Сафар ҳақиқатдан ҳам инсонни руҳан тоблайди. “Инсон қадрини билгинг келса сафар қил, соғлом бўлай десанг сафар қил”, деган нақл бежиз айтилмаган. Инсон дунёқарашини бойитадиган, камолотга зинама-зина етаклайдиган сафарлар, шубҳасиз хайрлидир. “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасида йиллар бўйи меҳнат қилган фидойи инсон, марҳум муҳаррир ўринбосари Ислом Абдунабиев раҳбарлигида пандемия давридан аввал Самарқандга уюштирилган сафарни жамоамиз ҳақиқатан ҳам соғинган эканми, газетамиз таваллудининг 34 йиллиги баҳона, жамоамизда фаолият юритган марҳум тўнғич муҳаррир Собиржон Юсуфалиев, шоир Ирисали Жуманов, муҳаррир муовини Ислом Абдунабиев, мусаҳҳиҳа Наргиза Пирметоваларнинг пок руҳларини хотирлаб, Қуръон тиловат қилиб, аждодларимиз ўтмишини янгича тафаккур қилиш, ҳамкасб журналистлар фаолияти билан яқиндан танишиш ниятида “қайдасан, Самарқанд сайқали рўйи замин аст!”, дея йўлга – дунёдаги энг гўзал 44та жой қаторига киритилган кўҳна Мовароуннаҳрнинг нақ юрагига отландик.
Жамоадошларимизнинг фарзандлари ҳам “журналистнинг нони қаттиқ”лигини ушбу касбга мубтало дарди ирсиятига битилган бўлса-да, сафарда ҳис қилиш мақсадида бизга гуруҳдош бўлиб, жисмонан ҳамда руҳан баркамоллик излаш пайида бўлишди.
Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё давлатларининг тарихий биринчи саммити ўтган кўҳна ва ҳамиша навқирон, пурвиқор шаҳар жамоамизни ҳам ҳузурли об-ҳавоси билан қарши олди. Ҳақиқатан ҳам қадим ва тарихий тилсимотларни ўз бағрига яширган маҳобатли Самарқанд сайёҳларнинг севимли маскани. Ҳар гал ушбу маконга келар экансиз, ўзингиз билмаган ҳолда унинг янгидан-янги қирраларини кашф этасиз. Аждодларингизнинг ўтмиши, боболарингизнинг руҳи сизни ушбу манзил сари чорлайверади – бу ерда аждодларимизнинг камол топган, беназир ва ўхшаши йўқ туркий-маънавий марказига интилган, унга ҳаваси ортган, илм-фанда дунёни лол қолдирган, армонлари ушалмаган буюкларимизнинг туганмас афсус-надоматини, уларнинг қонли кўз ёшларини ҳис этмасликнинг иложи йўқ. Ундаги мақбаралар, хокини бағрига олган тарихий обидаларни, асрлар бўйи янгиланиб қаддини кун сайин тиклаб бораётган минораларни номма-ном санаб адоғига етиш мумкинмикан?! Меъморчилик, шаҳарсозлик санъатининг нозик, бетакрор, юксак дид билан барпо этилишининг яна ўнлаб асрлар давомида келажак авлодга қолдирадиган улкан ва ўлчови йўқ маънавий меросидир бу. Уларни кўздан кечирар экансиз, кафтларингиз билан сийпалаб, 15-аср ҳавосидан нафас олаётгандек ҳис қиласиз, Амир Кўрагон Темур бобомизнинг халқларни бирлаштириш, уларни маънан жипслаштириш, илм-фанни ривожлантириш йўлида қилган саъй-ҳаракатларининг қанчалик улуғворлигини, залворлилигини асрлар оша янада яққолроқ ҳис қила бошлайсиз...
