Ўзбекистон Республикасининг “Ватандошлар” жамоат жамғармаси ташаббуси билан Сайрам туманининг Қорабулоқ қишлоқ Маданият уйида “Миллий қадриятлар – ғуруримиз” мавзуида халқаро тадбир ўтди.
Ўзбекистондан ташриф буюрган “Ватандошлар” жамоат жамғармаси аъзолари, таниқли жамоат арбоблари ва санъаткорларни карнай-сурнай садолари остида миллий либосдаги қизлар нон-туз билан қарши олишди. Тадбир иштирокчилари дастлаб Маданият уйи фойесида ташкил этилган миллий кийим-кечак ва таомлар, шунингдек, маҳаллий ижодкорларнинг китоблари кўргазмалари билан танишдилар.
Шундан сўнг сухандонлар – 100- ва 101-сонли мактаб ўқитувчилари Ҳасан Исмоилов ҳамда Камола Холмуродовалар Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси И. Ҳошимжонов, Ўзбекистондаги Қозоқ миллий маданият маркази раиси Серикбай Усенов, Ўзбекистон Республикасининг Алмати шаҳридаги Бош консуллиги консули Эркин Абдуқаюмов, жамоат арбоби, ҚР Парламент Мажлисининг собиқ депутати Фахриддин Қоратоев, Қорабулоқ қишлоғи ҳокими Комилжон Абдулаҳадов, “Оналар мактаби” жамоат бирлашмаси раисаси Победа Абдазимоваларни саҳнага таклиф этишди.
С. Усенов Наврўз байрамига бағишлаб уюштирилган мазкур тадбирнинг мақсадини қуйидагича баён этди:
– Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарлари Қ. Тўқаев ва Ш. Мирзиёевнинг ташаббуслари билан халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш борасида залворли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги тадбир ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳангдир. Бундай учрашувлар халқларимиз орасидаги қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жамоат арбоби Ф. Қоратоев учрашувнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, меҳмонларга “Эл фарзанди – Халқ ҳофизи” китобини тақдим этди. Жумладан, у келгусида адабий алоқаларни жонлантиришга алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилди. “Оналар мактаби” жамоат ташкилоти раисаси Победа Абдазимова ташриф учун меҳмонларга миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон Республикасининг Алмати шаҳридаги Бош консуллиги консули Эркин Абдуқаюмов қардош мамлакатларнинг дўстлик алоқалари янада юксалиб бораётганини таъкидлади.
“Ватандошлар” жамоат жамғармаси вакили Ҳожиакбар Исоқов ушбу ташкилотнинг чет элдаги ўзбек ватандошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йили ташкил этилгани, у хорижда яшаётган миллатдошларимизни ҳимоя қилиш, уларга маънан ва руҳан далда бериш, шунингдек, она тилимизни, миллий урф-одатларимизни сақлаш, уни тарғиб этишга хизмат қилишини маълум қилди.
Таъкидлаш жоиз, қисқа вақтда жамғарма томонидан залворли ишлар амалга оширилди. Масалан, ўтган йили Қозоғистондаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари жамғарма томонидан ташкил этилган махсус курсларда малака оширдилар, шунингдек, эл-юртга хизмати сингган бир гуруҳ ҳамюртларимиз «Чинор» лойиҳаси доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига уюштирилган саёҳатда иштирок этдилар.
