Октябрь ойи келса, Шимкентдаги “Палов фест” ёдимга тушади. Ҳар йили кузда, кўпинча 10 октябрь атрофида халқимиз интиқлик билан кутадиган бир байрам ўтарди. “Дўстлик дастурхони” мавзуида ташкил этилган танловга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ошпазлар келиб, беллашишарди.
Элликдан зиёд қозон атрофида оқ халатларини кийиб, ҳар бири ўз ўчоғига бош бўлган ошпазлар… Гуруч, сабзи ва гўштнинг меъёрини топиб, бор маҳоратини ишга солган усталар… Кўкка ўрлаган буғ, иштаҳани қитиқловчи хушбўй ҳид, ҳар бир қозондаги ошнинг таъмини таққослаб, ўзаро фикрлашаётган одамларнинг қувноқ ғала-ғовури…Буларнинг барчаси ёлғиз менинг хотирамдагина қолмагандир.
Дўстларимнинг: “Палов фест қачон бўлади? Бехабар қолдирманг!” –деб олдиндан тайинлаб қўядиган одати бор эди. Демак, бу тадбирни соғинадиган, кутадиган, унга оиласи билан боришни режалаштирадиган мухлислар давраси шаклланган экан.
Қозоғистон ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ташаббус кўрсатиб, узоқ йиллар давомида ташкил этилишига бош-қош бўлган бу байрамда кўплаб инсонларнинг меҳнати, ихлоси ва саховати мужассам. Қозон осган ошпаздан тортиб, озиқ-овқат келтирган тадбиркорга, байрам меҳмонлари умумий ишга ўз ҳиссасини қўшган.
Ўтган замонда ёзаётганимнинг ҳам сабаби бор. Шахсан мен сўнгги йилларда ушбу фестивалнинг анъанавий кузги шукуҳини соғиниб юрибман. Ош дамлашга ҳам, тановул қилишга ҳам, унинг тайёрланишини шошмасдан томоша қилишга ҳам қулай фаслда ўтадиган ўша халқ сайлининг ўрни бўлакча. Кузги Шимкентга ярашиб турадиган шу анъананинг давомини кўргим келади.
Бу фестиваль бизга нима беради?
Унинг фойдаси ҳақида гапирсам, кўп жиҳатларини санаб ўтишим мумкин. Даставвал, халқимизнинг бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бир қозонда гуруч, сабзи ва гўштнинг таъми уйғунлашса, бир дастурхон атрофида инсонларнинг суҳбати қовушади. Бири таом тайёрлаш сирини сўрайди, иккинчиси ўз оиласининг анъаналари билан ўртоқлашади. Илгари бир-бирини танимаган одамлар ёнма-ён ўтириб таом ейди, танишади, яқинлашади. Жамиятдаги тотувликнинг кундалик ҳаётдаги кўриниши ҳам шу эмасми? Бир-бирининг меҳнатини қадрлаш, маданиятини ҳурмат қилиш, қувончига шерик бўлиш. Ўзбек халқининг дастурхон анъаналари орқали барча қозоғистонликларга хос меҳмондўстлик ва бағрикенглик намоён бўлади. Бир дастурхон атрофида бошимиз қовушиб, қалбларимиз илийди.
Қўшни мамлакатларда бундай фестиваллар кўп ўтказилади. Улкан қозонларда ош дамлаб, рекорд ўрнатаётганларини ҳам эшитамиз. Бўлаверсин, бундан қувонамиз. Бизнинг Шимкент ҳам ўз анъанасини ривожлантириб, одамлар махсус излаб келадиган фестиваль ўтказишга етарли салоҳиятга эга, деб биламан. Бунга паловнинг халқаро миқёсда нуфузини қўшинг. 2018 йил 6 сентябрда The Guardian агентлиги ўзбек паловини дунёдаги ўнта энг яхши кўча таомлари тўпламига киритди.
Бундан Шимкент манфаати йўлида фойдаланиш мумкин. Фестивалнинг санаси олдиндан белгиланиб, ҳар йили мунтазам ўтказилса, сайёҳ ҳам сафарини шунга қараб режалаштиради. Меҳмонхонада тунайди, бозор айланади, маҳаллий маҳсулотларни харид қилади, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари билан танишади. Бир кунлик байрамнинг фойдаси кўплаб тадбиркорларга тегади.
