+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Астанада Халқаро “Қазақ тілі” жамиятининг X Қурултойи ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жўмарт Тўқаев иштирок этиб, она тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, қозоқ тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, тиллар ўртасидаги ҳурмат ва халқ бирлигини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр билдирди.
Давлат раҳбари ўз нутқида қозоқ тилининг нуфузини юксалтириш, унинг рақамли имкониятларини кенгайтириш, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш, шунингдек, она тилини умуммиллий бирлик ва ҳамжиҳатлик омилига айлантириш зарурлигини таъкидлади.
Қуйида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг Халқаро “Қазақ тілі” жамияти X Қурултойидаги нутқини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Сизларни Х Халқаро “Қазақ тілі” жамияти Қурултойининг очилиши билан қутлайман.
Бугунги тадбир алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, она тили масаласи давлат, сиёсат ва бутун миллат учун муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги вақтда тил масаласи тобора долзарб ва нозик мавзуга айланаётганининг гувоҳи бўлмоқда.
Мазмунли маърузалар ва қимматли таклифлари учун барча иштирокчиларга самимий миннатдорчилик билдираман. Уларнинг барчаси атрофлича кўриб чиқилиб, келгуси ишларда албатта инобатга олинади.
“Қазақ тілі” жамияти давлат тили мақомининг мустаҳкам асосларини қўллаб-қувватлаб келаётган нуфузли ташкилотдир.
1989 йилда ташкил этилган ушбу ташкилот Мустақил Қозоғистон тарихида алоҳида ўрин тутади.
Атоқли олимлар, академиклар Абдуали Қайдар ва Ўмирзақ Айтбайули асос солган “Қазақ тілі” жамиятининг тараққиёт йўлини бугунги авлод вакиллари ва таниқли тилшунослар муносиб давом эттирмоқда.
Бугун ташкилот самарали тадбирлар ва ижодий ташаббусларни муваффақиятли амалга оширмоқда. Давлат раҳбари сифатида “Қазақ тілі” жамиятининг барча аъзоларига самимий миннатдорчилик билдираман.
Атоқли ёзувчи Абиш Кекилбаевнинг “Тилнинг обрўси – элнинг обрўси” деган доно нақли бор.
Тил – барчамизнинг умумий бойлигимиз.
Тил – Оллоҳнинг қудрати ила инсонларга ато этилган буюк неъмат ва имкониятдир. Тил – инсониятнинг энг асосий бойлигидир. Инсон камолотининг энг муҳим омили ҳам тилдир.
Биз тамаддунлашган миллат сифатида қозоқ тилининг нуфузи ва эътирофини юксалтириш йўлида куч-ғайратимизни бирлаштиришимиз керак. Бугунги учрашувнинг асосий мавзуси ҳам шу.
Жорий Қурултой Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида, ҳақиқатан ҳам тарихий бир паллада ўтаётгани қувонарлидир.
Қозоғистон нуфузли давлат сифатида эгамен тараққиётнинг янги босқичига дадил қадам қўймоқда, ёрқин келажак сари интилмоқда.
Мустақилликка эришганимиздан буён халқимиз барча синовларни муносиб енгиб ўтди. Ягона миллат сифатида жипслашиб, давлатчилигимиз пойдеворини яратдик ва уни янада мустаҳкамладик. Бирлик ва ҳамжиҳатлик туфайли сўнгги етти йил мобайнида кенг кўламли ислоҳотлар мажмуасини муваффақиятли амалга оширишга эришдик.
Давлат ҳаётининг барча муҳим соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, янги илғор ташаббусларга йўл очилди. Энг муҳими, бутун халқимиз учун дастуриламал бўлган муқаддас ҳужжат – Конституциямизни қабул қилдик. Шубҳасиз, янги Конституциямиз Адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлида ҳуқуқий пойдевор яратди.
Конституцияга мувофиқ, Мустақиллик, Эгаменлик, давлатнинг ҳудудий яхлитлиги, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш энг олий, таъбир жоиз бўлса, муқаддас қадриятлар сифатида эътироф этилгани жуда муҳимдир.
Мустақиллик биз учун ҳамма нарсадан устун. Мустақилликсиз халқимизнинг келажаги бўлмаслиги аён. Шу боис уни ҳимоя қилиш ва янада мустаҳкамлаш – муқаддас бурчимиз ва юксак масъулиятимиздир!
