул қилинди. Шунга кўра, 90 кундан ортиқ муддатдан буён қарзини тўлай олмаган фуқароларга нотижорат кредитлари бериш тақиқланди. Одамлар ўзларини кредит олишни ҳам тақиқлашлари мумкин. Тиббиёт ходимларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди, уларга берилаётган ижтимоий кафолатлар такомиллаштирилди. Болалар ва ёшлар ўртасида ҳақиқий эпидемияга айланган вейп (электрон тамаки)ни сотиш ва тарқатиш тақиқланди.

Гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарганлар учун жазо кучаймоқда. Бундай жиноятларни содир этганлар 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Гиёҳванд моддаларни маълум жойга яширган ташувчилар, агар биринчи марта бундай жиноят содир этаётган бўлса ва қилмишларининг оқибатлари оғир бўлмаса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Қимор ўйинларига қарамликка қарши кураш тўғрисидаги қонун кучга кирди. Ҳужжат букмекерлик идоралари ва тотализаторлар томонидан рекламани сезиларли даражада чеклаб қўйди, вояга етмаганларни қимор ўйинларига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди, исмлари қарздорларнинг ягона рўйхатига киритилган шахсларнинг қимор ўйинларини ўтказиши тақиқланди. Бу чора-тадбирлар кўплаб оилаларни хонавайрон қилган, одамларни жиноят ва ўз жонига қасд қилишга ундаган қимор ўйинларининг тарқалишига қарши курашишга қаратилган.

Қонунчиликдаги яна бир муҳим янгилик – безорилик ва бузғунчиликка йўл қўйган, шунингдек, бировнинг мулкига қасддан зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилди. Буларнинг барчаси жамоат тартибини таъминлаш, қонунга итоаткор фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар натижасида 2025 йил 1 июлдан бошлаб жиноят, маъмурий ва фуқаролик ишлари бўйича учта мустақил кассация судлари фаолиятини бошлайди. Шундай қилиб, фуқаролар давлат органлари томонидан бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари мумкин.

Ўтган йили кўплаб муҳим қонунчилик ташаббуслари ҳаётга татбиқ этилди. Аммо шуни тушуниш жоизки, қонунларни қабул қилиш фақат ишнинг бошланишидир, уларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимроқдир. Шу билан бирга, ҳуқуқий талаблар жамият талабига жавоб бериши керак. Шу боис жорий йилда ҳам инсоннинг орзу-умид ва манфаатлари, мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттирамиз.

– Ислоҳотлар давом этишини бот-бот айтасиз. Қишлоқ хўжалиги ходимларининг биринчи анжуманида мамлакатимизни замонавийлаштириш бўйича янги ташаббуслар кўтарилиши, қарорлар қабул қилинишини таъкидладингиз. Бу қандай ташаббуслар? Сиёсий ислоҳотлар ушбу соҳада ҳам давом этадими?

 – Ўтган беш йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларимизнинг асосий талаблари ва давлатнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда пухта ўйланган стратегиядир. У ҳеч қандай сиёсий асосга эга эмас.

Асосий сиёсий ислоҳотлар якунланди. Буларнинг барчаси жамиятда кенг муҳокама қилинди ва пировардида жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Бу билан барча йирик сиёсий институтлар янада очиқ ва самарали бўлди, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва мувозанат тизими мустаҳкамланди, энг муҳими, фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол иштирок этиш имкониятлари сезиларли даражада ошди.

2022 йил июнь ойида ўтган референдум натижасида Конституция моддаларининг учдан бир қисми янгиланганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бунинг ўзи ислоҳотларнинг қанчалик кенг кўламли эканлигини кўрсатади. Ҳозирда кўплаб ислоҳотлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Йўналишимиз аниқ, мақсадимиз маълум. Шунга кўра, дастлабки натижалар ҳам мавжуд. Лекин ислоҳотлар доимий жараёндир. Жамиятда ҳақиқий талаб бўлса, янги ислоҳотлар ривожланади. Ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг ажралмас қисми бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Халқимизга Мактубимни эълон қилар эканман, мамлакатимизни янада тараққий эттириш йўлида янги ташаббусларни илгари сураман. Миллий қурултой йиғилишларида асосий эътиборни фуқароларни ўйлантираётган долзарб масалаларга қаратаман. Бу йил ҳам худди шундай бўлади.

– Қозоғистонни парламент бошқаруви тизимига ўтказиш учун туб ислоҳот тайёрланаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

– Албатта, парламент бошқаруви тизими ҳам фаолият юритиш ҳуқуқига эга. Бу тизим Европа ва ҳатто Осиёнинг қатор мамлакатларида яхши йўлга қўйилган ва чуқур илдиз отган. Аммо ҳокимият учун ҳаммабоп формула йўқ. Сиёсий тизимни танлашда ҳар бир давлат ўз тарихи, миллий ўзига хослиги ва сиёсий тажрибасига таянади. Менинг девоним ходимлари жаҳон тажрибаларини синчиклаб ўрганмоқда. Парламент бошқарув тизими собиқ шўро тизими давида унчалик муваффақиятли бўлмаган. Грузиядаги сўнгги воқеалар бу фикрга аниқ далил бўла олади.

Ҳукуматнинг сиёсий тизимини танлаш алоҳида масъулиятли қарордир. Бундай қарорлар фақат миллий референдумда қабул қилиниши керак, кичик бир гуруҳ одамларнинг шахсий йиғилишида эмас. Ишончим комилки, менинг “Кучли президент – ​​Нуфузли Парламент – ​​Ҳисобдор Ҳукумат” концепциям Қозоғистон сиёсий тизими учун энг мос концепциядир. Лекин уни тўлиқ амалга ошириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. Президентлик бошқарув тизими Қозоғистон учун ҳозир ҳам, яқин келажакда ҳам энг мақбул ёндашув, деб ҳисоблайман.

Мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига зарар етказувчи қарорлар қабул қилишга на сиз, на мен ҳақлимиз. Бу масалада хатога йўл қўйиб бўлмайди. Пировардида, Конституцияга киритилган барча ўзгартиришлар, Парламент ислоҳоти, қишлоқ, туман ва шаҳар ҳокимларининг сайланиши, Миллий қурултойнинг ташкил этилиши, энг муҳими, қонун устуворлигига устувор аҳамият қаратилиши, буларнинг барчаси сиёсий турғунликка учрамаслик учун ишончли кафолатдир.

– Мамлакатимизда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўладими? Ҳозир бу ҳақда тез-тез ёзилмоқда ва айтилмоқда.

 – Бундай башоратлар мавжудлигидан воқифман. Менимча, бу маълумот қасддан тарқатилмоқда. Мамлакатимизда янги Ҳукумат иш бошлаши биланоқ унинг истеъфоси ҳақида гап кетмоқда. Парламент ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ўйлайманки, Парламент депутатлари фуқаролик ва сиёсий масъулиятни намоён этиб, яхши иш олиб бормоқда. Ҳукумат эса ўзгаришга мойил тузилмадир. Унинг таркиби турли ҳолатларга, жумладан, “AMANAT” партияси ва Парламентдаги бошқа партияларнинг нуқтаи назарига қараб ўзгариши мумкин.

Назаримда, Парламент сайловларини муддатидан аввал ўтказишга ҳозирча асос йўқ. Сайлов қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўтказилади. Парламент ўзига белгиланган муддатда ишлаш ҳуқуқига эга. Ҳукумат тасдиқланган дастур ва режалар асосида иш олиб бориб, ижобий натижаларга эришиш устида фаолият юритмоқда. Бош мақсад – барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, мамлакатимизнинг минтақадаги етакчи мавқеини мустаҳкамлашдан иборат.

 – Ҳар ким ўзининг шахсий аҳволига алоқадор масалаларга кўпроқ эътибор қаратади. Яқин келажакда фуқароларнинг талаб ва истакларига мос келадиган қандай лойиҳалар амалга оширилади?

– Иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга ошираётган барча ислоҳот ва чора-тадбирларимиз фуқаролар фаровонлигини ошириш, ҳаёт сифатини юксалтиришга қаратилган. Бошқа мақсад йўқ, бу Ҳукуматнинг энг муҳим вазифасидир.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ёзида 2029 йилгача бўлган миллий инфратузилма режаси қабул қилинган эди. Унда умумий сармоя ҳажми 40 триллион тенгедан ортиқ бўлган 200 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Жорий йилда узунлиги 836 чақирим бўлган “Достық – Мойынты” темир йўлининг иккинчи линияси қуриб битказилади. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг транспорт ва транзит инфратузилмасини тубдан ўзгартиради. Бу йўналишдаги темир йўлнинг юк ташиш ҳажми 5 баравар ортади, контейнер поездлари эса юкларни аввалгидан анча тез етказиб беради. Таъкидлаш жоизки, бундай йирик лойиҳа ўзимизнинг лойиҳачи, муҳандис ва қурувчиларимиз томонидан илк бор амалга оширилмоқда. Алмати вокзалини айланиб ўтувчи темир йўл қурилиши ҳам якунланади. Мазкур лойиҳа Алмати темир йўл узелидаги юкламани сезиларли даражада камайтиради ва юкларни етказиб бериш муддатини қисқартиради. Йўловчи ташиш сифатини ошириш мақсадида вагонларни такомиллаштириш давом эттирилади. Жорий йилда энергетика соҳасида умумий қуввати 600 мегаваттдан ортиқ йирик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. “Яшил энергия” шўъбаси ҳам жадал ривожланади. Хорижий сармоядорлар билан шамол, қуёш, гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича келишувларимиз бор.

Тенгиз конини келажакда кенгайтириш лойиҳасининг қурилиши якунланади. Нефтни қайта ишлаш, нефть-кимё, нефть ва газ саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ақтау битум заводининг ишлаб чиқариш қуввати ортади. “Талдықорған-Ушарал” магистрал газ қувури, “Жанаөзен – Ақтау” газ қувурининг тўртинчи йўналиши, шунингдек, Атирау вилоятида автоматлаштирилган газ тақсимлаш станцияси ишга туширилади.

Машинасозлик саноатини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам давом эттирилади. Дунёга машҳур брендларга тегишли автомобилларни йиғиш учун янги корхоналар ишга туширилади. Қўстанайда ички ёнув двигателлари учун чўян қуймалар ва рессорнинг бутловчи қисмлари ишлаб чиқарила бошлайди.

Миллий жамғарма маблағлари иқтисодий тараққиётга сезиларли туртки берадиган йирик инфратузилма иншоотларини барпо этишга сарфланиши керак. Бу жамғарма пулни хорижий молия институтларида сақлаш учун эмас, балки мана шундай мақсадларга сарфлаш учун ташкил қилинмаганмиди?!

Давлат томонидан уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, уй-жойларни арзонлаштириш чоралари кўрилмоқда. Навбатдаги фуқароларни ижарага бериладиган уй-жой билан таъминлаш юзасидан тегишли ишлар давом эттирилади. 2029 йилга бориб ҳар йили 10 минг киши бундай уй-жойдан фойдаланиши режалаштирилган. Мен яқинда уй-жой сиёсатини ўзгартириш тўғрисидаги қонунни имзоладим. «Отбасы банк” уй-жойга муҳтож фуқароларни “бир дарча” тамойили бўйича рўйхатга олиш ва уй-жой ажратишни амалга оширувчи тўлақонли ривожланиш институтига айланади.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Қишлоқ соғликни сақлаш тизимини замонавийлаштириш миллий лойиҳаси доирасида қишлоқларда тиббиёт муассасалари қурилиши давом эттирилади. Мамлакатимизда 460 минг ўқувчига мўлжалланган 217та бадастир мактаб барпо этиш режаланган. Улардан 105тасининг қурилиши якунланди. Мақсадимиз – хароба ва уч навбатда ишлайдиган мактаблар масаласини, шунингдек, ўринлар тақчиллиги муаммосини тўлиқ ҳал этишдир. 

