26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Оловли йўллар қиссаси

Ушбу рисола фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 80 йиллигига ҳамда Улуғ Ватан урушида қаҳрамонлик кўрсатган, она қишлоғига қайтмаган – хоки жанг майдонларида қолиб кетган уруш қурбонларининг муқаддас хотирасига, шунингдек, урушдан омон қайтиб, она юрт равнақи йўлида тер тўккан мард ва фидойи ҳамюртларимизнинг муқаддас хотирасига бағишланади.

Рисола Улуғ Ватан урушида қатнашган ҳамюртимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқовнинг жанговар хотиралари, яъни кундалик дафтаридан лавҳаларни ўз ичига олган. 

 Бўтабой Содиқов 1916 йил 23 февралда Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам туманининг Сайрам қишлоғида туғилган. Қуролли кучлар сафига чақирилгунга қадар МТСда ҳисобчи бўлиб ишлаган. 1941 йилда Сайрам туман ҳарбий комиссариати томонидан ҳарбий ҳизматга сафарбар этилган. Днепр дарёсини кечиб ўтиш чоғида қаҳрамонлик кўрсатиб, шуҳрат қозонган ва унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Урушдан сўнг у “Казсельхозтехника” туман бўлимида, Сайрам қишлоқ кенгашида ҳисобчи, қишлоқ Кенгаши раиси бўлиб ишлади. 

Бўтабой Содиқов 1993 йил 18 январда вафот этган.

Ушбу жанговар хотираларни ўқиб танишган ҳар бир китобхон Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқовнинг Улуғ Ватан уруши йилларидаги жанговар ҳаётини қисман бўлса-да, кўз олдига келтириб, уларнинг бошидан ўтказган қийин, машаққатли, даҳшатли ва заҳматли кунларини бир зум бўлса-да, тасаввур этади, деган фикрдамиз. Зеро, Ғалабани орзиқиб кутган, ўз Ватанини душман қўлига топширишни истамаган ҳар бир жангчи:

Ҳаёт ширин инсон-чун, аммо,

Қаҳрамонлик ҳаммасидан соз.

Душманга тиз чўкмайман асло,

Олмагунча мен ундан қасос.

дея жанг майдонларида қон кечиб, душманга қарши курашган. 

Бўтабой Содиқовнинг номи Улуғ Ватан уруши солномасига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Унинг Улуғ Ватан урушидаги жасорати, матонати ва мардлигини халқимиз унутмайди.

Бўтабой Содиқовнинг жанговар хотиралари

1939 йили 19 сентябрь куни туман ҳарбий комиссариатидан Қизил Армия сафига чақирув қоғози олдим. Мен билан ҳамюртларим 

Н. Ўрмонов, И. Аҳмадалиев, Ш. Аҳмадалиев, 

Ш. Муборакхонов, П. Попов, Ҳ. Тошметов, Т. Мирҳайдаровлар бор эди.

1939 йилдан 1940 йил январгача Челябинск вилоятининг Троицк шаҳридаги 384-сонли енгил артиллерия полкида хизмат қилдим. Шунингдек, Алапаевск, Стерлитамак, Уфа, Шчадринск ва Арманистон Республикасининг пойтахти Ереван шаҳарларида хизмат қилдим.

1940 йил 3 январдан 15 январгача Свердловск вилояти, Алапаевск шаҳридаги 480-сонли алоҳида ўқчилар батальонида аскарлик бурчимни ўтадим. Бу шаҳарда, театр биносида ҳамқишлоғим, радист Эргашвой, ошхонада Орзиқул Каримов билан учрашдим. Шу шаҳарда хизмат қилиб юрганимда Финляндияга урушга кетаётганимиз ҳақида отамга ва турмуш ўртоғим Зулфияга хат ёздим. Улардан орадан кўп ўтмай жавоб хати олдим. Отам – “Қароғим Бўтабой, асти қўрқма ва чўчима. Ўтганларнинг гапи бор: “қирқ йил қирғин бўлса ҳам, ажали етган ўлади”, Зулфия – “Хўжайин, асло азият чекманг. Армиядан қаҳрамон бўлиб қайтасиз”. 1940 йилнинг октябрь ойигача сақладим бу хатларни. Лекин уларни октябрь ойида Иваново вилоятининг Иваново шаҳридаги 234-сонли эвакогоспиталда йўқотдим. 