Очиғини айтганда, Эгаменлигимизни ҳимоя қилиш билан боғлиқ барча масалалар тўлиқ ҳал этилди, деб бўлмайди. Олдимизда ғоят муҳим аҳамиятга молик кенг кўламли, кечиктириб бўлмайдиган вазифалар турибди.
Халқаро вазиятнинг қандай тус олаётгани барчага маълум. Жаҳондаги геосиёсий вазият сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий соҳаларда кескинлик кучайиб бораётгани билан тавсифланади.
Бундай беқарор даврда келажакни аввалдан башорат қилиш ниҳоятда қийинлиги аён. Шу шароитда бизнинг жавобимиз битта бўлиши керак: муқаддас Ватанимиз – Қозоғистон Республикасига фидойилик билан хизмат қилиш, бирлигимизни мустаҳкамлаш, умумий манфаатлар йўлида ҳамжиҳатликда меҳнат қилиш ва миллат тақдири учун шахсий масъулиятимизни чуқур англаш. Пировардида, Эгаменликни мустаҳкамлаш фуқаролар фаровонлигини ошириш, инновацияларни жорий этиш, қонунга ҳурмат, интизом, ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик, бунёдкорлик руҳи ва табиатга эҳтиёткорона муносабатда намоён бўлади. Ушбу вазифаларнинг муваффақиятли ижроси мамлакатимизнинг жаҳон тамаддунида муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди.
Шу боис замон талабларига мувофиқ, Конституцияда таълим, илм-фан, инновациялар ва инсон капиталини ривожлантириш давлат фаолиятининг стратегик йўналиши сифатида белгиланган.
Бу асосий ҳужжат нафақат Мустақиллигимизнинг кўп асрлик тарихини мустаҳкамлайди, балки давлатимизнинг келгуси қиёфасини ҳам белгилаб беради.
Қозоқ тилининг давлат тили мақоми ўзгармас конституциявий меъёр сифатида эътироф этилган. Мен Конституция матнини тайёрлаш жараёнида шахсан иштирок этдим. Бунда ҳар бир иборага алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир моддани синчковлик билан ишлаб чиқдим. Бу, аввало, менинг фуқаролик бурчимдир.
Халқимиз учун муқаддас бўлган Мустақиллик ва Эгаменлик сўзларининг энди Конституцияда бош ҳарф билан ёзилишида чуқур маъно бор. Бундай ёндашув асосий тушунчаларга бўлган юксак масъулиятимизни ва жамиятда, айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга интилишимизни ифода этади.
Умуман, Конституция халқимизнинг дунёқараш хусусиятларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, илғор қонунчилик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Қозоғистоннинг Асосий қонуни юксак савияда, касбий даражада тайёрланган ҳужжатдир.
Ушбу кенг кўламли жараёнда юксак малакали ҳуқуқшунослар билан бир сафда тажрибали филологлар ва қозоқ тили мутахассислари ҳам фаол иштирок этди. Буларнинг барчаси замонавий қозоқ тилининг бойлиги ва кенг имкониятларини яққол намоён этади.
Қозоқ тилини Мустақиллигимизнинг мустаҳкам таянчи, Ватанимизнинг давлат тили, миллатимизнинг сўнмас руҳи сифатида қабул қилишимиз керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Шу боис қозоқ тилига ҳурмат – фуқаролик ва инсоний бурчимиздир. Бурч, у қанчалик эзгу бўлмасин, мустаҳкам пойдеворга таяниши керак.
Агар биз илғор иқтисодиёт, инновациялар ва юқори технологиялар соҳасидаги ютуқларга эга, дунёда эътироф этилган тамаддунлашган ва қудратли давлат сифатида ўзимизни намоён этсак, қозоқ тилининг ҳам янги куч-қудратга эга бўлиши шубҳасиз.
Мамлакат нуфузи ошгани сари унинг давлат тили мавқеи ҳам мустаҳкамланади. Бу – ўзгармас ҳақиқатдир.
Бугунги кунда боғча ва мактабларда болаларнинг аксарияти қозоқ тилида таълим олмоқда. Жорий йилда ўқувчиларнинг 71 фоизи қозоқ тилида ўқитиладиган синфларга қабул қилинди.
Олий ўқув юртлари ва коллежларда ҳам қозоқ тилида таълим олаётганлар сони кўпайди.
