26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ёшлар китоб ҳам ўқийди, шеър ҳам ёдлайди

ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев жорий йил 16 майда “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда миллий китобхонлик ҳаракатини шакллантириш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат асосида китобхон миллатни шакллантириш, аҳолининг турли қатламлари, жумладан, болалар ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уяли телефонга қарамликдан қутқариш – бош ғоя ва мақсад сифатида илгари сурилмоқда. Қолаверса, 24 сентябрда Қозоғистон Халқи Кенгашининг биринчи сессиясида нутқ сўзлаб, мактаб ўқувчилари ва талаба ёшлар дарсдан бўш пайтларида спорт билан шуғуллансин, китоб ўқисин, фойдали билимлар олсин, деди. Бунинг учун кутубхоналар, музейлар, дўстлик уйлари ва яна бошқа янги жамоат ўринлари фаолиятини янгилаш талаби қўйилди. 

Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги Ёшлар қаноти ҳам бу умуммиллий лойиҳада фаоллик кўрсатиб, маърифий тадбир ўтказишди. Унинг тафсилотлари билан танишиш мақсадида кеча ташкилотчилари: ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг матбуот котибаси Ҳурматой Абдуҳамидова ҳамда Шимкент шаҳар ЎЭМБ қошидаги Ёшлар қаноти раҳбари Муроджон Ирисметовни суҳбатга чорладик.

– Шимкент шаҳар ЎЭМБ қошида “Китобсеварлар клуби” фаолият юритмоқда. Унинг асосчиси, ташаббускори – мутолаа ишқибози, китобни жуда яхши кўрадиган шаҳарнинг Ал Форобий тумани ЎЭМБ раиси Шуҳрат Рўзиметов. Унинг ташкилотчилигида ва ҳомийлигида улуғ қозоқ шоири ҳамда мутафаккири Абай Қунанбайулининг ҳаёти ва ижодига бағишланган маърифий тадбир ўтказдик. Ушбу шеърият ва адабиёт кечасида Шимкент шаҳар ЎЭМБ раиси Тоҳирбек Нишонбоев, “Дўстлик” ҳамжамияти медиатори Аббос Шомирзаев, Абай тумани ЎЭМБ қошидаги Оқсоқоллар кенгаши раиси Султонбек Давронбеков, шунингдек, устозлар, талаба ёшлар, мактаб ўқувчилари иштирок этди. Тадбирда Абайнинг машҳур шеърлари ва “Насиҳатлар”идан парчалар ўқилди. Абай ва Навоий боболаримиз ижодига бағишланган саҳна кўринишлари, миллий рақслар намойиш этилди, мазмунли савол-жавоблар бўлди.

– Сизнингча, бугунги ёшларнинг Абай меросига муносабати қандай? Унинг қайси асарларини билишади?

– Илғор ёшларимиз Абай бобомизни нафақат қозоқ маърифатпарвари, алломаси деб, балки инсониятнинг улуғ намояндаси, илм-фанга, ўз-ўзини англаш, тарбиялашга чорлайдиган ноёб фикрлар эгаси деб ҳам танийди. Шундай қабул қилади ҳам. Бугунги кунда нафақат ёшлар, ҳатто катта авлоднинг айримлари ҳам оқиннинг чуқур фалсафасини, теран ва сара дурдоналарини тушуниши қийин. 

Биз ушбу тадбиримиз орқали адибнинг энг кўп таржима қилинган машҳур асарларини қисман бўлса-да, оммага таништиришга ҳаракат қилдик. Мактаб даврида ўқиб-ўрганганлари бўлса, шуларни қайта ёдга солишга ҳаракат қилдик. Ўзбек ёшларининг қозоқ адабиётига, мутафаккирига бўлган муносиб ҳурматини кўрсатишни истадик. 

Дарвоқе, бу иккинчи тадбиримиз. “Китобсеварлар клуби” илк бор ўзбек халқининг таниқли шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд кунига бағишлаб, ижодий кеча ўтказган. 

