26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ортда қолсин эзгу иш...

Бизнинг маълумот: Бахтиёр Анорметов 1961 йили 29 апрелда Шимкент шаҳрида туғилган. Муқимий номли 13-сонли ўрта мактабда, сўнгра Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг ўзбек ва қозоқ филологияси факультетида таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Сайрам қишлоғидаги 25-сонли ҳунар-техника билим юртида комсомол қўмитасининг котиби лавозимидан бошлаб, сўнг шаҳардаги 12-сонли мактабда ўқитувчилик қилди. 1982 йили – энг ёш комсомол сардори, 1985 йили – билим юрти директорининг энг ёш муовини, 1992 йили – туман ҳокимининг энг ёш муовини, 1998 йили – экология-гуманитар академияси президентининг муовини ҳамда проректори лавозимларида садоқат билан, ҳалол ва виждонан фаолият юритди.

Бахтиёр Қўрғонбой ўғли нафақат давлат, балки жамоат ишларида ҳам фаол, эл-юрт ҳурматини қозонган, обрў ва эътиборга сазовор зиёлилардан. 2012 йили Сариоғоч туман ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, 2013 йили Сариоғоч тумани фахрийлар кенгашининг ҳайъат аъзоси этиб сайланди. 2017 йилдан «С-Информ» республика рўзномасининг Сариоғоч туманидаги мухбири сифатида фаолият юритмоқда.

– Бугунги суҳбатимиз ҚХАнинг 30 йиллигига бағишлаб уюштирилди. Ушбу сана сиз учун қандай аҳамиятга эга?

– Жорий йили ҚХАнинг 30 йиллиги нишонланади. Албатта, бу сана ватанимиз тарихида улкан аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбари Қ. Тўқаев, таъкидлаганидек, кўп миллатли юртимиздаги сиёсий барқарорлик ва этнослараро ҳамжиҳатлик бебаҳо бойлигимиз. Сариоғоч туманида ҳам турли этнос вакиллари иститқомат қилади. 2012 йили ташкил этилган туман ўзбек этномаданият бирлашмаси ҳам озми-кўпми, жамиятда тотувлик ва бирликни таъминлашига ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, “Наврўз”, “Сумалак сайли”, “Алғыс айту” ва Қозоғистон халқининг бирлиги куни каби тадбирлар мунтазам ўтказилади. Айниқса, “Сумалак сайли” тадбири, муболағасиз, турли этнослар бошини қўшган дўстлик дастурхонига айланди. Ўтган йиллар мобайнида Ёндош Абдуқодиров, Шавкат Айдаров, Муҳаммад Пўлатов, Тоҳиржон Эргешов, Мақсудали Марасилов, Ғофир Эшматов, Баҳодир Рашидхўжаев, Расул Маҳмудов каби туман ўзбек этномаданият бирлашмаси жонкуярлари ва фаоллари билан кўплаб тадбирлар уюштирдик. 

2013 йили “Навбаҳор” миллий дастаси ташкил қилинди. Ушбу гуруҳ туман ва вилоят миқёсидаги кўплаб танлов ва тадбирларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришди. Жумладан, даста аъзолари Фахрий ёрлиқ, Ташаккурнома, эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Соғлигим панд бериб, бир неча йил муқаддам бирлашма фаолларидан мени раисликдан озод этишларини сўрангандим. Жамоат иши фидойиликни, жумладан, кўп вақтни талаб этади. Шунинг учун ҳам ўрнимга раисликка кўрсатилган номзодлар рози бўлаверишмади. Ниҳоят, ўтган йили раисликка Бўрибой Қорабоев сайланди. Унинг бирлашма фаолиятини самарали бошқаришига ишонаман...

– Бахтиёр Қўрғонбой ўғли, сиз Шимкент шаҳрида дунёга келгансиз. Сариоғоч туманига қандай келиб қолгансиз?

– 90-йилларнинг аввалида вилоят ижроия қўмитасида ишлардим. Сариоғоч тумани ҳокимининг ўринбосари лавозимига номзодим кўрсатилганида мутасадди орган раҳбарлари томонидан маъқулланибди. Шу тариқа Сариоғочга келиб қолганман. Шу жойда қанот ёздим, дўстлар орттирдим, фарзандларим дунёга келди, қуда-андалик бўлдим... Хуллас, ҳаётимнинг унутилмас кунлари шу замин билан боғланган.