Қозоқ тилидан фойдаланиш кўлами ижодий индустрияни ҳам қамраб олган ҳолда барча соҳаларда кенгаймоқда. Нашриёт, мусиқа ва кино бозорида қозоқ тилидаги маҳсулотлар улуши сезиларли даражада ошмоқда.
Масалан, ўтган йили нашр этилган 6 мингдан зиёд китобнинг 70 фоизи, жорий йилда Қозоғистонда суратга олинган 71 фильмнинг 63таси қозоқ тилида тайёрланган. Буларнинг барчаси жамиятимизда қозоқ тилига талаб ортаётганидан дарак беради. Бу қувонарли жараён. Ушбу йўналишдаги тадбирларни янада кучайтиришимиз лозим. Қозоқ тили миллатни бирлаштирадиган ва мамлакатимизнинг тамаддуний имкониятларини кенгайтирадиган таъсирчан кучга айланмоқда. Бутун дунёда миллий тамаддунимиз Султан Бейбарс, буюк мутафаккир Абай ва атоқли олим Қаниш Сатпаев каби забардаст тарихий шахслар орқали танилган. Бугун эса Димаш Қудайберген – шуҳрати оламга таралган хонанда, Самал Еслямова – машҳур Канн кинофестивалида энг яхши актриса деб эълон қилинган санъаткор, Бибисара Асаубаева – кўп карра жаҳон чемпиони бўлган таниқли шахматчи, Ерсин Балтағул (Кимбозан Харуки) – кўплаб мусобақалар ғолиби, бутун Япония халқи, ҳатто императоргача танийдиган қозоқ полвони ва касбий сумочи, Ерзат Дулатов – “Higgsfield AI” дунёвий лойиҳаси ҳаммуассиси каби истеъдодли инсонлар қозоқ маданияти, маънавияти ва халқимизнинг заковатини ҳар томонлама бойитмоқда.
“Элни элга элчи яқинлаштиради”, деган ҳикмат бор халқимизда. Бу фуқароларни мамлакатимизнинг ҳақиқий ватанпарварлари ва маънавий элчилари деб аташ муболаға бўлмайди.
Бугун Қозоғистон хорижда ҳурмат қозонган нуфузли давлат сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлади. Шунинг учун қозоқ тилининг келажагига шубҳа билан қарашдан воз кечишимиз керак. Агар ўзимиз мамлакатимиз ва тилимиз тақдирига ишончсизлик билан қарасак, бошқалар бизга қандай ишонсин?! Бундай гап-сўзларга чек қўйиш вақти келди. Қозоқ халқи бор экан, қозоқ тили ҳам унутилмайди.
Сиёсий қатағонларнинг оғир йилларида ҳам она тилимиз ёзувчилар, тилшунослар, журналистлар, ижодкор зиёлилар ва оддий одамлар туфайли сақланиб қолди ва ривожланишда давом этди. Бу қозоқ тилининг ноёб ҳаётбахшлигидан далолат беради. Бугун унинг келажагидан хавотир олишга ҳеч қандай асос йўқлигини ишонч билан айта оламиз.
Ҳозир қозоқ тили илғор технологиялар соҳасида ҳам кенг қўлланилмоқда ва замон талабларига мувофиқ ривожланмоқда.
Мамлакатимизда давлат тилида хизмат кўрсатадиган кўплаб рақамли дунёвий майдонлар мавжуд. Тилимизнинг салоҳияти дунёнинг етакчи технологик компаниялари томонидан ҳам тобора кўпроқ эътироф этилмоқда. Жумладан, “Open AI” компанияси тадқиқотига кўра, қозоқ тили сўнгги уч йилда сунъий идрок тизимларида қўлланиш доираси жадал кенгайиб бораётган тиллар қаторига киради.
“Yandex” маълумотига кўра, унинг қозоқ тилидаги иловаларидан бирининг фойдаланувчилари сони 2025 йилга нисбатан 30 фоизга ошган. Шунингдек, ўтган йили “Google” қозоқ тилини ўзининг “Gemini” тил моделига киритди. Шубҳасиз, буларнинг барчасига қозоқ тилининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар туфайли эришилди.
Халқимизда “Олтин чиққан ерни чуқурроқ ковла” деган мақол бор. Бу борадаги муҳим ишларни давом эттиришимиз ва янада кенгайтиришимиз зарур. Энг аввало, қозоқ тилининг миллий рақамли маълумотлар базасини яратиш вазифаси турибди.
