Амир Темур Яссавий ва Арслонбоб мақбараларини қурдирган
Моҳир саркарда, бунёдкор ҳукмдор сифатида жаҳонда донг таратган соҳибқирон Амир Темур 1336 йили 9 апрелда Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз тумани ҳудудида таваллуд топган. Ҳазрат Яссавий ва устози Арслонбобни пири деб ҳурмат қилган. Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавийга, Ўтрор туманида унинг устози Арслонбобга маҳобатли мақбаралар бунёд эттирган. А. Темур 1405 йили февралида Хитойга сафар чоғида Ўтрор туманида 69 ёшида вафот этади.
ҚР Президентининг 2025 йил 3 март кунги Фармонига мувофиқ Туркистон шаҳрига алоҳида мақом берилди. Ободончилик, кўкаламзорлаштириш ҳамда сайёҳларга жаҳон андазаси даражасидаги хизматлар ташкил этилган Туркистонга ташриф буюрадиган зиёратчи сайёҳлар сонини 5 миллиондан ошириш давлатимиз томонидан режаланган. Умумхалқ ишига муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг бурчимиз. Зиёратчилар сафи кенгаймоқда. Вилоятимиз иқтисодиёти қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ва туризм соҳалари равнақига бевосита боғлиқ.
Газета саҳифаларида Ўтрор туманидаги Арслонбоб мақбараси яқинида соҳибқирон Амир Темурга давлатимиз томонидан қиймати 110 миллион тенгелик ёдгорлик мажмуаси бунёд этилганлиги ҳақида ахборотлар берган эди.
Ушбу янгиликдан газета орқали хабардор бўлган жуда кўп ҳамюртларимиз, хусусан, Туркистон шаҳридаги Амир Темур номли умумтаълим мактаби жамоаси Арслонбоб мақбараси ва соҳибқирон ёдгорлигини зиёрат қилишди. Фаол обуначиларимиз Собир Отаев, Шокир Султонқулов, Ғайрат Акешов, Маъмуржон Исҳоқов, Тойир Абдувалиевлар хушхабардан воқиф бўлиб зиёратни мақсад тутдилар.
Соҳибқирон А. Темурга ўрнатилган ёдгорлик мажмуаси ёнида
Ўранғайлик фахрий отахон, май ойида 85 ёшга тўладиган фаол обуначимиз Обиддин Фахриддиновнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Оталар чойхонаси” фаолиятига бир йил тўлди. Туркистон, Кентов шаҳарлари, Саврон тумани фаолларидан иборат, А. Яссавий мақбараси зиёрати билан бошланган қутлуғ анжуман апрель ойи иккинчи санаси, соҳибқирон А. Темур таваллуд куни арафасида Ўтрор туманидаги Арслонбоб қадамжоси зиёрати билан давом этди.
ҚР “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов Шимкент, Сайрам тумани фаоллари билан бирга ёдгорлик мажмуаси зиёратига ташриф буюрди. Вилоят миқёсидаги муштарак зиёрат анжуманида Икром Ҳошимжонов ёдгорликнинг қурилишига муносиб ҳисса қўшган кўпчиликка, хусусан, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси таҳририяти раҳбари Райимжон Алибоев, ҚР Парламент Сенати депутати Алишер Сотволдиев, маданият вазирлиги ҳамда жамоат арбоби Дархан Минбайларга миннатдорчилик билдирди. Амир Темур хотирасига бунёд этилган, чор тарафига қулай ўриндиқлар ўрнатилиб, хиёбон ташкил этилган ажойиб мажмуа кўҳна тарихга ҳурмат ва ёшлар учун ибрат мактабидир. Фаоллар Тўлқин Саидмуродов, Обиддин Фахриддинов, Эргаш Диметов, Бахтиёр Шомуродовлар кўпчилик номидан вилоят ҳокимлиги, давлатимизга самимий миннатдорчиликларини изҳор этишди. Ўзбекистон Республикаси хореография академияси профессори, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева тадбир иштирокчиларини ушбу улкан янгилик ила муборакбод этиб, “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририятига сувенир ҳамда иштирокчиларга бадиий китобларни совға қилди.