– Тадбир иштирокчиларига тўхталсангиз.

– Абай меросига бағишланган кечада асосан талаба ёшлар иштирок этди. 13-сонли Муқимий номли мактаб ўқувчилари, Жанубий Қозоғистон Тиббиёт академияси, Ж. Ташенев университети, Ў. Жанибеков номидаги ЖҚПУ, М. Ауезов номидаги ЖҚУ, М. Сапарбаев номидаги университет талабалари. Турли миллат вакиллари (қозоқ, турк, озарбайжон) ҳам бўлишди. Саҳна кўринишида Абай образини Ҳаётулло Абдуллаев (М. Сапарбаев номидаги ОТМ талабаси, ЎЭМБ Ёшлар қаноти раисининг ўринбосари), Алишер Навоий образини Сардорхон Назирхонов (Ж. Ташенев номидаги ОТМ талабаси) ижро этди. Бодомортилик ўқувчилар шеърлар ўқишди. 

 Шуни дадил айта оламизки, фаол ёшларимизда айнан шеър ёдлашга иштиёқ кучли. Адабий тадбирлар ўтказиб, шунга яққол гувоҳ бўлдик. Муҳаммад Юсуф ва Муқағали Мақатаев шеърларини севиб ўқийдилар ва ёд олади. 

– Интернет ривожланган даврда ёшларни китоб ўқишга қандай жалб этиш мумкин?

– Ҳа, бу ўта долзарб масала, муаммо. Китоб ёки газета ўқиб ўтирган одамни кўрсак, ҳайрон қолишимиз ҳам мумкин. Ёшларни китобга жалб этиш мақсадида “Китобсеварлар клуби”ни очдик. Кутубхонани сара китоблар билан тўлдирдик. Лекин барибир кутилган натижа, ҳозирча йўқ. Ишонамизки, давлат сиёсати билан бу муаммо, албатта, барҳам топади. Биз ҳам бу топшириқни бажариш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Президент Фармони ижроси сифатида 10 октябрда ўтадиган тадбирда китобхонлик мавзуси кенг ёритилади. Яъни, Шимкент шаҳри Марказий истироҳат боғида ўтадиган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари” байрамида катта “Китоб кўргазмаси” ташкил этилиб, унда “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги ”Ёшлар қаноти”, “Ижодкор” адабий бирлашмаси, “Чимкент ижод гулшани”нинг ёзувчи-шоирлари “Китоб ўқийдиган миллат” кўргазмасини ташкил этади. Абай ва Навоий мерослари халқ хазинаси ва туркий халқларнинг бебаҳо дурдонаси сифатида тарғиб қилинади. 

– Бу йилги байрам қандай ўтади, ўзгачаликлар борми?

– Ҳозир тайёргарлик ишлари кетмоқда. Асосан, ҚР Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланади. Анъанавий миллий таомлар, урф-одатлар, адиблар мероси, миллий ҳунармандчилик¸ амалий санъат, ўзбек маданиятини кўз-кўз қилишдан ташқари, “Сунъий идрок ва рақамлаштириш йили” доирасида СИ технологиялари, робототехника соҳаларида эришилган ютуқларимиз ҳам намойиш этилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, китобхонлик ҳаракати бўйича кўргазмалар ташкил этилади. Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишлаб, алоҳида чора-тадбирлар ўтказиш кўзланмоқда. Уларда “Конституция. Қонун ва интизом”, “Тоза Қозоғистон” дастурлари, “Устозлар куни” мавзулари ҳам ўрин олган. Шаҳримиздаги таниқли тадбиркорлик субъектлари ўз товар-маҳсулотлари билан ҳамшаҳарларимизни хушнуд этишади, улар ўз фаолиятини кўргазмаларида акс эттиришади. Анвар Исмоилов номидаги коллеж ўқувчилари “Либослар намойиши”ни ўтказади. Тадбир анъанавий концертга уланиб кетади. 

– Суҳбат учун раҳмат!

Н. МАВЛОНОВА., 2026-10-06, 01:11 32
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.