Умуман, биз қозоқ тилининг луғат таркиби ниҳоятда бой эканини бот-бот таъкидлаймиз. Бунинг ҳақиқат эканига шубҳа йўқ. Адабий-маданий меросимиз ҳам ниҳоятда бой ва ранг-баранг. Бироқ бу бойликнинг салмоқли қисми ҳанузгача тўлиқ ва сифатли рақамлаштирилмаган. Шунинг учун кутубхоналар ва архивларда сақланаётган қозоқ тилидаги китоблар, даврий нашрлар, аудио ва видеоёзувлар, архив ҳамда музей жамғармаларини рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш зарур.
Халқимизнинг бебаҳо мероси ва маънавий бойлигини нафақат қоғозда, балки рақамли шаклда ҳам сақлашимиз керак. Бу келажак авлод учун беқиёс хазина бўлади.
Бундан ташқари, қозоқ тилида муҳандислик, тиббиёт, ҳуқуқ, иқтисодиёт, табиий фанлар ва ахборот технологияларини ўрганиш учун энг қулай шароитларни яратиш лозим. Бунда сифатли дарслик ва ўқув қўлланмаларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш керак.
Афсуски, бу борада кўплаб хатоларга йўл қўйилган, камчиликлар ҳам талайгина.
Албатта, бунинг учун миллий илм-фан ва олимларимиз салоҳиятини ошириш зарур. Фақат шундагина қозоқ тили илм-фан ва ишлаб чиқариш тилига айланади.
Тарихда бунга мисоллар кўп. Форс ва фаранг тилларининг ўтмиши ҳам буни тасдиқлайди. Ҳозирги даврда эса, маълумки, инглиз тили етакчи ўринга чиқди. Бу борада олий ўқув юртларига жуда муҳим ўрин ажратилади. Университетлар қозоқ тилидаги илмий тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Шу муносабат билан яна бир долзарб масала – тилда ягона меъёрни таъминлаш ҳақида тўхталиб ўтишни зарур деб ҳисоблайман. Афсуски, бугун қозоқ тилида айрим сўзлар, тушунчалар ва ҳатто атамаларни турлича қўллаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган жиддий масала. Бундай ҳолат одамларни чалғитади ва тил софлигига путур етказади. Шунинг учун қозоқ тилидан фойдаланишнинг ягона меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Умуман, бу масалага мажмуавий ёндашиш керак.
Аввало, имло меъёрлари ва қоидаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда тизимлаштириш зарур. Бундан ташқари, барча луғатларни, жумладан, имло луғатини янгилаш вақти келди.
Қозоқ тилининг Олий Кенгаш Президиуми Фармони билан расман тасдиқланган имло луғати шўро даврида, 1983 йилда нашр этилган. Албатта, шундан кейин ҳам бирқанча луғатлар чоп этилди. Бироқ уларнинг ҳеч бири давлат даражасида тасдиқланмаган ва ҳуқуқий кучга эга эмас.
Айрим қўшни давлатларда бундай илмий ишлар ҳар беш йилда янгиланади. Биз ҳам қозоқ тили имлосига оид илмий ёндашувларни қайта кўриб чиқишимиз ва унинг меъёрларини қисқа муддатда тартибга келтиришимиз зарур. Бу ишни келгуси йил поёнига қадар якунлаш даркор.
Умуман, тилимизда айрим қўшни мамлакатлар халқлари тилларига нисбатан ўзлашма сўзлар анча кам, дейиш мумкин. Яқин ўтмишда жуда кам қўлланган ёки умуман ишлатилмаган кўплаб сўзларнинг бугун кенг истеъмолга кириб келаётгани қувонарлидир. Гап “тұжырымдама” (концепция), “қағидат” (тамойил), “жоспар” (режа), “сыйақы” (мукофот, рағбатлантириш), “шәкіртақы” (стипендия), “еңбек өтілі” (меҳнат стажи), “кешенді” (мажмуавий), “әмбебап” (универсал), “жүйелі” (тизимли), “тыңайтқыш” (ўғит), “жанармай” (ёнилғи), “көгалдандыру” (кўкаламзорлаштириш), “босқын” (қочқин), “қырғи-қабақ соғыс” (совуқ уруш), “қоқан-лоққы” (таҳдид), “лаңкестік” (терроризм), “есірткі” (гиёҳвандлик моддалари), “бітімгерлік күштер” (тинчликпарвар кучлар), “мәмілегер” (воситачи, музокарачи), “ғарыш” (космос), “зымыран” (ракета), “жаһан” (олам), “ғаламтор” (интернет), “тікұшақ” (вертолёт), “жасанды сана” (сунъий идрок), “пайыз” (фоиз), “сынып” (синф) каби сўзлар ҳақида бормоқда.
