26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳар гўшада байрам шукуҳи

Қадрли, ҳамюртлар! Жорий йил 21 сентябрь куни, соат 10.00да Шимкент шаҳридаги Марказий истироҳат боғида “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” нишонланади. Ҳозир ушбу тадбирга қизғин тайёргарлик кетмоқда. Уни муносиб ва юксак савияда ўтказиш учун елиб-югураётган ташкилотчилардан бири – Шимкент шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси Тоҳирбек Нишонбоев бугун газетамиз меҳмони.

– Бу йилги тадбирда қандай ўзгаришлар, янгиликлар бор?

– Бу йилги бош ғоя – тилимиз, маданиятимиз, анъаналаримиз ва миллий санъатимизни тарғибот-ташвиқот қилиш, албатта.

Тадбирда шаҳардаги 21та мактаб жамоаси иштирок этади. Ўзбекистондан бир гуруҳ меҳмонлар ташрифи кутилмоқда. Шаҳар ҳокимлигидан раҳбарлар келиб, байрамнинг азиз меҳмонлари бўлишади. Ва, бизнинг қадрдон халқимиз вакиллари ҳам албатта. 

Жорий йилги тадбиримизни самарали ўтказиш мақсадида имкон қадар барча соҳаларда фаолият юритаётган юртдошларимизнинг иштирокини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Дастуримизда атоқли илм-фан, маданият, санъат вакиллари, таниқли инсонларнинг чиқишлари ўрин олган. “Дўстлик” шиори остида ўтадиган анъанавий концертда шаҳримиз санъаткорлари ва ўзбекистонлик хонандалар томошабинларни хушнуд этишади. 21та мактаб ва 7та тадбиркор иштирокида катта кўргазма тақдим этилади. Унда миллийлигимизни акс эттирувчи қадриятлар – либослар, таомлар, нон маҳсулотлари, мусиқа-чолғу асбоблари, рассомлик, заргарлик, ёғоч ўймакорлик буюмлари, ҳунармандчилик ва амалий санъат, “Олтин ва кумуш тўйлар”, 100 ёшли отахон ва онахонларни эъзозлаш, полиз, мева ва сабзавот маҳсулотлари кўргазмаси ва бошқалар бўлади. Узоқ-яқиндан келган меҳмонлар истироҳат боғи олдида, “Ғунча” халқ дастаси ижросида карнай-сурнай садолари остида муносиб қарши олингач, кўргазмаларни оралаб, томоша қилишади. 

– Бош ғоя – тилимиз, дедингиз...

– Тил соҳаси вакиллари, яъни тилшунос олимлар, ёзувчи ва шоирларимиз тилга оид китоблар, дарсликлар, тил ҳақидаги ҳикматли сўзлар тақдимотидан ташқари асосий урғуни буюк намояндалар – Алишер Навоий, Абай, Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига қаратишади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг 130 йиллигига атаб махсус кўргазма, кичик саҳна кўриниши тайёрланган. Бу йилги янгиликлардан яна бири – “Давлат тилини билиш – бурчим!” танловига кенг тўхталинади. Яъни 5 йил мобайнидаги кўрик-танлов ҳақида маълумот ёзилган, ғолибларининг суратлари тасвирланган баннерни ғолиб иштирокчилар тақдим қилишади. “Сиз ўзбек тили, адабиёти, маданияти ва анъаналари ҳақида нима биласиз?» викторина саволлари бор. Болаларнинг ўзбек тили, адабиёти, маданияти ва анъаналарига қизиқишларини уйғотиш мақсадида 100та викторина саволлари тайёрланган, байрам давомида тўғри жавоб берганларга совға сифатида китобчалар тақдим этилади. Бу энди, ижодий кўргазмалар, албатта. Бизнес вакиллари кўргазмаси ҳам меҳмонлар учун фойдали бўлади, деб ўйлайман. Заргарлик буюмларини Қозоғистондаги таниқли заргар-рассом Икромжон Рафиқов тақдим этади. Юртимизда машҳур тимсолларга айланган корхоналардан “Baraka N1”, «Sofiya Sweet», “ТОО Мхм групп”, “Заря”, “Истиқбол” ўз маҳсулотлари кўргазмасини уюштиришади. 

Ўйлаймизки ва умид қиламизки, миллатдошларимиз байрамда фаол иштирок этишади ва кўтаринки кайфият, олам-олам таассуротларга эга бўлишади. Ўзбек миллий ҳунармандчилиги, миллий таомлар (асосан унутилаёзган таомлар), миллий санъат – лапарлар, Насриддин афанди тимсоли-ю, дорбозлар, саҳна кўринишларидан бешик тўйидан тортиб, 100 ёшли онахон-отахонларни эъзозлаш маросимларини ўз ичига олган байрам дастуримизда фаолларни тақдирлаш масаласи ҳам бор, албатта. Шунинг учун ҳар биримиз бебаҳо бойлигимиз – ўзлигимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, кўп йиллик маданий меросимиз улуғланадиган кунда фаол иштирок этайлик.

– Суҳбат учун раҳмат.

Н. МАВЛОНОВА, 2024-09-14, 02:56 1256
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.