26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Янги ўқув йил эшик қоқмоқда: мактаблар шай, вазифалар аниқ

Вилоятимизда “Янги умумхалқ Конституциясининг меъёр ва қадриятлари: инсоний капитални ривожлантириш – таълим тизимининг дастурий асоси” мавзуида вилоят муаллимларининг август анжумани ўтди. Анъанавий анжуман доирасида замонавий лойиҳалар кўргазмаси ташкил этилиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Нуралхан Кўшеров, таълим соҳаси мутахассислари, муаллимлар, мактаб директорлари, таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ота-оналар жамоатчилиги вакиллари иштирок этди. Анжуманда янги ўқув йилига тайёргарлик, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг касбий малакасини ошириш ва замонавий таълим усулларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими Н. Кўшеров таълим соҳасида эришилган ютуқларга тўхталиб, келгусида амалга оширилиши жоиз вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, вилоят раҳбари таълим соҳасини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ устоз-мураббийларни давлат мукофотлари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирлади.

Тадбир давомида таълим соҳасидаги долзарб вазифалар яна бир бор ойдинлашди. Энди асосий эътибор – янги ўқув йилини муносиб қарши олиш, мактабларнинг тайёргарлик даражасини ошириш ва ўқувчилар учун муносиб таълим муҳитини яратишга қаратилмоқда. Шу мавзу доирасида вилоят таълим бошқармаси раҳбари Ғалимжан Ўринов билан мусоҳаба уюштирдик.

– Янги ўқув йили арафасида вилоят таълим тизими олдида турган энг муҳим вазифалар нималардан иборат?

– Бугунги таълим соҳаси олдидаги муайян вазифаларни фақат янги ўқув йилига тайёргарлик билан чеклаб бўлмайди. Биз, даставвал, таълим сифатини ошириш, ўқувчилар учун хавфсиз ва замонавий муҳит яратиш, муаллимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълимга рақамли технологияларни самарали жорий этишни аосий вазифа сифатида белгилаганмиз. 

Минтақамизда республикадаги мактабларнинг 14 фоизи жойлашган. Таълим муассасаларида 550мингдан зиёд бола савод чиқармоқда. Янги ўқув йилида эса 50 мингдан зиёд бола биринчи синфга қабул қилинади. Бу кўрсаткич вилоят таълим тизими зиммасида юксак масъулият мавжудлигини кўрсатади.

– 550 мингдан зиёд ўқувчи ва ҳар йили биринчи синфга қабул қилинаётган 50 мингдан зиёд кичкинтойлар – бу мактаб инфратузилмасига катта босим. Мавжуд захира ҳамда қувват ушбу эҳтиёжни таъминлаяптими?

– Ушбу масала, вилоят ҳокимлигининг, қолаверса, бошқармамизнинг доимий назоратида. Янги мактабларни барпо этиш билан бирга, мавжуд таълим муассасаларини замонавийлаштиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти. 2024-2025 йиллар мобайнида вилоятда 29та бадастир мактаб фойдаланишга топширилди. Айни пайтда вилоят бюджети ҳисобидан яна 13та таълим муассасаси баопо этилмоқда. 2027-2029 йиллар давомида лойиҳавий қуввати 16 минг 830 ўқувчига мўлжалланган 58та таълим иншоотларини ишга тушириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, таъмирлаш ва замонавийлаштиришга муҳтож 115та мактабда замонавийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Яъни, мақсадимиз ўқувчи сифатли таълим олиши учун муносиб шароит яратиш. Замонавий мактаб деганда фақат янги бинони тушуниш нотўғри. Синфхонадаги партадан тортиб, ўқув қуроллари, руҳий муҳит ва хавфсизликкача бўлган барча омиллар таълим сифатига таъсир қилади. Шу мақсадда, маҳаллий бюджет ҳисобидан таълим муассасаларини замонавий ва сифатли 75 мингта янги парта ва 10 мингта янги доска билан таъминлаш учун маблағ ажратилди. Шунингдек, ўқувчилар қулай муҳитда таҳсил олишига 266та психологик кабинетни замон талабларга мос жиҳозланади.

– Таълим сифати хусусида гап кетганда, рақамлар ҳақиқий ҳолатни кўрсатади. Вилоятдаги сўнгги кўрсаткичлар қандай?

– 2025-2026 ўқув йили якунига кўра, Туркистон вилоятида таълим сифати 69 фоизни ташкил этиб, республикада биринчи ўринни эгаллади. Бу, табиийки, қувонарли натижа. Бироқ, мазкур кўрсаткични якуний натижа, сифатида қабул қилмаслигимиз керак. Бу натижанинг ортида эса, даставвал, ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнати мавжудлигини доимо ёдда тутишимиз жоиз. Бугунги ўқитувчи фақат ўз фанини яхши билиши билан чекланиб қолмаслиги керак. У замонавий усуллар, рақамли технологиялар ва СИ имкониятларидан ҳам фойдалана олиши даркор. Шу сабабли ўқитувчиларнинг малакасини ошириш. Тажриба алмашиш ва янги технологияларни ўзлаштиришга шароит яратиш муҳим вазифалардан бири. Ўқитувчи қанчалик кучли бўлса, таълим натижаси ҳам шунча юқори бўлади.

