Мақоламиз қаҳрамони минтақамизда таниқли раҳбар аёл, Сайрам тумани, Оқсувкент қишлоғидаги Анвар Исмоилов номидаги касбий коллеж директори Гулчеҳра Исмоилова. У ушбу мавзуда матбуотда ўз фикрлари, нуқтаи назарини баралла айтишга қарор қилиб, газетхонлардан, кенг жамоатчиликдан жавоб кутади, албатта.
– Мени ушбу мавзу кўпдан буён ўйлантириб келади. Уни қандай қилиб, оммага етказсам, биргалашиб, ижобий ечим топсак, дейман. Негаки, бу ниҳоятда долзарб масала, миллатимиз келажагига бевосита таъсир кўрсатади, – деди Гулчеҳра Камол қизи. – Коллежимиз 2004 йилдан буён фаолият юритиб келади ва доимий равишда ривожланиб, бугунги кунда вилоятдаги энг зўр коллежлар ўнлигига кирган. Республика, халқаро даражадаги тажриба, ютуқларимиз ҳам етарли. Афсуски..., сўнгги йилларда унинг ички муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар мавжуд. Баъзи талаба қизларимизга нисбатан оилалари томонидан ўтказилаётган тазйиқлар кўпайиб кетди. Қозоғистонда ҳозир оилавий зўравонликка қарши турли тадбирлар ўтмоқда. Шу фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам ўз фикрларимни билдиришга қарор қилдим. Бизда асосан Сайрам тумани, хусусан, Қорабулоқ ва Манкент қишлоқларидан талаба ёшлар таҳсил олишади. 16-17 ёшли қизларини эндигина коллежимизга олиб келишганда, ота-оналарга айтадиган биринчи гапимиз, шартимиз – қизлари курсларнинг охиригача ўқишсин, билимли, ҳунарли бўлишсин, диплом олиб, кейин турмуш қуришсин, деймиз. Лекин 19 ёшга етар-етмас қизлар турмушга чиқишади. Бўлди, ҳамма муаммо шундан кейин бошланади. Ҳафталаб дарсларга келишмайди, қайта-қайта чақиртираверганимиздан сўнг, эрлари билан келиб, ўқишни ташлаш ҳақида ариза ёзишади. Ахир... Давлат уларга имкониятлар яратиб, 40-50 минг тенгедан стипендия тўлаяпти, касб-ҳунарли бўлиши учун барча шарт-шароитларни яратиб беряпти. Эрга тегдими, тамом, бизнинг қизлар ўзлигини йўқотяпти, сўзида, ўзида, юриш-туришида бу аломатларни кўрасан. Яхшигина ўқиб, қаноти қўш бўлиб, гуркираб-ўсиб келаётган қизлар бировга жуфти ҳалол бўлган заҳоти, келинчаклик давридаёқ деярли сўлиб қоляпти. Иродасиз, инон-ихтиёрсиз бўлиб қолишяпти. Қизиғи шундаки, қабулимга жуда кўп ота-оналар келади. Тўйдан олдин қизни ўқитишга ваъда бериб олган қуда тараф кейин бу ваъдаларини тез унутаётганини куюниб айтишади. Ёш келинчакнинг турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотаси билан ҳам суҳбатлар ўтказамиз. Йигитларнинг жавобларини қаранг: динимизда аёл киши оилали бўлгандан кейин у эрнинг мулки, унинг кейинги қисмати эр розилигига боғлиқ. Эр сифатидаги биринчи шартим ҳам шу – ҳеч қачон менинг рухсатимсиз кўчага чиқмасин. Энг аввало, уйим, бола-чақам деб яшасин. Кўчадаги ишларини ташласин!
Мана шундай гапларни айтган “диндор” йигитларга нима дея оламиз? Уйлангунча олам-олам ваъдаларни бериб, кейин унутаётган йигитлар-а. Бу уят эмасми? Аёл зоти ҳам тафаккурли бўлишга, илм олишга, ҳунар ўрганишга ҳақли-ку? Кейин атрофга ҳам бир боқиш керак, қайси замонда яшаяпмиз? Фақат эр, уй, рўзғор, бола-чақа, қайинбўйин деб ўтаётган, сочлари оқариб кетса-да, ҳаётни фақат шу қиёфада кўрадиган аёлларнинг юриш-туриши, феъл-атворларига бир қаранг. Мутелик, иродасизлик, қўрқоқлик, нодонлик, қолоқлик, касаллик, бахтсизлик ва ҳоказоларни кўрасиз...
