Жаҳондаги етакчи давлатлар сафида янги Конституция асосида дадил олға интилаётган Қозоғистон янги тараққиёт даврига қадам қуйди. Мамлакат Бош Қомуси давлат бошқарувини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга йўналтирилган кенг кўламли сиёсий ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворига айланмоқда. Янги Конституция қабул қилингандан сўнг барча жабҳаларда ижобий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Конституциявий ислоҳотдан сўнг Қозоғистон Республикаси Қурултойи – мамлакатнинг қонун чиқарувчи бир палатали олий ваколатли тузилмаси – Қурултой сайлови ўтди, Ҳукумат таркиби янгиланди. Халқ Кенгаши тузилиб, шакллантирилди. Бу каби ижобий ўзгаришлар фуқароларнинг давлат ҳаётидаги иштирокини фаоллаштириш, демократик тамойилларни мустаҳкамлаш ва Адолатпарвар Қозоғистон ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.
Қадрли муштарийларимиз илтимосларига биноан ҚР «Дўстлик» ҳамжамиятининг раиси, яқинда Қозоғистон Халқ Кенгаши аъзолигига сайланиб, жамоат фаолияти билан тўлақонли шуғулланаётган Абдулла Исматуллаев билан мулоқотда бўлдик.
– Абдулла Жаъфар ўғли, аввало, халқимиз номидан Халқ Кенгаши аъзолигига сайланганингиз билан табриклаймиз.
– Ташаккур! Элимга, юртимга сидқидилдан ва виждонан хизмат қиламан.
– Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг бугунги асосий мақсад ва вазифалари нималардан иборат? Вилоят, туман ва қишлоқ ЎЭМБлар фаолиятига жўшқинлик бериш пайти келмадими, бу борада пухта режа ва қатъий талаб ҳам керак бўлади...
– ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг асосий мақсади – замон талабларидан келиб чиқиб, ёшлар, оқсоқоллар, хотин-қизлар, таълим-тарбия соҳаларидаги ишларни ривожлантириш ҳамда давлат идоралари билан самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
* Биринчи муҳим йўналиш – ёшлар билан ишлаш. “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ёшлар қаноти” ва Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси қошидаги “Ёшлар қаноти” томонидан турли маънавий-маърифий тадбирлар ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни жамоат ишларига кенг жалб этиш ва йўлбошчилик салоҳиятини ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.
* Иккинчи йўналиш – хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш. Тадбиркор хотин-қизлар ва фаол опа-сингилларимиз ташаббуси билан турли ижтимоий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Дилафрўзхон Мадиева, Гулчеҳра Камол қизи каби фаолларнинг меҳнати бу борадаги тадбирларга яққол мисол бўла олади.
* Учинчи йўналиш – таълим ва тарбия. Ёшларнинг сифатли билим олиши, маънавий камол топиши ва келажакда муносиб мутахассис бўлиб етишишига қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга, илгари суришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
* Оқсоқоллар кенгаши фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларда ортиқча дабдабага йўл қўймаслик, оддий ва намунавий муҳитни шакллантириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
* Яна бир муҳим вазифа – давлат идоралари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик асосида йўлга қўйилган ҳамкорлик жамият олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишга хизмат қилади.
* Таъкидлаш жоизки, ҳозирги пайтда шаҳар ва туман, қишлоқларда жуда ҳам кўплаб ажойиб тадбирлар амалга оширилмоқда. Баъзи қишлоқ ёки туманларда фаоллик сезилмаётгандир, иш суст бўлаётгандир, аммо, бу ҳамма яхши иш олиб бормаяпти, дегани эмас.
– ҚР Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси ила ташкил этилган Халқ Кенгашининг жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Халқ Кенгашининг ташкил этилишини замон талабларига мос, ўз вақтида қабул қилинган муҳим қадам, деб баҳолайман. Халқ Кенгашининг асосий афзаллиги – барча қатлам ва этнос вакилларини бирлаштириб, уларнинг фикр ва таклифларини ягона майдонда жамлашдир. Унда турли этнослар, жамоатчилик фаоллари, маданият, дипломатия ва бошқа соҳалар вакилларининг ҳамкорликда фаолият юритиши кўзда тутилган. Халқ Кенгаши конституциявий ва ҳуқуқий асосга эга бўлган тузилма сифатида халқ манфаатларини давлат идораларига етказишда ва турли муаммо-масалаларни ҳал этишда муҳим ўрин тутади. Бу орқали турли этнослар ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини кенгроқ ифода этиш имконияти яратилмоқда. Энг муҳими, Кенгаш давлат органлари билан халқ ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Минтақалардаги аҳолининг муаммо, эҳтиёж ва таклифлари ўрганилиб, улар Кенгаш муҳокамасига киритилиши, зарур ҳолларда тегишли таклифлар ёки қонун лойиҳалари шаклида юқори идораларга тақдим этилиши мумкин. Шу маънода, Халқ Кенгаши халқ овозини давлат бошқарувига яқинлаштирадиган, турли этнослар ўртасида бирлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган муҳим ва замонавий тузилма ҳисобланади.
