26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Давлат раҳбари барча даражадаги маслаҳатлар депутатларининг ІІ республика анжуманида нутқ сўзлади

Президент Қасим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида маслаҳат давлат ҳокимиятининг ғоят муҳим тармоғи эканини алоҳида таъкидлади. У 2022 йилги референдум натижасида Конституцияга киритилган ўзгартиришларга тўхталди. Парламентнинг роли сезиларли даражада кучайтирилгани, ҳокимиятнинг барча тармоқлари, жумладан, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлади.

– Маҳаллий вакиллик органлари билан боғлиқ масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, вилоят кенгашига сайлов аралаш тизимда ўтказилмоқда. Округ депутатлари фақат кўпчилик овоз билан сайланади. Ишонч билан айтишимиз мумкинки, бу қадам мамлакатни демократик ривожлантиришга улкан имкониятлар беради. Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида сиёсий рақобат кучайди. Янги регламент бўйича ўтказилган сайловдан сўнг маслаҳатларга янги одамлар келди. Депутатлик мандатини олтита сиёсий партия вакиллари олди. Илгари маслаҳатдаги ёш депутатларнинг улуши 2 фоиздан кам эди. Эндиликда қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар натижасида бу кўрсаткич бир неча баравар ошди. Бугун ҳам орамизда ёш депутатлар кўп. Улар турли платформаларда ёшлар билан боғлиқ долзарб масалаларни дадил кўтармоқда, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев. – Бошқарув тизимида хотин-қизларнинг сони ҳам ортди. Уларнинг ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шубҳасиз, буларнинг барчаси ислоҳотларимизнинг самарасидир. Шунингдек, ислоҳотлар минтақадаги партиялар фаоллигини оширди. Фуқароларнинг сиёсий жараёнларда кенг иштирок этиши учун имконият яратилди. Бу “Халқ овозини тинглайдиган давлат” тамойилига тўлиқ мос келади. Сиёсий ислоҳотлар натижасида маслаҳатларнинг ваколатлари кенгайди. Энди вилоятнинг ижтимоий тараққиёти учун маслаҳатлар ҳам ҳокимликлар каби масъулдир, – деди Президент.

Президент депутатларнинг сайловчилар олдидаги ҳисоботи асосан расмиятчиликдан иборат эканлигини таъкидлади. 

– Одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан туриб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билан жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга, кенг жамоатчилик ўй-фикрларига, энг муҳими, аҳоли кайфиятига баҳо бериб бўлмайди. Жойлардаги муаммоларни ўша ҳудуддан сайланган депутатлар бошқаларга қараганда яхшироқ билади. Одамлар ишончини қадрлаган, халқ вакили бўлиш нималигини ҳис қилган депутатлар доим ҳаракатда, изланишда бўлади. Фуқаролар томонидан кўтарилган масалаларни депутатлар назорат қилиб бориши зарур. Улар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият идораларига таъсир ўтказиш учун ўз ваколатларидан самарали даражада фойдаланишлари керак, – деди Президент.

Президент атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш юзасидан ҳам ўз фикрларини билдирди.

– Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш ёки тақиқлаш масаласи референдумда ҳал қилинади. Овоз бериш натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, бу муҳим воқеа. Бўлажак референдум Қозоғистонда сўнгги беш йил ичида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларнинг яна бир намунаси, “халқ овозини тингловчи давлат” тамойилининг ёрқин ифодасидир. Мен АЭС қурилиши бўйича ўз нуқтаи-назаримни аввал ҳам бир неча бор айтганман. Дунё тараққиёти билан ҳамнафас бўлиш учун рақобатда ўз афзалликларимиздан фойдаланишимиз керак. Фуқаролар ёқлаб овоз берса, бу Мустақил Қозоғистоннинг бутун тарихидаги энг йирик лойиҳага айланади, – деди Қ. Тўқаев.

Президент атом электр станциясини қуриш узоқ муддатли лойиҳа эканини таъкидлади.

– Бироқ бу ташаббус ўнлаб йиллар давомида мамлакатимизнинг барқарор тараққиётга хизмат қилади, энергетик мустақиллигимизни мустаҳкамлайди, иқтисодиёт, фан ва таълимнинг турли соҳалари ривожига янги суръат бағишлайди, шунингдек, муҳандислар гуруҳини шакллантиришга хизмат қилади. Бу – давр талаби. Бинобарин, бундан ҳозирги ёшларимиз, келажак авлодларимиз баҳраманд бўлишади. Шу билан бирга, АЭС қурилишига кўмаклашаётган Халқ штабининг фаолиятини алоҳида таъкидламоқчиман. Штабда сиёсий партиялар ва турли жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар, ишлаб чиқариш мутахассислари, ишбилармонлар иштирок этди. Бу фуқароларнинг бирлашиб, умумий мақсад йўлида иш бошлаши мумкинлигини кўрсатади. Тараққиётга интилиш халқимизнинг энг яхши фазилатларидан биридир. Шунинг учун биз қандай қийинчилик бўлишидан қатъиназар, дадил қадам ташлашимиз керак. Яна такрорлайман. Бўлажак референдум мустақиллик йилларидаги энг муҳим воқеа бўлиб, мамлакатни янада ривожлантиришга бевосита таъсир кўрсатади, – деди Давлат раҳбари.

Давлат раҳбари депутатлар жамиятнинг долзарб масалаларга оид фикрини бевосита ижро ҳокимиятига етказадиган халқ вакиллари эканлигини таъкидлади.

– Мухтасар қилиб айтганда, депутатлик – халқ овози бўлиш демакдир. Вилоят аҳолисининг ҳаёти ва эҳтиёжлари ҳамиша депутатларнинг диққат-эътиборида бўлиши даркор. Сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, эл ишончини оқлаш асосий бурчдир. Маслаҳатлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратаман. Умуман олганда, республикамизда 3300дан ортиқ депутатлар фаолият юритмоқда. Уларнинг 70 фоизга яқини шу залда. Бугун биз маслаҳатлар фаолияти ва муҳим масалалар юзасидан фикр алмашамиз, – деди Қ. Тўқаев.

Akorda.kz маълумотлари асосида, 2024-10-05, 01:49 799
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.