Носир Фозил – ўзбек билан қозоқнинг суюкли ёзувчиси эди. Зеро, унинг ўзи ҳам, асарларидаги қаҳрамонлар ҳам қозоқ халқи билан тақдирдош, томирдош бўлган.
Авваллари тез-тез ўтадиган Қозоғистон билан Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўнкунликлари (декадалари)да ҳам айнан Носир оғамиз ҳар иккала адабиётлар ўртасида боғловчи бўлиб юрарди. Икки эл ўртасидаги элчи бўлиб кўринадиган оғамиз ҳақиқатан ҳам икки қардош халқни боғлаб турувчи «Олтин Кўприк» бўлиб танилган эди. Мен оғани бундан қирқ йил муқаддам, қозоқнинг тулпор адиби Насриддин Сералиев таваллудининг 50 йиллик тўйида кўрган эдим. Ўзи ҳам, сўзи ҳам ҳеч кимга ўхшамайдиган оғамизнинг ажойиб ҳазил-мутойибалари худди бугунгидай кўз ўнгимда. Ўша тўйда Носир оғага табрик учун сўз берилганида:
– Ҳой, Насриддин, азизим, бу дунё миқти уч Носирни кўрди. Улар – Носир Сералиев, Носир Фозил ва Абу Носир Ал-Форобий! – деб элни кулдирган эди.
Авваллари оғанинг «Бир отар тўппонча» номли китобини ўзбек тилида ўқиб, завқ-шавққа тўлиб, кўнглим равшан тортган эди. Яқинда кутубхонамда ёзувчи биродаларимнинг дастхати битилган китобларни кўздан кечираётиб, Носир оғанинг «Эсла, кўнглинг, ёришар» номли китобини қўлимга олдим. Унда: «Қозоқнинг сулув оқин қизи, халқига яқин қизи – Хонбибижон! Таваллуд тўйинг қутлуғ бўлсин, айланайин! Носир оғанг, 16 март, 2015 йил» деган дастхатни ўқиб, кўзимга ёш тўлди: менинг 50, 55, 60 йиллик таваллуд тўйларимнинг тўрида қўр тўкиб, кўзларни қувнатиб ўтирган Носир оғам билан дўстим Мирпўлат Мирзонинг бу йил нишонланадиган 70 йиллик тўйимда бўлмасликларини ўйлаб, юрагимни чексиз ўкинч қамраб олади.
Мен Носир оғанинг ўзбек тилидаги дастхатли китобини қайта-қайта ўқиб чиқдим. Китобда ҳозирги ва кейинги авлодларга ўрнак бўлгулик, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва қардошлик туйғулари қуруқ сўз билан эмас, айнан мана шундай асарлар воситасида далилланишини оралаб, оғатойимнинг мазкур китобини қозоқ тилида сўзлатишга маҳкам бел боғлаб, таржимасига киришдим. Худо хоҳласа, бу китобни Қозоғистонда чоп қилдириб, Носир оғанинг 90 йиллигига армуғон этаман. Мазкур китобнинг ҳар бир саҳифаси, ҳар бир хатбошисида улуғ қозоқ адибларининг ўзимиз билавермайдиган сирлари билан қирралари «Мен бунда»ман деб кўз ўнгингизда бор салобати, улуғворлиги билан намоён бўлади. Уларнинг қадрдон чеҳралари, фаолиятлари юксак маҳорат билан кўрсатилган. Шунингдек, икки элнинг эркаси бўлган оғанинг мазкур китобида ўзбек адиблари ҳақида ҳам кўплаган маълумотларга эга бўласиз. Унинг асарлари қотиб қолган расмий тилда эмас, жайдари ўткир ҳазил ва мутойибага йўғрилган тилда, бир эт-бир мой бўлиб, китобхонга роҳат бағишлайди.
Унинг қозоқ қаламкашлари ҳақидаги ҳикояларида қардошлик, дўстлик ҳақидаги тебранишлари бевосита адабиёт ва санъатдаги ҳамкорликка боғланган ҳолда тасвирланади. Масалан, қозоқ-ўзбек адабиётларининг донишмандлари Собит Муқанов билан Ойбек ўртасидаги дўстлик ҳақидаги «Тош» номли ҳикояни ҳаяжонланмай ўқиш мумкин эмас. Ҳикояда Ойбек оғани Олмаотага сафари чоғида Собит оға уйида меҳмон қилиб, эртасига сулув Олмаотанинг бетакрор табиати билан таништириш мақсадида Медеу тоғига олиб боради. Гўзал табиат, тошдан-тошга сакраб оқаётган ўйноқи тоғ шалоласини томоша қилиб келаётган Ойбек домла бир жойга келганда таққа тўхтаб, сой томонга ишора қилиб:
– Ҳў-ў, зўр...тош!.. – дейди ҳайрат билан.