1940 йил 15 январдан 24 январгача Стерлитамакда 880-сонли алоҳида ўқчилар батальонида, сўнг май ойигача Бошқирдистон АССР пойтахти Уфа шаҳрида 294-сонли гаубицали артиллерия полкида хизмат қилдим. Май ойида эса Курган вилояти, Шчадринск шаҳридаги 539-сонли зенит-артиллерия полкида хизматимни давом эттирдим. Бу ерда қорабулоқлик Мадалиевни учратдим.

Шу йил июнь ойида Удмурдистон пойтахти Ижевск шаҳрида 155-сонли ГАП (гаубичный артиллерийский полк)да хизматимни давом эттирдим. Бу ерда сайрамлик Ниёзқул Ўрмонов ва манкентлик Қудратилла Ашуртаевлар билан учрашдим. 

1940 йилнинг июнь ойида Ереван шаҳрининг шимолий томонида жойлашган Канакер аҳоли манзилидаги 129-сонли гаубицали артиллерия полкида хизмат қилдим. 

1941 йил 22 июнь куни немис босқинчилари Тинчлик шартномасини хиёнаткорона бузиб, уруш эълон қилмай, мамлакатимиз чегарасини бузиб ўтди. Улуғ Ватан уруши бошланди. Уруш йилларида хизматни артиллерия қисмларида ўтадим. 129-сонли гаубицали артиллерия полкида, 294,155, 870, 468, сўнгги йилларда 167-сонли ҳарбий қисмлар таркибида жанг қилдим.

1941 йили 13 октябрда Ватан учун, Сталин учун немис босқинчиларига қарши курашиш мақсадида Таганрог шаҳрига келдик. Илк бор жангга шу ерда кирдим. Шу йили 29 октябрь куни Ростов-на-Дону шаҳрига етиб келдик.

19 ноябрь куни бизнинг 129-сонли гаубицали артиллерия полки (тўп командири сержант Михайлов) 870-сонли полки тасарруфига ўтказилди. Шу куни Ростовни ҳимоя қилиш мақсадида шу шаҳарга келдик. Гуруҳимизда аскарлардан Адирюха, Лихачёв, Черновлар ҳам бор эди.

21 ноябрда шиддатли жанглардан сўнг, Ростовдан вақтинча чекинишга мажбур бўлдик. Жангда чап тирсагимдан енгил яраландим, лекин госпиталга бормадим. 

27 ноябрь куни Қизил Армия эрталаб соат 5да Ростов-на-Донуни қайта қўлга киритди. Немислар чекина бошлади.

23 декабрда бизнинг 870-сонли полкимиз (ГАП) янги қўшимча куч олиш учун Ростов шаҳридан Ворошиловград вилоятининг “Красная поляна” қишлоғига етиб келди ва бу ерда 1942 йил 7 январгача бўлди. 

1942 йил 7 январь куни қисмимиз Ворошилов вилоятининг Красний шахтёр қишлоғига, 12 январда Сталинград вилоятининг Наликинанск шаҳрига, 18 январь куни эса шу вилоятнинг Новая Александровка қишлоғига келди. 26 январдан 26 апрелгача шу қишлоқда душманга қарши жанг олиб бордик. Сўнг қисмимиз Харьков йўналишига, Северский Донец дарёсига келди. 29 апрель куни қисмимиз Харьков вилоятида Советская қасабасига келди, бу ерда 12 майгача душманга қарши мудофаа жангини олиб бордик.

12 май куни эрталаб соат 8да Харьковни озод этиш учун душманга қарши ҳужум бошлаб, ғалаба қозондик.

 26 май куни қисмимиз Белий колодёз туманидаги Шевченко қасабасига келиб, 15 июнгача мудофаа жангларини олиб бордик.

 16 июнь куни Харьков вилоятининг Вельховодка қишлоғига келиб, бу ерда биринчи июнгача кураш олиб бордик. 1 июль куни Харьков йўналишида ҳужум бошланди, бизнинг қисмимиз эса шу куни Стариосколни забт этишга ҳаракат қилдик.

11 июлда қисмимиз Сталинград вилоятининг Серафимович шаҳрига келди ва Дон дарёсини кечиб ўтди. 12 июль куни Алексеев туманидаги Алексеев қишлоғига келдик. 17 июль куни Ростов вилоятидаги Большой Биков қишлоғига, 26 июль куни Сталинград вилоятининг Красний Октябрь туманидаги Орловка қишлоғига етиб келдик ва 28 июлда Сталиннинг 227-сонли буйруғи ўқиб эшиттирилди. Бу буйруқда “Россия буюк, лекин чекиниш мумкин эмас. Олдинда Волга, орқада – Дон. Бир қадам ҳам чекиниш мумкин эмас!” дейилган экан. 

