Давлат раҳбари Қурултой депутатлигига сайловда овоз берди
ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев Мустақиллик саройидаги 520-сайлов участкасида Қурултой сайловида овоз беришда иштирок этди. Сўнгра Давлат раҳбари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг – матбуот анжуманини ўтказди.
Журналистларга мурожаат қилар экан, Президент Қурултойга илк бор сайлов ўтказишнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади ва бу кенг кўламли ўзгаришлар янги босқичининг узига хос тамал тоши эканлигини қайд этди.
– Шубҳасиз, бу мамлакатимиз учун ҳақиқатан ҳам тарихий кун. Биринчи марта биз бир мандатли Қурултой сайловини ўтказмоқдамиз. Бу муҳим тарихий воқеа. Ягона миллат сифатида бирлашар эканмиз, биз кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бу ҳақда ҳаммамиз яхши биламиз ва содир бўлаётган ўзгаришларга гувоҳ бўлмоқдамиз. Биз муҳим натижаларга эриша олдик. Шу билан бирга, зиммамизда ҳали амалга оширилиши жоиз улуғвор вазифалар турибди. Олдимиздаги мақсадлар алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирги сайлов – бу буюк ишларнинг дебочаси холос, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Сўнгра Президент илк Қурултой сайлови ва мамлакатдаги ўзгаришларга оид қатор саволларга жавоб берди.
Жумладан, “Хабар” телеканали мухбири Давлат раҳбаридан Қурултой ва Қозоғистон Халқ Кенгаши ўз фаолиятини бошлагач ҳамда Президент муовини лавозими тасдиқлангач, мамлакатда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида сўради.
– Президент муовини лавозими ҳақида ҳамма савол бераяпти. Ҳақиқатан ҳам бу муҳим ўзгариш. Биз бу янги лавозимни Конституцияда махсус белгиладик. Адашмасам, бу ўта зарур. Ҳозирги нотинч даврда бундай лавозим мамлакатимиз учун айни муддао. Президент ўринбосари лавозимини ким эгаллаши кейинги бир ҳафта ёки ўн кун ичида маълум бўлади. Ҳозирча унинг исмини ошкор этишга вақт бор. У ҳамма танийдиган таниқли шахс бўлиши керак, деб ҳисоблайман, – деди Президент.
У, шунингдек, яқин кунларда янги давлат органи – Қозоғистон Халқ Кенгаши фаолиятини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, бу тузилма Қозоғистон халқи
Ассамблеясининг вориси ҳисобланади ва янги кўп вазифали сиёсий дастак сифатида самарали фаолият юритади.
– Умуман олганда, режаларимиз кенг кўламли, – деб давом этди Давлат раҳбари. – Мен аввал ҳам таъкидлаганимдек, Қозоғистон катта қурилиш майдонига айланиши керак. Ҳар бир вилоят марказида, туман ва шаҳарларда йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилади. Поликлиникалар, болалар соғлигини тиклаш марказлари ва бошқа ижтимоий иншоотлар қад ростлайди. Астанада ҳам муҳим иншоот – янги ҳашаматли Дўмбира Саройи, Сув заҳираларини тадқиқ қилиш маркази ва бошқалар пайдо бўлади. Шаҳарларни ободонлаштириш керак. “Тоза Қозоғистон” тадбирини изчил давом эттириш лозим. Шунинг учун қўл қовуштириб ўтириш мумкин эмас. Халқ бизга бу вазифани ишониб топширган экан, ҳаммамиз ишлашимиз керак. Бизда Қозоғистондан бошқа Ватан йўқ ва ҳар биримиз унинг тараққиётига ҳиссамизни қўшишимиз шарт, – деб таъкидлади у.
Умуман олганда, Президентнинг ишончи комилки, Қурултой мамлакатимиз тараққиётига янги туртки беради. Сайлов мавсумининг ўзи ҳам бу борада жуда фойдали бўлди: ижтимоий-сиёсий майдонга янги шахслар чиқди, мазмунли ва яратувчан ижобий ғоялар илгари сурилди.