– Республикада Ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шунингдек, Шимкент ва Тараз шаҳри, Туркистон вилоятидаги мактабларда ўзбек тилида таҳсил олаётган ўқувчиларни дарсликлар билан таъминлаш масаласида собиқ сенатор Алишер Сотволдиев билан ҚР Маориф вазири ҳузурида мулоқотда бўлдинглар. – Яқин келажакда дарсликлар борасида ижобий ўзгаришлар кутилмоқдами?
– Бугунги кунда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини, урф-одатларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбек тили – бизнинг энг муҳим миллий қадриятларимиздан. Шунинг учун она тилимизни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ва ривожлантириш барчамиз учун муҳим вазифадир. Бу йўналишда республика миқёсида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Тиллар байрами, Навоийхонлик, шеърият кечалари, ўзбек тили ва адабиёти фанидан ўтказилаётган танловлар, шулар жумласидан.
Бугун Шимкент шаҳридаги Марказий истироҳат боғида Ўзбек тили, адабиёти, маданияти ҳамда миллий анъаналарни тарғиб қилишга бағишланган тадбир ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар миллий маданиятимизни келгуси авлодга етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Июнь ойида сенатор Алишер Сотволдиев билан ҚР Маориф вазири Жулдиз Сулейменованинг қабулида бўлдик. У билан мулоқот давомида миллатдошларимизни қизиқтирган масалаларни илгари суриб, талаб ва таклифларимизни етказдик. Бизни яхши қарши олишди ва билдирган таклифларимизга эътибор қаратилди.
Учрашувдаги асосий масалалардан бири – ўзбек тилидаги дарсликлар – китоблар етишмаслиги муаммоси эди. Биз мавжуд эҳтиёжларни ўрганиб, китоблар рўйхатини туздик ва тегишли ташкилотларга тақдим этдик. Бу ерда гап умуман китоблар йўқлиги ҳақида эмас, балки мавжуд китобларнинг айримлари эскиргани, замонавий ва янги адабиётларга бўлган эҳтиёж юқорилиги ҳақида бормоқда. Айрим дарсликларга бўлган эҳтиёж жуда юқори бўлиб, уларни йирик нусхада нашр этиш зарурлигини маълум қилдик. Мазкур масала юзасидан тегишли дастурга киритиш тадбирлари амалга оширилди. Бизга расмий хат ҳам берилди. Унда мактаблар учун зарур адабиётларни янгилаш ва таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилиши масаласи белгиланган. Дарсликлар яқин 2-3 йил ичида босиб чиқарилиши айтилган. Шунингдек, бу масалага оид кўрсатмаларнинг минтақаларга жўнатилган нусхалари ҳам бизга тақдим этилди. Вилоятларга китоблар билан таъминлаш, зарур адабиётларни етказиш ва бу борадаги ишлар назоратини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган. Эндиги вазифамиз – ушбу жараённи назорат қилиб, жойларда китоблар билан таъминлаш ҳолатини кузатиш ва мабодо бирор ҳудудда дарсликлар тақчиллиги ёки бошқа муаммолар юзага келса, ушбу масалани тегишли ташкилотларга етказишдан иборат.
Шунингдек, вазирликлар билан бевосита алоқа канали борасида ҳам келишувга эришилди. Вазирнинг ёрдамчиси билан бевосита алоқага чиқиш имконини берувчи рақам бизга тақдим этилди. Бу орқали зарур масалаларни тезкор етказиш ва улар бўйича мулоқот олиб бориш имконияти юзага келди. Тиғиз ҳамкорлигимиз бардавом бўлишига ишонамиз. Келгусида бошқа масалалар ёки муаммолар юзага келса, уларни ҳам тегишли ташкилотларга етказиб, ўзбек тили, маданияти ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасидаги кенг кўламли тадбирларни изчил давом эттираверамиз.
– Президент ислоҳотларини жамоатчилик қандай қабул қилмоқда?
