26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+1°
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мақсадим – бемор саломатлигини яхшилаш ва асраш

2 октябрь – Бутунжаҳон урологлар куни. Бу кун мураккаб ва нозик жарроҳиларни амалга оширадиган уролог-хирургларнинг жамиятдаги ўрни эътироф этилади. Шу муносабат билан, касбий байрам арафасида вилоят клиника касалхонаси ҳамда Сайрам мавзесидаги 3-сонли касалхонанинг олий тоифали уролог-андролог жарроҳи Сарвар Мираметов билан суҳбатлашдик. Шифокорни шахс сифатида шакллантирган инсонлар, ҳаётдаги устозлари ва операциялардан сўнг руҳий мувозанатни сақлашга нима ёрдам бериши каби қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

– Аввало, ўзингиз ҳамда касбга кириб келишингизни сўзлаб берсангиз? 

– Мен Халқаро Қозоқ-Турк университетининг “Даволаш иши” факультетида таҳсил олдим. Бу йўналишда хирургия, доялик ва гинекология, терапия соҳалари ўрганилади. Мен хирургия факультетини 2012 йилда тамомлаб, 2013 йил интернатурада ўқиш давомида вилоят клиника касалхонасида амалиётда бўлдим. Кардиожарроҳ бўлишни орзу қилардим. Тақдир мени урологияга бошлади. Ушбу соҳага кириб келгач, унинг ўзига хос жиҳатларига қизиқишим ортиб борди. Урологик касалликларнинг кўпчилиги ўз вақтида аниқланиб, тўғри даволанса, беморнинг саломатлигини тиклаш мумкин.

– Уролог қандай касалликларни даволайди?

– Кўпчилик урологларни “Эркаклар шифокори” деб ўйлайди, бу нотўғри фикр. Урологлар эркаклар, аёллар ва болалардаги буйрак ва буйрак устидаги безлар, пешоб йўллари ва пуфаги, эркакларда жинсий аъзолар ва простата бези, буйракдаги тош, цистит, простатит ва онкоурологик касалликларни ташхислаш ва даволаш ҳам шу соҳага тегишли.

– Илк меҳнат фаолиятини қаерда бошладингиз?

– Бир йиллик амалиётдан сўнг клиника бош врачи марҳум Муқан Егизбаев раҳбарлиги остида ишлашни илтимос қилдим. Афсуски, бўш ўрин бўлмагани сабабли бу ерда ишлай олмадим. Сўнг “Йўл харитаси” дастури доирасида амбулаториявий хирургия марказида (ЦАХ) жарроҳ, кейинроқ 6-сонли, 12-сонли шифохоналарда ишладим. Менга шифохонадан кўра, касалхоналарда беморларга ёрдам бериш, жарроҳликлар ўтказиш кўпроқ ёқади. Бугунги кунда ўзим орзу қилган вилоят клиника касалхонасида фаолият юрит­япман. Бўлимда лазерли ва эндоскопик жарроҳликни ўзлаштирдим. 2025 йилда Сайрамдаги 3-сонли касалхона қошида урология бўлими очилиб, зарур ускуналар билан жиҳозланган, аммо уролог-шифокор йўқ эканлигини айтишди. Устозим Чингиз Бўлатулининг маслаҳати билан шу касалхонада ҳам фаолиятимни бошладим.

– Малака ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш борасида қандай ишлар қилдингиз?

– Тиббиётда доимий изланиш ва билимни янгилаб бориш жуда муҳим. Шу мақсадда халқаро анжуманлар, семинарларда иштирок этдим. Испаниянинг Барселона шаҳрида ўтган симпозиумда қатнашдим, Алмати шаҳридаги тиббиёт университети профессори Бўлат Шалекенов кафедрасида урологиянинг сир-асрорларини 6 ой давомида ўқиб-ўргандим. Шунингдек, 2019 йил Санкт-Петербургдаги таниқли уролог-шифокор Нариман Гажиев қўлида малака оширдим. Яқинда Тошкент шаҳрида эндоурология соҳаси асосчиси германиялик Петер Олкиннинг маҳорат сабоғида иштирок этдим. Иссиқкўлда Марказий Осиё урологлар анжуманида иштирок этиш насиб этди. Орттирган тажрибаларим бугунги кунда асқотмоқда.

– Сўнгги йилларда урологияда қандай ўзгаришлар кузатилмоқда? Беморларни давалашда қайси замонавий технологиялар қўлланилмоқда?

– Урология – улкан соҳа бўлиб, эндоурология, умумий урология, андрологияга бўлинади. Мен ўзимни эндоурологияда кўраман.