“Vlast.kz” интернет-нашридан қуйидаги савол берилди:
– Қасим-Жўмарт Тўқаев 2029 йилги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан фойдаланадими? Чунки яқинда Конституциявий суд амалдаги Давлат раҳбари олий давлат лавозимига қайта сайланиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида тушунтириш эълон қилган эди.
Саволга жавобан Қасим-Жўмарт Тўқаев ўзи қайта сайланиш ҳуқуқига қонуний тарзда эга эканини, аммо ундан фойдаланадими ёки йўқми – бу саволга жавоб беришга ҳали эрта эканлигини таъкидлади.
– Биз мамлакатимиз олдида турган жуда кўп вазифаларни бажаришимиз керак, аслида бутун Қозоғистонни катта қурилиш майдонига, авваламбор фуқаролар учун ижтимоий иншоотларга айлантиришимиз лозим.
Мен бу мақсадларда Миллий жамғармадан фойдаланишга тайёрман. Қачонки уларни халқ манфаати учун ишлатиш мумкин бўлганда, нега биз пулларни хориждаги қимматли қоғозларда сақлаймиз? Мен пул устида “кўппак сомон устида” ўтиришга қаршиман. Яъни, улар одамларга, бизнинг фуқароларимизга хизмат қилиши керак. Албатта, дунёдаги вазият таҳлил ва эътиборни талаб этади. Сиз бу вазиятни жуда яхши биласиз, у осон эмас. Биз, айтиш мумкинки, айнан жар ёқасида боряпмиз, лекин шунга қарамай, тинч ички шароитни таъминлай олдик, бу бизга ривожланиш имконини берди. Иқтисодий ўсиш кўзга ташланмоқда, бу холис, асосий молия тизимлари томонидан тасдиқланган. Бу борада гаплар, албатта, яна такрорланиши мумкин. Балки кейинги йил мен сизга бу ҳақда аниқроқ жавоб бераман, – деди Президент.
24 KZ телеканали мухбири Давлат раҳбаридан Қурултой фаолияти бошланиши билан қандай ўзгаришлар бўлиши, биринчи навбатда қандай қонунлар қабул қилиниши кераклиги ва энг муҳими – давлатнинг олий қонунчилик органи депутати қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида сўради.
Қасим-Жўмарт Тўқаев янги бир палатали парламентга илк сайловлар мамлакатимиз учун улкан тарихий аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлади ва биз Қурултойга катта умидлар боғлаганимизни қайд этди.
– Депутатларнинг сифат даражасига келсак, умид қиламанки, улар авваламбор, қонунларнинг сифати учун жавобгар бўладилар. Иккинчидан, улар берилган ваъдалар ёки ишлаб чиқилган дастурларнинг амалга оширилиши учун масъулдирлар. Учинчидан: албатта, бу мамлакат тараққиётига йўналтирилган қонунлар бўлиши керак. Ҳозир давр мураккаб. Мен яна айтаман, бизда Қозоғистондан бошқа Ватан, бошқа Ватанимиз йўқ. Қозоғистонни тараққий этган давлат, замонавий мамлакатга айлантириш учун ҳаммамиз бирлашишимиз керак. Конституция бунинг учун катта имкониятлар беради, – деди у.
Давлат раҳбари, шунингдек, яқинда референдумда қабул қилинган янги халқ Конституцияси – жуда тараққийпарвар, мукаммал тузилган Асосий қонун эканини ва у мамлакат тараққиёти учун, авваламбор, ёшлар учун ёрқин истиқболлар очаётганини таъкидлади.
– Келажагимиз – ёшлар қўлида. Бу шубҳасиз, – дея қўшимча қилди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Қурултой сайланганидан сўнг Ҳукумат ўз ваколатларини топширади ва шунга мувофиқ, янги Вазирлар Маҳкамаси ташкил этилади. Шу муносабат билан “Atameken Business” телеканали мухбири Президентдан: “Янги Ҳукуматнинг янги шакллари ва унинг вазифалари ҳақида гапиришимиз мумкинми?” деб сўради.