1942 йили 1 август куни менга кичик сержант ҳарбий унвони берилди. 2 августда эса Сталинград вилоятининг Котельниково темир йўл станциясига душманга қарши жанг қилиш учун келдик. 4 августда ушбу станцияда фашистлар билан шиддатли жанг бўлди. Бизнинг ўт очиш позициямиз душман томонидан уч маротаба портлатилди, 50та танк бостириб келди. Бу вақтда командиримиз катта лейтенант Дудиннинг буйруғи билан батарея пана жойга ўтди. Мен тўп олдида соқчи бўлиб қолдим. Шу пайтда немислар биз томонга яна 8та танкда бостириб кела бошлади. Оралиқ 400-500 метр чамасида эди. Ҳадемай, танклар яқинлашиб қолганида ўзимни ростлаб, 35та снарядни тўп олдига олиб келдим ва ўқладим. Белимда камарим, бошимда каскам йўқ эди. Танклар яқинлашди, мен уларга қарата ўт очдим. Биринчи танк ёниб кетди. Кейингиларига тўхтовсиз отавердим. 35та снаряд тугади. 8та танкдан 4таси ёниб кетди. Қолганлари бурилиб, ортга чекинди.

Атрофни сукунат эгаллади. Дудин менга қараб, деди: “Раҳмат, ўртоқ Содиқов!”. Бу хизматим инобатга олиниб, полк командири мени “Қизил Байроқ” орденига тавсия қилди. Орденни ололмадим, лекин кўрсатган жасоратим учун 2000 сўм мукофот пули олиб, уйга жўнатдим.

8 августда қисмимиз Сталинград вилоятидаги Городец қишлоғига келиб, 17 август куни Котлубан қасабаси томон йўл олдик. Қисмимиз қасабанинг шарқий қисмида 23 августгача жанг олиб борди. 24 августда Рошчада, эртасига Верхневодина қишлоғида бўлдик.

1 сентябрь куни батареямиз 468-сонли ҳарбий қисм тасарруфига ўтди. 6 сентябрда полкимиз Сталинград вилоятининг Панчино қишлоғида жанг олиб борди. 28 сентябрь куни артиллерия полкимиз Самофаловка шаҳрининг ғарбида жойлашиб, 1 октябргача душманга қарши жанг олиб борди. 

1942 йил 7 ноябрда, яъни Улуғ Октябрь революциясининг 25 йиллиги муносабати билан сержант ҳарбий унвонини олиб, “Аълочи артиллериячи” нишони билан мукофотландим.

19 ноябрь куни эрталаб соат 9да армиямиз Сталинград йўналишида СССР Ҳарбий кучларининг Бош қўмондони ўртоқ Сталиннинг буйруғини шон-шараф билан бажариш учун немис босқинчиларига қарши ҳужум бошлади. Натижада, душманнинг узоқ вақтга режалаштирилган мудофаа чизиғини бузиб ўтиб, шу куни фронт бўйлаб 20 чақирим олға силжидик. Натижада, душманнинг 330 минг кишилик армияси қамалга олиниб, аскарлар асирликка олинди.

20 ноябрда Руминиянинг уч дивизияси қамал қилинди ва аскарлари асирликка олинди. 24 ноябрь куни эса Сталинград вилояти, Ворошилов номидаги дам олиш ҳудудига келиб, душман аэродромига қарата ўт очдик. Кўп ўтмай, аэродром 22 самолёти билан забт этилди.

11 декабрда Сталинград вилоятининг “Район 5-Курганов” – ҳудудида бўлдик. Кечаси 12да биз томонга 4та немис танки ҳужум бошлади. Улар 50-60 қадам яқинлашиб қолганларида ўт очдим. Натижада, 21та снаряд билан 3та танкни ишдан чиқардим. “Жасорати учун” медалига тавсия қилиндим.

12 декабрда тунги соат 23ларда душманнинг 18та танки ҳужумга ўтди. Қаҳратон совуқ, тун қоронғусида тўпдан отиб, нишонга теккизиш осон эмас. Шундай бўлса-да, 22та снаряд билан душманнинг 4та танкини портлатиб юбордим. Полк командири “I даражали Ватан уруши” орденига тавсия қилди.

11-15 декабрь кунлари мен бошқарган тўп Сталинград вилоятидаги 5-Курган туманида жойлашди. 

