Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Туркманистонга амалий ташрифи Қозоғистон ташқи сиёсатининг уч муҳим йўналишини қамраб олди. Булар – Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги алоқалар ҳамда Каспий денгизини асраш масалаларидир. Авазада ўтган учрашувларда минтақа иқтисодиёти, транспорт, сув захиралари, технология ва экологик барқарорлик билан боғлиқ ўзаро муштарак вазифалар муҳокама қилинди.
Савдо-сотиқнинг ривожи транспорт инфратузилмасига, саноат ҳамкорлиги технологик шерикликка, Транскаспий йўналишида юк ташиш истиқболлари эса Каспий денгизининг экологик ҳолатига боғлиқ. Қозоғистон қандай таклифларни илгари сурди ва уларни қайси умумий мақсад бирлаштиради?
Қўшничиликдан иқтисодий ҳамкорлик сари
Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида Қозоғистон Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев минтақавий ҳамкорликда эришилган натижаларни қайд этиб, мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Ўтган йили минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми қарийб 13 миллиард долларга етди. Бу уларнинг умумий ташқи савдо айланмасининг тахминан 8 фоизини ташкил этади. Қозоғистон ушбу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказишни таклиф қилди.
Бу мақсадга эришиш учун чегарабўйи савдоси ва логистика марказларини ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш зарур. Гап фақат айрим лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида эмас, балки давлатлар иқтисодиётини ўзаро боғлайдиган яхлит тизимни шакллантириш устида бормоқда. Бунинг учун савдо тўсиқларини бартараф этиш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва транспорт-логистика марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сўнгги йилларда ушбу йўналишга қизиқиш ортиб бораётгани унинг минтақалараро савдо учун аҳамиятини янада оширмоқда. Россия билан ҳамкорликда Шимол – Жануб транспорт йўлагини ривожлантириш, шунингдек, TRIPP (Трамп йўли – халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли) ташаббуси билан боғлиқ интеграция жараёнлари ҳам Қозоғистон учун долзарб ҳисобланади.
Умуман, мамлакат турли транспорт йўналишларини бир-биридан айро эмас, балки ягона тармоқнинг узвий қисмлари сифатида кўради. Ички инфратузилмага сармоя жалб этишнинг минтақавий аҳамияти ҳам шундаки, у қўшни давлатларга қўшимча йўналишлар орқали ташқи бозорларга чиқиш имконини беради.
Учрашувда сув захиралари масаласи ҳам Марказий Осиё барқарорлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири сифатида кўтарилди. Президент трансчегаравий сув захираларини бошқаришнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бунда ўзаро ҳурмат, тенглик ва барча давлатлар манфаатларини инобатга олиш муҳимлиги таъкидланди.
Қасим-Жўмарт Тўқаев Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш бўйича Доиравий конвенцияни ҳамкорлик учун асос сифатида қайд этди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида Халқаро сув ташкилотини тузиш ташаббусини биргаликда қўллаб-қувватлаш таклифини илгари сурдди. Янги тузилма фаолиятида Марказий Осиёнинг ўзига хос шароитлари ва эҳтиёжларини инобатга олиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Технологик ҳамкорлик масалаларида ҳам хавфсизликка алоҳида эътибор қаратилди. Сунъий идрок ва нейрон тармоқларидан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар халқаро миқёсда тобора кўпроқ муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг сунъий идрокдан масъулиятли фойдаланиш тўғрисидаги декларациясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Демак, технологик ҳамкорлик икки вазифани қамраб олади: янги имкониятларни ривожлантириш ва хавфсизлик масалалари бўйича умумий ёндашувни шакллантириш. Шу билан бирга, илмий марказлар, университетлар ва технология компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш минтақарақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Жаҳондаги беқарорлик шароитида гуманитар алоқаларни ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қозоғистон Президентининг Телерадиомажмуаси таркибига кирувчи халқаро “Silk Way” телеканали асосида минтақавий телеканал ташкил этиш таклифи шулар жумласидандир. Шунингдек, ёшлар ўртасида кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган форум ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Иқтисодий тадқиқотлар институти Жаҳон иқтисодиётини ўрганиш маркази директорининг ўринбосари Алишер Базарбаевнинг фикрича, давлатлар минтақавий ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб оладиган узоқ муддатли мақсадларни белгилаш йўлида муҳим натижага эришдилар.
– Қозоғистон минтақа мамлакатлари бирдамлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Мамлакат нафақат минтақавий мулоқотни қўллаб-қувватлайди, балки ҳамкорликни ривожлантиришнинг аниқ дастаклари ва узоқ муддатли ёндашувларини ҳам таклиф этмоқда. Бу эса Марказий Осиёнинг халқаро муносабатларда мустақил субъект сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади, – деди у.