Ёдимда, 1994 йили Сариоғоч ва Келес туманлари бириктириладиган бўлди. Энди бошқа иш излашимга тўғри келади, деб ўйладим, ўзимча. Лекин туман ҳокими Н. Сейтжаппаров ишонч билдириб, хизматимни давом эттиришимга имкон берганида бошим осмонга етган. Демак, меҳнат қилган одамнинг саъй-ҳаракатлари беиз кетмас экан. Бундан ортиқ бахт йўқ, назаримда.

– “Мангу порлоқ сиймолар” китобингизда: “Инсон ҳаёти мобайнида орқасидан из қолдириб, ёниб, ёндириб яшаши ёки шунчаки, ивирсиб ўтиб кетиши мумкин”, деб ёзгансиз... 

– Ҳа, барчамиз бу дунёга меҳмонмиз. Берилган қисқа вақтда, омонат ва фоний дунёда, ҳаётимизни эсда қоларли тарзда, муносиб яшаб ўтиш, фарзандларимизга ибрат бўлиш ва вақти келганда, биздан сўнг, улар ким билан суҳбатлашмасин, ёдга олганда, яхши инсон эди, ҳалол ва пок бўлган, деган ном қолдириш – катта бахт ва Яратганнинг бизга берган олий мукофотидир.

Китобда Сариоғоч туманининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётига баракали ҳисса қўшган Маҳаммадрасул Исоқов, Зеби Одилова, Имон Азимов, Абдуғаффор Абдуҳакимов, Муҳаммаджон Эрметов, Сайдиғани Сайдирасулов, Ниғматжон Холметов, Солиҳ Усмонов, Тўлаган Азимов, Хушнуд Носиров, Ўктам Қурбоналиев каби ўнлаб атоқли шахсларнинг умр йўли ва меҳнат фаолияти ёритилган. Қолаверса, Ўразкул Асанғазиева, Нурлан Сейтжаппаров каби элга таниқли шахслар билан бирга хизмат қилиш насиб этганидан мамнунман. Айниқса, Маҳаммадрасул Исоқовдан кўп нарса ўргандим. Маҳаммадрасул ота ёниб, ёндириб ишлаган шахслардан бири. У вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига залворли ҳисса қўшди, оддий халқнинг чексиз ҳурматига сазовор бўлди. Одамларнинг турмуш тарзи, бахтли келажаги, манфаатини қўзлади, улардан ёрдамини аямади. Сариоғоч аҳли ҳануз уни зиёли, меҳр-мурувватли, сўзининг устидан чиқадиган, лафзи ҳалол, тиниб-тинчимас раҳбар сифатида эслашади, туман иқтисодини, айниқса, қишлоқ хўжалигини юқори поғонага кўтарган раҳбар сифатида қадрлашади...

– Бахтиёр ака, оилангиз ҳақида гапириб берсангиз...

– Авлод-аждодларимиз ҳақида “Аймат қараган” китобимда батафсил ёзганман. Бобом катта уста бўлганлар. Бу ҳунар менга ҳам “юққан”. Камина дурадгорлик қиламан, пайвандлашни ҳам бинойидек уддалайман. Бўш вақтимда эса набираларимга рубоб, дутор, доира каби миллий мусиқа асбобларида ижро санъатини ўргатаман. Турмуш ўртоғим Наргиза – муаллима. Оиламизда уч ўғил тарбиялаб, вояга етказдик. Ҳозирги кунда фарзандларимиз турли соҳаларда хизмат қилмоқдалар. Тўнғичимиз – Ихтиёр “Homebank”нинг туман филиалида, – Қаҳрамон Қўстанай шаҳри тергов қўмитасида, кенжамиз – Ислом тадбиркор, автомашиналарга бўёқ танлаш билан шуғулланади.

– Самимий суҳбат учун ташаккур!

З. МЎМИНЖОНОВ суҳбатлашди, 2025-02-18, 02:33 363
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 160000, Шимкент шаҳри, Тауке хан шоҳкўчаси, 6-уй, 3-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2020 йил 21 апрелда рўйхатга олиниб, KZ34VPY00022503 гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.