Тун совуқ ва қоронғи эди. Ерда 20 см қалинликда чамаси қор ётар эди.

Сталинград вилоятининг ери қаттиқ, сариқ тупроқ. Хандақ қазишга бир-икки соат вақт кетади.

Тўп олдига бордим. 4та немис танки ракета ёруғидан фойдаланиб, ўт очиб келаётган экан. Тўпдан 21та снаряд отиб, танкларни бирин-кетин ёндирдим.

Бу воқеадан воқиф бўлган батарея командири катта лейтенант Богачёв мени койиди: “Немис танклари деб, ўз танкларимизни ёндирдинг. Шунинг учун мени сени отиб ташлайман”, деди. Комбатга ўзимизнинг танклар эмаслигини исботлаб берсам ҳам ишонмади. Мен унга шундай дедим: “Бизнинг танклар якка моторли, душманники қўш моторли, шу сабабли овози паст чиқади”. Шунда ҳам кўнмади. Сўнгра йигитлар, тун сал ёришсин, шунгача ўртоқ Содиқовга рухсат беринг, ундан кейин маълум бўлади, дейишди. Комбат рухсат берди. Кун ёришганда ёниб ётган танкларни олдига ўзим бориб, ҳалок бўлган танкчиларнинг қўлидаги карталари, соатлари, ёнларидаги ҳужжатларни олиб келдим. Ниҳоят, комбат ишонганди, сўнг, “Раҳмат, ўртоқ Содиқов, мен адашган эканман, узр”, деди. 

Ушбу жасоратим учун ҳам “Жасорати учун” медалига тавсия қилиндим.

26 декабрь куни батареямиз Сталинград вилоятининг Казачий курган тепалигига борди. Бу ерда 1943 йил 10 январгача душманга қарши жанг олиб бордик. 

1943 йил 10 январда армиямиз Сталинград бўсағасида ҳужумга ўтди. Натижада, душманнинг мустаҳкам истеҳкомини ёриб, ҳужумга ўтдик.

29 январь куни яраландим ва 12 февралгача даволандим.

12 февралда Карповка темир йўл станциясига, 21 февралда Орлов вилояти, Елец шаҳрига келдик ва 24 февралгача бўлдик. 25 февралда Елец шаҳридан жўнаб кетдик. 27 февралда Орлов вилоятидаги армиямиз ҳужумга ўтди. Натижада, 4 аҳоли манзили душмандан озод этилди.

21 март куни Орлов вилоятидаги Козёрка туманида жанг олиб бордик. 29 мартда қисмимиз 167-сонли ҳарбий қисм тасарруфига ўтди.

29 мартдан Орлов вилоятининг Левенский туманидаги Ровеньки қишлоғида 13 июнгача бўлдик. 

1943 йил 2 май кунида “I даражали Ватан уруши” орденини (иккинчисини) олдим.

15 июнда ушбу вилоятдаги Муромец туманига бориб, 1 июлгача жанг қилдик.

10 июль куни Орлов вилоятидаги Молотичи қишлоғида шиддатли жанглар бўлди. Уларда Родинов бошқарган батарея немис босқинчилари ҳужумини қайтаришда жасорат кўрсатди. Родионов батареяси немисларнинг 24та танкини ёндириб, Родионов ва Резников бу жасорати учун “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлдилар. Бу жангларда полкимиз 58та, мен немиснинг 3та танкини ёндирдим. Бу хизматим учун яна бир бор “Жасорати учун” медалига тавсия қилиндим. Бу танклар жанггида Бўтабой Содиқов ҳалок бўлди, деган гап тарқалди. Бу гапдан хабар топган полк командири подполковник Бутко мени излаб келди ва ҳаёт эканлигимни кўриб, хурсанд бўлди. Ушбу жангдан кейин Бутко полкини фашистлар “каллакесарлар полки” деб овоза тарқатди.

15 июль куни бизнинг армиямиз Орёл-Курск йўналишида ҳужумга ўтди. Ушу ҳужум натижасида душман қўшинлари ёппасига чекина бошлади. 26 август куни полкимиз (167 артиллерия полки) Украина Республикасининг Севск шаҳрини душмандан озод этиш мақсадида шу шаҳар атрофида қарши ҳужумга тайёрланди ва кундузи соат 11лар чамасида шаҳар озод этилди. Сўнг Украина Республикасининг шимолий ҳудуди немис босқинчиларидан озод этилди.

23 сентябрь куни Десна дарёсини кечиб ўтдик.