Бироқ ҳар бир ишда меъёрни билиш керак. Масалан, “күйсандық” (пианино), “қылтима” (балкон), “субұрқақ” (фаввора), “себезгі” (душ), “қырыққабат” (карам), “үнқағаз” (газета), “жеделсаты” (лифт), “желкөз” (форточка) каби сунъий ясалган сўзларни қўллашга эҳтиёж бормикан?
Сўнгги пайтларда динимиз билан боғлиқ қадимий сўзларимиз ўрнига арабча сўзларни ишлатиш урф бўлаётгани ҳам саволлар туғдирмоқда. Умуман, бу жуда муҳим мавзу. Шу боис бу борада ўз сўзини соҳа олимлари, мутахассислар айтиши керак.
Тилшунослик соҳасида оммабоп ва барча учун очиқ рақамли тизим яратиш муҳим. Ушбу давлат аҳамиятига молик вазифа ижросини сифатли таъминлаш учун касбий тилшунослар, олимлар, экспертлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузиш зарур, деб ҳисоблайман. Ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш Президент Маъмурияти зиммасига юклатилади.
Қозоқ тилининг жаҳон тиллари ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлаган ҳолда уни ривожлантиришимиз керак. Она тилимизнинг бошқа тиллар билан ўзаро алоқасини таъминлаш ҳам жуда муҳим. Шу муносабат билан “Қазақ тілі” жамияти амалга ошираётган “Oxford Qazaq Dictionary“ лойиҳасини давом эттириш зарур. Мен ушбу луғат билан танишдим ва уни жуда фойдали деб ҳисоблайман.
Энди қозоқ тилини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий расмий тиллари билан боғлайдиган сифатли икки тилли ва кўп тилли луғатлар яратиш вақти келди. Қозоқча-французча, қозоқча-испанча, қозоқча-хитойча ва қозоқча-арабча, шунингдек, қозоқча-немисча, қозоқча-италянча, қозоқча-японча, қозоқча-корейсча ва қозоқча-форсча луғатлар тайёрлаш зарур. Қозоқча-русча луғатни замон талабларини эътиборга олган ҳолда янгилаш лозим.
Луғатларнинг электрон шаклларини тайёрлаш ва уларни мунтазам бойитиб бориш зарур. Тилнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш маданий ва илмий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади, мамлакатимизнинг заковат салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бироқ тилнинг келажаги фақат луғатлар ва дарсликларга боғлиқ эмас.
Тилнинг салоҳияти инсон шу тилда маълумот излаганида, фильмлар кўрганида ва таълим олганида мустаҳкамланиши аён. Шунинг учун рақамли маконда қозоқ тилидаги сифатли ва жозибадор контентни кенгайтириш энг муҳим вазифалардан биридир.
Болалар нутқини ривожлантиришга қаратилган IT-маҳсулотлар, шунингдек, фильмлар ва ўйинлар сонини кўпайтириш ҳам жуда долзарб вазифадир. Қозоқ тилида ахборот тарқатиш соҳаси, замонавий тил билан айтганда, қозоқ тилидаги контент кўлами имкон қадар кенг бўлиши керак.
Илм-фан, технология, маданият, тадбиркорлик, спорт ва бошқа йўналишларда долзарб мавзуларга бағишланган сифатли маҳсулотлар яратиш зарур. Умуман, давлат бундай лойиҳаларни аниқ чоралар билан қўллаб-қувватлаши лозим. Бу масала доирасида махсус ишчи гуруҳ тузиш мумкин.
“Қазақ тілі” жамияти аъзолари ва унинг раиси Рауан Кенжеханули бу муҳим ишга салмоқли ҳисса қўшиши шубҳасиз. Пировардида, тилимизнинг келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Ҳар биримиз қозоқ тилининг мавқеини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз керак.
