26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача Туркистон ва Шимкент оралиғида автомобиль йўли бўлмаган

Суҳбатдошимиз – Ҳалил Ҳабибуллаев. 1941 йили 29 июнда Туркистонда туғилган. Тошкент политехника институтини 1967 йили автомобиль йўллари муҳандиси ихтисослиги бўйича тамомлаган. Кўп йиллар ДЭУ-533 (йўл фойдаланиш участкаси) корхонасига раҳбарлик қилган. Совет Иттифоқи даврида “Фахрий йўл қурувчи” ҳамда “Шавкатли меҳнати учун” медаллари билан тақдирланган. Ҳ. Ҳабибуллаев устози, Туркистон заминида таниқли раҳбар шахс Саъдулла Аҳмедов ташаббуси билан яратилган, вилоятимиз йўллари тарихи акс этган кўҳна альбомни варақлаб, суратларга изоҳ бераркан, ҳам тарихий, ҳам қизиқарли воқеалардан воқиф этди. 

– Ҳалил ака, жаҳон андазалари бўйича бунёд этилган "Ғарбий Хитой – Ғарбий Европа" автомобиль йўли йўловчиларга ҳам, ҳайдовчиларга ҳам қулай. Сиз меҳнат фаолиятингизни бошлаган йиллари Туркистон-Шимкент оралиғи ва бошқа йўналишларда автомобиль йўлларининг аҳволи қай даражада эди?

– Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларигача Шимкент ва Туркистон оралиғида автомобиль йўли бўлмаган. Аҳоли ўша даврда темирйўл хизматидан кенг фойдаланган. Хизмат сафари билан шу масофани юк автомашинасида олти соатда босиб ўтганим ёдимда. Шимкент ва Туркистон шаҳарлари оралиғи 160 чақиримдан зиёд бўлиб, биз ишлаган йиллари автомобиль йўллари эни етти метрни ташкил этарди. Энг аввало, йўл грейдер техникаси билан текисланган. Сув сепилиб, оғир трактор ёрдамида шиббаланган. Сўнгра оддий қум ва тош аралашмаси тўшалган, яна текисланиб, сўнгра шағал тўкилган. Шағал устидан 170 даражагача қиздирилган битум махсус техника билан кўп марта аралаштирилиб, сўнгра босилган. Ҳозирги замонавий йўллар эса аввал шағал, устидан бетон қуйилиб, сўнгра полимер асфальти тўшалади. Фарқи, албатта, катта.

– Шимкент ва Туркистон ўртасидаги Октябрь инқилобига қадар чор Россияси муҳандислари лойиҳаси асосида пўлат металлдан бунёд этилган, ҳалигача мустаҳкам, "Қизил кўприк" номи билан машҳур иншоот ҳақида гапириб берсангиз. 

– Бундай кўприклар бир нечта эди. “Қизил кўприк” мустаҳкамлиги, ғиштларнинг пишиқлиги ва маҳорат билан терилганлиги ажралиб туради ва ҳанузгача кўпчиликни ҳайратга солади. Бу кўприк бир неча бор сув тошқини остида қолган, лекин, бузилмаган, ҳатто, шикастланмаган ҳам. Илгари автомобиль йўли шу кўприк устидан ўтган. Ҳозир бу иншоот ўша даврдан ёдгорлик.

– Ҳаётий тажрибангиз мўл. Кўп воқеалар шоҳиди бўлгансиз. Улардан қайсилари ёдингизда муҳрланиб қолган? 

– 1968 йили декабрь ойида ҳаво ҳарорати 45 даражагача совуқ, бир ярим метр қалинликда қор ёғди. Бу табиий офат биринчи навбатда чорвачиликка катта талофат етказди. Хашакни қўраларга ҳарбий вертолётларда етказишга мажбур бўлишган. Совуқ зўрлигидан мол қўраларида қўйлар бир-бирига суяниб тикка турган ҳолида қотиб қолганини кўрганман. Икки ой ўтгач, 1969 йил февраль ойи охирида қалин қор бирдан эриб, кучли сув тошқини йўлларни ювиб кетгани ҳануз ёдимда.

– Муштарийларга тилакларингиз...

– Вилоят маркази сифатида кундан-кунга ободонлашиб, тараққий этаётган Туркистон шаҳрига махсус мақом берилганлиги тарихий воқеа. Барча ҳамюртларимга сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат тилайман. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Ш. МАДАЛИЕВ, 2025-01-08, 20:02 173
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.