1 октябрь куни мен полк командири подполковник Буткодан жанговор буйруқ олдим ва Днепрни кечиб ўтишга киришдим. Осмонда немиснинг 17та бомбардимончи “Юнкерс” ва уларни қўриқлаб юрган “Мессершмидт” қирувчи самолётлари ҳаводан бомба ташлар, тўплардан тинмасдан ўқ ёғдирарди. Дарёнинг ғарбий қирғоғига чамаси беш метр қолганида, душман снаряди солнинг орқа томонига тегиб, узиб юборди. Бироқ биз ваҳимага тушмадик: дарё бўйига сакраб тушиб, солни тортиб, қирғоққа чиқардик. Ўтиб бўлгач, “Ўтдим, буйруғингиз бажарилди”, дея имо-ишора билан командирга рапорт бердим. У ҳам тушунди-да, “раҳмат!” ишорасини қилди. Шундай қилиб, Днепрдан биринчи бўлиб кечиб ўтдим.

9 октябрда ҳам шиддатли жанглар бўлди. Мақсадимиз Днепр дарёсининг ўнг қирғоғида плацдармни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш эди. Бу ерда 17 октябргача жанг қилдик.

17 октябрда менинг барча хизматларимни: 16та ёндирилган танк, душманнинг 700 аскар ва зобитини ўлдирганимни, 4та артиллерия ва миномёт батареясини, 4та “Фердинанд” танкини “янчиганим” учун, шу билан бирга, Днепрдан биринчи бўлиб ўтганим инобатга олиниб, дивизия ва полк командирлари “Совет Иттифоқи Қаҳрамони” унвонига тавсия қилишди.

3 ноябрда Украина пойтахти Киев шаҳри томон ҳужум бошланди. 6 ноябрда эса шаҳар немис босқинчиларидан озод этилди. 

13 ноябрда Житомир шаҳри озод қилинди. 16 ноябрь куни Житомир вилоятидаги Верси қишлоғига бордик.

1944 йил 1 январда Глебовка ва Шепетовка йўналишларида жанглар олиб бордик.

7 январда Шепетовкага ҳужумга ўтдик. 10 февралда иккинчи марта ҳужум қилдик ва 25 февралгача жанг олиб бордик.

17 февралда Киев шаҳрига келиб, 22 февралгача бўлдик. Мен билан бирга Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари капитан Стрижак, капитан Сидоров, катта сержант Варава ва кичик сержант Николаев, кичик лейтенант Журавлёв ва Украина ССР Олий Кенгаши депутати майор Опрев бирга бўлдилар.

22 февралда Киевдан урушга жўнаб кетдик. 25 февралда бошқа йўналишга йўл олдик. 4 март куни Тернополь вилояти, Бурлик қишлоғида душман мудофааси ёриб ўтилди. Шу куни жангда мен немиснинг “Фердинанд” танкини яксон қилдим.

1944 йил 12 март куни қисмимиз Тернополь шаҳрига келди. Бу ерда 15 апрелгача жангларда иштирок этдик.

15 апрелда немис қўшинлари тамомила тор-мор этилди. Душманнинг 16 минг аскар ва зобити бор эди.

20 апрелда қисмимиз Тернополнинг ғарбига ўтдик.

Кўп ўтмай шу 1-Украина фронти штабида ўтган махсус кенгашда иштирок этдим. Шу ерда ўзбек қизи тиббиёт ҳамшираси катта лейтенант Сайёра Мажидова билан мулоқотда бўлдим.

14 июнда Москва шаҳрига келдим. 15 июнда Иваново ҳарбий-сиёсий билим юртига келиб, 234-сонли эвакогоспиталда 18 октябргача бўлдим. 

20 октябрь куни турмуш ўртоғим Зулфия ўғлим Ирисмат билан келди. Буни қарангки. Ирисматни танимай: “Бу ким?” дея сўрабман. Зулфия жонажон дўстим Совет Иттифоқи Қаҳрамони Филип Ахаев ва Сайрамдаги “Қизил Октябрь” жамоа хўжалигидан бўлган Ивановнинг қизи Лиза билан ҳам танишиб олди.

1 ноябрда ИВПУ билим юрти бошлиғи генерал-майор Богачёв менга бир ой таътил берди ва уйга жўнаб кетдим. 8 ноябрда Сайрам қишлоғига келдим. 11 ноябрда Қорамурт, 12 ноябрда Қорабулоқ, 15 ноябрда Манкент қишлоқларида бўлдим.

4 декабрда Алматига жўнаб кетдим. Мен билан бирга Саид тоғам, аёлим Зулфия ва обкомдан лектор бўлди.