Саврон тумани ЎЭМБ раиси Қурбонбой Ирисбеков барчани Туркистон шаҳридаги тадбиркор Муҳаббат Ибрагимова ўғиллари билан бунёд этган “WOW PLOV” мажмуасига ошга таклиф этди. Меҳмонлар мазали паловдан тановул қилиб хушбўй чойлардан баҳраманд бўлишди. Тадбир ҳомийси, Саврон тумани ЎЭМБ раиси Қурбонбой Ирисбеков ҳамда “Туркистон-насос” МЧБ асосчиси, Туркистон вилояти ибратли фуқароси Қаҳрамон Ирисбековларнинг 70 йиллик таваллуди ва Буюк Ғалабанинг 80 йиллиги шарафига иззат-икром кўрсатилиб, ҚР “Дўстлик” ҳамжамиятидан “Қутлов”, таҳририятдан кифтига зарбоф тўн ёпилди.
Бундан 70 йил муқаддам Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қурбонбой Ирисбековнинг укалари Йўлдонбой ва Азимбой оталарнинг хонадонида ўғил фарзандлар дунёга келди. Уруш қаҳрамони Қурбонбой Ирисбековнинг мардлиги хотирасига Йўлдонбой ота ўғлини Қурбонбой, Азимбой ота эса Қаҳрамон деб қўйди. Ҳар бири Ватан учун фидокорона меҳнат қилиб, қаҳрамон боболарининг йўлини осойишта бунёдкорлик жабҳасида шараф билан давом эттирмоқда. Қурбонбой Ирисбеков физика фани устози сифатида элда эъзоз топди. Қаҳрамон Ирисбеков эса мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкентдаги олийгоҳдан сўнг меҳнат фаолиятини Туркистонда давом эттириб, “Туркистон-насос” корхонасини ташкил этди. Ерости сувини қудратли техника воситасида ер юзасига тортиб чиқариб, деҳқончиликка шароит яратиб берган фаол обуначимиз Қаҳрамон Азимбой ўғли Ирисбековга мустаҳкам саломатлик, омад ёр бўлсин.
Юбилярларни Туркистон шаҳар ЎЭМБ раиси Райимжон Қўчқоров ҳамда фаол отахонлар Тўлқин Саитмуродов, Обиддин Фахриддинов, Ирисқул Аббосов ҳамда Файзулла Мирзаҳмедовлар самимий қутлаб, тўнларини тақдим этди.
Обунага амалда 200 нусха билан баракали ҳисса қўшаётган она тилимиз жонкуяри, қорачиқлик зиёли Қодир Аҳмедов таваллудининг 75 йиллиги ҳамда янгииқонлик боғбон, ихтирочи, кўп йиллар давомида ҳар ҳафта “Жанубий Қозоғистон”ни ҳамқишлоқларига бепул етказиб бераётган Олим Қосимов таваллуд куни шарафига уларнинг кўксига Икром Ҳошимжонов “Дўстлик” медалини тақиб муборакбод этди. Ҳар бир туман ва қишлоқларда мана шундай фидойиларимиз бор. Улар обунага ёрдам кўрсатишса, нур устига нур. Югнак қишлоғи ЎЭМБ раиси, А. Югнакий номли мактаб устози, яқинда ҳаж сафарини адо этган фидойи фаолимиз Жамшид Юсуф ўғли ташаббуси билан нафақадаги устоз, қишлоқ маданият бирлашмаси собиқ раиси Тошпўлат Зоитхоновга таваллуд куни муносабати билан Баҳодир Ирисметов раҳбарлик қилаётган вилоят ЎЭМБ номидан ташаккурнома тантанали тақдим этилди.
Туркистон вилояти ҳокимлиги қошидаги ижтимоий тараққиёт бошқармасининг жамоат тотувлиги муассасаси раҳбари Элмира Жанғазиева тадбир иштирокчиларини самимий муборакбод этиб, зиёратчилар учун чоп этган “Туркистон тарихи” эсдалик китобини тақдим этди. Эскииқонлик фаол обуначимиз Ирисқул Аббосов кўп йиллик ижодий меҳнати маҳсули, нафақа пулини жамлаб, чоп эттирган 400 саҳифалик “Умримдан хотиралар” китобини Икром Ҳошимжонов ва ўзбекистонлик меҳмон Ҳулкар Ҳамроевага тантанали равишда тақдим этди.