26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мақсад ягона, ҳаракатлар муштарак

Президент Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг 8-Маслаҳат учрашувида иштирок этди.

Туркманистоннинг Аваза шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Республикаси раҳбарларининг 8-Маслаҳат учрашуви ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳам иштирок этди. Йиғилиш Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланаётган йилда ўтказилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Давлат раҳбари нутқида минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълум қилинишича, ўтган йили минтақадаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 13 миллиард долларни ташкил этган. Бу давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмасининг тахминан 8 фоизига тенг. Қасим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматларга ўзаро савдо ҳажмини 20 миллиард долларга етказишга қаратилган қўшма Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этди.

Чегара ҳудудларида ташкил этилаётган савдо-логистика мажмуалари ва саноат кооперацияси марказларини ўзаро боғлаш орқали қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш, сармоя, энергетика ва саноат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари қайд этилди.

Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Қозоғистонда «Мўйинти – Қизилжар» ва «Дарбаза – Мақтаарал» темир йўл йўналишлари барпо этилмоқда ва якунланиш арафасида. Келаси йили «Бақти – Аягўз» йўналишида ҳаракат бошланиши режалаштирилган. Шунингдек, Хитойни Каспий денгизи ва Европа бозорлари билан боғлайдиган «Орол – Каспий магистрали» автомобиль йўли лойиҳаси амалга оширилмоқда. Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сув захираларидан оқилона ва самарали фойдаланиш минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилди. Трансчегаравий сув захираларини бошқаришнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича Умумий тамойиллар конвенциясини қабул қилиш таклифи билдирилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Халқаро сув ташкилотини тузиш ташаббусини илгари суриш масаласи ҳам ўртага ташланди.

Учрашувда сунъий идрок соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳам таъкидланди. Қозоғистонда «Сунъий идрок тўғрисида»ги Қонун қабул қилингани, «Digital Qazaqstan» стратегияси амалга оширилаётгани, суперкомпьютер кластерлари ишга туширилгани ва «Alem.ai» халқаро маркази фаолият юритаётгани қайд этилди. Шу асосда Марказий Осиё давлатларининг сунъий идрок бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам диққат марказида бўлди. Терроризм, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмаси, қурол ва одам савдоси, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ҳамда фирибгарлик каби таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан ҳам қатор таклифлар илгари сурилди. Ёшлар алмашинуви, олий таълим муассасалари ва илмий марказлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, ижодкор зиёлилар мулоқотини кучайтириш, шунингдек, умумий ахборот маконини шакллантириш зарурлиги қайд этилди. Қозоғистон томонидан «Silk Way» телеканали негизида минтақавий телеканал ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Шунингдек, 2027 йилда кўнгиллилар масалаларига бағишланган ёшлар анжуманини ўтказиш, Марказий Осиё ва Озарбайжондаги йирик маданий, илмий, спорт ва сайёҳлик тадбирларининг ягона тақвимини шакллантириш таклиф қилинди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг самарадорлигини ошириш, илгари сурилган ташаббусларнинг амалий натижадорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 2018 йилдан буён 200дан зиёд ташаббус илгари сурилгани, уларнинг фақат бир қисми амалга оширилгани қайд этилди. Шу муносабат билан минтақавий ташаббусларни қайта кўриб чиқиш ва уларнинг долзарблигини баҳолаш таклиф этилди.

8-Маслаҳат учрашувида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди. Йиғилиш якунида қўшма баёнот қабул қилинди.

Akorda.kz., 2026-10-10, 02:14 15
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.