Бир ой аввал 2025-2027 йилларга мўлжалланган Республика бюджети қабул қилинган эди. Ҳужжатда ижтимоий эътибор асосий устувор йўналиш сифатида сақланиб қолди. Бу соғликни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳаларни жуда катта маблағ билан таъминлайди.

– Рақамлаштириш ва сунъий заковатни жорий қилмай туриб, аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш мумкин эмаслиги аллақачон аён бўлди. Мамлакатимиз келажакда бу соҳада қандай ишларни амалга ошириши мумкин?

 – Фуқароларимиз давлат хизматларини рақамлаштиришнинг афзалликларини яхши билади. Электрон ҳукумат веб-сайтида мавжуд хизматлар рўйхати доимий равишда янгилаб борилади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рейтингида Қозоғистон Е-governmentни ривожлантириш бўйича дунёда 24-ўринни эгаллади. Бу яхши натижа, лекин биз тўхтаб қолмаслигимиз керак. Кўрсаткичларни иложи борича яхшилаш лозим. Мен буни Ҳукуматга бот-бот айтаман. Бундан ташқари, мамлакатдаги банклар ҳам одамларнинг кундалик ҳаётини сезиларли даражада соддалаштириш учун ўзларининг рақамли экотизимларини қурмоқдалар.

Қозоғистондан экспорт қилинаётган IТ-хизматлар сони ортиб бораётгани қувонарлидир. Аstana Hub муваффақиятли ишламоқда. Ушбу технопарк бир ярим мингдан ортиқ компанияни бирлаштирган. Уларнинг учдан бир қисми хорижий компаниялардир. Шундай қилиб, мамлакатимиз дунёвий рақамли тараққиёт учун қулай давлатга айланмоқда.

Қозоғистон Евроосиёдаги энг йирик рақамли марказлардан бирига айланиши мумкин. Бунинг учун бизда тўлиқ имкониятлар мавжуд. Бунинг учун сунъий заковат технологияларини ишлаб чиқиш керак. Истиқболли лойиҳалар аллақачон мавжуд. Масалан, қозоқ тилининг KazLLM рақамли тил моделининг биринчи нусхаси яратилди. Бу – қозоқ тилида фикрлаш, таҳлил қилиш ва мулоқот қила оладиган сунъий заковат. Бу борадаги ишлар давом эттирилади.

Йил охиригача сунъий заковат халқаро маркази Alem.AI очилади. Бу марказ сармоя жалб этувчи, жаҳон тажрибаси, инновацияларни жорий этувчи масканга айланиши керак.

Сунъий заковат яқин йилларда жуда тез ривожланиб, одамларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасини ва ҳатто турмуш тарзини тубдан ўзгартиради. Ақлли машиналар, яъни одамлардан ўн баравар ақлли роботлар пайдо бўладиган кун узоқ эмас. Бундан ташқари, бу роботларда эмпатия, яъни ҳис-туйғуларни ҳис қилиш ва ифодалаш каби инсоний фазилатлар бўлади.

Ёшларга мактаб, коллеж ва олий таълим муассасаларида сунъий заковат технологияларидан фойдаланишни ўргатиш муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили Google компаниясининг сунъий заковат бўйича курслари мамлакат бўйлаб 15та университетда жорий этилган эди. Ушбу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича махсус дастур ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилмоқда (AI-Sana).

Нейро тармоқларнинг фойдаси жуда катта бўлса-да, хавф-хатарлар ҳам мавжуд. Мисол учун, фирибгарлар инсон овозини яратиш ва тақлид қилиш учун фотосуратлар ва видеолардан фойдаланадилар. Шу боис кўплаб давлатлар сунъий заковат технологияларидан фойдаланиш кўламини қонунчилик йўли билан тартибга солишни бошладилар.

Депутатларимиз ҳам сунъий заковат тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқдилар. Бу муҳим ишни эҳтиёткорлик билан ва пухта амалга ошириш керак. Сунъий заковатдан масъулият билан фойдаланиш тамойилларини ишлаб чиқиш ва унинг ахлоқий масалаларини ҳар томонлама ўрганмоқ керак. Аммо бу соҳани тартибга солишда асосий эътибор сунъий заковатни ривожлантиришга қаратилиши даркор, уни чеклаш эмас. Бу технологияларнинг кенг жорий этилиши улкан имкониятларни очиб беради. Уни қинғир ишларга эмас, яхшиликка ишлатиш керак.

 – Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратасиз. Сиз сармоядорлар ва тадбиркорлар билан учрашасиз. Мамлакатимиздаги тадбиркорликнинг тарақиётидан мамнунмисиз?

– Сармоя ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаман. Кузги Мактубимда бу борада Ҳукуматга аниқ топшириқлар берган эдим. Биз ўтган йилнинг апрель ойида тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бизнес юритишга оид қонунни қабул қилдик. Ҳозирги кунда давлат назорати тизимини тартибга соляпмиз. Ҳуқуқбузарликларни аввалгидек текшириш ўрнига, уларнинг олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. 29 турдаги иқтисодий жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш тақиқланди. Буларнинг барчаси тадбиркорлар манфаатини кўзлаб амалга оширилди.

Давлат кичик ва ўрта бизнесни субсидиялар, имтиёзли насиялар, кафолатланган қарз бериш лар орқали қўллаб-қувватламоқда. Мамлакат иқтисодиётида кичик ва ўрта бизнеснинг улуши муттасил ортиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу бизнес вакиллари 4,3 миллион кишини, яъни барча ишлайдиган фуқароларнинг деярли ярмини иш билан таъминламоқда. Шу боис тадбиркорлик ташаббуслари мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда, деб ишонч билан айтиш мумкин.

Давлат ҳам йирик бизнесни ривожлантиришдан манфаатдор. Бундай тадбиркорларда ижтимоий масъулият ҳисси кучли, маҳаллий ҳамжамият билан узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истаги бор. Бу қувончли ҳолдир. Давлат ва бизнеснинг интеграциялашуви орқали кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда.