Эндоурологиянинг муҳим жиҳати шундаки, кўплаб жарроҳлик амалиётини катта кесмаларсиз, эндоскопик асбоблар ёрдамида бажариш мумкин. Простата аденомаси лазер ёрдамида олинади. Буйрак тошлари ҳам кесмаларсиз олинади. Ҳозирги кунда робот ёрдамчилар билан роботлаштирилган жарроҳилар дунё миқёсида фаол қўлланилмоқда. У жуда қиммат ускуна. Ҳозирча Астана ва Алматида мавжуд. Шимкентда ҳам простата бези аденомасини лазер билан олиб ташлаш жорий этилмоқда. Вилоят клиникаси ҳам ушбу ускунага буюртма берган. Айни пайтда урологиядаги асосий янгилик – лазер жарроҳлиги ва эндоурология ҳисобланади.

– Кундалик фаолиятингизда энг қийини нима? Сизга куч ва илҳом берадиган нарса нима?

– Оиламдагилар мени, ускуналар билан энг нозик жарроҳликларни амалга оширасан, сенга жуда қийин, дейишади. Касбим ўзимга ёққани боис, менга жарроҳилар қийин эмас. Энг қийини – навбатчилик. Тун бўйи ухламай, беморларни кузатиш, асабий зўриқишлардан кейин, эрталаб яна ишга қайтиш осон эмас. 

Менга илҳом ва куч берадиган энг катта таянчим – оила аъзоларим. Имкон қадар улар билан бирга кўпроқ вақт бўлишга ҳаракат қиламан. Баъзида тушликдан фойдаланиб, бирини мактабга, яна бирини қўшимча ўқишга, яна бирини боғчадан оламан. Чунки ўғил бола ота билан кўпроқ вақт ўтказиши керак, деб ҳисоблайман.

– Устозларингиз касбий маҳоратдан ташқари, шифокорлик одоби, беморга муносабат борасида ҳам сабоқ берган бўлса керак?

– Энг аввало, беморлар билан хушмуомала бўлиш, касалликни чуқур ўрганиш, ҳеч кимдан ҳеч нарса талаб қилмасликни ўргатган. Устозларимдан бири “Беморлар ишончини қозонишга ҳаракат қил. Вақти келиб, одамлар ўзлари сени излайди ва миннатдорчилик билдиради”, деган эди. Айнан шу кунлар келди. Ҳозирги кунда юқори талабга эга уролог эканлигимдан мамнунман.

– Эркаклар қайси ёшдан бошлаб тиббий кўрикдан ўтишлари лозим?

– Биз ўсмирлар, йигитлар, айниқса, 40-60 ёшдан ошган эркакларга ҳеч қандай оғриқ ёки шикоят бўлмаса-да, йилига камида бир марта тиббий кўрикдан ўтиб туришларини тавсия қиламиз. Чунки кўплаб урологик касалликлар бошида яширин ва оғриқсиз кечади. Бугунги кунда анча ёшларимиз бизларга мурожаат қиляпти. Айниқса, хориж давлатларида ишлаб келган йигитлар уйланишдан аввал тиббий кўрикдан ўтяпти, Бу қувонарли ҳол, албатта. Илгари эркаклар шифокор кўригига келишдан уялиб, Тошкент шаҳрига бориб даволаниб келишарди. Ҳозир бизда ҳам айнан шу муолажалар замонавий ускуналар ёрдамида амалга оширилмоқда. 

– Тиғиз иш жадвали, навбатчиликлар, чақирувлар... Оилангиздаги аҳиллик ва тотувликнинг сири нимада?

– Энг аввало, орзуларим ушалиб, севган касбим билан шуғулланаётганимга сабаб – ота-онам дуоси. Онам менинг шифокор бўлишимни орзу қилган эди. Оиламда тиббиётчилар анча. Отам Эшматвой ва акам Фарҳод – ошпаз, онам Гулбуви 35 йил анестезиолог-ҳамшира бўлиб ишлаган, опам Нилуфар ҳам 2-сонли туғруқхонада анестезиолог-ҳамшира, турмуш ўртоғим Луиза врач-стоматолог. Фарзандларим – Самир, Умар, Самандар оиламиз қувончи, фахри, келажагимиз бунёдкорлари. Улар билан кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қиламан.

– Ҳамкасбларингизга тилакларингиз?

– Уролог-шифокорларнинг меҳнати инсон саломатлигини асрашда муҳим ўрин тутади. Шу боис, устозларим ва ҳамкасбларимни байрам билан чин қалбдан табриклайман. Оилавий хотиржамлик, соғлик-саломатлик тилайман. 

Газета – халқ минбари, оммага ахборот тарқатиш воситаси. Шу боис, биз ҳам сизга мурожаат қилиб, кўпчиликни фаолиятимиздан озми-кўпми хабардор этгимиз келди. Газета жамоасига янги ютуқлар тилайман.

– Суҳбат учун ташаккур!

Мухтабар УСМОНОВА., 2026-10-03, 03:16 129
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.