26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Нафисанинг баракали лойиҳаси

Тадбиркор хотин-қизлар сафини кенгайтириб, фарзандлари келажагига сармоя қуяётган Нафисахон Иброҳимова бошқараётган Шимкентдаги “Le Clair” қаҳвахона-тамаддихонасининг фаолият юритаётганига эндигина 3 йил бўлса-да, ишлаб чиқараётган маҳсулотларининг содиқ мижозлари анчагина.

Ишни тўғри ташкил эта олган раҳбар етакчилигидаги ошпаз ҳамда қандолатчилар жамоаси мижозлари дидига, талабига мос замонавий маҳсулотлар билан таъминлаб, мазали таомларни тақдим этаётган ҳамда оилавий тадбирларини ҳам ўтказишда бош-қош бўлаётган муассаса раҳбариятидан мамнун ҳолда унинг янги ғояларини ҳам қўллаб-қувватлашмоқда.

“Le Clair” қаҳвахона-тамаддихонасини бошқараётган Н. Иброҳимова 6-синфга қадар Шимкент шаҳридаги Улуғбек номли ўрта мактабда, кейин Тошкент шаҳридаги “International house” лицейи ва Шимкентдаги “Арман” хусусий мактабларида таълим олди. Сўнг Тошкент Шарқшунослик университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар факультетини тамомлади. Ўзбекистон Миллий банкида фаолият юритиб, малака оширди. Умумий овқатланиш –тамаддихоналар тармоқларини бошқараётган падари бузруквори Ҳабибулла Иброҳимов раҳбарлигида самарали фаолият юритаётган, акалари – Қаҳрамон ҳамда Нодир Иброҳимовлар бошқараётган Meyram Group таркибидаги “Моцарелла”, “Кўк сарой” ҳамда “Бахчисарай” ресторанларида молиявий ишларига бош-қош бўлди.

– Акаларим бошқараётган ресторанларнинг ошхонаси фаолияти, ҳисоб-китобигача барча босқичларни ўргандим, – дейди Н. Иброҳимова. – Тақдир менга берган имкониятлардан беҳад миннатдорман. Ушбу шарт-шароитлар мени бизнесга тайёрлаб борди. Умр йўлдошим Ирландияда туризм ва меҳмонхона бизнесини ўрганганлиги ҳам ажойиб уйғунликни юзага келтирди. Амалиёт даврини ўташим баробарида тақдир бизга Амир, Жамол ҳамда Камол исмли ўғилларни ҳадя этди. Бор эътиборимизни болалар келажагига бағишладик, уларнинг билимига сармоя йўналтирдик. Тўнғичимиз Дубайдаги “Herriot-Watt”  университетига грант асосида қабул қилинди. Жамол айни пайтда Назарбаев заковат мактабининг кимё-биология йўналишида таълим олмоқда. Катта теннисга бўлган оилавий қизиқишимиз, ота-она сифатида биз, катталарнинг қўлга киритган ютуқларимиз болаларимизнинг бугунги кундаги ғалабаларида акс этаётганидан миннатдормиз.

– Демак, тамаддихонадаги фаолиятингизга оилавий жараёндан кўнглингиз тўлгандан сўнг қадам ташладингиз?

– Фарзандларининг келажагига масъул оналар учун мансабдан кўра, кўпроқ болалари эришган ютуқлар муҳим. Оилавий ҳаётимиз бир маромда изга тушгач, қизиқарли бир ғоянинг ўзи насиб қилган вақтида тақдим этилар экан. Асли касби иқтисодчи қўли гул пазанда, амакимнинг қизи Насибахон Қурбонова билан қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқара бошладик. “Мен ҳисоб-китоб ишларига устаман, сен эса пишир-куйдирни боплайсан. Ҳеч бўлмаганда маҳсулотларимизни сотолмасак, ўзимиз оиламиз билан тановул қиламиз”, деб ишни бошладик. “Sweet bakery” белгиси билан турли пишириқларни тайёрлаб, ресторан, қаҳвахоналарга тақдим эта бошладик. Бу ишни бошлашимиз учун онажоним Холидахон Иброҳимова бизни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлади. Ижтимоий тармоқлардаги реклама ҳам қўл келди. Маҳсулотларимиз тадбиркорлар фестивалидаги кўргазмада ҳам муносиб ўрин эгаллади. Мана, уч йилдирки бошлаган лойиҳамиз – “Le Clair” қаҳвахона-тамаддихонасида ўз аксини топди. Акаларимга, оиламга катта раҳмат, мени доим қўллаб-қувватлашди. Уч йил мобайнида меҳмонларимиз анча кенгайди. 