Тадбирнинг сермазмун концерт дастури барчага манзур бўлди. Айниқса, Қорабулоқ қишлоғидаги 92-сонли “Оқсув” ва “Меҳрбулоқ” мактабларининг “Бойчечак” ҳамда “Гулдаста” рақс дасталари ижросидаги “Попурри”, “Навбаҳор”, “Жайрона” рақслари, “Ёр-ёр” ҳамда “Кетмончи аёллар” каби саҳна кўринишлари, Тўрахон Худойберганов, Юлдуз Жаҳонгирова ижросидаги мумтоз қўшиқлар томошабинлар эътиборини қозонди. Таниқли устоз Н. Акромова раҳбарлигидаги “Қизлар академияси” тингловчилари ҳамда Д. Қўнаев номли коллеж талабаларининг миллий либослар намойиши ҳам иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Дастурнинг иккинчи қисми Ўзбекистон ва Қорақалпоқ давлат филармонияси, Бердақ номидаги академик мусиқали театри артистлари Аброр Шовазов, Азиз Бекмуродов, Азамат Аҳмедов, Фазилат Аҳмедова, Қазибек Кегуимжаев, Бахтиёр Жуматоев, Одилбек Темирбоевлар ижросидаги куй, қўшиқ ва рақслар билан давом этди. “Ёшлар” телеканали журналисти Суҳроб Хайриев ва оператор Аббос Сайдалиевлар тадбирни тасвирга тушириш билан банд бўлишди.
Учрашувда жамғарма томонидан буюк мутафаккир А. Навоийнинг 584 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловнинг ғолиб ва совриндорларига сўнгги русумдаги планшетлар инъом этилди. Шунингдек, ушбу аҳоли манзилидаги 8та мактаб ва қишлоқ кутубхонасига 70 донадан бадиий китоблар тарқатилди. М. Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа (PD) доктори Ё. Мадалиев туҳфалар учун ташкилот раҳбариятига миннатдорчилик изҳор этди.
Тадбир “Қуаныш” тўйхонасида жамғарма томонидан уюштирилган дастурхон атрофида якун топиб, ўзбекистонлик меҳмонлар навбатдаги дўстлик учрашувида иштирок этиш учун Атиров шаҳрига йўл олдилар.
Шубҳа йўқки, мазкур тадбирнинг самимий шукуҳи Қорабулоқ қишлоғи аҳли қалбида узоқ вақт сақланади. Зеро, бундай тадбирлар 1998 йили Ўзбекистон ва Қозоғистон орасида “Абадий дўстлик тўғрисида” имзоланган Шартноманинг ҳаётийлигини тасдиқлайди ва қўшни давлатлар орасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга хизмат қилади.
***
Учрашувдан сўнг уни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган “Оналар мактаби” жамоат бирлашмаси раисаси Победахон Абдазимовани суҳбатга чорладик:
– “Оналар мактаби” 2012 йилдан эътиборан қишлоғимизда фаолият юритмоқда, – деди у. – Ўтган йилларда жамоат ташкилоти томонидан кўплаб тадбирлар уюштирилди. Дарҳақиқат, жамиятда барқарорлик, этнослараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, миллий ва оилавий қадриятларни сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Оналар мактаби» қишлоғимиздаги ёш оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил қилинган эди. Ташкилотимиз томонидан шу кунгача билимли, одобли ва соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган кўплаб тадбирлар уюштирилди.
Ушбу тадбирга ҳам пухта тайёргарлик кўрилди, махсус концерт дастури тайёрланди. Унда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни кўрсатишга ҳаракат қилдик. Масалан, “Ёр-ёр” саҳна кўриниши орқали ўтган асрнинг 70-йилларидан эътиборан то шу кунгача бўлган тўйлар акс эттирилди. Ҳаваскор санъаткорлар далада кетмон чопиб, меҳнат қилган фидойи онахонларимизни гавдалантиришди. Зеро, Президентимиз Қ. Тўқаев айтганидек, меҳнат одамларини улуғлашимиз зарур.
Тадбирни уюштиришда беғараз ёрдам кўрсатган миллий маданиятимиз жонкуяри Фахриддин Қоратоев, “Оқсув” мактаби илмий мудираси Замира Абдурашидова ва ўқитувчи Замира Йўлдошбекова, “Меҳрбулоқ” мактаби директори Пўлат Аҳмедов, ижодкор Мунира Бозорбоева, шунингдек, Ҳамида ва Саидакбар Абдуғаниевларга миннатдорчилик изҳор этамиз. Келгусида шундай мазмундаги учрашувлар кўпроқ уюштирилса, дўстлик ришталари янада мустаҳкам бўлаверади...