Қозоғистонда ўз фаолиятида илғор технологияларни жорий этувчи, илғор фикрли тадбиркорларнинг янги авлоди етишиб чиқди. Бундай тадбиркорлар жаҳон миқёсида ҳам рақобатлаша олади. Хорижий тадбиркорларнинг Қозоғистонда ўз ваколатхоналарини очаётгани ҳам қувонарлидир. Бу ҳолат ички бозорга халқаро мақом бериш, ҳалол рақобатни кучайтириш, иқтисодиётни ранг-баранглаштиришга хизмат қилмоқда. Бу борада Ҳукумат ҳузурида ташкил этилган Сармоя штаби “ягона дарча” тамойили асосида фаолият юритиб, қарорлар қабул қилиб, ўзига юкланган вазифаларни тўлиқ амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Давлатимиз томонидан сармоявий муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси яқинда сармоялар бўйича ҳисоботини эълон қилди. Унда Қозоғистон 2024 йилда янги лойиҳаларга 15,7 миллиард доллар бевосита хорижий сармоялар жалб қилганини кўрсатади. Бу ўтган йилга нисбатан 88 фоизга кўпдир. Биз Шимолий ва Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткичга эришмоқдамиз. Минтақадаги хорижий сармоянинг қарийб учдан икки қисми ёки 63 фоизи Қозоғистоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Келгусида бизнес вакиллари ва сармоядорлар билан учрашишда давом этаман. Уларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлайман. Ҳукуматдан ҳам, барча давлат идораларидан ҳам шуни талаб қиламан, яъни бизнес билан ҳамжиҳатликда ишлаш, истиқболли лойиҳаларга сармоя киритаётган тадбиркор ва сармоядорларни қўллаб-қувватлаш. Бизнесга ҳеч қандай босим, зуғум бўлмаслиги керак. Биз мансабдор шахслар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини бундай ҳаракатлари учун жазолаяпмиз ва келгусида ҳам уларни жавобгарликка тортамиз. Тадбиркорлар эса фирибгарлик қилмаслиги, қонун доирасида ишлаши жоиз.

 – Жамиятда уюшган жиноятчилик ҳақида кўп гапирилади. Бунга қарши фаол кураш олиб борилаётганини кўрамиз. Умуман, мансабдор шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги ахборотлар мамлакатда ушбу иллатнинг росмана авж олганидек таассурот қолдиради. Ҳақиқатан ҳам шундайми?

 – Уюшган жиноятчиликка қарши тизимли курашиш жуда зарур вазифадир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Давлат нафақат коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, балки унинг олдини олиш борасида ҳам иш олиб бормоқда.

Қозоғистон уюшган жиноятчиликка қарши курашда энг илғор халқаро андаззаларга, жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан жорий этилаётган талабларга амал қилади. Қолаверса,унга қарши курашиш учун масъул муассасалар раҳбарларига ташвиқот билан шуғулланмасдан, жиддий қарорлар қабул қилишлари кераклигини доимо айтиб тураман. Чунки ҳар бир қарор ортида инсон тақдири ётади.

Мансабдор шахсларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотларнинг тез-тез эълон қилиниши ҳокимиятнинг обрўсига бир қадар доғ туширган бўлса-да, бу давлатнинг ошкора ва шаффоф фаолият юритаётганидан далолат беради. Аммо бундай қадам ташланмасдан туриб, “Ҳуқуқ ва интизом” тамойилларига асосланган адолатли давлатни барпо этиб бўлмайди.

 – Қозоғистон ва Россия ўртасида азалдан иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда яқин алоқалар мавжуд. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қозоғистонга давлат ташрифи билан келган эди. Бу ташриф мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам диққат билан кузатилди. Музокаралар натижасини қандай баҳолайсиз?

 – Россия Президенти билан музокаралар жуда мазмунли бўлди. Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика, маданият, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ҳар томонлама муҳокама қилдик. Россия Ҳукумати аъзоларининг деярли ярмининг Астанага келиши Қозоғистоннинг Россия учун юксак стратегик аҳамиятини кўрсатади.

Музокаралар натижаси ҳақида кўп нарса ёзилди ва айтилди. Албатта, баъзи жиҳатлар оммавий ахборот воситаларига етиб бормади. Биз Владимир Путин билан тўрт соат давомида норасмий суҳбатлашдик. Ушбу учрашув икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини берди. Суҳбат чоғида халқаро масалалар бўйича ҳам ўзаро англашувимиз мустаҳкамланди. Мен Қозоғистоннинг кўп томонлама сиёсатининг моҳиятини очиқ айтдим ва Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга қатъий содиқлигимизни билдирдим.

Президент Путин – тажрибали давлат арбоби. У Қозоғистоннинг ўзига хослигини ва унинг Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик иқтисодиётга эга давлат сифатидаги аҳамиятини тушунади. Шу боис Россия мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бунинг сабаби шундаки, икки давлатни қуруқликдаги энг узун узлуксиз чегара боғлайди.

Владимир Путиннинг энг кўп хорижий сафарларини мамлакатимизга қилгани, яъни Қозоғистонга 33 марта ташриф буюргани ҳам кўп нарсадан далолат беради. Қолаверса, телефон орқали мулоқот қиламиз, халқаро анжуманларда учрашамиз. Қисқаси, биз доим алоқадамиз.

Буларнинг барчаси Қозоғистон учун ҳам, Россия учун ҳам зарур. Зеро, бу икки давлат асосий рол ўйнайдиган Евроосиё маконида барқарорликни таъминлаш учун зарур.

– Атом энергетикаси бўйича референдум чоғида оммавий ахборот воситалари билан мусоҳаба пайтида АЭС қурилишига илғор технологияларга эга хорижий компаниялар жалб этилишини таъкидладингиз. Халқаро консорциум тузилиши керак эди. Ҳукумат қайси компанияларга устуворлик беришилини аниқладими?