Сафаримизнинг иккинчи қисми фойдали жиҳатларни ёқимли қирралари билан уйғунлашган ҳолда ўтди. Учрашувлари, тадбирлари бўлишига қарамай, биз билан юзлашишга вақт ажратган Самарқанд вилояти марказида чоп этиладиган 112 йиллик тарихга эга “Зарафшон” газетасининг бош муҳаррири, таниқли журналист, шоир, адиб ва таниқли жамоат арбоби Фармон Тошев раҳбарлигидаги бир гуруҳ журналистлар билан матбуот уйида учрашдик. Газета бош муҳаррири Райимжон Алибоев билан расмий совғалар алмашинуви ҳамда эсдаликка расмга тушгандан сўнг таҳририят қучоғида қозоғистонлик ҳамда ўзбекистонлик ҳамкасблар дилдан суҳбатлашдик. Қарийб 15 минг адад билан нашр этилаётган газета ижтимоий тармоқлар орқали ҳам мусоҳабалар ўтказиб, видеолавҳаларни томошабинларга доимий узатиб боради. 112 йиллик тарихи мавжуд газета музейини томоша қилиб, умуман матбуот, нашриёт соҳасининг ўтган асрдаги иш юритиш жиҳатларидан таъсирландик. Ҳар йили ихтисослиги журналист бўлмаган қарийб 30 нафар ёшларни журналистика сир-асрорларидан воқиф этадиган, ўргатадиган махсус курсларни ташкил этиб, истеъдодли шогирдларни таҳририятда олиб қолиш тажрибасини йиллар давомида биз ҳам қўллашга уриниб кўрган бўлсак-да, афсуски қозоғистонлик ўзбекларга ўзбек нашриётида фаолият юритиш жозибадорлигини аллақачон йўқотганлигини, келажакда насиб қилса, ижодкор ёшларимиз сафи кенгайишидан умидвор эканлигимизни раҳбаримиз алоҳида таъкидлади:
– Ёшларни ижодкорликка жалб этиш борасида маҳорат сабоқларини малакали журналистлар иштирокида ташкил этиб, самарасини кўраётганинглардан ҳурсандмиз. Йил сайин сафинглар кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол. Тарихий заминда, аждодларимиз руҳидан камол топиб ўсаётган ёшларнинг замонавий журналистика ривожига қўшадиган ҳиссаси улкан. Биз билан ҳамсафар бўлган ёш йигит-қизларимиздан ҳам етук журналистлар чиқишидан умидимиз катта. Келгусида ёшларимиз икки мамлакат ўртасида дўстлик алоқаларини ривожлантирадиган, маънавияти, маданияти юксак, илму-фанни тараққий эттирадиган комил инсонлар бўлишига тилакдошмиз.
Йиллар мобайнида “Зарафшон” газетасини бошқариб келаётган дилкаш ва дилбар инсон Фармон Тошев ташрифимиздан самимий хурсандлигини изҳор этди. Ҳамюртимиз Неъматжон Қулабдуллаевнинг ижодига мансуб куйлардан бирини рубобда ижро этиб берди:
– Матбуот уйида учта газета таҳририяти – ўзбек, рус ва тожик тилидаги газета жамоалари фаолият юритамиз. Тилларимиз, маданиятимиз бизни фарқламаса, аслида туркийлармиз. Илдизимиз, бир, динимиз ва томиримиз бир. Биз руҳан ва маънан бир-биримизга талпиниб, интилиб туришимиз керак. Журналистнинг изланиши, фаолияти ҳамда нияти ҳам бир нарсага йўналтирилган – у ҳам бўлса халқларни бирлаштириш, дўстлик ришталарини чамбарчас боғлаш. Бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз асоси ҳам аслида мана шунда. Ижодий ҳамкорлигимиз бардавом бўлишига тилакдошман. Аслида ижодкор учун ҳеч қандай чегара йўқ. Сизларнинг таҳририятимизга ташриф буюришларингиздан хурсандмиз, бу биз учун катта совға.
Учрашув сўнггида “Зарафшон” газетасининг муҳаррири ҳамда бир гуруҳ журналистлари билан эсдалик учун тасвирга тушдик. “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ҳамда Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлими фаолияти, бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, ўзаро тажриба алмашдик. Ҳақиқатан ҳам бу кўҳна шаҳар нафақат тарихий обидалари, зиёратгоҳлари, балки ўзбек журналистикасининг тарихийлиги билан ҳам аҳамиятли эканлигини сафар таассуротлари янада бойитди.