Бу ишда олдинги сафда бораётган нуфузли ташкилот – “Қазақ тілі” жамиятини барчамиз қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Сўнгги уч йил давомида жамият таркибида “Qazaq Tili Endowment Qory” жамғармаси фаолият юритмоқда. Мен ҳам ўз навбатида ушбу муҳим ташаббусга кўмаклашдим. Мамлакатимизнинг кўплаб фуқаролари бу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Тадбиркорларимиз ҳам четда қолмай, “Қазақ тілі” жамиятини молиявий қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этади, деб ишонаман.
Тил – халқ бойлиги. Шу боис мазкур ташкилот фаолияти халқ манфаатларига хизмат қилади, деб тўла ишонч билан айтиш мумкин. Шу муносабат билан “Қазақ тілі” жамиятининг яна бир муҳим ташаббусига тўхталмоқчиман. Кеча жамият раҳбари Рауан Кенжеханули менга “Дала орманы” номли эътиборга молик лойиҳа ҳақида гапириб берди. Унга кўра, ташкилот аъзолари ҳамкорлари билан биргаликда бир йил давомида 400 гектар майдонга 5 миллион туп дарахт экишган. Натижада мамлакатимизнинг учта ҳудудида тўртта йирик ўрмон ниҳолхонаси барпо этилди. Энди лойиҳа кўламини янада кенгайтириш вазифаси турибди.
Ҳар бир қишлоқ яқинида 25 гектар, туман марказларида 50 гектар, йирик шаҳарларга туташ ҳудудларда эса 100 гектар майдонда кўкаламзор боғлар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мен бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бу жараёнга Ҳукумат ва ҳокимликларни ҳам жалб этиш зарур. Мазкур лойиҳани амалга ошириш Қозоғистондаги ўрмонлар майдонини 14,5 миллион гектарга етказиш имконини беради. Бу “Қазақ тілі” жамиятининг “Таза Қазақстан” лойиҳасига қўшган ҳақиқий ҳиссаси бўлади. Бу – қозоқ даштида ўрмонлар барпо этиш мумкинлигига ишонмаганларга бизнинг амалий жавобимиздир. Биз ўрмонлар ҳам ярата оламиз, даштларимизни ҳам ободонлаштирамиз. Шунинг учун бу ташаббусни сифатли амалга ошириш жуда муҳим. Барчани “Дала орманы” лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақираман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Қозоқ тили миллат бирлигининг мустаҳкам таянчидир. Шу муносабат билан давлат тилини мукаммал биладиган бошқа миллат вакилларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар орасида қозоқ тилидан дарс берадиган малакали мутахассислар бор. Ижтимоий тармоқлар орқали тилимизни тарғиб қилаётганлар ҳам оз эмас.
Бундай инсонлар шахсий намунаси билан тилимизнинг ривожига ҳисса қўшмоқда ва унинг ёрқин келажагини амалда таъминламоқда. Биз уларнинг меҳнатини қадрлашимиз, ҳурмат ва миннатдорчилик билан эътироф этишимиз шарт.
Сўнгги йилларда давлат тилини ўрганаётганлар сони ортмоқда. Улар учун энг қулай шароитларни яратиш – фуқаролик бурчимиздир.
Қозоқ тилини тез ва осон ўзлаштириш имконини берадиган илғор услублар, жумладан, рақамли таълим воситаларини ишлаб чиқиш зарур. Умуман, бу масала жамиятда тез-тез муҳокама қилинмоқда. Бу ишга тилшунослар ва ахборот технологиялари соҳаси вакилларини жалб этиш мақсадга мувофиқ.
Қозоқ тилини билган инсон қозоқ халқи ва Қозоғистонни яхшироқ англайди. Тилни ўзлаштирган ҳар бир фуқаро мамлакатимизнинг тарихи ва маданиятини чуқурроқ тушунади.
Мен Қозоғистон Халқ Кенгашининг биринчи сессиясида давлат тили мамлакат бирлигини мустаҳкамлашнинг энг муҳим омили эканини айтган эдим. Шу билан бирга, бир муҳим ҳолатни унутмаслигимиз керак: қозоқ тилининг ривожланиши мамлакатимиздаги бошқа тилларнинг тараққиётига тўсқинлик қилмаслиги лозим. Бошқача айтганда, қозоқ тилини бошқа тилларга қарама-қарши қўйиш мутлақо мумкин эмас.