Саволга жавоб берар экан, Давлат раҳбари, авваламбор, ҳозирги Ҳукумат таркиби умуман олганда жуда тиришқоқ, самарали ишлаётганини ва узига қўйилган вазифаларни бажараяпти, дунёдаги вазиятга муносабат билдириб, юзага келаётган чақириқларга жавоб бераётганини, шунинг учун Қурултой сайланганидан кейин Ҳукумат янгидан ташкил этилганида унинг таркибида айрим ўзгаришлар руй бериши табиий эканлигини таъкидлади.
– Сизлар билан очиқ ва ошкора гаплашаман: муқаддас Қурултой сайлови кунида Ҳукумат фаолиятидан норози бўлганларни безовта қилиш учун янгиларни жалб қилиш ёки ваъдалар беришга шошилмайман. Вазирлар ҳам, Ҳукумат раҳбари ҳам ҳаракат қилмоқда. Лекин кадрлар ўзгариши муқаррар, чунки бу Ҳукуматга янги куч бағишлайди, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Шу билан бирга у, “ўзгартириш учун ўзгартириш”га қарши эканини алоҳида таъкидлади: “Мен ахборот майдонини тўлдириш учун лавозимидан озод қилишни ўтказишга қаршиман. Янги Ҳукумат таркибига оид кадрлар қарорлари фақат улар Вазирлар Маҳкамаси фаолияти самарадорлигига қандай таъсир қилишидан келиб чиқиб қабул қилинади.
– Биз замонавийлаштириш ҳақида доим гапирамиз ва у узлуксиз давом этиши керак. Шу билан бирга замонавийлаштириш – жуда мураккаб жараён бўлиб, унга янги ва кучли туртки даркор. Ҳукумат ушбу жараёнда жуда юксак аҳамиятга эга, – деб таъкидлади Давлат раҳбари.
“Евразия” биринчи канали мухбири Президентдан сайловолди мавсуми даврида партиялар ўртасидаги сиёсий рақобат даражасини қандай баҳолаши ҳақида сўради.
– Менимча, сиёсий жараён жуда муваффақиятли ўтди. Телевизион дебатлар – тортишувлар жуда маҳсулдор ва мазмунли бўлди. Ёшлар фикр-мунозараларни катта қизиқиш билан кузатганига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Таъкидлашим мумкинки, бу воқеа мамлакатимизни янгилашнинг, замонавийлаштиришнинг янги босқичи бўлди, – деб жавоб берди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
“Jibek joly” телеканали мухбири Қурултой номзодлари орасида турли соҳаларда ишлашга интилаётган кўплаб ёшлар борлигини таъкидлади. У Президентдан ёшлар Қурултой ишига керакли ва салмоқли туртки бера оладими, деб сўради.
– Биз ёшлар вакилларига ишонч билдиряпмиз, улар турли лавозимларга тайинланмоқда. Албатта, Ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган барча ёшлар ўзини ишда самарали жиҳатдан кўрсатади, деб даъво қила олмайман. Улар фаолияти давомида турли тўсиқ ва ҳолатларга дуч келади. Бироқ, биз ёшларга ишонишимиз ва уларга тегишли масъулият юклашимиз керак. Демографик жиҳатдан Қозоғистон – аҳолиси ёш мамлакат. Шунинг учун биз ёшларга катта умид боғлаяпмиз. Янги авлод вакилларининг ўзлари ҳам буни яхши англашлари керак, – деди Давлат раҳбари.
Шу билан бирга у, истеъдодли ва тажрибали мутахассисларни, айниқса, ҳақиқий натижали фаолият ва муҳим қарорлар қабул қилиш талаб этиладиган масъулиятли лавозимларга тайинлашда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, амалиёт шуни кўрсатадики, ёш тайинловлар уларга юкланган вазифаларни доим ҳам уддалай олмайди ва вақт тезкор қарорларни талаб қилган шароитда бундай кадрлар хатоларига йўл қўйиб бўлмайди.
Президент матбуот вакилининг Қасим-Жўмарт Тўқаев таклиф қилаётган маънавий ва ахлоқий анъаналар, хусусан, фуқароларнинг янги хулқ-атвор маданиятини шакллантириш ва янги жамият ахлоқини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақидаги саволига ҳам жавоб берди: “Бошқаларга ҳурмат, қонун ва интизомга риоя қилиш, болаларни фуқаролик масъулияти меъёрларига мувофиқ тарбиялаш шаклланадими?”