Шунинг учун “Палов фест”ни шаҳарнинг сайёҳлик тақвимига киритиб, туроператорлар, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш муассасалари билан ҳамкорликда тарғиб қилиш ўринли бўлар эди. Шимкентга келиш учун яна бир яхши сабаб пайдо бўларди. Фестивалнинг кўп ҳам тилга олинавермайдиган яна бир жиҳати – саховат.
Эсимда, қозонларда тайёрланган ошнинг салмоқли қисми кам таъминланган оилаларга, болалар ва кексалар уйларига юбориларди. Буни биров билса, биров билмайди. Дастурхоннинг илиқлиги байрамга кела олмаган инсонларга ҳам етиб борарди. Ана шундай эзгу анъана, албатта, сақланиши керак. Шу билан бирга, барча санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда, паловни шаҳар аҳолисига ҳамёнбоп нархларда сотиш тажрибасини ҳам йўлга қўйиш мумкин, деб ўйлайман. Тегишли қадоқлаш идишлари, тартибга солинган савдо жойи ва аниқ кўрсатилган нархлар бўлса, одамларга ҳам қулай бўлади.
Нега шаҳар аҳли ўзига ёққан паловдан оиласига олиб бориб, байрамни ўз хонадонида давом эттирмаслиги керак? Нега ошпаз ўз меҳнатининг ҳақини олмаслиги керак? Хайрия учун ажратиладиган улушни олдиндан белгилаб, савдони тўғри ташкил этсак, ҳар иккиси ҳам ўз ўрнини топади. Бугун ҳам айрим тамаддихоналарнинг тўрида ўша танловларда ғолиб бўлган ошпазларга топширилган дипломларни кўриб қоламан. Очиғини айтсам, шундай жойда овқатланиш икки карра ёқимли. Кўпчилик олдида маҳоратини исботлаган инсоннинг қўлидан таом ейиш кишида ишонч уйғотади. Танловнинг яна бир фойдаси ҳам шунда. Ошпазнинг меҳнати қадрланади, номи танилади, касбий обрўси ортади. Ёш мутахассислар тажрибали усталардан ўрганади. Фестиваль доирасида маҳорат дарсларини ўтказиб, коллеж ўқувчиларини жалб қилсак, меҳнатга ўргатиш учун ҳам яхши бўларди. Болалар ҳам мазали таом ортида қанчалик озодалик, эътибор, сабр ва пешона тери турганини кўрарди. Шымкентнинг бундай фестивални ўтказиш учун афзалликлари етарли. Кузги об-ҳавоси қулай, аҳолиси кўп, меҳмондўстлик анъаналари мустаҳкам. Қўшни вилоятлар ва давлатлардан келган меҳмонларнинг келишига ҳам қулай. Энг муҳими – тажриба бор, усталар бор, ушбу байрамни кутаётган халқ бор.
Шу боис, шаҳар ҳокимлиги “Дўстлик” ҳамжамияти, этномаданият бирлашмалари ва тадбиркорлар билан ҳамкорликда фестивални куз фаслида мунтазам ўтказиш анъанасини қайта жонлантириш масаласини кўриб чиқилса, деган таклифим бор. Ушбу анъанани шакллантирган инсонларнинг тажрибасидан фойдаланиб, ташкилотчилик ишларига ёшларни жалб этиб, тадбир санасини эртароқ эълон қилсак, унинг кўлами ҳам, мазмуни ҳам янада бойиган бўлар эди. ”Палов фест” элимизнинг, қолаверса, Шимкент шаҳрининг одамлар ҳавас билан тилга оладиган, меҳмонлар махсус излаб келадиган яна бир ўзига хос жиҳатига айланишга муносиб.
Тақвимимизга расмий сана бўлмаса ҳам, халқнинг ўзи интиқлик билан кутадиган дўстлик, меҳнатсеварлик, саховат ва оилавий қувонч байрами қўшилган бўлар эди. Қозоннинг олови яна гуриллаб, дўстлик дастурхони яна ёзилса экан!