Жамиятни ажратиш ва низоларни келтириб чиқариш мақсадида тил масаласидан фойдаланиб, одамларни қутқуга солаётганлар фаолияти ниҳоятда хавфлидир. Шунинг учун бундай шахслар “Қонун ва интизом” тамойилига мувофиқ жавобгарликка тортилиши керак.
Бу ўринда яна бир бор таъкидламоқчиман: ҳар қандай тилга қарши чиқиш – Яратганнинг инсонга берган неъматига қарши чиқиш билан баробар. Бир тилни бошқа тилга қарши қўйиш мумкин эмас. Бу – улкан гуноҳ. Бунинг қандай оқибатларга олиб келишини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Биз қозоқ тилини, энг аввало, бирлик ва ҳамжиҳатлик тили сифатида ривожлантиришимиз керак.
Халқимиз орасида бўлиниш ва ихтилофларга асло йўл қўймаслигимиз керак. Зеро, ҳамжиҳатликни сақлай олмаган халқ бошқаларга ибрат бўлолмайди, уларнинг ҳурматини ҳам қозона олмайди.
“Бирлик бор жойда ҳаёт бор”. Халқимизнинг бу ҳикмати замон синовларидан ўтган. Биз бир-биримизни ҳурмат қилишимиз, ўзаро англашувни сақлашимиз ва бирлигимизни изчил мустаҳкамлаб боришимиз зарур.
Маълумки, бугун мамлакатимиз олдида муҳим вазифалар турибди. Барчамиз биргаликда “Халқ қурилиши” дастурини амалга оширишимиз даркор. 2027 йил Умумхалқ миқёсдаги қурилиш йили бўлади. Қозоғистон улкан қурилиш майдонига айланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида боғчалар, мактаблар, кутубхоналар, шифохоналар, поликлиникалар, тиклаш марказлари, спорт инфратузилмаси ва бошқа ижтимоий иншоотлар, корхоналар, йўллар, вокзаллар ҳамда аэропортлар барпо этилади.
Ҳудудларда минглаб янги иш ўринлари яратилади. Мамлакатимиз тадбиркорлари учун кенг имкониятлар очилади. Қозоғистоннинг эгамен тараққиёти тарихида бу каби улкан лойиҳа ҳали бўлмаган.
“Халқ қурилиши” – барчамизни ягона мақсад ва умумий манфаатлар атрофида бирлаштирадиган, чуқур мазмун-моҳиятга эга лойиҳадир. Биз нафақат мамлакат равнақига хизмат қиладиган иншоотларни барпо этамиз, балки бутун давлат қиёфасини ўзгартирамиз, миллий ўзликни англаш жараёнининг янгиланишига туртки берамиз. Энг муҳими, келажак авлодларга турли концепциялар ва режаларни ёки вақт ўтиши билан қадрсизланадиган хорижий қимматли қоғозларга киритилган маблағларни эмас, балки одамларга хизмат қиладиган ҳақиқий ижтимоий иншоотларни қолдирамиз.
Қурилиш – бунёдкорлик ва янгилик яратишга интилиш демакдир. Шунинг учун “Қуриш, яна қуриш!” шиори янгиланиш йўлига қадам қўйган Қозоғистоннинг ўзгармас тамойили ва умуммиллий шиорига айланиши керак.
“Халқ қурилиши” ватандошларимизни ягона мақсад ва умумий манфаатлар атрофида бирлаштиради, бутун мамлакатнинг том маънода юксалиши ва фаровонлиги йўлида ҳаракатлантирувчи куч бўлади.
Дастурни амалга ошириш учун келгуси уч йил давомида Миллий жамғармадан 6,5 триллион тенге ажратилади. Махсус комиссия бундай йирик маблағнинг самарадорлиги ва мақсадли сарфланишини қатъий назорат қилади. Ҳозир ушбу комиссия таркибини кўриб чиқмоқдаман. Унинг аъзоларига қўйиладиган асосий талаб – ортиқча шов-шувсиз, юксак касбий даражада ва самарали ишлашдир.
Агар биз ҳақиқатан ҳам Адолатли жамият қуришни истасак, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашишимиз ва бир-биримизга ғамхўрлик қилишимиз керак.
“Тоза Қозоғистон” ғоясига мувофиқ, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз, фикрларимиз, ниятларимиз ва тилимизнинг поклигини сақлашимиз зарур.