 – Бу масала Владимир Путиннинг Астанага ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинган эди. Биз Қозоғистон томони лойиҳа буюртмачиси сифатида Консорциумда бош оператор бўлишига келишиб олдик. Лойиҳада хорижда атом электр станцияларини қуриш бўйича катта тажриба ва тажрибага эга “Росатом” компанияси иштирок этиши мумкинлиги маълум қилинди. Шунингдек, Хитойнинг ядровий иншоотларни қуриш борасидаги улкан ютуқларини инобатга олиб, ушбу мамлакат компанияси билан музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳага бошқа мамлакатлар, жумладан, Ғарб давлатларининг корпорациялари ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Бу йил танлов тадбирлари ўтказилади. Кейин Ҳукумат якуний қарорни қабул қилади. Қозоғистонга кучли атом электр станцияси кераклиги аниқ, мен бунга аминман. Қолаверса, яқин келажакда иккинчи ёки ҳатто учинчи атом электр станциясини қуришимиз мумкинлигини ҳам инкор этмайман. Атом саноати аллақачон энергия тақчиллигига дуч келаётган иқтисодиётимизга салмоқли туртки беради. Қозоғистон атом энергетикаси ривожланган давлатга айланиши керак, деб ҳисоблайман. Унинг келажаги буюкдир.

 – Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи ўтган йилнинг яна бир муҳим воқеаси бўлди. Музокараларнинг асосий натижалари қандай? Оммавий ахборот воситаларида сиз ва Раис Си икки давлат ҳукуматлари олдига савдо айланимини икки баравар оширишни мақсад қилиб қўйганингиз ҳақида хабар берди. Бу мақсадга эришиш мумкинми?

 – Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мамлакатимизни яхши билишини, қозоқ халқига юксак ҳурмат билан қарашини алоҳида таъкидлаш жоиз. Икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва халқаро вазият билан боғлиқ барча масалалар юзасидан қизғин суҳбатлашдик. Қарашлар тўқнашуви йўқ. Қозоғистон Хитой учун жуда муҳим стратегик шерикдир. Тез ва ҳар томонлама ривожланиб бораётган Қозоғистон – Хитой ҳамкорлиги амалда абадий стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу, шубҳасиз, Қозоғистон манфаатларига мос келади.

Раис Си Цзиньпин Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида Хитой ҳеч қачон мамлакатимизга зарар етказмаслигини, суверенитетимиз ва мустақиллигимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бу – жуда муҳим баёнот.

2023 йилда Қозоғистон ва Хитой ўртасида ўзаро визасиз тартиб жорий этилди. Янги ташаббус икки халқ ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш, дўстликни мустаҳкамлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Қозоғистон фуқаролари Хитойни янгича кўришни ва унинг технологик гигантга айланганини англай бошладилар. Хитой халқи ҳам ватандошларимизга дўстона муносабатда бўлмоқда.

Хитой билан ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш Қозоғистон дипломатиясининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу давлат Қозоғистоннинг асосий савдо шериги ва иқтисодиётимизга энг йирик сармоядорлардан бири ҳисобланади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини икки баравар ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, ҳар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси етарли. Шундай экан, бу мақсадга бемалол эришиш мумкин.

Олий даражадаги мулоқот 2025 йилда ҳам давом этади. Президент Си Цзиньпиннинг “Марказий Осиё-ХХР” саммитида иштироки режалаштирилган. Унинг Қозоғистонга бўлажак ташрифи, шу йилнинг кузида Хитойда бўлиб ўтадиган музокаралар мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.

– Декабрь ойи бошида Дональд Трамп билан телефон орқали гаплашгансиз. Сўнгги ойларда экспертлар унинг Оқ уйга иккинчи марта қайтиши Америка сиёсати ва дунёдаги вазиятга қандай таъсир қилиши ҳақида турфа фикрларни билдиришди. Шу нуқтаи назардан, яқин йилларда Қозоғистон – Америка муносабатлари қандай ривожланади, деб ўйлайсиз? Бунга АҚШнинг Хитой ва Россия билан мураккаб муносабатлари таъсир қилмаяптими?

 – Ҳа, мен Президент Дональд Трамп билан мазмунли ва самимий суҳбатлашдим. Ишонч билан айта оламанки, у Қозоғистонга АҚШнинг муҳим стратегик ҳамкори сифатида қарайди. Биз юксак савияда иш борасидаги муносабатларни ривожлантиришга келишиб олдик. Трамп ва унинг жамоаси янги истиқболларни ўрнатиш ва халқаро сиёсатга янгича ёндашувларни жорий этиш билан банд. Буларнинг барчаси дунёдаги вазиятга таъсир қилиши аниқ.

Мен 1990 йилларнинг ўрталаридан Қозоғистон – Америка муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаман. Ўзаро интеграцияни мустаҳкамлашнинг сўнгги ўттиз йиллик фаолияти давомида устувор йўналишлар бўйича ягона муносабат шакллантирилди: савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорлик, ядро қуролини тарқатмаслик, хавфсизлик. Бу масалалар, шунингдек, Оқ уйнинг янги раҳбарияти билан биргаликда амалга оширадиган фаолиятимизнинг асосий мавзуси бўлади.

Телефон орқали мулоқот чоғида Дональд Трамп Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш борасидаги фикримизни сўради. Бу мен учун янги мавзу эмас. Чунки 2024 йилда кўплаб давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар мендан бу ҳақда сўрашган. Ўзига хос вазият юзага келмоқда: Россия ҳарбий жиҳатдан енгилмайди, Украина эса Ғарб иттифоқчилари ёрдамида урушдан омон қолишга ёки ҳеч бўлмаганда ютқазмасликка умид қилмоқда. Шунинг учун мен бу масала ниҳоятда мураккаб, унинг ечими зиддиятли икки давлат раҳбарларининг хоҳиш-иродасига, қолаверса, жаҳоннинг олий даражадаги давлати етакчиси сифатида Трампнинг ўзига боғлиқлигини айтдим. Қозоғистон ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён Украинада тинчлик ўрнатиш учун музокаралар ўтказишга чақириб келаётганини таъкидладим.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз ҳеч қаерда воситачи бўлишни сўрамаймиз ёки бунга интилмаймиз. Қозоғистоннинг халқаро майдондаги салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб ҳаракат қиламиз. Лекин биз халқаро муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беришга доим тайёрмиз. Албатта, халқаро майдондаги мураккаб вазият айрим давлатлар билан савдо ва сиёсий муносабатларимизга совуқ таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун биз ташқи мойилликларнинг салбий таъсирини имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Қозоғистон барча давлатлар билан ўзаро манфаатли прагматик муносабатлар ўрнатиш ниятида.

– Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кўлами муттасил кенгаймоқда. Ўтган йили Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотига раис сифатида қардош давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Туркий оламнинг Истиқболдаги ҳамкорлигида Қозоғистон қандай аҳамият касб этади деб ўйлайсиз?

 – Қозоғистон Туркий давлатлар ташкилотининг тузилишига ташаббускор бўлди. Ушбу ташкилотга аъзо давлатлар бизнинг қўшниларимиз ва муҳим геосиёсий ҳамкорларимиздир. Раислик даврида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдик. Биз бир қанча йирик лойиҳаларни амалга оширдик, 80дан ортиқ тадбирлар ташкил этиб, сезиларли натижаларга эришдик. Астана шаҳрида V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари ўтди. Таълим муассасалари ва илмий тузилмалар, ижодкор зиёлилар вакиллари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилган. 2021 йилда туркий оламнинг маънавий пойтахти деб эълон қилинган кўҳна Туркистон шаҳри халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.

Сўнгги 10 йил ичида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасидаги алмашинув сезиларли даражада ошди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 45 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди. Мамлакатларимиз Транскаспий халқаро транспорт йўналишида муҳим ўрин тутади. Биз энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз.

Қозоғистон ушбу ташкилотга раис сифатида «TURKTIME!» тамойилини таклиф қилди. Ушбу аббревиатура муносабатларнинг саккизта устувор йўналишини англатади: анъаналар (Traditions), унификация (Unification), ислоҳотлар (Reforms), билим (Knowledge), ишонч (Trust), инвестициялар (Investments), медиация (Mediation) ва энергия (Energy). Бу устуворликлар нафақат Туркий давлатлар ташкилоти, балки бутун туркий олам томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Қозоғистон туркий оламни бирлаштиришга қаратилган барча бунёдкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, Россиянинг “Алтай – туркийларнинг олтин бешиги” концепциясини олқишлайди. Мамлакатимиз бундан кейин ҳам туркий халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, бой муштарак тарихий ва маданий меросимизни тарғиб этишга ўз ҳиссасини қўшади.

 – Сиз муқаддам хорижлик экспертлар ва дипломатлар Қозоғистонни ўрта даражадаги давлат деб аташга киришганини айтдингиз. Бу нимани билдиради ва бу мақомга эга Қозоғистон нима қилиши мумкин?

 – Бу борада ўз фикримни мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам билдирганман. Халқаро муносабатлар тизими ҳозирда ортга кетмоқда, ҳатто ҳалокатга учради дейиш ҳам мумкин. Беқарорлик кучайди, йирик давлатлар ўртасида ўзаро айбловлар кенг тарқалди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши ожиз бўлиб қолди. Кўпгина давлатлар, жумладан, Қозоғистон ҳам бу оғир халқаро вазиятдан хавотирда. Бу – асосли хавотир. Чунки мавжуд вазият ўша мамлакатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига имкон бермаяпти.

Бугун адолатли дунёга талаб юқори. Шу нуқтаи назардан, мен ўрта даражадаги давлат халқаро ишонч инқирози ва масъулиятли дунёвий етакчилар етишмаслигини бартараф этишда муҳим ўрин эгаллаши мумкинлигига ишончим комил.

Ўрта даражадаги давлат ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, зиддиятли геосиёсий марказлар ўртасида янги ва кучли бўғинга айланиши мумкин. Бу халқаро можароларда зиддиятларни камайтириш имконинин беради. 

– Бу йил биз Буюк Ғалабанинг юбилей санасини нишонлаймиз. Кўпгина давлатлар қатори бу сана ҳам Қозоғистон учун улкан рамзий аҳамиятга эга. Бу борада қандай тадбирлар режалаштирилган?

 – Бу йилги давлат тадбирлари орасида Буюк Ғалабанинг 80 йиллиги алоҳида ўрин тутади. Қозоғистонликлар миллатчилик устидан қозонилган ғалабага салмоқли ҳисса қўшдилар. Боболаримиз ва оталаримиз барча жабҳаларда фидокорона курашганлар. Қолаверса, Қозоғистон армияни қурол-яроғ, саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ишончли фронт орти бўлди.

Атирауда ўтган Миллий қурултой йиғилишида Ғалабанинг юбилейини нишонлашга тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида гапирган эдим. Ўша пайтда мен эълон қилган ташаббусларнинг аксарияти амалга оширилди. Масалан, “Айбын” орденининг учта даражаси машҳур қаҳрамонларимиз Сағадат Нурмағамбетов, Бауржан Момишули ва Рахимжан Қўшқарбаев номи билан аталган. Қозоғистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг 604-ҳаво базасига машҳур учувчи, икки карра Совет Иттифоқи Қаҳрамони Сергей Луганский номи берилган. Алия Мўлдағулова, Маншук Маметова, Хиуаз Дўспановаларнинг унутилмас жасоратлари албатта ёдимизда қолади.

Ғалабани нишонлаш режаси кўплаб тадбирларни ўз ичига олади. Улардан энг муҳими Астанадаги ҳарбий намойишдир. Уруш ва фронт орти фахрийлари эъзозланади, ҳеч ким беэътибор қолмайди. Концертлар ва кўргазмалар ўтказилади, ҳужжатли фильмлар ва дастурлар суратга олинади, тарихий китоблар ва фотоалбомлар нашр этилади. Аскарларимизнинг номларини халқ хотирасида сақлаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари давом эттирилади. Тантанали тадбирлар рўйхатидан Б.Момишули таваллудининг 115 йиллиги, М.Ғабдуллиннинг 110 йиллиги, А.Молдағулованинг 100 йиллик юбилейлари ўрин олган.