– Биласизми, мен ўзим бу ишнинг ташаббускори бўлганман. Аниқ айтаман: кўплаб тадбирлар, анжуманлар ўтказилишини, ҳатто кекса ёшдаги одамларни ҳам кузатар эканман, аслий анъаналаримизни унутмаслигимиз керак, деган хулосага келдим. Эркаклар бир-бирини қучоқлаши, ўпиши, эркак кишининг бошқа эркакнинг юзидан ўпиши, эркакларнинг аёлларни ўпиши бу нотўғри. Бизнинг урф-одатларимизда ҳеч қачон бунақа бўлмаган. Айниқса, ҳарбий либосдагилар. Генераллар бир-бири билан қучоқлашишиб кўришиши. Бу нима? Сиз Совет Иттифоқи маршаллари, Улуғ Ватан урушидаги ғолиб маршаллар бир-бирларини қучоқлаётганини, бир-бирини ўпаётганини тасаввур қила оласизми? Эркаклар бир-бирига қўл бериб, жилмайиб саломлашиши керак. Ҳамиша шундай бўлган. Алал-оқибат, мабодо сиз бу одамни кўрганингиздан ҳақиқатан хурсанд бўлсангиз, ўнг қўлингизни кўксингизга қўйишингиз мумкин, – деб ўз фикри билан ўртоқлашди Давлат раҳбари.
Умуман олганда, у одамларга тозалик ва интизом маданиятини сингдириш зарурлигини таъкидлади ва бу ишнинг ижобий натижаларини жамиятда ҳам, атрофда ҳам кўриш мумкинлигини қайд этди. Масалан, бу пойтахт – Астананинг, шунингдек, Қозоғистондаги кўплаб шаҳарларнинг ободонлаштирилишидаги ажойиб ўзгаришлардир. У кўчалар тозалигига алоҳида эътибор қаратди ва “тозалик”ни – “дилдан тозалик” деб атади.
– Тоза – бу озодалик, лекин бу тозалик фақат сўзнинг бевосита маъносини англатмайди, балки, фикрларимизнинг тозалиги, руҳимизнинг софлиги. Бир машҳур классик ҳам шу мавзуда ёзган эди, танадаги тозалик – руҳ тозалигини юзага келтиради. Шундай экан, биз чиндан ҳам миллат маданияти, кенг маънода миллатимизнинг тозалигига эришишимиз керак. Ва фақат шундагина биз янги дунёнинг барча талабларига жавоб бера оламиз, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Tengrinews.kz ахборот агентлиги мухбири Давлат раҳбаридан рақамли трансформация ва сунъий идрок бугунги кунда қозоғистонликларнинг кундалик ҳаётига қанчалик ижобий таъсир қилаётганини қандай баҳолашини сўради.
– Бу жуда ўринли савол, чунки бу йил Рақамлаштириш ва сунъий идрок йили деб эълон қилинган. Мен бу ҳақда кўп анжуманларда ҳам таъкидлайман, – деди Президент. – Биз рақамли давлатни – рақамли хизматлар давлатини барпо этишнинг дастлабки босқичидан ўтдик. Ўзингиз кўряпсиз, бошқа мамлакатлар билан солиштирганда ҳаёт анча енгиллашди. Уйингиздан чиқмасдан, турли идораларга боришни талаб қиладиган жуда кўп вазифаларни бажаришингиз мумкин. Ҳозир биз иккинчи босқичдамиз ва мен Ҳукуматга рақамлаштириш ва сунъий идрокни мамлакатимизнинг барча фуқаролари хизматига жорий этишимиз кераклиги хусусида топшириқ бердим.
Қасим-Жўмарт Тўқаев рақамлаштириш, янги технологиялар, гаджетлар – бу ўйинчоқ эмас, балки тараққиёт ва фаровонликка эришиш воситаси эканлигини таъкидлади. Қозоғистонликлар буни тушуниши ва рақамли хизматлар ҳамда воситалардан шу мақсадда фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Бундай муҳит, бундай имкониятларни яратиш – навбатдаги босқичда Ҳукумат зиммасидаги вазифадир.