– Бугунги кунда Президентимиз томонидан мамлакат тараққиёти учун қатор муҳим устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “Адолатли Қозоғистон” ғояси асосида жамият ҳаётида кўплаб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Авваллари оддий фуқаро ўз масаласини ҳал қилиш учун турли ташкилотларга, ҳокимликларга мурожаат қилиши, кўплаб расмиятчилик жараёнларидан ўтишига тўғри келган. Бугунги кунда эса рақамлаштириш туфайли фуқаролар ўз муаммолари юзасидан тегишли ташкилотларга электрон шаклда мурожаат қилиш ва қонунда белгиланган муддатларда жавоб олиш имкониятига эга. Бу тизимнинг асосий мақсадларидан бири – ортиқча расмиятчиликни камайтириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва адолатни таъминлаш ҳамда халқ билан давлат ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлашдир. Айниқса, аҳоли билан бевосита мулоқот ўрнатиш, фуқароларнинг мурожаат ва таклифларини эшитишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун аҳолига ўз муаммолари ва таклифларини эркин билдириш имконини берувчи замонавий дастаклар юзага келмоқда, имкониятлар яратилмоқда.
Шунингдек, “Тоза Қозоғистон” ташаббуси доирасида ҳам мамлакатда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Кўплаб ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, дарахтлар экилмоқда, кўчалар ва жамоат жойлари озодалиги таъминланмоқда. Ёшлар ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этмоқда.
Яна бир муҳим йўналиш – жамиятда “Қонун ва интизом” ғоясини таъминлаш. Илгари айрим ҳудудларда турли ноқонуний гуруҳлар босим ўтказиш ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар мавжуд эди. Бугунги кунда бундай ҳолатларга қарши тизимли чоралар кўрилмоқда. Қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг таълим олиши, меҳнат қилиши, тадбиркорлик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиши, жамоатчилик ишларида иштирок этиши ҳамда ўз ташаббусларини илгари суриши учун имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларда шаффоф ва ошкора мулоқот тамойили кучаймоқда. Фуқароларнинг мурожаатлари, таклифлари ва эътирозлари – барча масалалар бирданига ҳал бўлмайди. Бироқ амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жамиятда ўзгаришлар юз бераётганини кўришимиз мумкин. Бу жараёнлар фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлаш, жамиятда адолат, очиқлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Шу маънода, бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсади – инсон манфаатлари устуворлигини таъминлаш, халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва фуқаролар учун муносиб шароитлар яратишдир.
– Ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб қилиш мақсадидаги хатти-ҳаракатлар қандай?
– Ёшларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этиш ва уларнинг жамиятдаги иштирокини янада кучайтириш – асосий мақсадларимиздан бири. Бунинг учун ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фаол ёшларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар қандай режа ва мақсад қоғозда қолиб кетмаслиги, уни амалга оширувчи инсон бўлиши керак. Бир одамнинг имкони етмайдиган ишни жамоа бўлиб, биргаликда амалга ошириш мумкин. Шу сабабли бугунги кунда кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ёшлар жамоат ташкилотлари ва турли жамоаларда фаол иштирок этиб, ўз ташаббусларини илгари сурмоқда. Биз уларнинг бугунги фаолиятидан мамнунмиз. Айниқса, ўз ташаббуси билан олдинга чиқиб, эл-юрт манфаати учун ҳаракат қилаётган ёшлар сафини кенгайтириш – асосий мақсадларимиздан бири. Ёшларни турли ижтимоий лойиҳалар ва жамоатчилик ишларига кенг жалб элиш орқали уларнинг келажакдаги имкониятларини ошириш мумкин. Бугунги ёшлар – эртанги куннинг асосий кадрлари ва мамлакат келажагини белгилаб берувчи авлоддир. Шунинг учун ёшларни давлат ва жамоат ташкилотларида фаол иштирок этишга рағбатлантириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитларни яратиш муҳим. Агар ёшларнинг давлат ташкилотларида ишлаш, масъулиятли лавозимларга кўтарилиш ёки жамоатчилик фаолиятида иштирок этиш мақсади бўлса, уларга зарур тавсиялар бериб, қўллаб-қувватлашга ва амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Бугунги кунда ёшлар орасидан кўплаб олимлар, тадқиқотчилар ва юқори малакали мутахассислар етишиб чиқмоқда. Нафақат Қозоғистонда, балки Европа, Германия, Америка ва бошқа давлатларда ҳам Қозоғистонда туғилиб, таълим олган ёшлар профессор ва етук мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Улар – мамлакатимизнинг заковати, салоҳияти ва келажагидир. Ёшларга яратилган таълим ва касбий ривожланиш имкониятлари натижасида улар халқаро миқёсда ҳам ўзини намоён этмоқда. Биз бундай ёшлар билан фахрланамиз ва уларнинг ютуқларини қўллаб-қувватлаш муҳим деб ҳисоблаймиз.