Тамаддунлашган жамиятда қўпол муомала қилиш, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз этиш, кўчаларда ёки жамоат жойларида ахлат ташлаш, тупуриш, шунингдек, бузғунчилик билан шуғулланиш мумкин эмас. Бундай ҳаракатлар қонун билан жазоланиши шарт. Барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар олдига ана шу муҳим вазифани қўяман.
Ватандошларимизда тамаддунлашишнинг янги даражасини шакллантиришимиз керак. Бу муҳим тадбир доирасида қозоқ тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш ва бойитишни алоҳида тарихий вазифа деб биламан.
“Қонун ва интизом” тамойили жамият ҳаётининг ажралмас қисми ва давлатимизнинг ўзгармас қоидасига айланиши керак. Зеро, қонун ва тартиб устуворлиги давлатчилигимизни мустаҳкамлаш ва суверенитетимизни ҳимоя қилишнинг ўзгармас шартидир. Афсуски, ушбу тамойилнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишга, уни босим ўтказиш воситаси сифатида талқин қилишга уринаётганлар бор. Мен бундай ёндашувни ноинсофлик деб биламан. Бундай уринишларга қатъий чек қўйишимиз керак.
Халқимизда “Одоб ибтидоси – тил” деган ҳикмат бор. Шу боис “Қазақ тілі” жамияти аъзоларини, давлат тилини қўллаб-қувватлаётган барча фуқароларни давлат аҳамиятига молик ушбу ишга фаол киришишга чақираман.
Барчангизга яна бир бор самимий миннатдорчилик билдираман.
“Қазақ тілі” жамияти раиси Рауан Кенжеханулига ҳам алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Бугун мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва жамоатчилик ҳаёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқароларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим.
Барчангизни табриклайман!
Муқаддас Ватанимиз – Қозоғистон ва энг буюк қадриятимиз – қозоқ тили равнақ топсин!
-
2026-11-11, 21:42
Давлат тили рақамли технологиялар тилига айланиши керак 44
-
2026-11-11, 21:34
Спортчилар давлат мукофотлари билан тақдирланди 76
-
2026-11-11, 21:32
Туркистонлик параспортчилар давлат мукофоти билан тақдирланди 84
-
2026-11-11, 20:50
Туркистон вилоятида 100 ёшни қаршилаган фахрий уруш қатнашчисининг таваллуд куни нишонланди 118
-
2026-11-11, 20:46
Туркистон вилоятида 3 мингдан ортиқ объект ва турар жой иссиқлик тизимига уланган 92
-
2026-11-11, 20:40
Туркистон вилояти автомобиль йўллари қишки мавсумга тайёр 54
-
2026-11-11, 20:32
Н. Кўшеров: ''Китобхон миллат'' лойиҳаси бутун вилоятни қамраб олиши ва сифатли амалга оширилиши лозим 75
-
2026-11-09, 20:45
Турон тўридаги муқаддас диёр 82
-
2026-11-04, 23:56
Муҳим келишув имзоланди 102
-
2026-11-04, 23:33
Туркистон вилоятига келган сайёҳлар сони 43 фоизга ошди 131
-
2026-11-04, 23:25
Билим сифати ва касбий тараққиёт - кун тартибида 146
-
2026-11-04, 23:22
Барча ҳудудлар қамраб олинади 92
-
2026-11-03, 00:52
Туркистон ва Манас қардош шаҳарларга айланди 141
-
2026-11-03, 00:49
Анқара декларацияси қабул қилинди 92
-
2026-11-02, 23:50
Туркистон Ислом оламининг маданий пойтахти 110
-
2026-11-12, 00:15
Бирдамлик ва ҳамжиҳатликнинг олтин кўприги 22
-
2026-11-11, 21:42
Давлат тили рақамли технологиялар тилига айланиши керак 44
-
2026-11-11, 20:40
Туркистон вилояти автомобиль йўллари қишки мавсумга тайёр 54
-
2026-11-04, 23:22
Барча ҳудудлар қамраб олинади 92
-
2026-11-03, 00:49
Анқара декларацияси қабул қилинди 92
-
2026-11-02, 23:32
Нуралхан Кўшеров Жетисой тумани аҳолиси билан учрашди 115
-
2026-10-31, 03:50
Янги тарихий босқичдаги Қозоғистоннинг долзарб вазифалари 230
-
2026-10-31, 03:47
Тараққиётнинг янги босқичи 179
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.