Бир савол туғилади, бугунги жамиятга шундай қизлар, жуфти ҳалоллар, оналар керакми? Улар бошқа ҳаётга арзимабдими? Оила қўрғони қачон бузилади, қачонки бир киши зиён-зарар кўраверса, ҳуқуқлари поймол этилаверса. Масалан, қабулимга йиғлаб келадиган ёш келинчакларга эрлари нафақат ўқишга рухсат беришади, балки уяли телефонларини ҳам олиб қўйиб, кечқурун ишдан келганларида берар эканлар. Бу нимаси ўзи? Нега йигитларимиз шундай бўлиб бормоқда?
Куёв бўлиш дегани жуфтига қаттиққўл, талабчан, азоб беравериш дегани эмас-ку. Қиз бола эрга тегиб, турмушда фақат фароғат кўрмайди, оилавий ҳаёт қуруқ орзу-ҳаваслардан иборат эмас, бу тушунарли, лекин кўчага чиқармаса, ўқишга юбормаса, ота-онасини йўқлашга ҳам эсон-омон бориб кела олмаса, бу аёлнинг барча ҳуқуқларини бутунлай эгаллаб олиш эмасми? Сўрасанг, жавоби ҳам тайёр: қизғанаман, рашким ёмон. Қизғанишнинг ҳам чегараси бўлади-ку. Яна бир ёмон томони, янги келинчакка ўқишига бормасликни тайинлашдими, бир марта югурган қўл югураверади, бир марта сўккан тил сўкаверади, деганларидек, бошқа жиҳатлардан ҳам чекловлар бўлаверади. Кейин бу ҳолат кўпроқ бизга хос. Масалан, турмушга чиққач, қозоқ ёки бошқа миллат қизлари ҳам вақтинча ўқишга келмай қолишади, билсанг, бу беморлик ёки ҳомиладорлик билан боғлиқ бўлади. Ҳеч бири эри билан келиб, узил-кесил ўқимайман, ҳужжатларни беринг, демайди, бир амаллаб диплом олишга ҳаракат қилади.
– Сиз ҳозир эр-хотин муносабатлари ҳақида айтяпсиз, бу аснода қайнона-қайноталар ҳақида нима дейсиз?
– Илгариги қайнона-қайноталар йўқ ҳозир. Улар билан суҳбатлашсам, кўпроқ келинлари тарафда. Ўғлимиз кўнмаяпти, нима қилайлик, деб елка қисишади. Ҳозир оилаларда ёшларнинг гапи ўтадиган замон. Катталар уларнинг гапларига амал қилишади. Кейин ажрашишлар ниҳоятда кўпайиб кетгани сабабли, ортиқча можароларга тоқатлари йўқ. Тўй қилиб, яхши ниятда “ўғлимизнинг бошини иккита қилдик, энди ўз араваларини ўзлари тортсин”, деб кўпинча четга чиқишмоқда. Керак бўлса, айрим оилаларда умумий тил йўқ, бир кайфият йўқ, ҳар ким ўзича яшайди. Шундай шароитда ким кимга қайишади, дейсиз. Менимча, муаммо кўпроқ ёшларда. Оила, рўзғорга тайёр эмас. Уларни бу шароитларга ўргатадиган, ҳеч қаерда ёзилмаган қонун-қоидалар, масъулиятдан дарс берадиган жойнинг ўзи йўқ. Ота-она фақат ўз оиласидаги яшаш қонунларини, анъаналарини кўрсатиб беряпти, холос. Лекин вақт бир жойда турмаяпти, ҳамма нарса дунёвийлашяпти, мукаммаллашяпти, илм-фан тараққийлашяпти, боз устига, демократия. Эски одатлар бугунги кунга тўғри келмаётгани ҳаммага ойдек аён.
– Сизнингча, бу муаммонинг ечимлари қандай?
– Қизларимизни барвақт оилага тайёрлаймиз. Келин бўласан, унга тайёр тур, деб уй ишларига ўргатамиз, келинойиларини кўриб, ўзлари ҳам келинликка тайёрланиб борадилар. Барвақт туриб, ҳовли супуриш, нонушта тайёрлаш, рўзғор юмушларини бажариш ҳар бир оилада қиз болага ўргатилади. Негаки, “бировнинг уйига борасан, келин бўласан”, деб оналар қизларининг қулоқларига тинмай қуядилар. Қизлар эр уйига тўла-тўкис тайёр бўлмаса ҳам, лекин асосийларига ўргатилган ҳолда узатилади. Гап ўғил болаларимизда.
Мен Шимкент, Астана, Алматида таҳсил олган йигитларимизнинг “кўзини очиш” зарур дея олмайман. Уларнинг фикрлашлари умуман бошқа. Маҳаллий даражадаги йигитларни кўпроқ назарда тутмоқдаман. Афсуслар чекиб айтаманки, ўқимаган йигитлар кўпинча ўқиган қизларга совчи юборишади ва уйландими тамом, уларга китоб ҳам ўқитишмайди, илм ҳам олдиришмайди. Ўқиб, илм олишга интилиб юрган қизга увол эмасми?!