Спорт соҳасида ҳам ёшларимиз залворли натижаларга эришмоқда. Турли халқаро ва Европа чемпионатларида Қозоғистон ёшлари юқори натижаларни қўлга киритмоқда. Бу эса ёшларга яратилаётган шароитлар ва қўллаб-қувватлаш чораларининг самарасидан далолат. Ишончимиз комил, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар янада кенгайиб бораверади. Бу эса келгусида илм-фан, таълим, спорт, маданият, давлат бошқаруви ва бошқа соҳаларда янада кўплаб истеъдодли ва ташаббускор ёшларнинг етишиб чиқишига хизмат қилади. Шунинг учун ёшлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва уларга ишонч билдириш – бугунги куннинг эмас, балки мамлакатнинг узоқ муддатли келажаги учун муҳим вазифадир.
– Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда “Дўстлик” ҳамжамиятининг ўрни қандай?
– Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар бугунги кунда давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган ҳолда янги босқичда тараққий этмоқда. Давлатлар раҳбарлари томонидан “Биз – ягона халқмиз, туркийлармиз, барчамизнинг илдизимиз ягона” деган умумий тарихий ва маданий қадриятларга асосланган сиёсат юритилмоқда. Бу эса икки давлат ўртасидаги дўстона ва яқин муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугунги кунда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида парламентлар ва ҳукуматлар даражасидаги ҳамкорлик тобора кучайиб, мустаҳкамланмоқда. Турли соҳаларда учрашувлар, музокаралар ва қўшма тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Айниқса, бизнес соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли бизнес–анжуманлар ташкил этилиб, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида бевосита алоқалар йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистоннинг айрим шаҳарлари Қозоғистон шаҳарлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, тадбиркорларни ўзаро ташрифлар ва учрашувларга жалб қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистондаги этномаданият бирлашмалар ва “Дўстлик” ҳамжамияти томонидан ҳам ҳамкорликдаги тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистондаги маданият марказлари ва жамоат ташкилотлари турли анжуман ва тадбирларга бизни таклиф қилмоқда. Ўз навбатида, биз ҳам уларни таклиф этмоқдамиз. Бундай ўзаро ташрифлар ва тадбирлар халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва маданий яқинликни янада мустаҳкамламоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон бугунги кунда стратегик шерик давлатлар ҳисобланади.
– ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятининг келгусидаги режаларига тўхталсангиз...
– Жамоат ташкилоти ҳисобланмиш “Дўстлик” ҳамжамиятининг асосий мақсади – халқимиз ўртасидаги бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашдан иборат. Аввало, ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва авлодларимиз келажаги учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Биз ажралмасдан, шаҳар ёки вилоятларга бўлинмасдан, маҳаллийчиликка ружу қўймасдан бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ишлашимиз муҳим. Катталарга иззат, кичикларга ҳурмат кўрсатиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳурматни асраш – халқимиз бирдамлигининг асосий омилларидан биридир. Айниқса, ёшларга юксак эътибор қаратиш зарур. Ёшларимизга кўпроқ имконият ва масъулият юклашимиз, уларнинг жамиятда, мамлакатимизда ва дунё миқёсида ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратишимиз даркор. Уларнинг турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб, халқаро миқёсда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиши – барчамиз учун фахр ва ғурур. Шу билан бирга, ота-оналар ва катта авлод вакилларини эъзозлаш, уларнинг дуосини олиш ҳам муҳим вазифалардан. Авлодлар ўртасидаги ҳурмат ва меҳр-оқибатни сақлаш орқали жамиятимизда янада мустаҳкам бирдамликни таъминлашимиз мумкин. Олдимизга қўйган асосий мақсадларимиздан бири – дўстликни мустаҳкамлаш, мавжуд масалаларни ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат асосида ҳал этиш. Ишончимиз комил, ватанимиз ва мамлакатимиз янада тараққий этиб, халқимиз орзу-умидлари рўёбга чиқаверади. Қозоғистон дунё миқёсида ўзининг муносиб ўрнини янада мустаҳкамлаб, янгидан-янги ютуқларга эришади.
– “Жанубий Қозоғистон” газетаси муштарийлари ва барча қозоғистонликларга тилакларингиз?
– Барча юртдошларимизга, оилаларга мустаҳкам соғлик, хотиржамлик, фаровонлик ва бахт-саодат тилаймиз. Эл-юртимиз омон бўлсин, юртимиз тинч бўлсин! Қозоғистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик абадий бўлсин!
35 йиллигини нишонлаётган халқимиз минбари – “Жанубий Қозоғистон” газетаси тараққий этаверсин.
– Ажойиб мусоҳаба учун раҳмат!