– Шаҳар ва қишлоқ мактаблари таълим сифатидаги тафовутини камайтириш масаласи ҳам анжуманда алоҳида тилга олинди. Бу борада қандай амалий ишлар мавжуд?

– Бу биз учун муҳим вазифа. Боланинг шаҳарда ёки қишлоқда яшаши унинг сифатли таълим олиш имкониятини белгиламаслиги керак.

Айниқса, мўъжазгина қишлоқ мактабларига эътибор кучайтирилмоқда. Давлат раҳбарининг СИни ўрта таълимга жорий этиш топшириғи доирасида минтақадаги 145та кичик мажмуали мактабни илғор рақамли ускуналар билан таъминлаш мақсадида келгуси уч йил учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажаратилди.

Бу қишлоқ ўқувчилари учун ҳам замонавий таълим имкониятларини кенгайтириб, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги таълим сифати тафовутини камайтиришга хизмат қилади.

– 2026 йил “Рақамлаштириш ва Сунъий идрок йили” деб эълон қилиниши таълим тизимига қандай янги талабларни қўймоқда?

– Биз СИни шунчаки замонавий технология эмас, таълим сифатини ошириш воситаси сифатида кўришимиз керак. Ҳозир дунё рақамлаштириш босқичидан СИ даврига ўтмоқда. Таълим ҳам бу жараёндан четда қолмаслиги керак. Энг муҳими – технология инсонни алмаштириш учун эмас, унинг имкониятларини кенгайтириш учун хизмат қилиши кераклигини чуқур англамоғимиз жоиз.

Ўқитувчининг меҳнати, тажрибаси ва ўқувчи билан жонли мулоқоти ҳеч бир технология билан тўлиқ алмаштирилмайди. СИ эса ўқитувчига вақтни тежаш, маълумотлар билан ишлаш ва ўқув жараёнини янада самарали ташкил этишда ёрдамчи восита бўлиши керак. Таълим тизимида давлат билан бирга хусусий тармоқнинг ҳам ўрни ортиб бормоқда. Хусусий мактабларга ҳам ўзига хос талаблар қўйилади. Хусусий мактабларнинг ўқувчи ўринлари тақчиллигини бартараф этишдаги ҳиссаси беқиёс. Лекин мактабнинг мулк шакли таълим сифатига қўйиладиган талабни ўзгартирмаслиги керак.

“Қозоғистон халқига” жамоат жамғармасининг вилоят таълимига кўмаги ҳам салмоқли. Жамғарманинг қўллаб-қувватлаши таълим инфатузилмасини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2022-2025 йилларда жамғарма томонидан вилоятимизда умумий қиймати 12 миллиард тенгедан зиёд хайрия лойиҳалари амалга оширилган бўлса, шундан 5,3 миллиард тенгеси таълим соҳасига йўналтирилган.

Жорий йилда жамғарма кўмагида қиймати 5,1 миллиард тенгелик лойиҳа доирасида 100та қишлоқ мактаби 300та замонавий фан кабинети билан жиҳозланмоқда. Бундан ташқари, Жетисай, Мақтаарал, Келес ва Сариоғоч туманларида 1800 ўқувчи ўрнига эга “Янги авлод марказлари”ни робототехника, санъат ва спорт жиҳозлари билан таъминлаш учун 2,6 миллиард тенге йўналтирилмоқда. Вилоят ёшлари республика ва халқаро фан олимпиадалари, илмий лойиҳалар танловларида муносиб иштирок этмоқда. Айниқса, қишлоқ мактаблари ўқувчиларининг натижалари биз учун алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган ўқув йилида қишлоқ мактаблари ўртасида ўтказилган республика олимпиадасида вилоят жамоаси “Энг яхши олимпиада жамоаси –2025” деб топилиб, бош совринни қўлга киритди. Бу – қишлоқ мактабларида иқтидорли, билимга чанқоқ болалар мавжудлигидан далолат.

– Янги ўқув йилида таълим сифатини ошириш учун рақамли технологиялардан ташқари қандлай ёндашувларга урғу бериши кўзда тутилган?

– Таълим сифати биргина кўрсаткич ёки технология билан таъминланмайди. Бу – ўқитувчи, ота-она ва мактаб раҳбариятининг ҳамжиҳатликдаги меҳнати натижаси.

Шунинг учун янги ўқув йилида ўқитувчининг малакасини ошириш, ўқувчининг фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, иқтидорли болалар билан ишлаш, фан олимпиадалари ва илмий лойиҳаларга тайёргарликни кучайтиришга эътибор қаратилган. Вазифамиз – таълим сифатини фақат республика рейтингида юқори кўрсаткичга эришиш билан эмас, ҳар бир мактаб ва ҳар бир ўқувчи мисолида таъминлаш. Янги ўқув йили биз учун яна бир масъулиятли босқич. Барча мактабларда таъмирлаш ва тайёргарлик ишларни муддатида якунлаб, ўқувчиларни муносиб тарзда кутиб олишга шаймиз.

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

М. САЪДУЛЛАЕВА, 2026-08-21, 20:54 20
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.