– Мижозларингиз эътиборини нималар билан жалб эта олдингиз?

– Даставвал фойдали тўғри овқатланиш тизимига асосланган нонушталар маданиятини жорий этишга ҳаракат қилдик. Санкт-Петербургдан шеф-ошпазни таклиф қилиб, фаранг ширинликлари таомномасини ишлаб чиқдик ва уни ошхонамизда жорий этдик. Шу боис ҳам эклер деб номлаганмиз. Ёрмалар, меваларни аралаштириб тайёрланадиган таомларни киритдик. Италия круассанларини тайёрлайдиган махсус ускуналарни харид қилдик. Бунинг учун махсус ёғ ҳамда сифатли ун керак бўлади, шундагина сифатли маҳсулот тайёрланади. 6 хил пиццамизни махсус Италия унидан тайёрлаймиз. Италиянинг таниқли ресторанларида меҳмон бўлиб, мазасига ўрганган ҳамюртларимиз, айнан ўша таъмни излаб, бизга келишади. Ишонинг, уларнинг нозик диди маҳсулотлар таркибидаги масаллиқлар сифатини қалбан ҳис этиб, муносиб баҳолайди. Таомномамизни янги таомлар билан бойитяпмиз. Жамоамизда фаолият юритаётган 15 киши бизнесимизнинг ривожига ўзига хос ҳисса қўшиб келишмоқда. Тадқиқот тарзида яқинда бир тадбир уюштирдик. Кам таъминланган оилалар фарзандларига ёрдам бериш лойиҳасимизни меҳмонларимиз билан бирга уюштиришга ҳаракат қилдик. Навбатдаги тадбиримизда болалар уйлари тарбияланувчиларининг кўнглини кўтаришни мақсад қилдик ва меҳмонларимиз ҳам ушбу ғояни қўллаб-қувватлашди. Лойиҳа талабига кўра, ҳар бир мижоз арчага илинган болаларнинг орзулари битилган хатжилдларни очиб, уларда ёзилган илтимосларни бажариши керак. Улардаги орзуларни ўқиб, тўғриси ҳайрон қолдик. Ота-она меҳридан мосуво ўсаётган болаларнинг бири пойафзал сўраса, иккинчиси велосипед миниш орзусида экан. Энг ачинарлиси, бир болакайнинг орзуси – рангли қаламларни қўлга киритиш эканлигини билиб, қаттиқ таъсирландик. Энди тасаввур қилинг, чиройли тамаддихонада қимматбаҳо маҳсулотларни, экзотик мамлакатлардан келтирилган авакадо сингари меваларни бўтқаларга аралаштириб тановул қилаётган болалар, бундай ноз-неъматларни тушида ҳам кўрмаган кичкинтойларнинг орзуси оддий рангли қалам эканлигини англаб, қўлидаги бор неъматларга шукр қилади. 

Биз бу каби тадбирларимиз билан нафақат катталарни, балки болаларни ҳам бошқаларнинг дардига хайрихоҳ бўлишга чорладик. Тадбирларни мунтазам ўтказмоқдамиз. Қизиғи шундаки, тамаддихонамизнинг франшизасини харид қилиш ниятидаги тадбиркорлар кўпайди ва бу борада иш юритмоқдамиз. Танлов асосида қандолатчиларни ишга таклиф қиляпмиз.

– Суҳбатингиз учун раҳмат. Гўзал қирқ ёш остонасида бундан ҳам залворли лойиҳаларга, хайрли тадбирларга бош-қош бўлаверинг.

М. САЪДУЛЛАЕВА., 2025-04-19, 02:20 198
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.