Ҳақиқатан ҳам худди қўлда тарашланиб, сайқаллангандай юм-юмалоқ, катталиги кичик ўтовдай келадиган бир тош сойнинг ўртасида ётар, шарқираб оқаётган сув тошнинг икки ёнидан бўлиниб ўтар эди. Бу жойлардан бир неча бор ўтса-да, шундай улкан тошга эътибор бермаган Собит оға Ойбекнинг синчковлигидан ҳайратланиб:
– Ай, Муса, сўл тасти мен саған сийладим! – дейди.
Ойбек домла хурсандлигиданми ё бу инъомнинг тагида ҳам ҳазил, ҳам сахийлик, ҳам жиндек юмор мавжудлиги учунми, ҳаяжондан кўзлари чақнаб кетади. Собит оғага қараб:
– Ях-яхши!.. Зўр! – деб гўё мукофотга берилган тойнинг ўмровини силагандай тошни тағин бир силаб, шапатилаб қўяди, деб ёзади муаллиф ва мазкур воқеанинг қандай якун топганини ифодалаш учун ҳикояни давом эттиради. Зотан, Собит оға дили билан тили бир, айтган сўзининг устидан чиқадиган жўмард инсон эди.
Орадан бир неча кун ўтса-да, ўзбек дўстининг думалоқ тошга ҳавас билан тикилгани-ю, айтган сўзи хаёлидан чиқмайди. «Тош» ҳикоясидаги ғояга қайтиш учун муаллиф унга «Егор Самойлович» сарлавҳали янги боб киритади. Унда Собит оғанинг тош йўнувчи устани сўраб-суриштириб топгани, уни машинада Медеу тоғига олиб чиқиб, ўша думалоқ тошга битик ёздириши, ўрис уста билан Собит оға ўртасидаги суҳбат ғоят ёрқин бўёқларда тасвирланган. Егор Самойловичнинг Медеу тоғидаги улкан тошга: «Бұл жұмыр тасты бауырым Муса Айбекке сыйға тартам. Сабит Мұқанұлы. 3.VI.1952 жыл» деган битикда дўстга бўлган ҳурмат, қардошига бўлган меҳр мужассам. Носир оға асарларида якка шахслар орасидаги дўстликнинг миллатлараро дўстликка айланишининг ҳаётий исботини кўрамиз.
Оға Собит Муқановнинг «Умр мактаби» автобиографик асарини талабалик йилларидаёқ ўзбек тилига таржима қилган эди. Улкан адиб Собит оға ва ёш таржимон Носир Фозилнинг ижодий ҳамкорликдан бошланган муносабатлари йиллар давомида уларни ота-боладай яқинлаштиради.
Носир Фозилнинг «Тўёна» асари учқудуқлик чўпон йигит Дўнаннинг фожиали қисматини устози Собит оға тилидан ҳикоя қилади. Одатда юмор, қувноқ жанрда қалам тебратадиган оғанинг мазкур асари фожиавий драма саналиб, уни кўзга ёш олмасдан ўқиб бўлмаслигига амин бўлдим.
Шунингдек, оғанинг «Кенглик» ҳикоя-эссесида Баҳодир исмли адабиётшуноснинг бир пайтлар ҳикоялар ёзганлиги, кейинчалик илм соҳасига ўтиб Ойбек домланинг «Навоий» романини диссертациясига мавзу қилиб танлагани, сўнг осилсанг баланд дорга осил қабилида иш тутиб, бир мўътабар газетада улуғ ёзувчига сиёсий айб қўювчи мақола ёзгани баён этилади. Ўшандан кейин ундан омад юз ўгиради. Натижада, Баҳодир диссерацияни ёқлаш у ёқда турсин, у ҳақда бир оғиз яхши сўз эшитишга зор бўлиб қолади. Юрагини етти йил эзиб ётган зилдай армони тасодифан қўлига тушиб қолган Абайнинг китобидаги:
Кучук асраб ит этдим,
У болдиримдан қопди!