Республика Оналар кенгаши раисаси Назипа Шанайнинг сўзлари менга маъқул бўлди. “Қиз ўқиса, халқ ўқийди” деган нақлни у такрор айтади. Яна Шанай хоним Дубайда бир шайх билан суҳбатлашибди. “Менинг аёлим олий маълумот олмоқда, лекин ўзи уйда ўтиради”, дебди шайх. “Ишламаган, уйда ўтирган хотинга олий маълумотнинг нима кераги бор?”, деб сўраса, “Ахир, у болаларимнинг онаси, ўқимаган, қолоқ она фарзандларга қандай таълим-тарбия беради? Илм ўрганиш эркак ва аёлга бирдек фарз-ку”, деб жавоб берибди шайх.
Кўриб турганимиздек, эр ҳам, хотин ҳам бирдек ўқиб, илм олиши шарт. Буни ҳозирги ёшлар онггига қуйишимиз керак. Рўзғор юритиш, уйда “қўш ҳўкиз” бўлиш учун ҳам эр-хотин бирга ишлашса, нимаси ёмон? Кейин саводсизлар, билимсизлар авлоди бизга керакми?
Мен мана шу масалаларни ҳал қилиш учун янги режалар тузяпман. “Қизлар мактаби” деб, тарбиявий соатлар ўтказамиз, тарғиботлар қиламиз. Лекин бирор марта ўғил болалар учун сабоқ мактаблари ўтмабмиз. Ўғил болага жисмоний тарбия, ватанпарварлик дарслари кифоя, деб ҳисоблабмиз. Энди энг яхши эрлар, оталарни топиб, суҳбатларини уюштирамиз. Ориятли йигитлар қандай бўлиши керак, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ҳамма-ҳаммасини намунали одамларнинг оғзидан эшитсинлар, улардан яхши нарсаларни ўргансинлар.
– Бугунги бола тарбияси ниҳоятда қийинлашди, деб ҳисобламоқда кўп ота-она...
– Тўппа-тўғри. Юз фоиз қўшиламан. Айниқса, қиз болалар тарбияси. Масалан, коллежимизда бир эмас, бир неча қизни ўз ота-онаси полицияда рўйхатга олиниб, ахлоқи оғир ўсмирлар қаторида бўлишига йиғлаб туриб, розилик беришди. Биз ўтказган чоралар ҳам кор қилмади, ноилож, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳукмига топширдик. Ҳозир болаларни уриб-сўкиш у ёқда турсин, қаттиқ койишдан ҳам қолиб бормоқдамиз. Ёшлар уйдан кетиб қоляпти, суицид, қўрқитиш ва ҳоказо. Шундан қўрқамиз. Ваҳоланки, бола тарбиясида жазо турлари ҳам бўлиши керак. Ота-онанинг сўзи қонун бўлмаса-да, лекин қатъий кучга эга бўлиши керак. Болаларни ҳаддан ташқари эркалатиш, ҳадеб кўнглига қарайверишнинг оқибати кўпинча ёмонликларга олиб келаётганига гувоҳмиз. Қизингиз чекяптими, ичяптими, жазоланг, кечирманг, уйдан берухсат чиқиб кетяптими, телефонини кўтармаяптими, жазоланг. Мен шундай деб ҳисоблайман. Ҳар қандай бола ўз хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришга ўрганиши керак. Лекин бугунги кунда фарзанди учун ҳар қандай шароитда ҳам “мустаҳкам туриб берадиган” ота-оналар кўпайди. Ҳамма ёмон, фақат уларнинг боласи эмас. Мана шундай оилалардан ҳеч қачон тарбияли бола чиқмайди! Шу нарсани дадил айта оламанки, бугунги кунда танбал ёшлар кўпайган. Уларга ота-она, устозлар, давлат ҳамма-ҳаммаси яхши ҳаёт таъминлаб беришга “мажбур”, шарт. На оиласига, на эл-юртига ўтказиб қўймаса-да, бировдан таъма қилиб, умид қилиб яшашга одатланишмоқда. Бу жуда хатарли.
Шунинг учун ёшларимизга оила илмини, таълим-тарбия мактабини болалар боғчасидан ўргатишимиз керак. Кейинги таълим босқичларида бу фан сифатида ўргатилса, яхши бўларди. Айниқса, ўғил болаларга кўпроқ ўргатайлик. Қизларимизга ҳам эътиборли бўлмасак бўлмайди, миллатимиз келажагини дунёга келтирадиганлар ўшалар...
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!