ҚР Президенти ''Абу-Даби барқарор тараққиёт ҳафталиги'' саммитида нутқ сўзлади
ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи доирасида “Абу-Даби Барқарор тараққиёт ҳафталиги” саммитида иштирок этди. Жаҳон етакчилари ва экспертлари барқарор тараққиётнинг дунёвий муаммоларини муҳокама қилиш учун йиғилишди.
Саммитда дастлаб ҚР Президенти сўзга чиқди. Қасим-Жўмарт Тўқаев бугунги кунда дунё иқлим ўзгариши, қурғоқчилик, биохилма-хилликни йўқ қилиш, сув танқислиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби долзарб муаммоларга дуч келаётганини таъкидлади. Бу ҳолат геосиёсий таранглик ва таъминот занжирининг узилиши туфайли янада оғирлашди.
Президент Қозоғистон бу муаммоларни учта асосий йўналиш, хусусан, рақамлаштириш ва сунъий заковат, йирик инфратузилмавий лойиҳалар ва атом энергетикасига асосланган стратегия орқали ҳал этиш ниятида эканини маълум қилди.
– Дунё бўйлаб иссиқхона газлари чиқиндиларининг 75 фоизи энергия тизимлари ҳиссасига тўғри келади. Натижада биологик хилма-хилликнинг 10 фоизи йўқолади. Шу нуқтаи назардан қараганда, Masdar, Total, Eni каби халқаро ҳамкорларнинг Қозоғистонда умумий қуввати 43 ГВт бўлган яшил энергия лойиҳаларини амалга ошириш мажбуриятини олишининг аҳамияти улкан. Мамлакатимизда дастлабки атом электр станциясининг қурилиши маҳаллий энергетика соҳасини барқарор ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Бу ташаббус умумхалқ референдумида қўллаб-қувватланди. Айни пайтда Қозоғистон жаҳон бозорига энг муҳим хомашё турларини етказиб беришга интилмоқда. Бу материаллар ҳавога чиқариладиган углерод миқдорини камайтириш борасида дунёвий мақсадни амалга ошириш учун жуда зарур, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Шундан сўнг Президент транспорт инфратузилмасининг аҳамиятига тўхталди.
– Евроосиё қитъасида етакчи транзит марказига айланган мамлакатимиз учун барқарор тараққиётнинг яна бир муҳим шарти – транспорт-транзит соҳасидир. Биз транспорт инфратузилмасига, хусусан, автомобиль ва темир йўллар, аэропортлар ва денгиз портлари қурилишига сармоя жалб этишни бошладик. Алоқа имкониятлари доирасини янада кенгайтириш мақсадида Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналиши ва Шимол-Жануб транспорт йўлагини ривожлантириш, шунингдек, “Бир белбоғ – бир йўл” ташаббусида муҳим ўрин эгаллайди. Бизнинг мақсадимиз нафақат минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, балки барқарор иқтисодий тараққиётни таъминловчи барқарор таъминот занжирини шакллантиришдир, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, дунёвий исиш Марказий Осиё учун асосий муаммолардан биридир.
– Иссиқлик жараёнининг тезлашиши экотизимлар, аҳоли турмуши ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Шунинг учун иқлимга мослашиш стратегияси зарур. Шунингдек, минтақамиз трансчегаравий дарёларга ҳам боғлиқ. Шу боис биз эрта огоҳлантириш тизимини йўлга қўйишимиз, сув ва ердан фойдаланишни яхшилашимиз керак. Шу билан бирга, сувни тежовчи технологияларга сармоя жалб этиш, ирригация тизимларини замонавийлаштириш зарур. Сув захираларини самарали бошқариш юзасидан келишувларга эришиш ва сунъий заковат, сунъий йўлдош мониторинги ва бошқа рақамли воситалардан фойдаланиш яхши самара беради, – деди Қозоғистон Президенти.
Давлат раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигига алоҳида тўхталиб, уни кун тартибидаги долзарб масалалардан бири сифатида қайд этди.
– Жаҳон бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитлар билан барқарор таъминлаш учун инновацион ёндашувлар зарур. Қозоғистон халқаро бозорга кўп миқдорда ғалла ва ун экспорт қилувчи давлат сифатида барқарор қишлоқ хўжалиги усуллари ва технологияларини янада такомиллаштириш ниятида, – деди Президент.
Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, бу муаммолар билан курашиш учун дунёга янги тараққиёт дастури керак. У адолат ва барқарорлик тамойилларига асосланиши даркор. Дунёвий муаммоларни учта муҳим омилга асосланган ягона тизим орқали ҳал қилиш мумкин.
– Биринчи, “яшил” молиялаштириш. Унинг ҳажми сезиларли даражада оширилиши керак. Иккинчидан, технологиялар замонавийлашуви, техник таъминот ва илмий тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш. Қуёш энергияси, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, углерод фильтрлари ва сунъий заковатга асосланган иқлим технологиялари турли инновацион ечимларни таклиф этади. Учинчидан, иқлим ўзгаришига қарши кураш, иқтисодий тараққиёт ва сунъий заковат устуворликларининг уйғунлиги. 2030 йилга бориб, жаҳон ички ялпи маҳсулотининг 16 фоиздан ортиғи ушбу уч йўналиш ҳисобига таъминланиши мумкин. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, давлатлар барқарор тараққиёт соҳасида турли мақсадларга нисбатан энг мослашувчан ва мустақил ёндашувни қўллагани маъқул, – деди Давлат раҳбари.
Президент нутқи якунида мазкур саммит келгуси ўн йилликлар учун барқарор тараққиёт соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришда муҳим майдонга айланишини таъкидлади.
Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Руанда Президенти Поль Кагаме, Финляндия Бош вазири Петтери Орпо, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи президенти Разан Ал Муборак ва бошқалар сўзга чиқди.