Милтиқ бердим, мерган бўлиб,
Нақ кўкрагимдан отди –
деган сатрларни ўқиганда Баҳодирнинг кўнглидан кечганларини муаллиф мана бундай тасвирлайди: «Кўз олдига беихтиёр Ойбек домла келди: тўзғиган сочлари эски дўпписи тагига сиғмай турар, ёқавайрон, ёзишдан ҳориган, тим қора катта-катта кўзларида мунг бор. Гўё Баҳодир аканинг тепасига келиб: «Кучук асраб ит этдим...» – деб тургандай бўлаверди. Натижада, етти йил мобайнида юрагини эзиб келаётган азобдан қутулишни истаб, бир пайтлар танқид қилган устоз Ойбек акадан кечирим сўрашга аҳд қилди. Таваккал қилиб, адибнинг уйига борган Баҳодирнинг ички ҳолатини англаган Ойбек домла уни кечирибгина қолмасдан Ўзбекистон тил ва адабиёт институтининг директорига:
«Ушбуни элтувчи Баҳодир Умаровнинг диссертациясидан хабарим бор. Кам-кўстларига ёрдам беришга тайёрман. Тезроқ ёқлаб олишига кўмаклашишингизни илтимос қиламан. Камоли эҳтиром ила ОЙБЕК» деб хат ёзиб беради. Муаллиф асарни шундай якунлайди: «Етти йилдан бери қийналиб, иши юришмай, ҳар кимдан дакки эшитиб ҳам кўзига нам келмаган одам ҳозир ҳалқумига нимадир тиқилиб, аламданми, қувончданми, ич-ичидан ўкирик келиб, ҳик-ҳиқ йиғлаб борарди...»
Улуғ Абай отамиз доно сўзларининг қанча-қанчаларга шафоати теккан эди-я, дея каминангиз ҳам кўзига ёш олди.
1966 йили Тошкент зилзиласида қозоқ биродарларнинг қардошлик кўмаги ҳақида «Асфальтда ўтов» ҳикоясида муаллиф ўзбек халқининг миннатдорчилик туйғусини акс эттиради. Бу китобда қозоқи ёзувчилари: Собит Муқановнинг одамларга меҳрибонлиги, қозоқи одмилиги, Ҳамит Ерғалиевнинг ҳозиржавоблиги, Бауржан Мўмишулининг чапанилиги, Абдилда Тажибаев, Сирбой Мауленов, Серик Қирабаев, Ғали Ўрманов, Тахави Ахтанов, Жубан Мўлдағалиев, Азирбайжан Мамбетов, Туманбай Мўлдағалиев, Қадир Мирзалиев ва бошқа оғаларимизнинг ёрқин сиймолари билан топишиб, ўзларини қайта кўргандай бўласиз.
Шунингдек, ўзбек қаламкашлари Саид Аҳмад, Уйғун, Яшин, Ғафур Ғулом, С. Зуннунова, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Туроб Тўла, Мирмуҳсин, Эркин Воҳидов, машҳур «Уч қудуқ» қўшиғининг шеърини ёзган Николай Куликов, қорақалпоқ ёзувчилари Аданбой Тожимуртов, Ўрозбой Абдураҳмонов, Низомжон Парда, Азиз Абдураззоқ, Ҳаким Назир, Тўхтасин Жалолов ва бошқаларнинг умр тарихидан, уларнинг қизиқарли лаҳзаларидан хабардор бўламиз.
Носир оғанинг «Юрак амри» (1961 й.), «Қизил боғичли бола» (1966 й.), «Саратон» (1978 й.), «Туркистон ҳикоялари» (1987 й.) китоблари қозоқ тилига таржима қилиниб, китоб ҳолида нашр этилган. Оға 1985 йили «Шум боланинг неварлари» китоби учун Ғафур Ғулом номидаги Давлат мукофотига, 1986 йилда Қозоғистон ёзувчилари асарларининг ўзбек тилига таржимаси учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Бейимбет Майлин номидаги мукофотига сазовор бўлди.
Носир Фозилов Қозоғистон Президентининг «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти, 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони, 1991 йили «Устозлар даврасида» китоби учун Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
Устоз Носир оғанинг қаламидан яралган асарлар узоқ йиллар икки қардош халқ – ўзбек ва қозоқнинг маънавий мулки бўлиб қолади ва у кишининг ёрқин хотираси юракларимиздан ўчмайди.