МДҲ: тарихий алоқалардан қўшма лойиҳаларгача
Авазада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувида Қасим-Жўмарт Тўқаев 1991 йилги Алмати декларациясининг аҳамиятини таъкидлади. Халқаро муносабатлар ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда давлатлар ўртасида ишончга асосланган бевосита мулоқотни сақлаш зарурлигини қайд этди.
Қозоғистон Президенти 2027-2030 йилларга мўлжалланган МДҲнинг устувор саноат ва технологик лойиҳалари тўпламини шакллантиришни таклиф қилди. Бунда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.
Ушбу таклиф Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашувида илгари сурилган иқтисодий ёндашувнинг мантиқий давомидир. Қозоғистон қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори. Фарқ шундаки, минтақа доирасида чегарабўйи марказлари ва ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантиришга эътибор қаратилса, МДҲ миқёсида йирик саноат ва технологик лойиҳаларни бирлаштирган дастурни шакллантириш таклиф этилмоқда.
Сунъий идрок соҳасида ҳам тажриба алмашишга катта аҳамият қаратилди. Президент тадқиқот марказлари, университетлар, компаниялар ва стартаплар иштирокида дастурлар, қонунчилик ҳамда давлат кўмаги дастаклари бўйича илғор тажрибаларни ўрганишни таклиф қилди.
Учрашув якунида Ҳамдўстлик фаолияти ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, 2028 йилни Ижтимоий тараққиёт ва ҳаёт сифати йили, 2029 йилни эса МДҲда транспорт коммуникациялари йили деб эълон қилиш белгиланди.
Каспий: экология ва иқтисодиёт муштараклиги
Давлат раҳбарининг Туркманистонга ташрифи доирасидаги учинчи йирик тадбир Каспий экологик саммити бўлди. Қозоғистон учун денгиз ҳолатини муҳокама қилиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган аввалги ташаббусларнинг давомидир.
2026 йил апрель ойида Астанада ўтказилган Минтақавий экологик саммитда Қасим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Каспий денгизи сатҳининг янада пасайишини тўхтатишга қаратилган давлатлараро дастурни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққанини маълум қилди. Минтақада илмий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Каспий денгизи тадқиқот институти ҳам ташкил этилди.
Каспийнинг табиий ва экологик мувозанатини сақлаш фақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи эмас. Денгиз сатҳининг пасайиши биохилма-хиллик, балиқчилик, қирғоқбўйи инфратузилмаси, портлар ва транспорт йўналишларига ҳам таъсир кўрсатади. Шу боис унинг ҳолати Марказий Осиёни Кавказ, Яқин Шарқ ва Европа билан боғлайдиган Транскаспий транспорт йўлагининг истиқболи билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Қозоғистоннинг Каспийни асрашга қаратилган таклифлари илмий тадқиқотлар, замонавий технологиялар ва халқаро ҳамкорликни бирлаштиришга асосланган. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар денгиз экотизимини муҳофаза қилиш билан бирга, минтақавий иқтисодий алоқалар барқарорлигини таъминлашга ҳам қаратилган.
Умумий мақсад – барқарор тараққиёт
Авазада илгари сурилган ташаббусларни бирлаштириб турувчи асосий ғоя – минтақадаги давлатларнинг умумий манфаатларини уйғунлаштиришдир. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашувида савдо-сотиқ ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга эътибор қаратилган бўлса, МДҲ саммитида саноат ва технологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масаласи кўтарилди. Каспий экологик саммити эса минтақанинг табиий захираларини асраш ва транспорт алоқаларининг барқарорлигини таъминлаш вазифаларини кун тартибига олиб чиқди.
Шу тариқа, иқтисодиёт, транспорт, сув захираслари, технология ва гуманитар алоқалар бир-бирини тўлдирувчи йўналишлар сифатида намоён бўлмоқда. Энди асосий вазифа илгари сурилган таклифларни келишилган режаларга, аниқ лойиҳаларга ва амалий натижаларга айлантиришдан иборат.
Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг «Муваффақиятли Марказий Осиё – муваффақиятли Қозоғистон» тамойили ҳам шу мазмунни ифодалайди. Зеро, мамлакатнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги қўшни давлатларнинг барқарорлиги ҳамда тараққиёти билан бевосита боғлиқ.
Авазадаги учрашувлар минтақавий мулоқотни чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва умумий муаммоларга биргаликда ечим топишга интилишни намоён этди. Бу ташаббусларнинг самараси эса уларнинг қай даражада амалга оширилиши, давлатлар ўртасидаги келишувлар қанчалик аниқ лойиҳалар ва ўзаро манфаатли натижалар билан мустаҳкамланишига боғлиқ.