Қозоғистон ёшлари анжуманида Президент Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг шахсан иштирок этиб, эртанги кунимиз эгалари билан дилдан, самимий мулоқот қилишининг замирида улкан мазмун-моҳият мужассам. Тадбирдаги нутқ барча ёшларимизга рағбат берди, уларни келажакка ва ўзига бўлган ишончини яна бир карра оширди, чунки мазкур дастуриламал маърузада ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмади. Учрашувда Президент давлатни тубдан замонавийлаштириш ва адолатли Қозоғистонни барпо этиш бўйича ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ҳаракат раҳбари Асел Баденова Президентга “Янги одамлар” фаолияти натижалари ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, ташкилотга 15 мингга яқин фаол ёшлар аъзо ва мамлакатнинг 19 шаҳрида филиаллари мавжуд. Шу кунгача улар томонидан ўнлаб фуқаролик ташаббус ва тадбирлари ташкил этилди. Ёшлар бузғунчилик, балоғатга етмаганларга спиртли ичимликлар сотиш, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа ижтимоий иллатларга қарши курашиб, ўз фуқаролик нуқтаи назарини очиқ ва фаол ифода этмоқда.
Юртбошимиз анжуман иштирокчиларига мурожаат қилар экан, ўз Ватани тақдирига бефарқ бўлмаган ёшларга миннатдорчилик билдирди. У эришилаётган муваффақиятлардан мамнун эканини, мамлакатимиз ёшларининг ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
– Мен бот-бот такрорлайман, Қозоғистон ёшлари заковатли. Ҳозиргина ажойиб ғоялар, яхши ташаббуслар билдирилди. Мен сизларни руҳлантириб, аждодларимизга муносиб авлод бўлишингизни, хорижлик тенгқурларингиздан ҳеч бир жабҳада ортда ортда қолмасликларингизни, илм-фан чўққиларини забт этиб, билим ва салоҳиятларингизни юртимиз тараққиёти йўлида сафарбар этишингизни, Адолатли Қозоғистонга асос солиб, пировардида мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллашига ҳисса қўшишга чақираман. Бу йўлда нимаики керак бўлса, қандай шарт-шароит ва имкониятлар зарур бўлса, давлатимиз томонидан зиёди билан муҳайё этиб берилади.
Маърузаларингизни тинглаб, менда ёшларимиз учун ғоят юксак ҳурмат, ғурур туйғуси пайдо бўлди, Қозоғистонимиз келажагига ишонч ҳисси мустаҳкамланди. Ватанимиз келажаги замон билан ҳамнафас бўлган зиёли, билимли ёшлар қўлида. Президент сифатида сиздан умидларим катта, – деди Қасим-Жўмарт Тўқаев.
Президент мамлакатимиз тарихидаги бугунги жараённи бурилиш даври деб атади ва жамият олдида юксак мақсадлар турганини таъкидлади.
– Қозоғистон энг илғор давлатга айланиши керак. Биз нафақат ўрганадиган, балки бошқаларга ҳам ўргатадиган халқ бўлишимиз керак. Бу ташаббусларнинг барчасини ҳаётга татбиқ этиш ёшларнинг зиммасида. “Янги одамлар” янги жамият, янги воқеликнинг инъикосидир. Бу масъулиятли, ёшларни бирлаштирган ҳаракат. Стратегиямизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур, – деди Давлат раҳбари.
Сўнгра Қасим-Жўмарт Тўқаев ватанпарварлик руҳи, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида фикр билдирди, “Тоза Қозоғистон” экологик акциясининг аҳамиятига тўхталиб, масъулият масаласини ҳам илгари сурди. Президент таъкидлаганидек, ўз юрти учун жавобгарликни фақат масъулиятли фуқароларгина ўз зиммасига олиши мумкин.
– Дарҳақиқат, жамиятимизда интизом ва қонун устуворлигини таъминлашга интилишимиз керак. Менинг бурчим – давлатимиз қонунларининг адолатли бўлишини, уларга одамларнинг ишончини мустаҳкамлашдан иборат. Биз жамиятимизда ушбу қонун доирасида интизом ўрнатилишини талаб қиламиз, – деди Президент.
Қасим-Жўмарт Тўқаевнинг фикрича, ёшлар мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши, ўз нуқтаи-назарига эга бўлиши, турли ғояларни илгари суриши ва уларни ҳаётга татбиқ этишда иштирок этиши керак.
– Фаол фуқаролик ҳаракати орқали сиз, биринчи навбатда, давлатга фойда келтирасиз, иккинчидан, ўз заковат ва иқтидорингизни намоён эта оласиз. Мутахассислар иқтидорига қараб баҳоланадиган очиқ жамият сари одимламоқдамиз ва вақти келиб, давлатни бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир мутахассисга айланишингиз керак. Фуқароларимиз эришаётган муваффақиятлар туфайли Қозоғистон дунёда иқтидорли ва меҳнаткаш халқлар мамлакати сифатида тобора эътироф этилмоқда. Давлат ижодий индустрияни ривожлантириш учун барча имконият эшикларини очади. Айни пайтда адабиёт, мусиқа, кино, телесериаллар ва компьютер ўйинлари бўйича лойиҳаларни тизимли қўллаб-қувватловчи махсус жамғарма ташкил этилмоқда. Ёшлар учун бу ўз-ўзини англаш борасида яна бир кучли манбадир. Ҳалол меҳнат қилиб, пул топиш, яъни масъулиятли фуқаро бўлиш жуда муҳим. Жорий йил “Ишчи касблари йили” деб эълон қилинди. Биз ишчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш чораларини кўряпмиз. Устувор вазифа – жамиятимизда меҳнатни қадрлаш тамойилини шакллантириш. Ҳар қандай иш юксак қадрланади, ишчи касбини танлаган ёшларимиз, айниқса, алоҳида ҳурматга лойиқ, – деди Президент.
Хулоса қилар экан, Қ. Тўқаев давлат равнақи йўлида меҳнат қилиш барчанинг бурчи эканлигини таъкидлади. Ёшларимизнинг мустаҳкам бирлиги ва битмас-туганмас ғайрати туфайли биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан “Адолатли Қозоғистон”нинг барпо этилишига ишонч билдирди.
Президент нутқи якунида “Янги одамлар” ёшлар ташкилотига муваффақиятлар тилади.
Анжуманда “Янги одамлар” ёшлар ҳаракатининг Алмати шаҳри бўйича раҳбари Владимир Изюмников, ҳаракатнинг матбуот котиби Алпамис Абилов, “Тумар” фуқаролик кампанияси раҳбари Галия Тузен, “Халық қаһары” фуқаролик кампанияси раҳбари Алихан Сарсенов, Antitrash кампанияси раҳбари Бауржан Аманов Президент томонидан кўтарилган ташаббусларни қўллаб-қувватладилар.