5 декабр куни ҚозССР Вазирлар маҳкамаси раиси Ўндасиновнинг қабулида бўлдик. 

12 декабрда Қозоғистон Ҳукумати идорасида қабулда бўлдик. 15 декабрда Сайрам қишлоғига қайтиб келдик.

1945 йил 1 февралда ўғлим Ирисматнинг суннат тўйи бўлди. 28 февралда ИВПУга жўнаб кетдим.

27 мартда урушга жўнаб кетдим, 1-Украина фронтига келдим. 

1945 йил апрель ойининг сўнгги кунларида Жанубий Берлинда немис қўшинларини тор-мор этиш учун бўлган жангларда иштирок этдим.

9 май куни Улуғ Ватан уруши немис-фашист босқинчилари устидан ғалаба билан тугади. Бу уруш Чехословакия Республикасининг пойтахти Прага шаҳрини озод этиш билан якунланди.

1945 йил 20 май куни Ғалаба намойишида қатнашиш учун Москвага келдик. Мен билан бирга Ленгер туманидаги Советское қишлоғидан гвардиячи катта сержант Иван Сердюков ҳам тантанада иштирок этди.

1946 йили июнь ойида СССР Олий Совети Президиумининг фармонига биноан Совет Армияси сафидан тинч меҳнат қучоғига қайтиб келдик. Сентябрь ойидан эътиборан 1954 йил охиригача Бозорқопқа ва Чимкентқопқа қишлоқ кенгашларида ижроқўм раиси, сўнгра кенгаш раиси сифатида фаолият юритдим. Сўнг “Қизил Октябрь” жамоа хўжалигида ҳисобчи, 1956 йилдан 1974 йил январь ойига қадар “Казсельхозтехника” ремонт-механика заводида катта ҳисобчи бўлиб меҳнат қилдим.

1974 йилда соғлигим туфайли ўз ихтиёрим билан ишдан бўшадим.

 

 Қаҳрамон ҳақида қўшиқ

(Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқ ўғлига)

 

Эл бошига иш тушганда ўйланмай, 

"Лаббай", дея ёрдамга шай югурдик.

Она юртни нокасларга топтатмай 

"Қўриқла", деб, юракларга буюрдик.

 

Жанггоҳларда жавлон урдик, жон чекиб,

Ғаддор, манфур ёвни енгмоқ қасдида.

Ҳар жангчининг кўксидаги армони

Шу эмасми, шу эмасми аслида.

 

Азиз дўстим, елкадошим Бўтабой, 

Дилдан севиб ўсдинг юрту элингни.

Ўчган шамни жанг-ла қайта портлатдинг

Она меҳри тупроқ ёқиб дилингни.

 

Қирқдинг ёвнинг ҳаром-ҳариш қадамин, 

Пок булоғу, дарё ҳамда тоғлардан.

Мана бугун шодлик қўнган Ватанда 

Ардоқдасан жой олиб қароғлардан.

 

Болаликдан тепкилашган дўстимсан,

Мен-чун танда жонимдан ҳам яқинсан.

Алпомишдай ёвга қирон етказиб

Юрагимга олов солган чақинсан.

 

Авлодларга совға қилдик осойиш,

Сақлаб қолдик ҳақиқат ва бирликни.

Сендай бўлар, Бўтабой, дўст дегани

Ер юзида ардоқлаган ҳурликни.

 

Ўша йиллар кўз олдимда ҳали ҳам

Малъунларнинг қилган қирғинбароти.

Оналарнинг ялангоёқ қор кечиб

Фашистларни қарғаб қилган фарёди.

 

Қолганида ловуллаган ўт ичра,

Беларуснинг Минск деган шаҳари.

Ёрдам учун отилдик оловларга

Ўрис, қозоқ ва ўзбек болалари.

 

Ҳимоялаб олиб қолдик душмандан,

Етказмасдан салтанатга зарра дарз.

”Юртим учун” дея сермаб қилични 

Байроқ қилдик дўстлик ишин билиб фарз.

 

Шундан буён оқиб ўтди қанча сув, 

Давраларда авжга чиқди ҳазиллар.

Лекин бизга қонли кўйлак кийдирган

У дамлардан ҳамон қалбим безиллар.

 

 Сабанбай КАРИМБОЙ ўғли.

Қозоқ тилидан Журъат

 (Ирисали Жуманов) таржимаси.                                                                                                                                     

2025-04-07, 19:58 76
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.