Ишончим комилки, бу йилги Ғалаба байрами ҳеч бир Қозоғистон фуқаросини бефарқ қолдирмайди. Зеро, айтиш мумкинки, юртимизда мудҳиш уруш оқибатларини бошдан кечирмаган оила йўқ. Урушда ҳалок бўлганларни хотирлаш, қаҳрамонларимиз руҳини эъзозлаш, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш барчамизнинг умумий бурчимиздир.

– Яна бир долзарб масала бор. Сўнгги пайтларда қозоқ тилининг қўлланиш доираси сезиларли даражада кенгайди. Давлат тилини мукаммал биладиган фуқаролар сони ортиб бормоқда. Демак, қозоқ тилига талаб кучаймоқда. Қолаверса, чет элликларнинг ҳам тилимизни ўрганишга қизиқиши аввалгиларга ўхшамайди. Қозоқ тилининг жамиятдаги ролини янада ошириш учун нима қилиш керак?

 – Ҳа, сиз ҳақсиз. Қозоқ тилининг рақобатбардошлиги, уни ўрганишга қизиқиш жадал ўсиб бормоқда. Энг муҳими, қозоқ тилини билиш русумга айланган, ёшларимиз уни пухта эгаллашга интилмоқда. Давлат тили фуқароларнинг ўсиб-улғайишига, касб-ҳунар эгаллашига йўл очадиган муҳим омил сифатида қаралади. Мамлакатимиз бизнес вакиллари ўзларининг маркетинг кампанияларини қозоқ тилли истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб олиб борадилар. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан ўта эҳтиёткорлик талаб этувчи, сиёсий аҳамиятга эга бўлган бу борадаги сиёсат самарали амалга оширилаётганидан далолат беради.

Дарвоқе, дунёда 7000дан зиёд тиллар мавжуд. Улардан уч мингдан ортиқ тиллар йўқолиб кетиш хавфи остида. Қозоқ тили бу гуруҳга кирмайди. Она тилимиз 2024 йилда дунёда энг кўп сўзлашувчи тиллар орасида 79-ўринни эгаллади. Айни вақтда, мураккаб ва зиддиятли шўро даврида она тилимизни жаҳон лингвистик харитасидан йўқ бўлиб кетишдан асраб қолган зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, журналист ва олимлар, ўқитувчи ва маданият арбоблари, қишлоқ меҳнаткашлари, яъни барча ватанпарвар юртдошларимиз меҳнатини қадрлашимиз керак.

Бундан ҳам юксак натижаларга эришиш учун фан ва таълим соҳасидаги инфратузилмани замонавийлаштириш, мактаблар ва бошқа таълим муассасаларида қозоқ тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ўқитувчиларнинг мақомини юксалтириш каби масалаларни ҳал этиш зарур. “Қозоқ тили” жамияти ташаббуси билан 2023 йилда ташкил этилган махсус жамғармани қўллаб-қувватлаш зарур. Бунда рақамли технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Зеро, қозоқ тилининг келажакдаги тақдири, мамлакатимизнинг жаҳоний рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан бунга боғлиқ.

Давлат тили ривожига ижодкор ёшлар ва ижодий саноат ҳисса қўшиши мумкин. Иқтисодиётнинг ушбу истиқболли тармоғини ривожлантиришни давлат ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Қозоқ тилида молиявий жиҳатдан қулай, ички ва жаҳон бозорларида талаб қилинадиган ранг-баранг контент яратиш зарур. Бу ерда мен адабиёт, мусиқа, фильмлар, сериаллар ва компьютер ўйинларини назарда тутяпман.

Она тилимизнинг келажаги порлоқ эканига шубҳа қилмайман. Қозоқ тили давлат тили сифатида халқимизни жипслаштиришда муҳим ўрин тутиб келмоқда. Лекин тилимиз пойдеворини мустаҳкамлаш йўлида уни бошқа тилларга, жумладан, рус тилига қарши қўймаслигимиз керак.

– Ўз чиқишларингизда ёшларга алоҳида эътибор қаратасиз. Қозоғистон ёшлари ўз-ўзини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Айтиш мумкинки, улар учун барча йўллар очиқ. Кун бўйи ижтимоий тармоқларда қимор ўйинларига, гиёҳвандликка ружу қўйган ёки олтин вақтини беҳуда ўтказаётган айрим ёшларни кўриб, ғашинг келади. Ёш авлодни сиёсий масъулиятли, баркамол фуқаро сифатида тарбиялаш учун нималар қилиш керак?

 – Турли йиғинларда ёшларимиз ҳақида тез-тез гапириб тураман. Чунки уларнинг келажагини ўйлайман, қайғураман. Ватанимиз тақдири ёшларимиз қўлида. Биз аниқ ҳаракатлар орқали ватанпарварликни намоён этадиган юксак маданиятли авлодни тарбиялашга мажбурмиз. Биз барча ислоҳотларни ёшлар манфаати учун амалга оширмоқдамиз. Бу шунчаки чиройли сўз эмас, балки давлат дастурининг мазмун-моҳиятидир.

Ҳозирги ёшлар бизнинг ёшлигимиздагидан кўра кўпроқ нарсани билишади. Бугунги технологик асрда бу меъёрий ҳолатдир. Қозоғистонда иқтидорли, билимли, мақсад сари интилувчан ёшлар кўп. Шунинг учун ҳам мен ёшларга ишонаман.

Биргина тилагим ва маслаҳатим бор: ёш фуқароларимиз дунёқараши ижодий, тафаккурида танқидий бўлишлари, эзгулик билан ёмонликни ажрата билишлари жоиз. Ёшларимиз халқимиз табиатига ёт ғоялар таъсирида кетмасин, тушкунликка тушмасин, нигилизмга берилиб кетмасин, деган ниятдаман. Уларнинг фаол, интизомли, билимли, меҳнатсевар бўлишларини истайман.

Мустақиллик авлодлари илм-фан, спорт, бизнес, бунёдкорлик, давлат хизмати каби соҳаларда аллақачон улкан муваффақиятларга эришмоқда. Кўпчилик ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигида муваффақиятли фаолият юритади. Шу билан бирга, жорий йилни “Ишчи касблари йили” деб эълон қилдим. Меҳнат кишисининг қадр-қимматини юксалтириш, меҳнатсеварлик ва ўз касбининг эгаси бўлиш каби қадриятларни тарғиб қилиш борасида ҳали кўп иш қилишимиз керак.

Иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида ишчилар етишмайди. Ишчи касблари кўп ва тез даромад олиш нуқтаи назаридан жозибадор бўлмаслиги мумкин. Аммо бу касблар меҳнат бозорида талабга эга бўлиб, жамиятда юқори мавқега эга бўлишига кафолат бор. Корхоналарга борганимда ёшлар билан тез-тез учрашаман. Улар орасида ишчилар сулоласи вакилларининг кўплиги қувонарли. Давлатнинг вазифаси ёш мутахассисларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдан иборат. Мен ҳар доим бу билан шуғулланаман.

– Ёшларимизнинг хорижга ўқиш ёки иш излаб кетаётганига нима дейсиз?

 – Тўғри, бугунги кунда кўплаб ёшлар таълим олиш ёки мавқеини ўстириш мақсадида хорижга кетиш истагида. Бу дунёвийлашув жараёнининг ўзига хос хусусиятидир. Буни тўғри тушуниш керак.

Ёшларимиз дунёнинг нуфузли университетларида яхши билим олиши, тажриба орттириши, дунёқарашини кенгайтириши мумкин. Шу боис давлат, албатта, хорижда ўқишга тўсқинлик қилмайди, аксинча, бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. “Болашақ” халқаро стипендияси ҳаммага яхши маълум. Ёш олимларнинг хориждаги илмий марказларда амалиёт ўташи учун имкониятлар яратилди. Биз бир қатор давлатлар билан талабалар алмашамиз.

Менимча, ёшларнинг хорижга ўз касбий маҳоратини ошириш ёки кўпроқ пул топиш учун кетиши оддий ҳолат. Улар ўзларининг таниш муҳитларини тарк этишдан ва ҳаётларини кескин ўзгартиришдан қўрқмасликлари керак. Ҳаётга мослашувчан ва пишиқ-пухта бўлиши керак. Одамлар бутун умр қишлоқ ёки шаҳарда яшаб, ҳокимиятдан маошини оширишни талаб қиладиган даврлар ўтиб кетди. Ҳозирги ёшлар бундай бўлмаслиги керак. Истеъдод ва қобилиятингиз керак бўлган жойга боришга ҳаракат қилишингиз лозим. Сизнинг мақсадингиз катта шаҳар ёки бошқа минтақа ёки ҳатто бошқа давлат бўлиши мумкин. Халқимизда “Ҳаракатда – баракот” деган нақл бор.

Фуқароларимиз хорижда бўлганларида ҳам халқимиз анъаналари ва маданиятини тарғиб қилишлари, юртимиз нуфузини оширишга ҳисса қўшишлари, ўз ватанига фойда келтириши мумкин. Қозоғистон брендини дунёга танитиш ҳам муҳим вазифадир. Ўғил-қизларимизнинг янги технологияларни ўзлаштириши, тажриба орттириши, Қозоғистонга қайтиши муҳимдир. Мамлакатимизда малакали мутахассисларга муҳтож соҳалар кўп. Ҳукуматнинг вазифаси уларнинг ўз ватанида муваффақиятли меҳнат қилиши учун шароит яратишдир.

– Мусоҳаба учун раҳмат. Лекин четлаб ўтиш мумкин бўлмаган яна бир саволим бор. Нега бошқа оммавий ахборот воситаларидан кўра босма матбуотга мусоҳаба беришни афзал кўрасиз?

 – Газета-журнал ўқиш – ёшлигимдан шаклланган одат. «Ана тілі» газетасини ҳам мунтазам мутолаа қиламан. Мен турли манбалардан, жумладан, телевизор, интернет ва ижтимоий тармоқлардан маълумот оламан. Бундан ташқари, ҳар куни турли муассасалардан мақолалар келиб тушади. Мен ахборот майдонидаги мойилликларни диққат билан кузатиб бораман. Ёзма матнларнинг аҳамиятини эътиборсиз қолдирмаслик керак. Даврий матбуот давлат сиёсати бўйича муҳим ахборот манбаи бўлиб қолаверади.

Менинг табиатим таҳлил қилишга мойилроқ. Мен гапираётган сўзларимни, айтган гапларимни, ҳатто юборган хат ва шошилинчномаларимнинг матнини диққат билан таҳрир қиламан. Девон ходимлари мен таҳрир қилганимдан сўнг матнлар бутунлай бошқача тус олишига ўрганиб қолишган.

Албатта, журналистлар билан суҳбатлашишда ташаббус кўрсатувчи, телемухбирларга иштиёқ билан мусоҳаба берадиган, янгиликларда ўзини кўришдан хурсанд бўладиган раҳбарлар ҳам бор. Ҳар ким ўзича ҳақ. 

Ушбу мусоҳабани нашрларингизга тақдим этиш орқали мамлакатимиз журналистикасининг таянчи ҳисобланган қозоқ тилидаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватламоқчи эдим. Жорий йил 22 март куни «Ана тілі» газетаси нашр этилганига 35 йил тўлади. Яқинлашиб келаётган қутлуғ айём муборак бўлсин! Ўтган даврда газета самарали йўлни босиб ўтди, ўзига хос жиҳатлари, доимий ўқувчиларига эга, кўзга кўринган, нуфузли нашрга айланди.

Ўйлайманки, биз бугун қатор долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилдик. Ажойиб мулоқот бўлди. Одатда, бундай кенг кўламли суҳбат чоғида давлат фаолияти билан боғлиқ қунт билан режалаштирилган муҳим масалалар кўриб чиқилади. Ўтган йил сарҳисоб қилиниб, жорий йилнинг йўналиши белгилаб олинади.

Дарҳақиқат, ушбу мусоҳабани чуқур фикрлашга чорлаш, бу йилги ишларимизга янги суръат бағишлаш борасида юртдошларимга алоҳида мурожаат, дейиш ҳам мумкин.

Ерлан ЖУНИС суҳбатлашди, 2025-01-06, 01:59 326
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.